1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Анкабут, 1-5

05:00 / 23.01.2017 3670 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Алиф. Лом. Мийм.
2. Одамлар «иймон келтирдик» дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?

Яъни, одамлар иймонни оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап деб ўйлайдиларми? Улар ўзларича, иймон келтирдик, деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ўз-ўзидан келаверади, деб ўйлайдиларми? Иймон сўзидан кейин ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб ўйлайдиларми?
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар иймон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлганлар. Уларнинг фикрича, Аллоҳга иймон келтирдим, деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлавериши керак.
Аслида, ундай эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳамма маъдан ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади. Ўтда синалганда эса, ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади.
Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак. Бу эса, қадимдан жорий бўлиб келаётган одат.

quran.uz

3. Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.

Яъни, Биз иймон учун имтиҳон-синовларга дучор бўлаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги мўминларнинг ҳам бошларига худди шундай синовларни солганмиз.
«Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак».
Яъни, Аллоҳ таоло, албатта, мазкур синов ва имтиҳон орқали иймонида содиқ турганларни юзага чиқаради, шунингдек, мўминлик даъвосида юрган ёлғончиларни ҳам танитиб қўяди.
Агар имтиҳон-синов бўлмаса, ҳамма сиртдан иймон даъвосини қилиб юраверади, унинг сўзининг ҳақиқатини, қалбида нима борлиги ҳеч кимга билинмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг сир-асрорларидан хабардор зот, синов орқали бу сир-асрорларни юзага чиқариб, бандаларнинг ҳам бундан хабардор бўлишини жорий қилган.
Иймондек улуғ неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Балки бу улуғ неъматга лойиқ топилганларгина эришадилар, синовдан, имтиҳондан ўтганларгина муяссар бўладилар.
Иймон йўлидаги имтиҳонлар турлича бўлади. Бу имтиҳонларнинг энг кўп тарқалган тури иймон йўлида бало-офатларга дучор бўлишдир. Бунда мўмин киши иймони туфайлигина кофир ва мунофиқларнинг озор ва қийноқларига йўлиқади. Азоб-уқубатда қолади. Бу хилдаги синов ҳар бир Пайғамбар умматидан аксарисининг бошига тушган. Мўминлар кофир ва мунофиқларнинг турли-туман жисмоний ва маънавий қийноқларига учраганлар. Кофирлар уларни масхара қилишар, турли гап-сўзлар билан камситишар, жазолашар эди. Худди шундай синовга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган мусулмонлар ҳам дучор бўлдилар ва дучор бўлмоқдалар. Ушбу ояти карималар нозил этилаётган пайтларда саҳобаи киромлардан Билол ибн Рабоҳ, Аммор ибн Ясир, у кишининг ота-онаси, Аййаш ибн Абу Робиъа, Валид ибн Валид, Салама ибн Ҳишом ва бошқалар турли қийноқлар исканжасида эдилар.
Мўмин-мусулмонлар ҳозирги кунларда ҳам шунақа синовларга қайта-қайта учраб туришибди. Бундай пайтда сабр қилиш билан кишининг иймони сайқал топади.
Яна иймон йўлида кўп учрайдиган синов турларидан бири дунё матоҳи синовидир. Иймон-Ислом йўлига юрган одам бу дунёнинг матоҳидан маҳрум қилиб синалади. Исломга кириб, иймон келтирган банда молу дунёдан, мансабдан, турли ҳой-ҳаваслардан ажратиб имтиҳон қилинади. Қўпол қилиб айтганда, мўмин одам амал поғоналаридан кўтарила олмайди, молу дунёга, турли имтиёзларга эга бўлолмайди, чунки жоҳилий жамият ҳалол йўл билан бир нарсага эришишга йўл қўймайди. Бу ҳол аввалги Пайғамбарлар даврида ҳам бўлган, ушбу оятлар тушаётган пайтда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам бор.
Иймон йўлидаги синов ва имтиҳонларнинг тури кўп. Улардан баъзи бирлари яна сура давомида келади.
Энг муҳими шуки, кишилар қадимдан иймон йўлида синов-имтиҳонга дучор бўлиб келишмоқда. Шу билан бирга, кимнинг иймони салобатли бўлса, синови ҳам шунга яраша қилинади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг шиддатли синовга дучор бўладиганлари Пайғамбарлардир. Сўнгра аҳли солиҳлардир. Сўнгра шунга ўхшаб кетаверади. Киши диндорлиги ҳажмига қараб синалади. Агар динида салобатли бўлса, унга синов ҳам зиёда қилинади», деганлар.
Охир-оқибатда имтиҳон-синовлардан яхши ўтиб, иймонини сақлаб қола олган бандалар нажот топадилар.
Мўмин-мусулмонларга ёмонлик қилганлар эса, икки дунёда хору зор бўладилар.

quran.uz

4. Ёки ёмонликларни қиладиганлар биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!

Иймон келтирмай, кофир бўлиб, мўминларга қарши турли мусибатлар етказаётганлар нимани ўйлаб бундай қиладилар?
«Ёки ёмонликларни қиладиганлар биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми?»
Ёмонлик қилаверай-чи, кейин бир йўлини топиб, Аллоҳнинг азобидан қутулиб қоларман, деган ҳисоблари борми? Агар улар ўзларича шундай ҳукм қилаётган бўлсалар:
«Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!»
Аллоҳдан қочиб қутулиб бўладими?! У зот, албатта, ҳар бир гуноҳкорга қилмишига яраша жазо беради, бу гап аниқ. Ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди.

quran.uz

5. Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.

Ана ўшанда ҳар ким қилганига яраша мукофот ёки жазо олади. Шунинг учун ҳам:
«Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса...» кўнглини тўқ тутаверсин.
«...албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир».
Келмасдан қолмас. Албатта, келур. Ана ўшанда Аллоҳ берган ваъдалар ҳам, албатта, амалга ошади. Ҳар ким бу дунёда қилганига яраша мукофот ё жазо олади. Чунки буни ваъда қилган зот Аллоҳдир.
«У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир».
У Ўзининг ушбу сифатлари ила бандалардан содир бўлган ҳар бир нарсани эшитиб, билиб туради ва ўша эшитгани, билгани асосида ҳисоб-китоб қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаЮқорида 91 дарсимизда .муҳкам, ва .муташобиҳ, сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани давоми...

3845 13:00 / 30.06.2020
Имом Осим қироати1 Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али алКотиб хабар берган. У айтади.Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У давоми...

1543 13:30 / 16.02.2021
Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб давоми...

2851 18:00 / 20.07.2021
иккинчи мақолаАбул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан давоми...

3885 13:50 / 03.03.2020
Аудиолар

120084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41751 14:35 / 11.08.2021