1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Қаҳҳор (16)

08:27 / 20.04.2017 11018 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Қаҳҳор

Ал-Қаҳҳор – барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни ўз ҳукмига юритувчи, қудрати ила бўйсундириб турувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳдониятига далолат қилувчи оятларни нозил қилганидан кейин ҳам буни инкор қилганларни, махлуқотларига жабр-зулм қилганларга Ўзининг Азиз султонлиги билан қаҳр қилади.

Аллоҳ таоло Қуръон оятларининг бир нечтасида Ўзининг олий Зотини ушбу исм билан номлади. 

«Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир, У Зот бирдир, Қаҳҳордир» (Раъд сураси, 16‑оят).

Ал‑Қаҳҳор исми қуйидаги ҳадисда келган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ер ҳам бошқа ерга, осмонлар ҳам бошқа осмонларга алмаштириладиган, ёлғиз ва Қаҳҳор сифатли Аллоҳ ҳузурида турадиган Кунда одамлар қаерда бўлади?» дедим. У зот: «Сирот кўпригида», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ал‑Қаҳҳор – Ўзининг барча махлуқотлари устидан ҳукмрон бўлувчи Зотдир. Ким кучли? Энг кучли Зот билан бирга бўлган кучлидир. Сен кучлилар томонда бўлсанг, демак, кучлисан. Одамларнинг энг кучлиси бўлишни хоҳласанг, Аллоҳга таваккул қил, чунки истиқоматда бўлмаган (тўғри йўлда бўлмаган, Аллоҳнинг буйруқларини бекаму кўст бажармаган) одам Аллоҳга таваккул қила олмайди. Аллоҳга таваккул қилиш инсоннинг дунё ва охиратда бахтли бўлишига гаровдир. Бошқа барча нарса ана шу истиқоматнинг устига қурилади. Истиқоматсиз эса ҳеч нарса қуриб бўлмайди. Агар диндан истиқоматни бекор қилинса, худди машинанинг ичидан мотор олиб ташлангандек бўлади. Демак, мўмин киши ҳақ йўлни топса, Аллоҳнинг буйруқларида истиқоматда бўлиб, У Зот томон юзланса, Аллоҳ унинг зикрини баланд, қадрини олий қилиб қўяди. 

Эй мўмин! Истиқомат ва ихлосинг қанча бўлса, Аллоҳнинг ҳифзу‑ҳимояси, мададида, тавфиқида ва ғалабасида ҳам ўшанча бўласан. 

Ал‑Қаҳр сўзи ғолибликни, яъни бир нарсани ўз табиатидан бошқага буриб, заифлаштирувчи деган маънони ҳам англатади. Шундай исмлар борки, улар билан бир инсон номланса, ёмон сифатга айланади, аммо улар Аллоҳнинг исми бўлса, У Зотнинг гўзал исмларидан бирига айланади. 

«Ал‑Қоҳир» ва «Ал‑Қаҳҳор» сўзларининг фарқи қуйидагичадир.

Ал‑Қоҳир – ҳукмронлиги олий, унинг буйруғи ҳар қандай маконда ўтади, деган маънодадир.

Ал‑Қаҳҳор – буйруғи сўзсиз амалга оширилувчи, буйруғига ҳеч ким қарши чиқа олмайди, деган маънодадир.

«Ал‑Қоҳир» сўзининг бандалари устидан мутлақ ҳукмронлик қилувчи, деган маъноси ҳам бор.

Инсон гоҳида кучли бўлиши мумкин, лекин ҳеч ким уни яхши кўрмайди. Яна бир ниҳоятда кучли инсон бор, аммо ахлоқсиз. Ёки ниҳоятда ахлоқли инсон, аммо заиф. Инсон бошқа бир инсонга ё ундан қўрққанидан, ё уни яхши кўрганидан бўйсунади. Масалан, кучлилар одамларнинг жисмини эгаллаган бўлса, пайғамбарлар уларнинг қалбига эга бўлган. Кучлилар олади, аммо бермайди. Пайғамбарлар эса нарса беради, аммо олмайди. Одамлар кучлилар учун яшаган, пайғамбарлар эса одамлар учун яшаган. Масалан, фиръавнлар пирамидалар қуриш учун минг-минглаб одамларни мажбурлаб ишлатган, азоблаш орқали бўйсундирган. Бугунги кунда пайғамбарлар орамизда йўқ, аммо улар тилларда достон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларидан буён 1400 йил ўтган бўлса ҳам, ҳозирда Мадинаи мунавварага борсангиз, миллионлаб одамлар у зотнинг қабрлари олдида йиғлаб ўтирганини кўрасиз. 

