1475 30.10.2017

Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтариласизлар.

Яхшилик йўлида, савоб касб қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк «Аллоҳ таолога қарз бериш» деб аталмоқда.

«Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки...»

Аллоҳнинг дини йўлига ким пул сарфласа, Аллоҳга яхши қарз берган бўлар экан. Қарз берган одам фурсати келганда берган маблағини тўлиғича қайтариб олади. Ундан ҳеч нарса камаймайди. Шунингдек, Аллоҳнинг йўлида пул-мол сарфлаган одамнинг ҳам маблағи камаймайди. Балки:

«…У унга бир неча мартага кўпайтириб берса».

Яъни Аллоҳ таоло унинг яхшилик йўлида сарфлаган молини бир неча баробар кўпайтириб беради. Бу дунёда молига мол қўшади, барака беради, бахт-саодат ва роҳат-фароғатга эриштиради. У дунёда эса жаннатга киритиб, битмас-туганмас неъматлар ато қилиб, Ўзининг розилигини эълон қилади.

Ўлим ва ҳаёт Аллоҳнинг қўлида бўлганидек, ризқ ҳам Аллоҳнинг қўлидадир. Жангда қатнашган одам ўлиб қолавермаганидек, молини Аллоҳнинг йўлида сарфлаган киши ҳам камбағал бўлиб қолавермайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг ихтиёрида:

«Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур».

Аллоҳ ризқни тор қиламан деса, нафақа қилмаган, Аллоҳнинг йўлида ҳеч нарса сарфламаган, ҳар тангани етти еридан тукканларникини ҳам тор қилиб қўяверади. Кенг қиламан деса, топганини Аллоҳнинг йўлида сарфлаётганларникини янада кенг қилаверади. Ҳар не бўлганда ҳам, бориладиган жой бир:

«Ва Унгагина қайтариласизлар».

Бошқага қайтарилиш йўқ.

Ўтган азизларимиз ушбу ҳақиқатни тушуниб етганликлари учун дунёга устоз бўлганлар. Мисол учун, улардан оддийгина бир киши Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, «Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор» ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдаҳ Ансорий:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла биздан қарз сўраяптими? – деди. Набий алайҳиссалом:

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар. Абу Даҳдаҳ:

– Қўлингизни беринг, Эй Аллоҳнинг Расули, – деди. У зоти бобаракот қўлларини бердилар. Абу Даҳдаҳ:

– Мен Роббимга қўрғонимни қарз бердим, – деди. Унинг қўрғонида олти юз туп хурмоси ва хотин, бола-чақаси бор эди. У келиб:

– Ҳой, Умму Даҳдаҳ! – деб хотинини чақирди.

– Лаббай, – деган жавобни эшитганда:

– Қўрғондан чиқ, мен уни Роббимга қарз бердим, – деди. У:

Хўп, деб болаларини олиб чиқди.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Тафсири ҳилол китобидан)