1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ар-Раззоқ (18)

08:29 / 20.04.2017 10078 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ар-Раззоқ

Ар-Раззоқ – кўплаб ризқ берувчи, барча ризқни ва уларнинг воситаларини яратувчи, демакдир. Ар-Раззоқ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз, қийинчиликсиз, ёрдам сўрамасдан ризқ берувчи Зотдир.

Ушбу исм Қуръони Каримнинг қуйидаги оятида зикр қилинган. «Албатта, Аллоҳ – Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатли Зотдир» (Зарият сураси, 58‑оят).

Ризқ – фойдаланилган нарсадир. Шунинг учун уламолар ризқ билан меҳнат қилиб қўлга киритилган нарса орасида фарқ бор дейдилар. Демак, ризқ еган овқатинг, кийган кийиминг ва яшаётган уйингдир. Аммо ҳали фойдаланмаган жамғарманг, сарфламаган сармоянг – қўлга киритган нарсангдир. Инсон ўша ризқни қай йўл билан қўлга киритгани хусусида сўроққа тутилади.

Уламолар: «Тана аъзолар овқатдан озиқланади. Руҳлар эса маърифат билан озиқланади», дейдилар.

Ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўладиган амаллардан бири намоздир. Бунга қуйидаги оят далил қилиб келтирилган:

«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз, балки сенга Ўзимиз ризқ берурмиз. Хайрли оқибат эса тақводадир» (Тоҳа сураси, 132‑оят).

Бу «Ризқим кенг бўлсин десанг, намоз ўқигин», дегани эмас, чунки, алҳамдулиллаҳ, мўмин-мусулмонлар бусиз ҳам намоз ўқийдилар. Бу «Намозингни хузуъ ва хушуъ билан, мукаммал адо қил» деганидир. Хушуъ намознинг асосий қисмларидандир. Аллоҳ таоло мўминларни «Намозларида (кўрқув ва умид билан) хушуъ қилувчи мўминлар нажот топдилар», деб мақтаган (Мўминун сураси, 1‑2‑оят).

Убудиятнинг одобларидан бири банданинг Роббидан барча истаган нарсаларини сўрашидир. Сўраётган нарсаси хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, фарқи йўқ. Пойафзалининг ипи узиладими, уйининг калити йўқоладими, Аллоҳ таоло банданинг кўзига арзимасдек кўринган шу нарсаларни ҳам фақат Ўзидан сўралишини ёқтиради. Масалан, Мусо алайҳиссалом эришиш қийин бўлган улкан нарсани ҳам сўраганлар, «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сени кўрайин», деганлар, «Роббим, менга нозил қиладиган ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деганлар (Аъроф сураси, 143‑оят ҳамда Қасос сураси, 24‑оят).

Ушбу икки оят банда барча нарсани фақат Роббидан сўраши кераклигига далилдир.

Али розияллоҳу анҳу: «Сендан ризқ сўраш талаб қилинмаган, сенга жаннат сўраш амр қилинган», деб айтганлар. Биз эса сўраш буюрилган нарсанинг ташвишини қилиб,  ташвишини қилмаслик буюрилган нарсани сўраймиз. Инсоннинг энг катта муаммоси ана шудир. Аллоҳ таоло Қуръоннинг кўп жойида Ўзининг ризқга кафил экани ҳақида далиллар келтирган: 

«Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31‑оят).

«Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатли Зотдир» (Зарият сураси, 58‑оят).

Демак, Роббимиз ризқимизни Ўз кафолатига олганини айтиб, бизни хотиржам қилмоқда. Шундай бўлса ҳам кўпчилик одамлар динларини дунёнинг арзимас матоҳига сотиб юбормоқда.

Аллоҳ бизга ризқнинг кафолатини бериб, охират диёрига тайёргарлик кўришимизни буюрмоқда:

«Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм сураси, 39‑оят).

Бир кишининг акаси вафот қилиб, ортида бешта фарзанди қолди. Укаси кўзида ёш билан устозининг олдига борди. Устози: «Сенга нима бўлди, болам?» деди. У: «Акам вафот қилди, бешта боласи етим қолди», деди. Устози: «Ундан бирон нарса қолдими?» деган эди, у: «Бир йилга етадиган нарса қолди, холос», деди. Устози: «Яхши. Унда аввал ўша жамғарма тугасин, кейин йиғлайсан», деди. Тақдирни қарангки, укаси ўша жамғарма тугашидан уч ой олдин вафот топди.

