1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Армуғонлар гиламлари

00:28 / 11.05.2017 5326 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўта ҳожатмандликлар армуғонлар гиламларидир.

– «Фоқатун» – ўта заифлик, камбағаллик, ожизлик. Ўта ҳожатмандлик. Ҳикматдаги «фоқатун»нинг маъноси ўта ҳожатмандликка олиб борувчи мусибат ва балолардир.

– «Бисот» – гилам, яъни подшоҳ, бошлиқ ва обрўли кишиларнинг олдига унинг меҳмонлари ўтириши учун тўшаб қўйилган нарса.

– «Мавоҳиб» – ҳибалар, яъни ҳадя қилинган нарсалар. Аллоҳ таоло бандасига беминнат ато қилган дунё ва охиратга боғлиқ моддий ва маънавий армуғон – тортиқлар. 

Ушбу луғатга оид шарҳлардан кейин ҳикматда келган жумланинг маъноси яна ҳам равшанлашади ва у қуйидаги маънони англатади:

«Бандага унинг ўта ҳожатмандлигини, заиф ва ожизлигини эслатадиган мусибатлар унинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги У Зотга яқин бўлиш бахтига муяссар бўлган бандалар учун солинган гиламларда туриб, бериладиган армуғонларни олишига сабаб бўлади».

Жисмнинг руҳи бўлгани каби ибодатнинг ҳам руҳи бордир. Ибодатнинг руҳи убудият – бандаликдир. Бандалик эса ўз навбатида фақатгина Аллоҳ таолога ҳақиқий хорликни изҳор қилиш билангина юзага чиқади. Инсонда хорликнинг юзага чиқиши фақатгина унинг Аллоҳ таоло ҳузурида тамомила ожизлигини ва ҳожатмандлигини тан олиши билангина ҳақиқатга айланади. Одамларнинг кўплари ушбу оддий ҳақиқатни англаб етмайдилар ва бу билан доимо ўзларига зарар келтирадилар.

Аслида эса мазкур синов ва офатлар бандаларга ожизликларини, заифликларини ва ўта ҳожатмандликларини эслатиб туради. Агар ўша бало ва офатлар туфайли одамларнинг хору зорликни, ожизликни ва ҳожатмандликни ҳис қилишлари содир бўлиб турса, кўплаб фойдага сабаб бўлиши бор. Зотан, мазкур ҳолат бандаларни Аллоҳ таолога зорланишга, бандаликларини ўз ўрнида адо этишга бошлайди. Бандалик ҳисси эса ибодатга ва тоатга бошлайди.

Ушбу маънони таъкидлаш учун уламоларимиз шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги ҳикматли гапларини келтирадилар:

«Аллоҳ таолога эриштирадиган барча йўлларда туриб кўрдим. Уларнинг барчаси соликлар билан лиммо-лим тўлиқ эканини кўрдим. Сўнгра хору зорлик ва ҳожатмандлик эшиги олдига бордим ва унинг холи эканини кўрдим ва унинг Аллоҳ таолога етиштирувчи энг яқин йўл эканини билдим».

Уламоларимиз бу гапларнинг сири нимада эканини ҳам айтиб ўтишган. Кўзга кўринадиган тоат ва ибодатларда, илмий ва ижтимоий фаолиятларда нафснинг ҳузур топиш ҳолатлари кўп ва хилма-хилдир. Аммо мискинлик ва бечоралик эшиги олдида хору зор бўлиб ва ўта ҳожатманд бўлиб туришда мазкур нафсоний ҳузур йўқдир. Балки ҳузурнинг ўрнини хору зорлик эгаллагандир. Шунинг учун ҳам агар руҳнинг эгаси уни Аллоҳ таолонинг зикри билан, У Зотнинг муроқабаси билан бардавом ғизолантириб турса, руҳ жонланади, ҳаракатга тушади ва юксакларга кўтарилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳожатмандликлар армуғонлар гиламлари эканини англаб етишни ва шунга муносиб амал қилишни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Бир куни у Мадинанинг бозорларидан бирида пайдо бўлди. Елкасида бир қўйнинг териси бор эди. Қариндошлари бундан ташвишга тушиб .Муҳожир давоми...

1466 19:00 / 30.04.2023
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул тушганда .Улуғ ва Ҳалийм бўлган, улуғ Аршнинг Роббиси бўлган, осмонлару давоми...

36281 05:00 / 01.03.2017
Бахилликнинг асосий сабаби молга бўлган ортиқча муҳаббатдир. Бу муҳаббатнинг икки сабаби бор Биринчиси ndash орзуни узун қилган ҳолда молсиз эришиб бўлмайдиган давоми...

2071 19:05 / 16.05.2022
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади .Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур, 37оят.Аллоҳ таоло Ўзи яратган давоми...

2997 19:00 / 23.04.2022