1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Холиқ (12)

08:23 / 20.04.2017 9044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Холиқ 

Бу исмнинг маъноси асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчидир.

Аллоҳ махлуқотларни яратишдан олдин ҳам Холиқ деган сифатга эга эди. У Зот Холиқ исмини уларни яратганидан кейин олган эмас. Холиқ – мутлақ вужудга келтирувчидир.

«Эй одамлар! Сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки тақводор бўлсангиз» (Бақара сураси, 21‑оят).

Ушбу оятдан фақат ва фақат Ал‑Холиқ сифатли Зотгагина ибодат қилиш лозимлиги аён бўлади. Холиқдан бошқага ибодат қилинмайди. Агар инсон ибодатда Холиқдан бошқа зотга юзланса, тўғри йўлдан оғиб кетади. Фақат Холиққа ибодат қилсанг, бу ибодат сабабли бахтиёр бўласан. Ибодат қилсанг, У Зотнинг азобидан нажот топасан. Ибодат қилсанг, ҳаётингда ҳам, ўлимингдан кейин ҳам ютуққа эришиб, жаннатга кирасан ва абадий бахт‑саодатни қўлга киритасан. Демак, коинотда ибодатга лойиқ бирдан‑бир Зот бор, ўша Зот ибодат қилиб, итоат қилишинг даркор. Ўша Зот – ал‑Холиқ сифатига эга бўлган Аллоҳдир.

Ал‑Холиқ деб барча нарсани, олдин бўлмаган нарсаларни йўқликдан пайдо қилган, яратган Зотга айтилади. Бу сўз баъзан инсонга нисбатан ҳам мажозий маънода ишлатилади, яъни инсон ҳам мавжуд нарсалардан янги бир нарсани ясайди. Аммо табиийки, илгари мутлақо бўлмаган нарсаларни, еру‑осмонларни яратиш билан бор нарсалардан янги нарса ясашнинг орасида катта фарқ бор. Демак, Аллоҳ таоло йўқ нарсани, йўқ жойдан, илгари мавжуд бўлмаган нарсаларни яратувчи Зотдир. Инсон эса бор нарсалардан янги нарса ясайди,  холос. Инсон яратувчи эмасдир.

Ҳаётдаги энг қийин нарса инсоннинг ҳар томонга юзланиб, саргардон бўлишидир. Масалан, инсоннинг икки хўжайини бўлса, бири уни буюрса, иккинчиси бошқа нарсани буюради.

Бир дўстим ибратли ҳикоя айтиб берган эди. У бир корхонага ишга кирган экан. Корхонани учта оғайни шерик бўлиб очган экан, шунинг учун ишчилар тарқоқ ҳолда ишлашган, чунки бир бошлиқ бир ишни буюрса, иккинчиси бошқасини, учинчиси яна бошқасини буюрар экан. Бир вақтнинг ўзида учта ишни эса қилиб бўлмайди. Натижада ҳамма ишлар пала‑партиш бўлиб кетган.

Яна бир ҳаётий мисол. Нима учун баъзилар ҳаётда бахтсиз бўлади, деб сўраб қолишади. Жавоб шуки, улар ҳаётда бир неча томонга юзланишади. Масалан, хотинини рози қилиш, онасини рози қилиш, ишда раҳбарларни рози қилиш, таҳдид солаётган фалончини рози қилиш каби нарсаларга машғул бўлиб, изтиробда қолади. Мўмин одам эса нафақат ўзини, балки бутун борлиқни яратган Аллоҳнинг розилигини ўйлайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен бир томон учун амал қилгин, ўша томон қолган барча томонларга кифоя қилади», деб айтганлар. (Марфуъ ҳадис).

Шифокорлардан сўрасангиз, акса хасталиклар нафсий ва руҳий тушкунликдан юзага келишини айтади. Ошқозондаги яра ҳам руҳий касаллик орқали юзага келади. Агар тиббиёт тана аъзолари билан руҳий касаллик орасидаги боғлиқликни инкор қилса, катта хатога йўл қўяди.

Демак, яралган банда Яратган Зотнинг тоат-ибодатида бўлиши керак. Ёшликни, ғанимат умрни ихлос қилиш учун, солиҳ амал қилиш учун сарф қилиш керак.

«Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!» (Бақара сураси, 3‑оят).