Бир шаҳарда йўллар кенгайтирилиб, натижада бир кишининг ҳовлиси бузиладиган бўлиб қолди. У киши айюҳаннос солиб, кийимларини йиртиб, дод‑вой қилди. Унга энг яхши жойдан уй қуриб берамиз деб кафолат берилса ҳам, бесабрлик қилиб, изтиробга тушаверди. Оқибатда ҳовлиси ҳали бузилмасидан ўлиб қолди. Инсон керагидан ортиқ қайғуриши дуруст эмас.

Ар‑Раззоқ сифатли Зот бойларни ризқ бериб хосласа, камбағалларни эса Раззоқ сифатли Зотга шоҳид бўлиш билан хослайди. Демак, Аллоҳ таоло синов учун бир одамга егулик, ичимлик, ҳовли-жой, катта маблағ, улов ато қилса, бу ҳам Раззоқ сифати экан. Камбағалга эса Ўзининг ризқ берувчилик сифати намоён бўлишини ато этади. Бунинг маъноси шуки, бадавлат киши ўзига ато қилинган ҳамма нарсани тўпласа ҳамда камбағал киши Аллоҳга етишишдаги барча роҳатни жамласа, йиғинди бир хил чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло камбағалдан фаровон ҳаёт неъматини олиб, бунинг эвазига Ўзига тажаллий қилиш, Ўзига яқинлашиш неъматини ато қилади. Баъзи туғёнга кетган, ҳақ йўлдан оғган бадавлат кишига моддий неъмат ато қилиб, Ўзига яқинлик неъматидан маҳрум қилади.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан хоҳлаганингча, ундаги ғам-ташвиш миқдорича олгин. Ким кифоя қилгудек мол-дунёдан ортиғини олса, ўзи билмаган ҳолда ҳалокатини олибди», деганлар (Имом Баззор ривояти).

Бир одамдан: «Сиз қаердан ризқланасиз?» деб сўрашди. У: «Аллоҳнинг хазиналаридан ризқланаман. У ерга на ўғри, на қурт-қумурсқа кира олади. Аллоҳнинг хазиналари очиқ, Аллоҳнинг хазиналари тўла, Унинг хазиналарида ҳамма нарса бор», деб жавоб берди.

«(Ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни (сизларга) аниқ ўлчов билан тақсимлаб туширурмиз» (Ҳижр сураси, 21‑оят).

«Ер захиралари тугаб бормоқда», «Курраи замин очлик бўсағасида турибди», «Аҳолининг кўпайиб кетиши қаҳатчилик келтириб чиқаради» каби сўзлар энг разил назариялардан биридир. Бундай сўзларни Аллоҳ таолони танимайдиган кимсалар айтади, холос. Аллоҳ таоло ризқни камайтириб, меъёрга солиши адаб бериш юзасидандир. Инсоннинг бундан саросимага тушиши эса ожизликдан юзага келади.

Аллоҳни яхши танийдиган бир ориф зотнинг аёлидан: «Эрингиз сизларни қандай ризқлантиради?» деб сўрашибди. Аёл: «Эрим ризқлантирувчи эмас. У ўлчаб, тортиб берувчи, холос», деб жавоб берибди. 

 

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло бойларни ризқ ато қилиш билан хослаган. Камбағалларни эса Розиқ сифатли Зотга шоҳид қилиш билан хослаган. Ким Розиққа шоҳид бўлса, унга насиб қилмаган ризқлардан ғам чекмайди, бу синовлар унга зарар бермайди. Мўминнинг аломати шуки, у Аллоҳни танийди, Унга боғланади ва дунёда бой берган нарсасига парво қилмайди. Дунёда қўлга кирита олмаган нарсаларинг учун қайғуга ботаётган бўлсак, демак, ҳали Аллоҳни яхши танимабмиз. Ҳозирги кунимиздаги юрак-қон томир, ошқозон ва асаб касалликларининг аксари ўткинчи нарсаларга қайғуришдан келиб чиқмоқда. Инсон ризқ берувчи Зотга шоҳид бўлгандагина бу ўткинчи дунёга қайғурмайди.

