1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга яқинлигинг У Зотнинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир

16:40 / 14.01.2018 3340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотга яқинлигинг Унинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир. Бўлмаса У Зотнинг яқин бўлиши сенга қаердан ҳам бўлсин!

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида ақийдадаги энг нозик масалалардан бирини муолажа қилмоқда. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг бандага яқинлиги масаласидир. Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларга, баъзи ҳолатларда эса маълум бир бандага яқинлиги кўпгина оят ва ҳадисларда баён қилинган. Албатта, мазкур матнлардаги яқинлик бандаларнинг бир-бирлари билан бўладиган муомаласидаги яқинлик эмаслигини кўпчилик яхши билади. Аммо ушбу матнларни аниқ фаҳмлаш ва ораларидаги нозик фарқларни англаб етиш ҳаммага ҳам муяссар бўлавермайди. Бундай ўта ҳассос ва нозик мавзуларни теран илмли уламолар баён қилиб берадилар.

Аллоҳ таолонинг бандаларга яқинлигининг икки хил маъноси бордир. Биринчиси – ҳамма одам болаларини ўз ичига олувчи умумий маъно. Иккинчиси – Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг солиҳ бандаларига хос бўлган маъно.

Биринчи, яъни барча бандаларни қамраб олувчи яқинлик маъноси қуйида келтирилган ва уларга ўхшаш бошқа матнларда ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида марҳамат қилади:

«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (16-оят).

«Жон томири» деганда биз катта қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади, ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди, доимо ҳушёр, сергак яшайди.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида марҳамат қилади:

«Биз эса унга сиздан кўра яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар» (85-оят).

Яъни «Аллоҳнинг Ўз бандасига қанчалар яқинлигини англамайсизлар». Ҳар қандай одамга, хусусан, жон таслим қилаётган одамга ҳам Аллоҳ таоло унинг устида турган қариндошидан кўра яқинроқ бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«Қаерда бўлсангиз ҳам, У сиз билан бирга» (4-оят). 

Аллоҳ таолонинг ушбу оятидаги «У сиз билан бирга» деган сўзни «илми ва қудрати билан» деб тушунилади. Аллоҳ таолога нисбатан жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Демак, Аллоҳ таоло Ўз илми ва қудрати билан бандалари қаерда бўлсалар ҳам, улар билан бирга бўлади.

Демак, бандалар доимо ҳушёр бўлишлари, яхши ишлар қилишга уриниб, ёмонликлардан узоқда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ ҳар бир урғочининг ҳомиласини ҳамда бачадонлар нуқсон ёки зиёда қиладиган нарсаларни биладир. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир» (8-оят).

Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи Зотдир. У ҳатто одатда кўпчилик пайқамайдиган нарсаларни ҳам билади.

«Аллоҳ ҳар бир урғочининг ҳомиласини…» билади.

Дунёдаги барча жонзотларнинг урғочиси қачон ҳомиладор бўлишини, бўлганини ва шу ҳомиланинг ўзини батамом билади. Унинг ҳолатини, келажагини ва унга тегишли ҳар бир ҳодисани билади.

«...ҳамда бачадонлар нуқсон ёки зиёда қиладиган нарсаларни биладир».

Ҳомилада бирон нуқсон бўлса ҳам, муддатидан кам турадиган бўлса ҳам билади. Ёхуд бачадондаги ҳомилада бирор зиёдалик бўлса ёки муддатидан ортиқ турадиган бўлса ҳам билади.

«Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир».

Ҳамма нарсанинг ўлчови бордир. Ҳар бир нарсага Аллоҳ томонидан тақдир белгилаб қўйилгандир. Ҳар бир нарса ўша ўлчовга, белгига мувофиқ туради. Ҳеч бир нарса бу ўлчов ва белгидан ташқарига чиқа олмайди. Аллоҳ таолонинг илмининг чеки йўқдир.

«У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У улуғдир, юксакдир» (9-оят).

Аллоҳ таоло ўзи йўқ (ғойибдаги) нарсани ҳам билади, ҳозирда мавжуд нарсани ҳам билади.

«У улуғдир...»

У бутун мавжудотдан каттадир, улуғдир. Ундан катта, Ундан улуғ ҳеч бир мавжудот йўқдир. У

«...юксакдир».

Аллоҳ таоло бутун борлиқдан юқоридир. Ундан юксак ҳеч бир нарса йўқдир.

«Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлса-ю, ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир» (10-оят).

Аллоҳ таоло уларнинг гаплари ва қилмишларини бирдек билиб туради.

Ушбу ояти карималардаги Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг бирга ва яқин бўлиши илми, қудрати, қамраб олиши ва иродаси ила бандалари билан бирга ва яқин бўлишдир.

