1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Амри маъруф ва наҳйи мункар

12:22 / 15.03.2017 4943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилидаги бу сўз “яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш” маъноларини билдиради. Ҳанафий мазҳаби уламолари бу иш билан шуғулланишни ояти карималар (Оли-Имрон, 104;110), (Моида, 79) ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, ҳар бир мусулмонга бирламчи фарз (фарзи айн) деб таъкидлашган.

Киши ўз оиласини, фарзандларини диний эътиқод, ҳалоллик ва пок ахлоқда тарбиялаши (амри маъруф сифатида), шариатга ва инсонийликка терс ишлардан қайтариши (наҳйи мункар сифатида), албатта, бирламчи фарздир. 

Мўмин фақат ўзини ўйлайдиган (худбин) бўлмайди, балки у ўзига етган яхшилик (ҳар бир яхши-ёмон ишни Аллоҳ таоло Ўз дини орқали баён қилиб, чегаралаб кўрсатиб қўйган) бошқаларга ҳам етишини хоҳлайди (Тавба, 112). Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: «Гапирган гапларини бошқалар қабул қилишини билса, гапириш вожиб, уриб-сўкишларини билса, гапирмаган афзал. Аммо бунга сабр қилган киши мужоҳидлар ва пайғамбарлар йўлидадир».

Яхшиликка чақиришнинг (амри маъруф) мақоми қилиниши зарур нарса мақоми билан тенгдир. Яъни, қилиниши зарур нарса фарз бўлса, унга чақириш ҳам фарз; суннат бўлса, у ҳам суннат; мандуб бўлса, у ҳам мандуб. Аммо ёмонликдан қайтариш (наҳйи мункар)ларнинг ҳаммаси (ким бўлишидан қатъи назар, ёмонликнинг олдини олишга қўлдан келганича ҳаракат қилиш) вожиб. Чунки ёмон феълни ташлаш вожибдир. Бу вазифани бажарадиган киши ҳеч кимсадан қўрқмаслиги керак. Чунки, ҳақиқий мўмин қўрқиши лозим бўлган ягона муносиб Зот – Аллоҳдир (Тавба, 13).

Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: «Яхши ишларга буюрувчилар шу ишни холис Аллоҳ таоло учун, динни улуғлаш ва юксалтириш учун қилиши лозим. Ўзини кўрсатиш, обрў қозониш ёки кеккайиш учун қилса, бўлмайди. Албатта, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришда ёлғиз Аллоҳнинг розилигини, динни азиз қилишни қасд этса, Аллоҳ таоло унга ёрдам беради, ишларни мувофиқ қилиб қўяди. Агар нияти ўзининг нафсини кўрсатиш, такаббурлик бўлса, Аллоҳ уни хор қилиб қўяди».

Ўтмишда ўтган машойихлар ўғилларига бундай насиҳат қилишарди: «Орангизда кимда-ким яхшилик қилиш ва ёмонликдан воз кечиш кераклигини одамларга айтмоқчи бўлса, нафсини сабр билан қуроллантириб олсин. Ва бунинг савобини Аллоҳдан кутсин. Ким Аллоҳ берадиган савобни етарли деб билса, одамлардан келадиган ноҳақ жавобларнинг аччиғини ҳис қилмайди».

Суфён Саврий (розийаллоҳу анҳу) дедилар: «Агар қўшнисига яхши кўринган ва дўстлари олдида мақталган қорини кўрсанг, бил: ўша киши хушомадгўй, лаганбардордир». Яъни, киши одатда ўзининг қўни-қўшниси ва биродарларининг хатосини ва камчиликларини айтиб, тўғрилаб юришга буюрилган. Агар қўни-қўшнисининг хато-камчиликларини айтмаса, демак, улар уни яхши кўришади. Худди шу каби, ёр-биродарларининг ҳам хато-камчиликларини айтиб, тўғрилаб юрмаса, улардан фақат мақтовлар эшитади. Чунки инсон табиати агар исломий руҳ билан суғорилмаган бўлса, ундаги бирор хато-камчиликни тузатган кишини яхши кўрмайди. Аллоҳ таоло яхши ишларга буюрмайдиган, ношаръий ишлардан тўсмайдиган қавмларни ёмонлаган. 