Баъзи уламолар «Яратишда, Холиқликда Аллоҳ таолонинг шериги бўлмаганидек, Раззоқликда, ризқ улашишда ҳам шериги йўқдир. Зеро, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир», дейишган. 

Баъзи зукко инсонларни кўрамизки, ризқи жуда оз бўлади. Аммо баъзи соддадил, оддий одамларни кўрамизки, уларнинг ризқи мўл‑кўл бўлади. Бунинг сабаби шуки, ризқнинг кўп ёки кам бўлишига зукколик ва ҳаракатчанликнинг алоқаси йўқ. Аксинча, тўғри йўлда юришнинг ризқ мўл‑кўллигига алоқаси бордир. 

«Агар (инсонлар ва жинлар Тўғри) Йўлда устувор турганларида, Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)» (Жин сураси, 16‑оят).

«Қишлоқлар аҳли иймон келтириб, тақво қилганларида эди, Биз уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар (ҳақни) ёлғонга чиқардилар, шунинг учун уларни қилган қилмишлари туфайли (азобга) тутдик» (Аъроф сураси, 96‑оят).

Ҳадиси шарифда: «Гоҳида киши гуноҳ ва маъсият сабабли баъзи ризқидан маҳрум бўлади....», дейилган.

Ушбу ҳақиқатни ойдинлаштириш учун бир мисол келтирамиз. Масалан, бир фарзандингиз мол‑мулкни ишлатишга лаёқатли бўлмаса, сиз унга зарурий ҳожатларига етадиган озгина маблағ берасиз. Аммо фарзандингиз салоҳиятли, тақводор, ҳикматли, парҳезкор бўлса, барча маблағни ишониб бераверасиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Зеро, У – бандаларидан Огоҳ, Кўриб тургувчи Зотдир», деган (Шўро сураси, 27‑оят).

Баъзи китобларда ривоят қилинадики, Мусо алайҳиссалом ўз муножотларида: «Роббим! Гоҳида кичик ҳожатларни ҳам сўрашимга тўғри келиб қолади. Мен уни Сендан сўрайми ёки бошқаданми?» деганларида У Зот: «Мендан бошқадан сўрамагин», деб ваҳий қилган.

Дарҳақиқат, инсон гоҳида ўзига арзимасдек кўринган нарсани ҳам сўрашига тўғри келиб қолади. Бундай пайтда ҳеч иккиланмай ўша кичик нарсани ҳам Аллоҳдан сўрайвериш керак. Масалан, хотинимиз қайсар бўлиб қолса, ишдаги ҳамкасбимиз безовта қилса, ўғлимиз бироз йўлдан озса, «Роббим! Уларни ислоҳ қил» деб сўрайверишимиз керак. Ишимиз қийинлашиб қолса, «Аллоҳим, унинг ўрнига яхшисини бер», деб сўрайвериш керак. 

Гоҳида яхшилик ўз‑ўзидан ҳам келиб қолади. Бу ҳолат азизлик бўлиб, уни ҳеч ким миннат қилмайди. Мўминга аҳволингдан шикоят қилиб борсанг, унинг қалби юмшаб, сенга ёрдам беради. Бу марҳамат ўша мўмин тарафидан келган бўлади. Аммо кофир одамга шикоят қилсанг, у сени камситиб беради. Бу хорликнинг энг тубан даражасидир, чунки мўмин одам юзини шувут қилиб, ўзини хорлаб, кофир кимсадан сўрамоқда. Кофир эса «Агар бунга иймони фойда берганида мендан сўрамас эди», деб ўйлайди. Тўғри, одам хоҳ мўмин, хоҳ кофир кимсага шикоят қилмасин, барибир Аллоҳ таолога шикоят қилган бўлади. Лекин энг олий шикоят фақат Аллоҳнинг Ўзига қилинган шикоятдир. 

«Мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман» (Юсуф сураси, 86‑оят).

Шунинг учун сўрашда: «Роббим! Даргоҳингдаги раҳмат ила менга раҳм қил», деб сўраш лозим. 

«Роббим! Адаб берсанг, ҳеч кимга билдирмасдан, яширин ҳолда адаб бер», деб сўраш лозим.

