1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Аллоҳга ҳақиқий тавба қилайлик

16:47 / 27.03.2017 2945 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз биламизки, ҳар бир киши гуноҳдан холий эмас, гоҳида билиб, гоҳида билмаган ҳолда ўзининг инсонлиги ва заифлигига бориб, катта-кичик гуноҳларга йўл қўяди. Лекин, у учун ўта меҳрибон ва раҳмли бўлган Роббиси Аллоҳ таоло унга бу хатоларини тузатиши, гуноҳлардан фориғ бўлиши учун, унга тавба қилиш йўлини кўрсатиб берган. Агар Аллоҳ таоло инсонлар учун тавба эшигини очиб бермаганида, инсонлар қилган гуноҳлари билан зулматга ботиб, хору-зор бўлиб қолар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга берган имкониятдан фойдаланиб, тавбага шошилайлик. Инсоният отаси бўлмиш Одам Ато ҳам хатога йўл қўйган. Лекин, Аллоҳ таоло у кишининг тавбаси сабабли гуноҳини кечирган. Бобомиз Одам алайҳиссалом ҳам тавбага муҳтож бўлган эканлар, қайси бир киши мен тавбадан холиман, деб айта олади?

 Шу боис, тавбага юзланиш, гуноҳларга истиғфор айтиш – ҳар бир инсон учун доимо зарур ва лобуд бўлган нарсадир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« كُلُّ ابْنِ آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ التَّوَّابُونَ » رَوَاهُ اَلتِّرْمِذِيُّ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир", деганлар. Термизий ривояти.

Агар тавба қилмасликка, истиғфор айтмасликка яратилганлар ичида ҳақли зот бор бўлганида, у ҳам бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлар эдилар. Лекин у зот ҳам кунига етмиштадан ортиқ, юз марта истиғфор айтишларини билдирганлар.

وعن أبي هريرةَ - رضي الله عنه - قَالَ : سمعْتُ رسولَ الله - صلى الله عليه وسلم - يقول : « والله إنِّي لأَسْتَغْفِرُ الله وأَتُوبُ إِلَيْه في اليَوْمِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مَرَّةً » . رواه البخاري .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан", деганларини эшитганман", деб айтди. Бухорий ривояти.

Бошқа ривоятда шундай дейилган.

عن الأَغَرِّ بنِ يسار المزنِيِّ - رضي الله عنه - قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : « يَا أَيُّهَا النَّاسُ ، تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ ، فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ » . رواه مسلم

Ал-Ағор ибн Ясар ал-Музний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар ва унга истиғфор айтинглар. Албатта, мен бир кунда юз марта истиғфор айтаман", дедилар. Муслим ривояти.

Демак, аввалги ва кейинги гуноҳлари ҳам кечирилган зот Набий алайҳиссалом бир кунда етмиштадан юзтагача истиғфор айтиб, тавба қилар эканлар, бошқалар бундай истиғфор ва тавбага у зотдан кўра ҳам муҳтожроқдирлар. У зотнинг бу ишлари умматлари учун энг яхши кўрсатма ва энг яхши ибратдир. Шунга кўра, барча мусулмонлар қалбларида ва тилларида тавба ва истиғфорни ўзига доимий одатга айлантириб олиши керак. Аллоҳ таолога қандай тавба қилиш кераклигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا... 

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! ...(Таҳрим, 8-оят).

Ушбу оятда келган "тавбатан насуҳа" ибораси ҳақида Набий алайҳиссаломдан, саҳобалар, тобеъинлар ва бошқа уламолар томонидан турли фикрлар айтилган. Жумладан, ҳадиси шарифда шундай дейилган.

عن أبى بن كعب قال : سألت النبى  - صلى الله عليه وسلم -  عن التوبة النصوح فقال هو الندم على الذنب حين يفرط منك فتستغفر الله بندامتك عند الحافر ثم لا تعود إليه أبدا. رواه البيهقى

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 У: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан "тавбатан насуҳа" ҳақида сўрадим.

У Зот: "Сендан кутилмаганда содир бўлган гуноҳга пушаймон бўлиш, сўнгра гуноҳ содир бўлган жойнинг ўзидаёқ надомат чекиб, Аллоҳга истиғфор айтишинг, сўнгра, бу гуноҳга ҳечам қайтмаслигингдир", деб айтдилар. Байҳақий ривояти.

Саҳобалар, тобеъинлар ҳамда, бошқа уламолар "тавбатан насуҳа" иборасига қуйидагича таъриф берганлар:

1. Умар, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумлар: "Соғиб олинган сут елинга қайтмагани каби, бундай тавбадан кейин, у ишга асло қайтиш йўқ", деганлар.

2. Умар розияллоҳу анҳу: "Кишининг ёмон ишига тавба қилиб, сўнгра унга абадий қайтмаслигидир", деб айтган.

3. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи: "Яхши кўрган гуноҳни ёмон кўриш, агар эсига олса, унга истиғфор айтиш", деган.