Пайғамғамбарлар инсон зотидаги мукаммаллик ва раҳмдилликнинг чўққиси бўлишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим, мўъжизалар, фасоҳат, баён, гўзал сурат, ҳилм, раҳмат ва бошқа барча фазилатлар ато қилинган эди. Аммо шунга қарамай, Аллоҳ таоло «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетишар эди. Бас, уларни афв эт. Ҳақларига истиғфор айт ва ишларда улар билан машварат қил», деб айтган (Оли Имрон сураси, 159‑оят).

Оқил одам Аллоҳга йўлиқишдан олдин ўзининг ҳар бир амалига жавоб тайёрлаб қўяди. 

Масалан, бир юртнинг подшоҳи ўз фуқароларидан бирига ғазаб қилса, у бошқа мамлакатга қочиб ўтиб, ўша ернинг подшоҳидан омонлик олади. Шундан сўнг ўзининг подшоҳи уни ҳибс қила олмайди. Бу дунёдаги подшоҳларда шундай. Аммо бу ҳолат подшоҳлар подшоҳи Аллоҳ таолога тўғри келмайди. 

Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилган:  «Аллоҳим! Сендан қўрққан, умид қилган ҳолда ўзимни Сенга таслим қилдим, юзимни Сен сари бурдим, ишимни Сенга топширдим, Сенга суяндим. Сендан қочишга ва нажот топишга ҳузурингдан бошқа жой йўқ. Нозил қилган Китобингга, юборган Набийингга иймон келтирдим». 

Демак, инсон бир мамлакатдан бошқа мамлакатга қочиши мумкин. Аммо барча махлуқотлар Аллоҳнинг қабзасида бўлгани учун У Зотдан қочиш мумкин эмас, нажот эса фақат У Зотнинг ҳузурида бўлади.

Аллоҳ ал‑Қаҳҳордир, яъни У Зотнинг буйруғи сўзсиз амалга оширилади, У Зотнинг буйруғига ҳеч ким қарши чиқа олмайди.

Аллоҳ ал‑Қоҳирдир, яъни бандалари устидан мутлақ ҳукмронлик қилади, туғёнга кетганларнинг бирортасини ажратмасдан улар устидан ҳукм ўтказади.

Аллоҳнинг Жаббор ва Қаҳҳор исмлари ҳам маъноси бир‑бирига яқин исмлар бўлиб, бу хусусда ҳам У Зотнинг тенги йўқдир. У Зот ҳар қандай мутакаббир ва зулм қилувчиларни кузатиб, иҳота қилиб турувчи Зотдир.

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом!) Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?» (Фажр сураси, 7‑оят).

Аллоҳнинг қаҳри буюк ва аламли бўлиб, Ўзининг душманлари бўлган золимларнинг белини синдиради. Шунинг учун Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор сифати – золимларга қаҳри қаттиқ, буюк ва аламли, деган маънода ҳам келади. 

«Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ» (Тоҳа сураси, 14‑оят)

«Албатта, Биз тирилтирурмиз, ўлдирурмиз. Қайтиш ҳам Бизгадир» (Қоф сураси, 43‑оят).

Уламолар: «Агар Аллоҳ таоло Ўзининг олий Зотини бирлик олмоши билан зикр қилса, демак, Ўз Зоти ҳақида гапираётган бўлади. Агар олий Зотини кўплик олмоши билан зикр қилса, исми‑сифатлари ҳақида гапираётган бўлади», дейишган. Юқоридаги икки оят бунга далил бўлади. 

Баъзи олимларнинг айтишича, ҳаёт тўртта асосий унсурга – сув, ҳаво, олов ва тупроққа асосланган экан. Уларнинг барчаси тарқоқ ҳолдадир. Аллоҳ таоло ал‑Қоҳир исми билан, яъни ҳукмронлик қуввати билан уларни бирлаштирган. Аллоҳнинг қаҳр қилувчи деган маънодаги бу исми сабабли сочилган, тарқоқ нарсалар жипслашган. Денгизни ёқиб бўлмайди. Аммо Аллоҳ таоло: «Ёндирилган денгизга қасам» деган (Тур сураси, 6-оят)

Денгизда қандай қилиб ёниши мумкин?

Маълумки, сув оловни ўчиради. Олов эса водород ва кислороддан иборат. Водород энг ёнувчан унсур, кислород эса энг ёндирувчан унсур. Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати билан денгизни ҳам оловга айлантириб юборади. 

Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмининг яна бир маъноси шуки, у Зот тарқоқ нарсаларни қаҳри билан бирлаштиради. Масалан, инсоннинг руҳи ниҳоятда латиф ва нуроний бир жавҳардир. Бадан эса зич ва зулматли жавҳар. Уларнинг орасида ажойиб номутаносиблик бор. Аммо Аллоҳ таоло Ўзининг қаҳри ила руҳни жасадга жойлаган. Айтайлик, сиз икки моддани, масалан, алюминни темирга ёпиштирмоқчисиз. Уларни бир-бирига пайвандлаб бўлмайди, чунки булар бир‑бирига ёпишмайдиган моддалардир. Аммо Аллоҳ таоло самодан тушган енгил ва нуроний руҳни ердан олинган, зулматли жасадга жойлаб, бир‑бирига уйғун қилиб қўйди. Демак, инсон руҳ ва жисмдан, яъни нур ва зулматдан иборатдир. Инсоннинг қалби ёришиб кетса, демак, руҳ келган томонга мослашган бўлади. Қорайиб, дағаллашса, зулмат келган томонга мослашган бўлади. Инсон ердан олинган тупроқ ва самовий нурдан яратилган эди, аммо ҳавои‑нафсига эргашиб, жаннатдан маҳрум бўлди. 

«Эй мўминлар! Сизларга нима бўлдики, «Аллоҳ йўлида чиқинглар» дейилса, ерингизга ёпишиб олдингиз?! Охират(нинг боқий неъматларни)дан юз ўгириб, дунё ҳаёти(нинг фоний лаззатлари)га рози бўласизми?! Охират олдида бу дунё матоҳи жуда оз нарса-ку?!» (Тавба сураси, 38‑оят).

Инсонга юқорига интил дейилса, у ер томонга, яъни шаҳват ва дунё томонга қараб интилади.

Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмининг маъноларидан яна бири золим ва мустабид ҳокимларни хорлашдир. Қаҳҳор Зот гоҳида уларни касалликка чалинтиради, гоҳида бепушт қилиб қўяди. Инсон хотинини ҳар қанча яхши кўрмасин, ҳар қанча маблағ сарф қилмасин, унга фарзанд туғиб бера олмайди. 

Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмининг маъноларидан яна бири бандаларига ўлим юборишдир. Ҳатто набийлар, расуллар ҳам, бою камбағал, кучлию заиф, соғлому касал, ҳуру қул, подшоҳу фуқаро – барча-барчасига муддати ёзилган ўлим етиб келади. Бу рўйхатга ҳатто ўлим фариштасининг ўзи ҳам киритилган.

Ал‑Қоҳир – обид бандаларнинг нафсига ҳукмронлик қилиб, уларни Ўзининг тоатида ушлаб турувчи Зот деган маънода ҳам келади. Банда Аллоҳ томон юзланса, Унинг розилигига етишиб, бахтли бўлади ва У Зотнинг тоати йўлида нафсини тийиб туради. Аллоҳ уларни жамоли, камоли ва тажаллийси билан қамраб олади. Демак, Аллоҳни севувчи кимса дунёда Ундан бошқа ҳеч нарсани хоҳламай қолади.

Мўмин-мусулмонлар зиммасида Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмига нисбатан қандай вазифалар, масъулиятлар бор? Мўмин киши Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмини таниса, демак, у убудиятнинг ҳажмини, кўламини билибди. Ким ўзини билса, Роббини танибди. Ким Роббини таниса, нафсини танибди. Шунинг учун мўмин одам «Ундай қиламан, бундай қиламан», «Уни бераман, буни бермайман» каби сўзлардан йироқ бўлиши керак, чунки бу каби хислатлар Аллоҳнинг ал‑Қаҳҳор исмига қарама‑қаршидир.

Аллоҳ таоло Ўзининг ал-Қоҳир сифатида билан биз гуноҳкор бандаларнинг нафсини тийсин, иймон-Исломда вафот қилдирсин ва оқибатимизни хайрли, охиратимизни нурли қилсин, омин!

(Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлариномли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

4469 17:00 / 21.06.2021
Билингки, махлуқнинг камолоти ndash унинг Аллоҳга бўлган бандалигини юзага чиқаришидадир. Банда бандаликни юзага чиқаришни қанчалик зиёда қилса, унинг камолоти давоми...

748 19:00 / 23 сентябрь
АлХофид пасайтирувчи, кофир ва фосиқларни хорзор қилиб, уларнинг мартабасини пасайтирувчи Зот.«Воқеа Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган пайтда бирон ёлғон давоми...

7193 23:03 / 07.03.2018
Ҳозирги пайтга келиб дунёда мафкуравий кураш ғоят кескин бир паллага кирди. Ғарб олами Ислом динининг музаффарона юришини тўхтатиб қолиш учун бор имконият ва давоми...

7575 15:56 / 01.12.2016