1641 07.09.2017

63. Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозеъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганларида, «Салом», дейдиганлардир.

Роҳман васфли Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш учун инсон бир неча сифатларга эга бўлиши лозим экан. Ўша сифатлар ушбу ояти каримадан бошлаб, суранинг охиригача санаб ўтилади.

Биринчи сифат:

«...ер юзида тавозеъ ила юрадиган...»

Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, соддалик ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уриш ҳам бўлмайди.

Роҳманнинг энг суюкли бандаси, Ҳабибур-Роҳман Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришлари бунинг татбиғидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмадик. Гўё қуёш у зотнинг юзларида юргандек эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тезроқ юрадиган бирор одамни ҳам кўрмадик. Худди ер у киши томон ўралиб келаётганга ўхшарди. Биз чарчаб қолардик, у киши эса чарчамасдилар».

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек ғоз юрар эдилар», – дейилган.

Оятнинг давомида Роҳманнинг суюкли бандаларининг ер юзида юриб кетаётганларидаги баъзи муаммолари ҳам зикр этилган.

«...жоҳиллар хитоб қилганларида, «Салом», дейдиганлардир».

Жоҳиллар доимо Роҳманнинг суюкли бандаларига гап отиб, турли машмашалар чиқаришга ҳаракат қиладилар. Аммо Роҳманнинг суюкли бандаларининг улар билан ади-бади айтиб ўтиришга вақтлари йўқ. Бефойда гап-сўзни ўзларига ортиқча биладилар. Шунинг учун жоҳиллардан қўрқадиган жойлари бўлмаса ҳам, уларнинг хитобига «Салом» («Омон бўл») деб жавоб айтадилар. Ёки ўзларига саломатлик келтирадиган бирор гап-сўз айтиб қўйиб, парво ҳам қилмай, кетаверадилар.

Иккинчи сифат: кечаларни ибодат билан ўтказиш.

64. Улар тунларни Роббларига сажда қилиб, бедор ўтказадиганлардир.

Арабларда кечани бедор бўлиб, ибодат билан ўтказишга «қиёмуллайл» – «кечани тик турган ҳолда ўтказиш» дейилади. Кечаси туриб, намоз ўқиш, Аллоҳга сажда қилиш улуғ ибодатдир. Ҳар бир инсон учун ўта зарур амалдир. Айниқса, кечанинг учдан бири қолганида бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш улкан савоб ва чексиз хайр-баракага сабаб бўладиган ишдир. Ҳар бир мўмин банданинг кечаси таҳажжуд намози ўқишга одатланиши зарурлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қайта-қайта таъкидланган. Кечаси кам деганда, саккиз ракъат нафл намоз ўқиш яхши иш эканини уламоларимиз қаттиқ таъкидлаганлар.

Учинчи сифат: доимо жаҳаннам азобидан қўрқиб, тақво ила юриш.

65. Улар: «Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир.

66. Албатта, у нақадар ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир.

Мўминлар иймонларига, амалларига, кечаси бедор бўлиб, намоз ўқиб, сажда қилишларига ишониб қолмайдилар. Роҳманнинг суюкли бандалари доимо, ҳар лаҳзада Унга ёлвориб, жаҳаннам азобидан сақлашини сўраб, илтижо қилиб турадилар. Чунки улар

«...албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у нақадар ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир».

Улар жаҳаннам нима эканини жуда яхши тушунадиган ва бутун вужудлари билан чуқур ҳис этадиган кишилардир. Бу ҳислари уларни доимо ўша жаҳаннам азобига дучор этадиган ишларни қилмасликка ва доимо Аллоҳга ёлвориб, жаҳаннам азобини узоқ қилишини илтижо ила сўраб туришга ундайди.

Бу маънони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ва суннатларида ҳам яққол кўрамиз. Ул зоти бобаракот доимо бу нарсадан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрар эдилар. Ҳадиси шарифлардан бирида эса мўминларга Шом намозидан кейин «Аллоҳумма ажирна минан-нар», яъни «Аллоҳим, мени жаҳаннам оташидан асрагин», деб етти марта айтишни ўргатганлар.

Тўртинчи сифат: мол-пул сарфлашда ўртача бўлиш.

67. Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар.

Араб тилида «нафақа» ибораси мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда бу сўзни бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиш кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим.

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш ман қилинган.

Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» номини бериб, мусулмонларни исрофдан қайтарилган. Молу мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – «эси паст» дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг молу мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.

Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб беради.

Исрофгарчилик ва хасисликни танқид қилиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.

68. Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур.

Бешинчи сифат: муваҳҳидлик – тавҳидчилик – ягона Аллоҳнинг Ўзигагина сиғиниш, ундан бошқага илтижо қилмаслик сифатидир. Бу энг улуғ сифатдир. Бошқа олий сифатлар шундан келиб чиқади. Бу сифат бўлмаса, бошқа сифатларнинг фойдаси йўқдир. Зотан, муваҳҳидлик сифати йўқ инсонда бошқа яхши сифатлар ҳам бўлмайди.

«Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар».

Яъни Аллоҳга ширк келтирмаслар. Зотан, Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бу ишни қилган одамнинг Роҳманга бандалиги қолмайди. Ягона Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилганларгина Роҳманнинг суюкли бандалари бўла оладилар.