Иймонида ишончли бўлган бир зот шундай ҳикоя қилади: «Бир киши кўзини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийиб юрар эди. Бир куни у Оврупага сафар қилди. Тайёрагоҳда жуда кўп аёлларни кўриб, уларга назар солди, хиёнат қилди. Оврупага боргач, таксига минди. Манзилга етиб бориб, ҳайдовчига ўз пулидан берган эди, чет эл валютаси бергани учун ҳайдовчи уни миршабга топширди. Миршаб эса уни қамаб қўйди. Аслида бу одам у ерга илмий анжуманда иштирок этиш учун борган эди. Номаҳрамларга назар солгани учун Аллоҳ уни балога гирифтор қилди». 

Баъзан Аллоҳ банда содир қилган гуноҳга ўша заҳоти азоб бермасдан ҳам, уни қамоққа туширмасдан ҳам мағфират қилиб юборади, аммо гоҳида хорловчи азобга гирифтор қилиб қўяди.

Баъзиларнинг ҳиммати ошиб, Аллоҳдан фақат қадрли нарсаларни сўрашади. Масалан, «Роббим! Жаннатга мушарраф қилгин! Роббим, маърифатингни насиб қилгин! Роббим, рози бўлмасингдан олдин жонимни олмагин» деб дуо қилишади. Бошқалар эса «Роббим, ижарада турган одам уйимдан чиқиб кетсин» ва шунга ўхшаш арзимас нарсаларни ҳам сўрайверади. Ихтиёр ўзимизда. Хоҳласак, фақат қадрли нарсаларнигина сўраш мумкин, хоҳласак, оддий нарсаларни ҳам сўрашимиз мумкин.

Собит ал‑Бунонийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз Роббидан ҳожатларини сўрайверсин, ҳатто тузни ҳам, ҳатто пойабзалининг ипи узилса ҳам, ҳожатини сўрайверсин», деганлар («Сунани Термизий»).

Гоҳида баъзилар вақтини арзимас нарсаларга сарфлаб юборади, баъзи эса қадрли нарсалар билан ўтказади. Иккиси ҳам ризқдир.

Иккинчи нуқта ҳам бор бўлиб, у ризқнинг аксидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

«Робби инсонни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса, дарҳол: «(Иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) Роббим мени азиз қилиб қўйган», дейди. Аммо (Робби) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Роббим мени хор қилди», дейди. Йўқ! (Сизлар гумон қилганингиздек, иззат-икром бойлик билан, хор-зор қилиш камбағаллик билан бўлмас!) Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмайсиз! Бир-бирингизни мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайсиз! Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверасиз! Мол-дунёни эса ниҳоятда яхши кўрасиз!» (Фажр сураси, 15‑20‑оятлар).

Изоҳ: Аллоҳ таоло яхши кўргани учун кимнидир бой қилмайди ёки ёмон кўргани учун кимнидир камбағал қилиб кўймайди. Умуман, агар Аллоҳнинг наздида мол-дунёнинг пашшанинг қанотича қадри бўлганида, кофирга ундан бир чақа ҳам бермаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ таоло инсонлар шукр қиладиларми-йўқми, шуни синовдан ўтказиш учун баъзан уларнинг ризқини танг қилиб кўяди. Демак, инсоннинг бойлик туфайли суюниб, камбағаллик туфайли куйиниб кетиши нотўғридир.

Баъзида ғоятда ақлли, олий маълумотли, дипломли одамларни кўрасиз, аммо топишлари оз, мансаблари паст бўлади. Бу ҳам Аллоҳнинг уларга битиб қўйган тақдиридир. Аллоҳ баъзи бандаларнинг моддий ризқини тор қилиб қўйгани каби, баъзи бандаларининг руҳий ризқини ҳам тор қилиб қўяди. Масалан, руҳий ризқдан бенасиб бўлганлар намоз ўқийди, аммо намозида ҳеч қандай маъно йўқ, хузуъ ва хушуъ йўқ, қуруқ ҳаракатнинг ўзи, холос. Уларнинг хаёлида намоз пайтида ҳам дунёнинг ташвишлари бўлади. Бир киши ҳатто менга: «Агар ҳисоб‑китобда адашиб қолсам, намозда эсга тушади», деган эди. 

Моддий ва руҳий тангликнинг икки хил тафсир ва таҳлили бор. 

Биринчиси гуноҳ‑маъсият, ихтилоф, нуқсонга йўл қўйиш ва адо этилмай қолган мажбуриятлардир. Мана шу нарсалар ризқнинг келишини тўсувчи иллатлардир. 

