1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Алийм (20)

17:14 / 04.05.2017 8463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Алийм

Алийм – ҳар бир нарсани, бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи Зотдир.   

Инсон гапирса, Аллоҳ уни эшитади. Агар у ҳаракатланса, Аллоҳуни кўради. Агар у бирор нарсани яширса, Аллоҳ уни билади.

«Билингларки, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур» (Анфол сураси, 24‑оят).

Аллоҳ ҳар бир инсон билан унинг қалби орасини эгаллаб туради. У Зот қалбингга, хотирангга, ички сирингга ва ботинингга энг яқин Зотдир. У Зот бизга жонтомиримиздан ҳам яқиндир.

«Алийм» сўзи «илм» ўзагидан олинган бўлиб, унинг луғавий маъноларидан бири икки нарса орасидаги мустаҳкам ва собит алоқадир. Тўқима, шак-шубҳалар, гумонли нарсалар илм бўла олмайди. Воқеъликка мувофиқ бўлган нарсагина илмдир. Агар воқеъликка мувофиқ бўлмаса, у илм эмас, жаҳолат бўлади. Инсон бир идиш бўлса, жоҳилнинг идиши бўм‑бўш эмас, балки хато нарсалар билан тўлган бўлади. 

Мўмин одам тавба, ибодат, солиҳ амал, Қуръон тиловати, муҳтожларга таом улашиш, адашганларни тўғри йўлга бошлаш орқали Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишни истайди. Мўмин шу амалларни қилса, Аллоҳ унга каромат ато этади. Каромат сабабли ўша мўминнинг мушкуллари осон бўлади, ишлари ўнгидан келади, муваффақият, ғалаба, хотиржамлик, шодлик ва омонликни қўлга киритади. Аммо Аллоҳ томонидан мўминга ато этиладиган энг буюк кароматилмкароматидир. 

Масалан, бир боланинг ёши катта одамга: «Амаки, менинг роса пулим кўп», дейди. Ваҳоланки, боғча ёшидаги болакайда битта 200 сўмлик бўлади, холос. Аммо шу гапни давлат идорасидаги мансабдор одам айтса, унда камида 200 миллион сўм бор деб ўйлаймиз. Шундай экан, подшоҳларнинг подшоҳи, еру осмоннинг Робби «Аллоҳ сизларга билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди» деса, бу неъматнинг ҳисобига етиб бўладими? (Нисо сураси, 113-оят).

Инсон У Зотни таниса, У Зотнинг гўзал исм ва сифатларини ўрганса, дунёга келиши ва унда яшашдан мақсадини билсабу дунёнинг моҳиятини англаса, дунёдаги энг афзал нарсаларни билса, энг буюк кароматни қўлга киритган бўлади.   

Аллоҳ таоло яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам мол-мулк ато қилаверади. Масалан, Фиръавнни яхши кўрмаса ҳам, унга беҳисоб мол-дунё, салтанат ато қилди. Сулаймон алайҳиссаломни яхши кўрса ҳам, унга беҳисоб мол-дунё, салтанат ато қилди. Қорунни ёмон кўрса ҳам, унга мол-дунё ато қилди. Усмон ибн Аффон ва Абдурроҳман ибн Авфларни яхши кўрса ҳам, уларга мол‑дунё ато қилди. 

Аммо Аллоҳ таоло қайси неъматни яхши кўрган бандаларигагина бериб, ёмон кўрган бандаларига бермаган

«У (Мусо) вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Гўзал амал қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз» (Қасос сураси, 14‑оят).

Ҳар биримиз ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: «Аллоҳ менга ато этган нарса кимларнинг насибаси: кучлиларникими, бойларникими ёки пайғамбарларникими?»

Аллоҳнинг илми азалий ва абадийдир. Инсоннинг илми эса азалий ҳам эмас, абадий ҳам эмас. Инсоннинг билмаган нарсаси жуда кўп. Инсон бу нарсаларни бирор сабаб ёк восита билан билиб олади. Аммо бу билим яна қайсидир сабаб ёки восита билан унинг хотирасидан кўтарилиши ҳам мумкин. Аллоҳ таолонинг илми барча нарсани – зоҳирни ҳам, ботинни ҳам, нозик, дақиқ нарсаларни ҳам, улкан, бепоён нарсаларни ҳам, аввални ҳам, охирни ҳам қамраб олади. Аллоҳ таолонинг илми бутунлай бошқачадир. Аллоҳнинг илми бутун олам, бутун борлиқ вужудга келишидан олдин ҳам бўлган. Аллоҳнинг илми бутун борлиқ учун аслдир, асосдир, манбадир. Башариятнинг илми эса борлиқдан кейин пайдо бўлган. Аниқроқ қилиб айтсак, инсоннинг илми борлиқдаги нарсалардан кўчирмадир, яъни инсон ўз илмини борлиқдан ўрганиб, кўчириб олган. Инсоннинг билимлари Аллоҳ яратиб қўйган қонун-қоидалар устига бино қилинган, Аллоҳ ато қилган хусусиятлар орқали қўлга киритилган. 

