1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аъном сураси, 44-45

05:00 / 23.01.2017 3984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар.


Бундай муомалага «истидрож»–билдирмасдан даражама-даража олиш, дейилади. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарруъ қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб, тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларни бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва:

«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», дейди.

Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазарруъ ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофирлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади:

«Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик».

Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. 

«Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар».

Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.


45. Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Ширк ва куфрда юрган қавмлар битирилди. Ўтган умматлар ичида бундай оқибатга дучор бўлганлар кўп. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут қавмлари, Рум, Форс ва Совет империяси ва бошқа империялар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳаммаси бу дунё неъматларига ғарқ бўлиб, куфр «нашида»сини сураётган чоғларида бирданига балога гирифтор бўлдилар.

«Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди».

Зулм қилган қавмларга муносиб жазони берган,

«Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

Бугун ҳам куфр ва исёнига қарамай, нозу неъматларга ғарқ бўлиб, ғурурда яшаётганлардан ажабланмаса бўлади. Уларнинг бу «тантана»лари абадий эмас. Эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бурунда ҳам қалблари тош қотиб, тазурруъ қилмай, шайтоннинг найрангига учганларга Аллоҳ таоло «ҳамма нарсанинг эшигини очиб қўйган» эди. Буларга ҳам шундай қилмоқда. Ўтган қалби қаттиқ кофирларнинг оқибати маълум. Бугунги кофирларнинг оқибати кутиляпти. Иншааллоҳ. Булар ҳам Аллоҳ томонидан бирдан тутиладилар.

Шунинг учун кофир ва осийларнинг бу дунё нозу неъматларига ботишларини яхшилик аломати деб бўлмайди ва уларга ҳавас ҳам қилиб бўлмайди. Бу маънода Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир бандага осийлигига қарамай, у хоҳлаган нарсаларни бераётганини кўрсанг, билки, бу истидрождир», деганлар. (Яъни, уни аста-секин олишдир.) Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшигини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсадан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки бутунлай ноумид бўлдилар», ояти каримасини тиловат қилдилар.

Имом Ибн Аби Ҳотим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтар эдилар: «Агар Аллоҳ бир қавмга боқийликни ва тараққиётни ирода қилса, уларга тежамкорликни ва қаноатни беради. Агар Аллоҳ бир қавмни «кесмоқни» ирода қилса, уларга хиёнат эшигини очиб қўяди». «Ўзларига берилган нарсадан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки бутунлай ноумид бўлдилар». «Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳадис уламолари ҳам бу ривоятни келтирган эканлар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги .Ҳиро, номли ғорга кириб, бир неча давоми...

6120 18:03 / 26.11.2018
Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган .АтТафсир алМунир, номли китобининг муқаддимасида давоми...

1899 19:41 / 15.06.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳнинг уйларидан бирида бир қавм тўпланиб, Аллоҳнинг давоми...

5131 16:31 / 18.01.2018
ЙАСИН ВА ДУХОН СУРАЛАРИ ФАЗЛИАнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йасиндир. Ким Йасинни қироат қилса, Аллоҳ унга давоми...

4497 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118795 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40746 14:35 / 11.08.2021