Олтинчи сифат: бировни ноҳақдан ўлдирмаслик.

Роҳманнинг суюкли бандалари

«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар».

Инсон ҳаёти, ким бўлишидан қатъи назар, катта қийматга эга. Ислом ноҳақдан бир одамни ўлдиришни бутун инсониятни ўлдиришга тенглайди. Исломда ҳар бир инсон ўз жони омонда эканига чуқур ишонган ҳолда яшамоғи керак. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилиб туриб, яна қандай қилиб унга суюкли банда бўлиши мумкин?!

Еттинчи сифат: зино қилмаслик.

Роҳманнинг суюкли бандалари

«Зино қилмаслар».

Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, айниқса, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни улар Аллоҳ фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқарадилар.

Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади. Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб етган жамиятларда бўлади. Бу ишни қилган одамнинг Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини эса ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишдан умидворларгина зино қилмайдилар. Ҳамда орзуларига етадилар.

«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур».

Яъни Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.

69. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб, мангу қолур.

Яъни юқорида айтиб ўтилган гуноҳларни қилган шахсларнинг азоблари қиёмат куни бир неча марта кўпайтирилади ва улар ўша азобда абадий хор бўлган ҳолларида қоладилар.

70. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.

Юқоридаги оятдан «Мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидларини узар эканлар-да» деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига

«…ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.

Яъни қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб, тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.

«…бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».

Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, Унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, Унинг амрига исён қилиб, одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!

«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир.

Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.

Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Абу Фарва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Исломга кирдингми?! – дедилар. У:

– Ҳа! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради, – дедилар. У:

– Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳа! – дедилар.

У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб), қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».

Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:

71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтадир.

Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта экани унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ – яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди.

Кейинги оятдан яна Роҳманнинг суюкли бандаларининг сифатларини васф қилиш давом этади:

72. Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар.

Роҳманнинг суюкли бандалари учун саккизинчи сифат: ёлғон гувоҳлик бермаслик.

«Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир…»

Ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам кўп таъкидланган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолларда ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш билан бир жойда зикр қилганлар.

Бировнинг зиддига ёки фойдасига ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳдир. Бундай одам ҳеч қачон Аллоҳнинг суюкли бандаси бўла олмайди.

Тўққизинчи сифат: беҳуда гап-сўз ва амаллар қаршисида ўз обрўсини сақлай билиш.

«...беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар».

Мусулмон одам ўзини беҳуда, фойдасиз гап-сўз ва ишларга овора қилмайди. Ундай гап-сўз ёки ишларда қатнашмайди, мабодо бошқалар томонидан бу нарса содир этиладиган бўлса, унинг олдидан ҳурматини сақлаб, обрў ва олийжаноблик ила ўтиб кетади.

Ўнинчи сифат: ақл ишлатиб, онг ила диндорлик қилиш.

73. Уларга Роббларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар.

Ушбу оятда Роҳманнинг суюкли бандалари бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмасликлари таъкидланмоқда. Мушриклар сохта худоларига худди кўр ва карқулоқдек, билиб-билмай, кўриб-кўрмай, эшитиб-эшитмай ёпишиб оладилар. Агар улар «худо»ларининг нима эканини билганларида, кўрганларида ва эшитганларида, ҳеч қачон уларга ибодат қилмас эдилар.

Мусулмонлар эса Роббларининг каломи бўлмиш Қуръони Карим оятлари уларга эслатилганда, яхшилаб эшитадилар, англаб, тушунадилар ва амал қилишга ўтадилар.

74. Улар «Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил», дейдиганлардир.

Ўн биринчи сифат: доимо аҳли аёллари ва фарзандлари ҳам Ислом йўлида юришининг пайида бўлиш ҳамда тақводорларнинг пешвоси бўлишга уриниш.

Роҳманнинг суюкли бандалари доимо жуфти ҳалолларидан ҳам, бола-чақаларидан ҳам кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсаларни кўришни Аллоҳ таолодан сўраш билан бирга, бунга ҳаракат ҳам қилишади. Ўз шахсларининг эса тақвода бошқаларга ўрнак бўлиши учун тиришадилар.

75. Ана ўшалар сабр қилганлари учун «болохоналар» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар.

Яъни ана шу сифатларни ўзида ҳосил этиш ва сақлаб туришда сабр қилганлари учун Роҳманнинг севган бандалари «болохона» ила мукофотланадилар.

Биз «болохона» деб таржима қилган сўз оятда «ғурфа» лафзи билан келган. Араб тилида олиймақом хос хона «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини берганлар. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олиймақом хос хона десак, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Роҳманнинг суюкли бандалари

«...унда табрик ва салом билан қаршиланурлар».

Яъни юксак ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинадилар. Фаришталар уларни салом бериб, қарши оладилар.

76. Унда мангу қолувчидирлар. У нақадар гўзал қароргоҳ ва турар жойдир.

Яъни Роҳманнинг суюкли бандалари ўша болохонада абадий қоладилар. Уларнинг болохона билан мукофотланишлари вақтинчалик эмас. У энг гўзал турар жой ва энг гўзал маскандир.


(Фурқон сураси 63-76 оятлар)


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)