Ал‑Холиқ исмининг шаръий маънолари:

1. Тўғри ўлчовли Зот.

2. Аввал намуна бўлмагани ҳолда йўқдан бор қилувчи Зот.

3. Ишларнинг тақдирини белгиловчи ва уни амалга оширувчи Зот.

 

Яратилиш жараёни тўрт босқичдан иборатдир:

Биринчи босқич: Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ бўлиш. Аллоҳнинг азалий илми деганда яратилишидан олдин барча нарсани тақдир қилиши, Аллоҳнинг собиқ илми билан борлиққа чиқишидан олдин ишларни тартиблаши тушунилади.

Иккинчи босқич: Махлуқотларга оид ҳар бир нарсанинг Лавҳул маҳфузда ёзилиши. Лавҳул маҳфузда ҳар бир нарсанинг бор бўлиши, юзага чиқиши ва тайёрланиши ёзиб қўйилган.

Учинчи босқич: Тақдир қилиш босқичи. Бу – ҳар бир нарса У Зотнинг хоҳиш мартабасига мувофиқ келишидир: Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди.

Тўртинчи босқич: Ҳар бир нарсани ўзининг хусусиятига мувофиқ қилиб, Ўзининг азалий илмига мос суратда яратиши.

 

Ал‑Холиқ сифатига эга бўлган Зотнинг таълимотларига мувофиқ эргашиш лозим. У Зот ҳақиқий хабардор Зотдир.

«Ҳеч ким сенга Хобир Зотдек хабар бера олмас» (Фотир сураси, 14‑оят).

Кўрсатмаларга эргашиш учун бир томон бўлиб, ўша томон унинг ясовчи ва яратувчиси бўлган томондир. Масалан, сиз энг сўнгги технологиялар асосида энг ривожланган фирма томонидан ишлаб чиқилган компьютер сотиб олдингиз. Сизнинг юртингизда ушбу фирманинг сервис хизмат кўрсатиш устахонаси ҳам бор. Вақт ўтгач, компьютерингиз бузилиб қолди. Айтайлик, сизни жуда яхши кўрадиган кўкат сотувчи қўшнингиз бор. Сиз ушбу жиҳозингизни созлаш учун уни кўкат сотувчи қўшнингизга берасизми? Аммо сиз бу қўшнингизни ҳар қанча яхши кўрманг, жиҳозингизни шу соҳанинг билимдони бўлган моҳир устага олиб борасиз. Шунинг учун Аллоҳ: «Ҳеч ким сенга Хобир Зотдек хабар бера олмас», деган (Фотир сураси, 14‑оят).

Эй инсон! Сен ҳам Аллоҳга итоат қилсанг, демак, нафсингни яхши кўрар экансан. Чунки Аллоҳ Хобир – хабардор Зотдир. У Зот сенга: «Тилингни тий, мақоминг улуғ бўлади. Ишончли ва омонатдор бўл, одамлар сенга ишонади. Кўзингни номаҳрамлардан сақла, хотининг билан бахтли яшайсан. Кирим даромадингни ҳалолдан топ, Аллоҳ мол‑мулкингга барака ато қилади», деган.

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Исро сураси, 9‑оят).

«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (Бақара сураси, 38‑оят).

«Мендан сизларга ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас» (Тоҳа сураси, 123‑оят).

Гапнинг хулосаси шуки, агар сен нафсингни яхши кўрсанг, ал‑Холиқ сифатига эга бўлган Яратувчининг таълимотларини ҳаётингга татбиқ қил, шунда икки дунёнинг бахт‑саодатига мушарраф бўласан.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибди» ҳзоб сураси, 71‑оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг ал-Холиқ сифати билан таважжуҳ айлаб, ҳақ йўлига ҳидоят қилсин, умримизни Ўзининг тоат-ибодатида ўтказишни насиб этсин!

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
13. Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинмиЖинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғоняшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. давоми...

3214 19:00 / 19.12.2022
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. .Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди,, демаймиз.Шарҳ давоми...

5950 13:10 / 29.04.2019
Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. давоми...

2346 19:00 / 14.08.2023
Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар мусулмонларга ким осий ndash гуноҳкор бўлса, кофирдир, деган қарорга келганлар. Уларнинг тушунчаси бўйича, осийлик ва давоми...

8658 00:25 / 03.12.2016