1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Амалларнинг суюмлироғи, давомий бўлганидир

16:10 / 27.07.2017 3882 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак Рамазон ойи кирди...

Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг раҳмати ила, бу улуғ ойда улкан ғайрат, жасорат кўрсатиб, ҳам ибодат қилишди, ҳам рўза тутишди. Масжидлар намозхонлар билан тўлди.  Таровеҳлар ўқилди,  Қуръон хатмлари бўлди, маърузалар тингланди. Қалблар юмшаб, руҳиятлар покланди. Яхшиликлар ва саховатлар кўпайди. Ҳаром ва гуноҳ ишлар камайди. Алҳамдулиллаҳ...

Муборак Рамазон ойи тугади...

Мўмин-мусулмонлар орасида ибодатга жидду жаҳд камайгандай... Яхшиликка ва гуноҳлардан четланишга бўлган интилишдаги жўшқинлик ва ғайрат сусайгандай... Масжидлар эса бўшаб қолгандай... Атрофдаги гўзал манзаралар йўқолгандай... Астағфируллаҳ...

Ҳофиз ибн Ражаб айтади: «Рамазонда рўза тутиш раҳматига, ундан (Рамазондан) сўнг гуноҳ ишга қўл уришни кўндаланг қўйишга келсак, бу шундайларнинг амалики, у Аллоҳнинг раҳматини ношукрликка алмаштирибди».

Кунларнинг бирида Бишр ал-Ҳафийдан сўрашди: «Дарҳақиқат, шундай одамлар борки, Рамазондагина ибодат қилишда ғайрат кўрсатади. Улар қандай кимсалар?» У: «Аллоҳ таолони Рамазондагина эслайдиган халқ ёмон халқдир! Дарҳақиқат, солиҳ инсон – йил бўйи (ибодатда) ғайрат кўрсатадиган инсондир!» деди.

Аллоҳ таоло баъзи вақт, кун ва ойларни танлади. Унда бажарилган солиҳ амаллар бошқа вақтдагидан Аллоҳ таоло учун афзалроқ ва севимлироқдир. Аллоҳ таоло ушбу қўшимчани Ўзининг бандаларига ато этишидан мақсад, уларни янада фаоллаштириш учундир.

Бу дегани бошқа вақтда Аллоҳ таолони унутиш, гуноҳ ва бузуқликларга қайтиш, мажбуриятларни бажаришга совуққонлик билан ёндашиш дегани эмас. Бу вақтлар, шу жумладан, улуғ Рамазон ойи, ушбу вақт мобайнида Аллоҳ таолонинг бандасида ҳосил бўлган фаоллик, бу ойдан кейин ҳам унинг ҳамроҳига айланишига сабаб бўлиб хизмат қилиши керак.

Бундан ташқари, ҳатто мўътадил ҳолатда бўлиб, ибодат ва яхшиликда давомий бўлиш, маълум вақт мобайнида ғайрат кўрсатиб, шундан сўнг уни тарк этишдан кўра яхшироқдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло учун амалларнинг суюмлироғи, оз бўлса-да, давомий бўлганидир». Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Қачонки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бирор амални қилса, кейин уни тарк этмас эди» (Имом Муслим ривояти).

Алқама ривоят қилади: «Мен Оишадан сўрадим: «Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари қандай эди? Улар бирор кунни хослармидилар?» У жавоб берди: «Йўқ, уларнинг амаллари давомий бўлар эди. Бироқ сизларнинг қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган ишни қила оларди?!» (Имом Муслим ривояти).

Ҳадислар шу нарсага далолат қиладики, оз бўлса-да давомий бўлган солиҳ амаллар, маълум вақтдагина фаолликни намоён қилишдан яхшироқдир.

