1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Анъом сураси, 70 оят

05:00 / 23.01.2017 9476 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

70. Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У (Қуръон) ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, Аллоҳдан ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга ва барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушиб қолмасин. Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир. Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир.

«Ўз динларини ўйин қилиб олганлар», динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинни алдаб, ўйин-кулгу қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.

Улар диний ақида ва ҳукмларни масхара қилиб куладилар. Қуръони Карим ёки ҳадиси шарифда собит бўлган ақида ёки шариат масалаларини масхара қила туриб, боз устига, «мусулмонман» деб юрганлар сонсиз-саноқсиз эканлигини яхши биламиз. Уларнинг орасида салла-чопон кийиб олган, юқори «диний мансаб»ни миниб олганлари қанча. Ана шу охирги тоифа нечоғли хатарли эканлигини ўз кўзимиз билан кўрган халқмиз. Улардан бири, ғайбиётнинг баъзисига ишониб бўлмайди, мисол учун, Нуҳ Пайғамбарнинг тўққиз юз эллик йил яшамоғига ишониб бўлмайди, деса, бошқаси Бадр урушида фаришталар тушганини ҳеч ким кўрмаган, бу нотўғри гап; Ийсо алайҳиссалом бошқалар қатори ўлиб, бошқалар қатори кўмилган, дейди. Шу билан Қуръонни инкор этиб, кофир бўлади. Аммо салла-чопон катта, ўзини мусулмонларга пешво санайди. Уларнинг намоз ўқимаса бўлаверади, ароқ ичса ҳам бўлаверади, каби «насиҳат»лари ва айни шу ва бошқа фосиқликларни ўзлари қилаверишлари динни ўйин-кулгу, мазах қилишдан бошқа нарса эмас. 

«Ҳаёти дунёга алданиб қолганлар» ҳам булардан қолишмайди. Одатда бу икки тоифа бир-бирига қоришиб кетган бўлади. Яъни, динни ўйин-кулгу қилганлар, албатта, ҳаёти дунёга алданган бўлишлари ёки, аксинча, ҳаёти дунёга алданганлар динни ўйин-кулгу қилиб олишлари турган гап. Ҳаёти дунёга алданганлар унинг бандаси бўлиб қоладилар. Дунё нимани буюрса, ўшани қиладилар. Ҳаёти дунё йўлида дину диёнатларини ҳам сотадилар. Ҳар қандай пасткашликка борадилар. Шунинг учун улар хавфли одамларга айланадилар. Уларнинг бу оғир маразлари бошқаларга ҳам юқиши мумкин.

«Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт».

Ушбу ояти карима ҳукмига мувофиқ, уларга қарши жиҳод қила олмаганлар улардан ўзларини йироқ тутишлари, умуман алоқа қилмасликлари даркор бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу оят давомидада уларнинг ёдларига динни ўйин-мазах қилганлари учун ҳалокатга дучор бўлишлари муқаррар эканлигини Қуръон ёрдамида эслатишни буюрмоқда:

«У (Қуръон) ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, Аллоҳдан ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга ва барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушиб қолмасин!»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг меросхўрлари–Ислом даъвати йўлига ўзини бағишлаган кишилар ўз динини ўйин-кулгу қилиб олган, ҳаёти дунёга алданган ўшандай кишиларга оқибатлари даҳшатли бўлишини эслатишга амр қилиняптилар. Мазкур кишилар ўз кирдикорлари–динни мазах қилганлари, ҳаёти дунёга алданганликлари туфайли ҳалокатга дучор бўлишлари аниқ. Улар бу қилмишлари ила Аллоҳдан жудо бўлганлари аниқ, аммо Аллоҳдан айрилгач, ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга тушиб қолишларини ҳам унутмасинлар. Бу дунёда мансаб учун, қийин ҳолдан қутулиш учун динни ўйин-кулгу қилиб, мақсадга эришиб юрганлари у дунёда ўтмай қолади. Улар фидо этиш мумкин бўлган ҳамма нарсани–маънавийми-моддийми, ҳаммасини фидо қилсалар ҳам, қиёмат куни улардан қабул қилинмайди. Қилмишлари учун жавоб беришлари керак. Жазо керак.

«Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир».

Дўзахга тушишдан кўра даҳшатли ҳалокат йўқ. Улар фақат дўзахга тушиш билан қутулиб қолмайдилар. Балки дўзахда турган ҳолларида қилмишларига яраша азоб ҳам тортадилар.

«Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ХулосаАгар эътибор берилган бўлса, ушбу мақолада Қуръонни бошқа алифбода ёзиш мумкин эмаслигига ўттизга яқин нақлий ва ақлий далилар билан бирга яна шунча ададда давоми...

5545 12:00 / 14.12.2021
Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ихтилофларни йўқ қилиш учун ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида жамланган давоми...

4051 16:07 / 19.11.2019
Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб .Аллоҳим Сендан Ўзинг берган давоми...

5711 15:10 / 04.02.2019
12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари давоми...

3354 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118794 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40745 14:35 / 11.08.2021