4. Калбий роҳматуллоҳи алайҳи: "Қалб билан пушаймон бўлиб, тил билан истиғфор айтиш", деган.

5. Саъид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи: "У қабул қилинган тавбадир. Агар унда учта шарт топилмаса, бу тавба мақбул бўлмайди:

 А). Қабул бўлмаслигидан ховф қилиш.

 Б). Қабул бўлишига умид қилиш.

 В). Тоат-ибодатларга машғул бўлиш", деб айтган.

6. Қорозий роҳматуллоҳи алайҳи: "Бу тавба тўртта шартни ўзида жамлайди:

 А). Тил билан истиғфор айтиш.

 Б). Жисм билан бу гуноҳдан чекиниш.

 В). Қалб билан бу гуноҳга қайтмасликни яширин ният қилиш.

 Г). Ёмон дўстлардан узоқлашиш", деб айтган.

7. Шақиқ роҳматуллоҳи алайҳи: "Бу тавбанинг соҳиби ўз нафсини маломат қилишни кўпайтириши, саломатлик билан нажот топиш учун надомат қилишда бардавом бўлишидир", деган.

8. Сирри Сақотий роҳматуллоҳи алайҳи: "Бу тавба киши ўз нафсини ва мўъминларни насиҳат қилиш билан ҳақиқий мукаммал тавба бўлади. Чунки, ким бу тавбани ўзига ҳамроҳ тутса, инсонларни ҳам ўзига ўхшашини яхши кўради", деди.

9. Жунайд роҳматуллоҳи алайҳи: "Бу тавба-гуноҳни эсдан чиқариш ва уни ҳечам эсга олмасликдир. Чунки, кимнинг тавбаси холис бўлса, Аллоҳга ошиқ бўлади. Ким Аллоҳга ошиқ бўлса, Аллоҳдан бошқани эсидан чиқаради", деди.

10. Фатҳул Мавсилий роҳматуллоҳи алайҳи: "Бу тавбанинг аломати учтадир:

А). Ҳавои-нафсга хилоф иш қилиш.

Б). Кўп йиғлаш.

В). Очлик ва чанқоқлик холатини тортиб кўриш", деган.

11. Саҳл роҳматуллоҳи алайҳи: "Бемаъни холатлардан мақталган холатларга қайтиш", деб айтган.

12. Уламолардан бири: "У шундай тавба бўлиб, унинг соҳиби бошқа тавбага муҳтож бўлмайди", деб айтган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

"Бир аъробий Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида: "Аллоҳумма, инний астаъийзука ва атубу илайка", деб тез айтиб, Аллоҳу акбар деб (намозга киришди). У намозини ўқиб бўлгач, унга Алий розияллоҳу анҳу: "Нима бу? Тил билан тез истиғфор айтиш ёлғончиларнинг тавбаси бўлади. Сенинг тавбанг тавбага муҳтождир", деб айтди.

Аъробий: "Эй, мўъминлар амири! Тавба нима?" деб айтди.

Али розияллоҳу анҳу: "Олтита маънони ўз ичига олган исмдир:

1.    Ўтган гуноҳларга надомат қилиш.

2.    Адо қилинмаган фарзларни қайтадан қилиш.

3.    Бировларнинг ҳаққини қайтариш.

4.     Нафс маъсиятда қандай эриган бўлса, тоатда ҳам шундай эриши.

5.     Нафс маъсиятнинг ширинлик таъмини тортиб кўргани каби, тоатнинг аччиқ таъмини ҳам тортиб кўриши.

6.    Барча кулгуларинг эвазига йиғлашинг", деб айтдилар.

Инсон Аллоҳга тавба қиларкан, унинг тавбаси мақбул бўлиши учун, ундан  қуйидаги нарсаларга эътибор бериши талаб қилинади:

I. Банда Аллоҳ таолога тавба қилишида барча ўтганги гуноҳларини ирода қилиши ва уларни мағфират қилишини Аллоҳдан ёлвориб сўраши .

II. Бу дунёда инсоният учун тавба қилиш вақти таъйин қилинган бўлиб, шу вақтда киши Аллоҳга холис тавба қилиши.

Бу вақт иккига бўлинади:

1. Ҳар бир киши учун хос вақт бўлиб, бу унинг жони ҳалқумига келмасидан олдинги вақтдир. Бунга Нисо сурасининг 18-ояти далил бўлади:

وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الْآَنَ وَلَا الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُولَئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا  

"Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганда, "Энди тавба қилдим" дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса, қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун азобни тайёрлаб қўйганмиз". (Нисо, 18-оят).

Бунга қўшимча тарзда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

وعن عبد الله بنِ عمَرَ رضيَ اللهُ عنهما عن النَّبي - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : « إِنَّ الله - عز وجل - يَقْبَلُ تَوبَةَ العَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ » . رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Унинг жони халқумига келмаган бўлса, Аллоҳ таоло банданинг тавбасини қабул қилади", дедилар. Термизий ривояти.

2. Дунё аҳли учун умумий бўлган вақт бўлиб, бу қуёш мағрибдан чиқишидан олдинги вақтдир. Яъни, қиёмат бўлишидан олдинги вақт.