Амри маъруф (яхшиликка чақириш) учун лозим бўладиган нарса, агар қодир бўлса, ёлғизлик вақтида буюришдир. Шундай қилса, насиҳат ва мавъизаси таъсирлироқ бўлади. Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) дедилар: «Ўзининг биродарига ошкора насиҳат қилган одам биродарини ёмонлабди, уни яшириб (одамлардан холи жойда) қилган бўлса, уни яхшилабди. Агар насиҳат у ёлғизлигида фойда бермаса, уни ошкора буюради, гуноҳдан уни узоқлаштириш учун солиҳ ва яхши кишилардан ёрдам сўрайди. Агар солиҳлар, яхшилар бу ишни қилмасалар, гуноҳкор улардан устун келса, кейин уларга азоб келиб, ҳаммалари ҳалок бўлишади».

Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги мазмундаги ҳадиси шариф ривоят қилинади: «Сизлардан биронтангиз мункар (ношаръий) ишни кўрса, уни бу ишдан қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса (хитоб қилинувчи шахс ўзидан кучли бўлиб, қўли билан қайтара олмаса), тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам кучи етмаса (молидан, жонидан қўрқса), кўнгли билан (мункар ишларни юракдан ёмон кўриш ҳар бир мусулмон зиммасига вожибдир) қайтарсин. Бу (юракдан ёмон кўриш) имоннинг энг заиф даражасидир. (Буни ҳам қила олмайдиган кимсада хардалнинг уруғича ҳам имон йўқ)».

Демак, имони мустаҳкам ва кучли киши ёмонликни асло қабул қилмас, унга кўнмас, ундан қайтарар экан. Имони заиф киши эса, ёмонликни оз ва ожизона инкор қилар экан. Имонсиз жамиятда ёмонлик кўпайиши муқаррар. Яхши жамият ёмонлик тарқалишига йўл қўймайди. Ёмонларнинг ёмонлигига индамай қараб туравериш уларга шерик бўлиш билан баробардир. Баъзи уламолар: «Қайтариш амирлар учун қўл билан, олимлар учун тил билан, уммийлар учун дил биландир», дедилар. Ким шуларга қодир бўлса, ўшалардан бири билан қайтариши вожиб бўлади. Уламоларимиз таъкидлашларича, яхши ишларга буюрувчи киши беш нарса керак бўлади: 1. Илм. Чунки жоҳил амри маъруф ва наҳйи мункарни чиройли қила олмайди. 2. Аллоҳ таоло розилигини ва динни кучайтиришни қасд қилиши лозим. 3. Бу ишларни бажарувчи раҳмдил бўлиши, буюрганда ҳам юмшоқлик билан дўстона буюриши керак бўлади  4. Сабр, мулойимлик. 5. Ўзи буюрган нарсаларга амал қилиши, амал қилиш билан бошқаларга ибрат бўлиши даркор.

Ўадиси шарифларга кўра, амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилган қавмга етадиган кўпдан-кўп бало-офатлардан бири уларнинг дуоси қабул бўлмай қолишидир.


Сайфуллоҳ Абдуллоҳ ўғли АШУРОВ тайёрлади



1) Қуръони карим маъноларининг таржима ва  тафсири (қайта ишланган 2-нашри). Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. «Тошкент Ислом Университети» 2007, 63-б.; 2) “Ислом”. Энсиклопедия. Т., «Ўзбекистон миллий энсиклопедияси» нашриёти, 2004, 296-б.; 3) Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий. “Жомиъул мутун”. Т., «Мовароуннаҳр», 2000, 178–181-б.; 4) Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. “Танбеҳул ғофилин” (Ғафлатдан уйғотиш). Т., «Мовароуннаҳр», 2007, 90–99-б.; 5) Абу Ўомид ўаззолий. “Мукошафатул қулуб” (Қалблар кашфиёти). Т., «Янги аср авлоди», 2004, 64–69-б.; 6) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт”. Зуҳд ва рақоиқлар китоби. 36-жуз. Т., «Шарқ», 2008, 281–301-б.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2632 05:00 / 14.03.2017
Бу ерда .мадраса, сўзи ҳозирги .мактаб, маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса диний ўқув юрти, давоми...

3378 05:00 / 14.03.2017
Худбинлик инсоннинг ўз мениrdquoига тобеъ бўлишидир, қуллик қилишидир. Инсон ўз нафсини, ҳою ҳавасини, истакларини Аллоҳга бўйсундирмаса, Унга қуллик қилмаса, Унга давоми...

3366 12:25 / 15.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча .Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин,, дер давоми...

2412 05:00 / 13.03.2017