Уруғлик борлиқнинг давомийлиги эканини ким қонун қилиб белгилаб қўйган? Агар Аллоҳ таоло миллион‑миллион тонна буғдой яратсаю, у тугаб қолса, нима бўлар эди? Буғдойнинг Қиёмат кунигача етиб бориши учун бирдан-бир йўл уруғлик олиб қўйишдир. Хўш, уруғлик қонуниятини, инсон наслининг бардавом бўлиши учун эр‑хотин бўлиб, оила қуриб яшаш қонуниятини ким яратди? Биз ҳар бир нарсани бор нарсалардан фойдаланиб вужудга келтирамиз. Аммо ўша биз фойдаланаётган, бор нарсаларни Аллоҳ таоло яратган. Шунинг учун йўқдан бор қилиб, олдин намунаси, мисли бўлмаган нарсани яратиш билан бир нарсани аввалдан бор нарсадан фойдаланиб, кашф ёки ихтиро қилиш орасида жуда катта фарқ бор. Шу ўринда айтиб ўтамизки, Аллоҳ таоло барча нарсани йўқдан бор қилган, ҳеч нарсадан, олдин намунаси бўлмаган ҳолатда яратган.

Инсониятнинг илми борлиққа боғлиқ бўлиб, кейин ўзлаштирилган бўлади. Холиқнинг илми эса борлиқдан олдин, яъни собиқ бўлиб, сабабийдир. Илоҳий илм ҳар бир нарсанинг бор бўлишига сабабчидир. У Зотнинг илми, иродаси, қудрати шу нарсаларга тааллуқли бўлиб юзага келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам«Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди», деганлар (Абу Довуд ривояти).

Инсон сувнинг хусусиятларини ўрганиб, сув устида ва сув остида юрадиган кемалар ясашни ўрганди. Аммо ўша сувга жисмларни юқорига кўтарадиган хусусият берган ким? Албатта, Аллоҳ таоло. У Зотдан бошқа ким буни жорий қила олар эди? Агар мана шу қонун бўлмаса, инсон дарё-денгизларда суза олмаган бўлар эди. 

Инсон ҳавонинг хусусиятларини ўрганиб, 800 кишини юклари билан бирга кўтариб, узоқ масофаларга уча оладиган учоқларни ихтиро қилди. Аллоҳ ҳавога ана шу хусусиятни бермаса, шундай оғир темир осмонда уча олармиди?

Аллоҳ таоло бўлиб ўтган, бўлаётган, энди бўладиган нарсаларни ҳам, ҳали бўлмаган нарса содир бўлса, унинг қандай бўлишини ҳам биладиган Зотдир. У Зотнинг илми азалий ва абадийдир. Еру осмондаги бирор нарса У Зотдан махфий қолмайди. У Зотнинг илми барча махлуқотларни ўраб, қамраб, иҳота қилиб олган. У Зотнинг илми ҳар бир нарсанинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам, каттаю кичигини ҳам қамраб олган. 

Аллоҳ таоло коинот ва борлиқдаги барча нарсани билувчидир. Бу оламлардаги махлуқотлар эса Аллоҳ илмининг нишоналаридан бир белгидир, холос.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм ривожланиб борган сари унинг Исломда келган давоми...

2715 19:12 / 19.10.2018
Ўлим маълум ва машҳур ҳодиса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайтақайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга давоми...

16318 16:06 / 30.10.2018
Мўминмусулмон одам лавҳ ва қаламга ҳам иймон келтирмоғи вожиб. Бу икки нарса ҳам ғайбиёт туркумига киради. Аҳли сунна ва жамоанинг ақоид китоблари ичида энг давоми...

2612 19:00 / 23.10.2023
Сўнги пайтларда минг йилдан бери аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан давоми...

4929 13:30 / 16.08.2021