1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири

19:00 / 24.09.2017 4718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сен учун У Зот субҳанаҳунинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири Ўзи билан мавжуд бўлмаган нарса ила сени Ўзидан тўсганидир.

 

Аввалги ҳикматларда банданинг Аллоҳ таоло жалла жалолуҳудан тўсилишига кўпроқ гуноҳ ва маъсиятлар сабаб бўлиши ҳақида сўз юритилган эди. Бу ҳикматда баъзида бандани Аллоҳ таолодан У Зотнинг қаҳри ҳам тўсиб қолиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилмоқда. Бу ҳолат, яъни Аллоҳ таоло бандани Ўзидан Ўзи билан мавжуд бўлмаган нарса ила – борлиқдаги мавжудотлар ила тўсиши Ҳақ таолонинг қаҳри мавжудлигига далил қилиб келтирилмоқда.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири Қаҳҳордир. «Қаҳҳор»нинг маъноси – барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи деганидир.

Дунё ҳаётида асрлар оша инсонлар кўриб, билиб, гувоҳ бўлиб келаётган ҳақиқатлардан бири – ҳар қандай нобакор ва гуноҳкор ҳам бир кунмас-бир кун тавба қилиши, Аллоҳ таолога қайтиши, У Зотни тан олиши бор. Бу ҳар куни кўпчилик гувоҳ бўлиб турадиган ҳақиқатлардан биридир. Турли сабаблар бўлиб, Аллоҳ таоло ирода қилган лаҳзада инсон боласининг қалб кўзи очилиб, ўзи билан Робби орасида тўсиқ бўлиб турган нарсалар йўқолиб, пардалар кўтарилиб, Ҳақ таолони қалб кўзи билан кўриб, У Зотнинг ибодатига ўзини урганига тез-тез гувоҳ бўлиб турамиз.

Аммо баъзи нодир ҳолатларда Роббини тан олмай, кибр ва саркашлик билан юрганлар тавба қилмасдан, аввалги ачинарли ҳолларида, кибр ва саркашликларини тарк этмасдан ўлиб кетишлари ҳам бор. Ана ўшаларга Аллоҳ таолонинг Қаҳҳорлик сифати жорий бўлади. Бунда Роббул оламин уларни Ўз қаҳрига олган ва уларга тавбани раво кўрмаган бўлади.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Роббининг оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўз қўллари тақдим қилган нарсаларни унутган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Албатта, Биз у(Қуръон)ни англамасликлари учун уларнинг қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Уларни ҳидоятга чақирсанг ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар» (57-оят).

«Золим» сўзи «бир нарсани ўз жойидан бошқа жойга қўювчи» деган маънони англатади. Амалига қараб, золим билан золим орасида фарқ бўлади. Бандаларга зулм қилган ҳам золим, шунингдек, Парвардигори Олам билан бўлган муомалада бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйган одам ҳам золим саналади. Лекин бу борада ҳам золим билан золимнинг фарқи бор. Ушбу ояти каримада энг золим одам ҳақида сўз кетмоқда.

«Роббининг оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўз қўллари тақдим қилган нарсаларни унутган кимсадан кўра золимроқ ким бор?!»

Албатта, йўқ. Ахир Робби – Яратувчиси, Ризқ берувчиси ва Тарбиячиси унга оят юбориб, тўғри йўлга юришни, эгри йўлдан қайтишни эслатса-ю, у Роббининг оятларидан юз ўгирса ва қилган гуноҳларини унутиб, бепарво кетаверса, ундан кўра золимроқ одам бўладими?!

У катта ва тенгсиз зулм қилди. Яратган Холиқ, ризқ берган Холиқ, тарбия қилган Робб унинг бахти-саодати учун оятлар юборганда, уларни хурсандчилик билан қабул қилиш ўрнига, улардан юз ўгирди. Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўраш ўрнига, гуноҳларини унутди. Албатта, бу жуда катта зулмдир. Албатта, ундан золимроқ одам бўлмайди.

Албатта, бундай улкан зулм этган катта золимга Аллоҳ таоло ҳам ўзига яраша муомала қилади:

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни англамасликлари учун уларнинг қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик».

Биз уларни қилмишларига яраша жазоладик. Модомики, улар Қуръонни масхара этар эканлар, модомики, улар оятларимиздан юз ўгириб кетар эканлар, шундай муомалага сазовордирлар. Энди эса

«Уларни ҳидоятга чақирсанг ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар».

Ҳидоят топиш учун очиқ, тайёргарлиги бор қалб керак.

Ҳа, бундай шахслар Аллоҳ таолонинг қаҳрига қолишга сазовордирлар. Улар Аллоҳ таоло азза ва жаллага банда бўлишни ўзларига раво кўрмаганлари, ўзларига аслида Аллоҳ таолонинг сифати бўлган кибриё сифатини раво кўрганлари учун Аллоҳ таолонинг қаҳрига қоладилар. Қаҳҳор – барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи Зот уларнинг қалб кўзларини кўр қилиб, Ўзини кўрмайдиган, ақлларини тўсиб, оят-белгиларини англамайдиган қилиб қўяди. Бу шаклда Аллоҳ таолонинг қаҳрига учраганларнинг оқибати вой бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни У Зот субҳанаҳу ва таолонинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири бўлган, Ўзидан Ўзи билан мавжуд бўлмаган нарса ила тўсилишимиздан асрасин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир банда учун унинг ҳаётидаги инсоний алоқалар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам Исломда бу алоқаларга алоҳида эътибор берилиб, барча алоқаларни гўзал давоми...

4221 17:02 / 09.07.2017
У Зотдан сени бир ҳолатдан ndash ундан бошқада ишлатиши учун ndash чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади.Ушбу ҳикматда банда Аллоҳ давоми...

3537 09:03 / 06.11.2017
Яхшилаб ўрганилганидан сўнг, бундай ишларнинг сони ўн биттага етади1. Тавба.Аллоҳ таоло.Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, Марям сураси, давоми...

11218 14:00 / 02.07.2019
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади .Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк давоми...

3084 18:31 / 08.04.2018
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021