Иккинчиси шуки, банда тўғри йўлда бўлади. Аллоҳ ушбу бандани тангликка тушириб, дунё ва охиратда олий мартабаларга кўтаришни тақдир қилган бўлади. Аллоҳ таоло бандага машаққат ортидан машаққат бериб, ҳатто намоз ва ибодатдаги лаззатлардан ҳам тўсади, натижада бу киши жидду жаҳд қилишда бардавом бўлиб, ниҳоят, юқори мартабага юксалади.

Агар Аллоҳ таолога яқинлашган сари ўзимизни бахтиёр сезаётган бўлсак, демак, ҳақиқий мўминмиз. Аммо топган фойдамиздан, тижоратимизнинг ривожланишидан қувонаётган бўлсак, бу бошқа масаладир. Бу ҳолда дунё аҳлидан бўламизми ёки охират аҳлиданми? Агар ўзимиз каби инсон, оддий банда берган нарсага шод‑хуррам бўлсак, дунё аҳлиданмиз. Аммо Аллоҳ ато этган нарсадан масрур бўлсак, демак, охират аҳлиданмиз.

Инсон Аллоҳни таниса, аслида бу ҳам Аллоҳ ато этган ризқдир. Аллоҳ бир инсоннинг қалбига хотиржамлик солса, бу ҳам Аллоҳ ато этган ризқдир. Аллоҳ қалбимизга раҳм‑шафқат жойласа, бу ҳам ризқдир. Демак, ризқ тушунчаси мол‑дунё, соғлик, таом ёки ичимлик каби нарсалардан кўра анча кенг маънога эга экан. Одатда ризқ деганда ҳузурланиладиган нарса тушунилади. Аллоҳнинг ризқларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Лекин мўмин киши уларнинг кўпига иймони, тавҳиди ва ҳақ йўлдаги истиқомати билан ҳақли бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръон билан юборилишлари инсоният учун энг улкан туҳфадир. 

Аллоҳ инсонларга жуда кўп неъматларни насиб этган. Ер юзида бир кунда қанчадан‑қанча ҳайвон сўйилади. Буғдойни инсон учун нон, ҳайвон учун сомон қилиб берган Зот ким? Ким бу неъматни уларга ризқ қилиб берди? Сизу бизни сигирнинг қорнида пайдо бўлган, нажосат ва қон орасидан чиққан хуштаъм, оппоқ сут билан суғорувчи ким?

Инсон бу ризқни қандай қилиб қўлга киритади? Инсон ризқни меҳнат қилиб, тажриба тўплаб, касб-кор қилиш орқали қўлга киритади. Ризқнинг сабабларидан бири маҳоратдир. Масалан, кимдир тиббиётда моҳир мутахассис бўлса, кимдир муҳандисликда, физикада, кимёда, риёзатда, фалакиёт илмида, саноатда ёки касб‑ҳунарда, дарс беришда, тижоратда ёки бошқа соҳада мутахассисдир. Аллоҳ ризқни яратишдан ташқари инсон ўша ризқни қўлга киритиши учун уни бирор соҳага муваффақ ҳам қилади.

«(Эй инсонлар!) Аниқки, Биз сизларга ерда имкониятлар бериб, сизлар учун унда тирикчилик воситаларини пайдо қилдик. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар» (Аъроф сураси, 10‑оят).

Баъзи инсонлар камбағалликда кун кечиради. Тўғри, камбағаллик ҳам икки хил бўлади. Бири ногиронлик сабабли камбағаллик бўлиб, Роббимизнинг буюк ҳикмати ила унинг тақдирига шу нарса битилган. Бунинг ҳикматини  билган билади, билмаган билмайди. Лекин шундай камбағаллар борки, улар дангасалик сабаб камбағал бўлиб қолишган. Чунки бу киши ишида нуқсонга ёки ёлғонга йўл қўйган. Демак, бу одамнинг камбағаллигига дангасалиги сабаб экан. Яна кимдир зиқналиги сабаб камбағал бўлади. Демак, тақдир туфайли камбағаллик, дангасалик туфайли камбағаллик ва зиқналик туфайли камбағаллик бор экан.