Абу Ҳурайра, Убайд ибн Амир ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ ривоят қилишади: «Ўз вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Болия деган ердаги Исломни қабул қилган икки одамни биродар қилиб қўйдилар. Улардан бири жиҳод вақтида шаҳид бўлди, иккинчиси эса ундан бир йил кейин вафот этди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иккинчисининг тобутини кузатиб борар эканлар, улар Аллоҳга уни ўз биродари билан бирга қилишини дуо қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар: «Улардан қай бирини сиз яхшироқ деб ҳисоблайсиз?!» Биз айтдик: «Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади, аммо биз шаҳид яхшироқ деб ҳисоблаймиз!» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ахир у ундан (шаҳид бўлгандан) сўнг Рамазон ойида рўза тутмадими ва фалонча ракат намоз ўқимадими?! Уларнинг орасидаги фарқ осмон ва ерчаликдир!» (Аҳмад, Ибн Можа ривояти). Бу муборак ҳадис умрини узлуксиз Аллоҳ таолога ибодатда ўтказганнинг буюк муваффақиятига далолат қилмоқда.

Шаблийдан сўрашди: «Ибодатда ғайрат кўрсатиш учун қайси ой афзал, Ражабми ёки Шаъбонми?» У: «Аллоҳ таолога ҳар доим ибодат қилувчилардан бўл ва шаъбонийлардан бўлмагин!» деди.

Азизлар, биз ҳам рамазонийлардан бўлиб қолмайлик. Биз ҳам улуғ ойда эгаллаган ғайрат ва фаоллигимизни ҳаётимиз давомида Роббимизга ибодатда ва итоатда ўтказиш учун сарфлайлик.

Мўмин-мусулмонлар буюк ажрга эга бўлиши учун қулай фурсатлар кўп. Масалан, Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси,  Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни. Бу ўн кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганидек, ушбу оламнинг энг афзал кунларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти);

Ҳар бир мусулмон ўз Роббисига ибодат қилиши шарт. Унинг буйруқларини маълум бир вақт ва замондагина эмас, балки бутун умри давомида бажариши керак. Ҳатто ўша маълум вақт ва замонга алоҳида эътибор ва фаоллик кўрсатиш керак бўлса ҳам. Имом Тибий айтади: «Фарз, суннат ва одоб каби солиҳ амаллар, ораларидаги фазилатнинг турли бўлишига қарамай, баъзида бир бирларидан афзалликка эга бўлади. Ахир қанча амаллар борки, бошқа амаллар унга нисбатан устунликка эга бўлса-да, маълум вақт ва замон сабабидан ўша қолган амаллардан устун бўлади» («Файдул-Қодир»).

Аллоҳ азза ва жалла огоҳ этади: «Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича, Роббингга ибодат қил!» (Ҳижр сураси, 99-оят). Дарҳақиқат, бу оят Аллоҳ таолонинг инсонга ўлим соати келгунига қадар Унга ибодат қилишга бўлган очиқ буйруғи бўлиб, бу мўмин-мусулмонларга ибодат учун ўлимдан бошқа бирор муҳлат белгиламаганидан далолатдир. Шундай экан, ибодатда, солиҳ амалларда, фазилатли ишларда бардавом бўлайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади.Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган, дедим. У зот .Масжидул Ҳаром,, дедилар. .Кейин қайси, дедим. У зот давоми...

3523 12:40 / 24.05.2021
Бир куни корхона раҳбари қўл остидаги уч нафар ходим билан суҳбат ўтказди. Уларга .Иккига иккини қўшса беш бўладими,, дея савол берди.Биринчи ходим .Ҳа жаноб, беш давоми...

7526 22:00 / 26.05.2022
Бир подшоҳнинг қўшини орасида қўй боқар оддий чўпон бор эди. Сарой қозиси уни ёқтирмас эди. У чўпонга нисбатан шундай ҳийла ишлатдики, оқибатда подшоҳ чўпонни қатл давоми...

1274 11:00 / 03.09.2022
Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилмаrdquo деб ёзилиб, остига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

2199 11:00 / 01 февраль
Аудиолар

120070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41735 14:35 / 11.08.2021