Иккинчи – солиҳ бандаларига хос бўлган яқинлик маъноси қуйида келадиган ва уларга ўхшаш бошқа матнларда ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«У Зот деди: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман» (46-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга ҳал қилувчи, иккиланишга ўрин қолдирмайдиган жавоб келди: «Ҳеч қўрқманглар. Нимадан қўрқасизлар?! Ахир Мен сизлар биланман. Ҳамма нарсани эшитиб турибман. Ҳамма нарсани кўриб турибман».

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Кўз ўнгимда тарбияланишинг учун» (39-оят).

Яъни «Эй Мусо, одамлар қалбига сенинг муҳаббатингни солиб қўйдим. Ҳатто Фиръавндек шафқатсиз золим ҳам сени яхши кўрди. Сени топиб олиб, боқишга қарор қилди.

Мен бу ишларнинг ҳаммасини

«Кўз ўнгимда тарбияланишинг учун» қилдим.

Яъни Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси ва риояси остида тарбияланиши учун Мусо алайҳиссаломга мазкур шароитлар яратилди. Оқибатда мурғак Мусо Фиръавн оиласига келиб тушди.

Ушбу ва уларга ўхшаш бошқа матнлардаги биргалик ва яқинлик ҳурматлаш, нусрат бериш, ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш маъносидадир.

Агар банда ушбу маъноларни яхши тушуниб, ўзига сингдириб олса, ҳар нафас олганида, ҳар ҳаракат қилганида Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз илми билан у билан бирга эканини, барча нарсани кўриб, билиб турганини, ҳисобини қилиб турганини ҳис этиб яшайди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг биз ўрганаётган ҳикматида ушбу зикр қилинган маънони ўз услуби ила баён қилган: 

«У Зотга яқинлигинг Унинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир».

Шоҳид бўлиш – қалб кўзи билан кўриш, ҳис қилиб туриш. Ҳар бир бандага бу дунёда яхши яшаши учун, ёмонликдан четлаб қолиши учун айнан шу ҳолат зарурдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўз илми, қудрати, инояти ва иҳотаси билан ўзи билан биргалигини вужудига сингдирган ҳар бир банда фақат яхшилик қилади ва барча ёмонликдан четда бўлади.

«Бўлмаса У Зотнинг яқин бўлиши сенга қаердан ҳам бўлсин!»

Банданинг Ҳақ субҳанаҳу ва таолога моддий маънода яқинлиги амри маҳолдир. Бу маънони хаёлга ҳам келтирмаслик керак.

Аллоҳ таолонинг яқинлигини ҳис қилган банда У Зот ҳақида доимо яхши гумонда бўлишга уринади. Ўзига етаётган яхшиликларнинг барчасига банданинг ўзи сазовор бўлмаслигини, бу яхшиликлар фақатгина Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидангина эканини англаб етади. Яхшиликнинг манбаси ва асосини англаб етиш маърифатидан эса муҳаббат пайдо бўлади. Яна Аллоҳ таолонинг жалоли, яъни улуғлигидан ҳамда жамоли, яъни гўзаллигидан ҳам У Зотга бўлган муҳаббат пайдо бўлади.

Бас, шундай экан, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига олиб борадиган йўл У Зотнинг қурбати – яқинлиги, яхшиликлари, лутфу карами, риояси ва инояти ҳақидаги собит маърифатдир. Ушбу маърифатга соҳиб бўлган банда Аллоҳ таолонинг ўзига яқинлигини доимий равишда ҳис қилиб яшайди ва бундан икки дунёсининг бахти ва саодати йўлида фойда олади.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчамизга У Зотга яқинлигимиз Унинг яқинлигига шоҳид бўлишимиз эканини, бўлмаса У Зотнинг бизга яқин бўлиши амри маҳол эканини англаб етишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва одамлардан .Аллоҳга иймон келтирдик,, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар давоми...

3069 22:04 / 23.02.2018
Тоатинг мукофотига У Зот сени унга аҳл дея рози бўлишининг ўзи кифоядир.Подшоҳ фақатгина Ўзи икром кўрсатишни истаган шахснигина қабулига чақиради ва улуғлашни давоми...

3546 10:14 / 04.12.2017
Аллоҳ бандаларига латийфдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир.Бандалар такаббурлик ила куфр келтириб, қиёмат кунини инкор этиб, давоми...

2857 20:31 / 03.10.2017
Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ бўлган ва таърифи вожиб бўлган нарсанигина ошкор қилур.ndash давоми...

4163 06:54 / 28.11.2017
Аудиолар

118780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021