 

Ризқ топиш учун икки сабабни таъминлаш зарур:

Биринчиси ризқ келишига сабаб бўлган омилни маҳкам ушлаш. Масалан, газеталардаги эълонларни ўқиб, иш қидириб, ҳаракат қилиш.

Иккинчиси Аллоҳга таваккул қилиш.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳажда тиланчилик қилиб юрган кишиларни кўриб, «Сизлар кимсизлар?» деб сўрасалар, улар: «Биз таваккул қилувчилармиз», деб жавоб беришди. Шунда Умар: «Ёлғон гапирдинглар. Ҳақиқий таваккул қилган одам олдин ерга уруғ сепиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади», дедилар.

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоядир» (Талоқ сураси, 2‑3‑оят).

Ушбу оят ризқ топишда ўта муҳим тавсиядир. Келинг, уни бироз шарҳлайлик. 

Демак, бир одамнинг ризқи торлик қилиб қолди. Бу муаммодан чиқиш йўли қандай? Унинг учун барча ризқ эшиклари ёпилган. Иш билан таъминловчи корхонанинг эшиги ёпиқ. Тижорат эшиги ёпиқ. Ишлаб чиқариш эшиги ёпиқ. Хуллас, барча эшиклар ёпиқдек туюлмоқда. Бундай пайтда инсон нима қилиши керак? Бу сўз кўпроқ ёшларга тааллуқли, чунки улар иш топишлари, уй-жой қилишлари, оила қуришлари керак. 

Жавоб шуки, бундай пайтларда, оятда айтилганидек, инсон Аллоҳга янада тақво қилиши, тақвода мустаҳкам бўлиб, У Зотнинг буйруқларини ҳаётига татбиқ қилишни кучайтириши, ризқ эшиклари очишини сабр билан кутиши керак. Чунки Аллоҳ таоло учун мўминларга берган ваъдасининг устидан чиқмасликдан кўра бутун борлиқни, коинотни йўқ қилиб ташлаш осонроқ. Чунки Аллоҳ «Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур», деб ваъда берган! Аллоҳ ваъдасининг устидан аниқ чиқади! Юзага келган вазиятнинг бу ваъдага алоқаси йўқ. Ҳар қандай қийин ҳолатда ҳам Аллоҳ бу ваъдасининг устидан чиқади. 

Биз Аллоҳ таолонинг Раззоқ исмига қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бизнинг ушбу исмдан оладиган насибамиз қандай?

Биринчидан, биз Раззоқ сифатли Зотнинг тақсимотига рози бўлишимиз керак. Бу розилик Аллоҳ таоло ота‑онамизни бизга муносиб кўрганидан бошланиши керак, яъни фалончининг ота‑онаси яхши, маданиятли, илмли, бадавлат, менинг ота‑онам эса ёмон хулқли, қашшоқ, оғзи шалоқ, зиқна ва жоҳил деб, Аллоҳнинг бу ризқидан норози бўлмаслик керак. Демак, ота‑онамиздан, шаклу шамойилимиздан, бўй-бастимиз, соғлигимиздан рози бўлсак, ризқимиз, аҳлу аёлимиз, фарзандларимиздан рози бўлсак, Аллоҳнинг бундай тақсимидан, ушбу ризқлардан рози бўлган бўламиз. Рози бўлиш орқали Аллоҳнинг ризқ тақсимоти ҳақида яхши гумон қилган бўламиз. 

Иккинчидан, қўлимиздаги мол‑дунё Роббимизнинг хазинасидан экани, ундаги қўлимиз мулкдорлик қўли эмас, балки омонат қўли эканини ҳис қилишимиздир.

(Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номлиасари асосида Анвар Аҳмад таржимаси). 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

9184 10:20 / 08.10.2018
Имом Aшъарий тобеларининг 3табақасидан ҳисобланган буюк муҳаддис Ҳофиз Aбу Бакр Байҳақий ваф. 458 ҳ. раҳматуллоҳи алайҳ айтади.Шайхимиз имом Aбу Ҳасан Aшъарий давоми...

2384 15:00 / 19.08.2021
Ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат давоми...

19635 00:13 / 03.12.2016
1. Баъс ndash қайта тирилишга далилларАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Кофирлар ҳеч қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Сен .Ундай эмас, Роббим давоми...

4444 14:00 / 04.05.2020