93 07.08.2017

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобаларидан бир жамоа турганида:

«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик қилмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмаслигингиз ва маъруф ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа, жазолайди», дедилар. Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисни Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. У киши билан танишмиз.

Ушбу ҳадис байъат ҳақидаги энг машҳур ҳадислардан биридир. Чунки ҳадиснинг ровийси байъат тарихининг биринчи кунидан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олган барча байъатларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлган улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудирлар.

Ҳижратдан олдинги ҳар йилги ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажга келган қабилаларга ўзларини таништириб, уларни Исломга чақирар эдилар. Бир мавсумда у зот алайҳиссалом Минодаги тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибдан (Мадинадан) келган Хазраж қабиласига мансуб кишиларни учратиб қолиб: 

«Ўтирсангиз, сизга гапим бор эди», дедилар. Улар:

«Хўп», деб ўтиришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга даъват қилдилар, Исломни арз қилиб, Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар янги пайғамбар чиқиши, унинг сифатлари ва чиқиш вақти яқинлашиб қолгани ҳақида яҳудийлардан эшитган эдилар. Бир-бирларига: 

«Бу ўша пайғамбар-ку, яҳудийлар биздан ўзиб кетмасинлар», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқларини қабул қилиб, Исломга кирдилар. 

Улар юртларига қайтиб бориб, Ислом хабарини ҳамма томонга тарқатдилар. Келаси йили ўн икки киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «Ақаба»да учрашдилар. 

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги жамоа ўшалар эди. Ўша ўн икки кишининг бирлари, ҳадиснинг ровийси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ушбу ҳадисда зикр этилган байъатни олдилар. Устоз сўрашган эди, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни устоз қилиб, қўшиб бердилар. Янаги мавсумгача Ясрибдаги ҳар бир уйга Ислом кириб борди, келаси йилда етмиш уч эркак, икки аёл келиб, мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан кечаси яширинча учрашганлар. Улар кўпчилик бўлганлари туфайли байъат учун ичларидан «нақиб»лар сайлашни топширганлар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўша сайланган нақиблардан бири эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енгилу оғир пайтда қулоқ осиб, итоат қилишга, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш, доимо ҳақ гапни айтиш, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслик, агар Ясрибга (Мадинага) келсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нусрат бериш, у зотни ўзларини, аёлларини ва болаларини ҳимоя қилган нарсадан ҳимоя қилиш ҳақида байъат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу ишларнинг мукофоти жаннат бўлишининг хабарини бердилар. Ушбу байъат «иккинчи Ақаба байъати» деб номланади. 

Мазкур байъатдаги нусрат бериш ваъдаси – аҳди учун мадиналик мусулмонлар «Ансорий» (нусрат, яъни ёрдам берувчилар) номини олганлар.

Кейинроқ Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожира аёллардан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида байъат олганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам бор. Ушбу байъат «аёллар байъати» деб номланади.

Ҳудайбияда эса аввал зикр қилганимиздек, дарахт тагидаги байъат розилик байъати бўлди. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу байъатда ҳам иштирок этдилар. 

Биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифда «биринчи Ақаба байъати» ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиснинг аввалида унинг қандай ҳолда бўлганини аниқ васф қилиш мақсадида ровий: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобаларидан бир жамоа турганида», демоқда.

Аввал зикр қилинганидек, бу жамоа ўн икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг ичида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ҳодиса Минодаги Ақабада – шайтонга тош отиладиган жойда бўлиб ўтган.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиб, у зотнинг раҳбарликлари остидаги Ислом жамоасида яшашга қарор қилган мазкур кишиларга, аввало, нималарга аҳд беришлари лозимлигини баён қилиб бердилар. Бу нарсалар қуйидагилардан иборат эди:

1. «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз...»

Яъни, Аллоҳнинг ваҳдониятига иймон келтириш ҳақида аҳд беринг. Иймоннинг асли, Исломнинг асоси шудир. Шунинг учун ҳам у ҳамма нарсадан олдин зикр қилинди. Тавҳид бўлмаса, бошқа бирор нарсанинг бўлиши мумкин эмас. «Ҳеч нарсани» деганлари умумийликни ифода қилади. Баъзи бир одамлар ўйлаганидек ширк фақат бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас. Ширкнинг турлари жуда кўп. Хулоса қилиб айтганда, банда Аллоҳнинг ибодати қолиб, бошқанинг ибодатини, Аллоҳнинг айтгани қолиб, бошқанинг айтганини қилганда Аллоҳга ширк келтирган бўлади.

2. «Ўғрилик қилмаслигингиз...» 

Яъни ҳеч нарсани ўғирламаслигингиз ҳақида аҳд беринг. Аллоҳга ширк келтирмаслик ҳақидаги аҳддан кейин бевосита ўғриликнинг зикр қилиниши бу жиноятнинг нақадар разил иш эканини ва ўша вақтда энг зарур ишлардан бири ўғриликка қарши кураш эканини кўрсатиб турибди.

3. «Зино қилмаслигингиз...» 