هَلْ يَنْظُرُونَ إِلَّا أَنْ تَأْتِيَهُمُ الْمَلَائِكَةُ أَوْ يَأْتِيَ رَبُّكَ أَوْ يَأْتِيَ بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ يَوْمَ يَأْتِي بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آَمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا قُلِ انْتَظِرُوا إِنَّا مُنْتَظِرُونَ  

Улар фақат (жон олувчи) фаришталар келишини ё Раббингиз (азоби) келишини ёки Раббингиз белгилари (қиёмат аломатлари)дан баъзиси келишинигина кутмоқдалар. Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди. Айтинг: «Кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз». (Анъом, 158-оят).

Тафсирларда бу оятда қиёматнинг аломатларидан қуёшнинг мағриб томондан чиқишини ирода қилинмоқда дейилган.

Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом шундай деганлар.

وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من تاب قبل أن تطلع الشمس من مغربها تاب الله عليه. رواه مسلم 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қиладиган бўлса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади", дедилар. Термизий ривояти.

III. Киши иложи борича тезлик билан тавбага шошилиши.

Ўлим ҳаммага ҳақ бўлиб, уни қачон, қаерда келишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу билан бирга қиёматни ҳам қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб айтган.

إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ.  

"Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир". (Луқмон, 34-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким била олмайдиган бешта нарса ҳақида айтиляпти. Демак, инсон қачон, қаерда ўлишини ва қиёмат қачон бўлишини билмаса, Аллоҳга тезроқ тавба қилиб қолишидан уни нима тўсиб турибти? У доимо ўлимга тайёр туриши керак эмасми? Ёки кимдир унга умринг узоқ бўлади ёки қиёмат ҳали-бери бўлмайди, деб кафолат берганми?

Инсон шу каби саволларни ўзига бериб кўриши ва булар ҳақида тафаккур қилиб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Луқмони ҳаким ўғилларига: "Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади:

 Биринчи хатар – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди.

 Иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди", деб айтган. Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا  

"Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра, тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар) дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир". (Нисо, 17-оят).

Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло билмай туриб қилинган гуноҳга тезлик билан қилинган тавбани қабул қилишини баён қиляпти. Бундан кўриниб турибтики, инсон бир ишни гуноҳ эканини билиб туриб, уни қилиб, орқасидан тавба қилсам, Аллоҳ кечиб юбораверади, деган эътиқоддан йироқда бўлиши, балки, гуноҳ ишни умуман қилмасликка ҳаракат қилиши лозим экан.  

YI. Киши бирор гуноҳ иш қилиб қўядиган бўлса, унга қаттиқ пушаймон бўлиши.

 Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки, гуноҳ ишга пушаймон бўлиш, холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَعْقِلٍ ، قَالَ : دَخَلْتُ أَنَا وَأَبِي عَلَى عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ ، فَقَالَ لَهُ أَبِي : أَسَمِعْتَ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم ، يَقُولُ : النَّدَمُ تَوْبَةٌ ، قَالَ : نَعَمْ ، أَنَا سَمِعْتُهُ يَقُولُ : النَّدَمُ تَوْبَةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

Абдуллоҳ ибн Маъқалдан ривоят қилинади: У: "Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Надомат чекиш тавбадир", деганларини эшитганмисиз?" деб айтди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд: "Ҳа, у зотнинг: "Надомат чекиш тавбадир", деганларини эшитганман", деб айтди. Байҳақий ривояти.

Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланадиган бўлса, гуноҳига тавба қилгандек бўларкан. Лекин, ҳақиқий холис тавба бўлиши учун юқорида санаб ўтилган шартларнинг барчаси топилиши керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, холис тавба бўлиши учун бир нечта нарсалар шарт қилинади: 

1.    Шу гуноҳни қилишдан дарҳол тўхташ.

2.    Қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш.

3.    Бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш.

4.    Шу тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш.

5.    Аллоҳ таолога истиғфор айтиш.

6.    Бу гуноҳга қайтмасликни аъзолари билан амалга ошириш.

7.    Бу гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, ҳаққларини қайтариш.


Мадаминов Шокиржон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир даврда ҳам аҳли сунна валжамоа уламолари жаҳолатга қарши маърифатrdquo билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини давоми...

3379 21:25 / 21.04.2017
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Мушриклардан бири истеҳзо қилиб унга Соҳибингизнинг яъни, пайғамбарингизнинг сизларга ҳамма давоми...

2493 15:16 / 27.03.2017
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни давоми...

2102 13:54 / 24.03.2017
Дунёда ҳамма нарсанинг зидди бор иймон ва куфр, ҳидоят ва залолат, маърифат ва жаҳолат, эзгулик ва ёвузлик, риёзат ва шаҳват, савоб ва гуноҳ, мукофот ва жазо ва давоми...

2770 10:25 / 24.03.2017
Аудиолар

120116 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41782 14:35 / 11.08.2021