Бу ҳам худди ўғрилик каби, инсониятга катта зарар етказадиган гуноҳлардан биридир. Ўғрилик ҳақида айтилган гаплар зинога ҳам тегишли. Мулоҳаза шуки, кўпгина ҳадисларда ўғрилик билан зино ушбу тартибда зикр қилинади.

Бу икки гуноҳи кабирада кўпгина муштаракликлар борлиги учун шундай қилинган бўлса керак.

4. «Болаларингизни ўлдирмаслигингиз...» 

Ўша вақтда одамларда очликдан қўрқиб, ўғил-қизларни ўлдириш одати бор эди. Ор-номусдан қўрқиб, урушда қўлга тушиб қолса, чўри бўлади, деб норасида қизчаларни ўлдириш одати ҳам бор эди. Ислом ўзининг дастлабки кунлариданоқ бунга қарши чиқди. Мана, Расули акрам биринчи байъатда энг муҳим масалалар ичида ўз саҳобаларидан болаларини ўлдирмаслик ҳақида аҳд олмоқдалар.

5. «Қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмасликларингиз...»

«Аёллар байъати» ҳақидаги оятда ҳам худди шу ибора келган бўлиб, унда аёлларнинг зинодан бола топиб, эрига «Сендан бўлди» деб бўҳтон қилиши назарда тутилади. Бу ерда эса умуман ҳар қандай киши томонидан бўҳтон содир бўлмаслиги маъносида ишлатилмоқда. Бўҳтон деб эшитган одам даҳшатга тушадиган даражадаги очиқ-ойдин ёлғонга айтилади. Исломда ёлғончиликнинг қанчалик қаттиқ қораланишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.

6. «Маъруф ишда осий бўлмасликларингиз...»

«Маъруф» сўзи луғатда «танилган» деган маънони англатади. Бу ердаги маъруф иш эса шариатда маълум ва маъруф бўлган ишда осий бўлиб юрмаслигингиз, деган маънодадир.

Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат учун шарт қилиб қўйган олти нарсанинг бештаси Исломдан олдинги жоҳилият тузумининг қабиҳ ишларидан халос бўлишга оид ишлардир. Бош масала – жоҳилиятнинг асосий муаммоси ва балоси бўлган ширкдан халос бўлишдир. Шунингдек, ўша даврнинг энг разил ижтимоий балолари бўлмиш ўғрилик, зинокорлик, ўз боласини ўлдириш, бўҳтон тўқишлардан халос бўлишдир.

Бу ўз навбатида Ислом аввал кишиларни жоҳилиятга оид нарсалардан поклаб олишга ҳаракат қилганлигини кўрсатиб турибди. Ширкни тарк этиб, мўмин бўлиш, мушриклик сифатларини ташлаб, мўминлик сифатлари билан сифатланиш биринчи галдаги вазифа бўлган. Ундан кейин маъруф ишларни бажариш вазифа қилиб қўйилган. Албатта, аҳд бериш бошқа, унга вафо қилиш бошқадир. Баъзилар аҳдга вафо қилишлари мумкин, аммо айримлар бунга тўлиқ эриша олмайди. 

Яна бошқа ҳолатлар юзага чиқиб қолиши мумкин. Ана шуларни эътиборга олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида бу ҳақда ҳам баёнот бериб, қуйидагиларни айтмоқдалар:

«Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир». 

Яъни кимки байъатдаги нарсаларга тўлиқ амал қилса, ажр-савобини Аллоҳнинг Ўзидан олади.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир». 

Каффорот гуноҳнинг ювилишидир. Ким байъатда зикр қилинган, ман этилган нарсаларни содир қилиб, гуноҳкор бўлиб қолса-ю, бу дунёда шунга яраша шаръий жазо олган бўлса, гуноҳи ювилади. Албатта, диндан қайтиб, муртад бўлган кимсанинг ҳукми бундан мустасно. Қасддан муртад бўлган одам шаръий ҳукмга биноан ўлдирилади, лекин у кофир ҳолида кетади. Бу билан унинг кофирлик гуноҳи ювилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда ширкни кечирмаслигини қатъий айтиб қўйган.

«Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола».

Яъни бир киши бир гуноҳ содир қилди. Ҳеч ким билмади, сирлигича қолиб кетди, Аллоҳ унинг айбини беркитди. Ундай одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилинади. Аллоҳ таоло хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа иқобига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапларни эшитиб, Убода ибн Сомит ва у кишининг шериклари бу шартларга рози бўлдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдилар. Бу ҳақда у киши:

«Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик», дейдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Байъатнинг шариатдаги муҳим омил бўлгани.

2. Мусулмон одамнинг ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги.

3. Ширкдан узоқ бўлиш энг зарур нарса экани.

4. Ўғрилик энг ёмон гуноҳлардан экани.

5. Зино энг ёмон гуноҳлардан экани.

6. Ёлғон – бўҳтон энг ёмон гуноҳлардан экани.

7. Осийликдан сақланиш зарурлиги.

8. Гуноҳига яраша шариатда кўрсатилган жазони олган одамнинг гуноҳи ювилиши.

9. Гуноҳи бекилиб, шаръий жазо олмай қолган одамнинг иши Аллоҳ таолога ҳавола қилиниши.