1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан тўсилиш (2-қисм)

16:40 / 08.10.2017 4095 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарсада У зоҳир бўлган-ку?!»

Бу жумланинг маъноси қуйидагича. Қандай қилиб банда билан Аллоҳ таоло ўртасида бирор нарса ҳижоб – тўсиқ бўлиши мумкин? Ахир У Зотнинг сифатлари барча нарсаларда намоён бўлиб турибди-ку?!

Инсоннинг кўзи кўрадиган ҳар бир нарсада беқиёс ижодкорлик, ҳикмат, гўзаллик, моҳирлик ва Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигагина хос баркамол сифатларни топиш мумкинлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Гап чўзилиб кетмаслиги учун Қуръони Каримдан биргина мисол келтирамиз. 

Аллоҳ таоло Ар-Роҳман сурасида марҳамат қилади:

«Ва ерни халойиқ учун қўйди» (10-оят).

Араб тилида «халойиқ» сўзи жонзот маъносида ҳам ишлатилади. Яъни ерни Аллоҳ таоло барча жонзотлар учун муносиб қилиб қўйди. Маълумки, ер борлиқдаги сон-саноқсиз мавжудотлардан биттаси, ҳаттоки энг кичикларидан бири ҳисобланади. Лекин ўша ернинг яратилиши, унинг жонзотлар яшаши учун мосланганлиги ва ҳоказо ҳолатлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратининг ёрқин далилидир. Нима учун бошқа сайёраларда жонзотларнинг яшашига имконият йўқ? Ердаги ҳаво, сув, тупроқ, ернинг тортишиш кучи ва бошқа миллионлаб хусусиятларни ким вужудга келтирди? Фақат вужудга келтирибгина қолмай, уларни бир-бирига мослаб, жонзотлар учун, уларнинг ҳаёт кечириши учун, хусусан, инсон учун хизматкор қилиб қўйган ким? Буларнинг бирортасини ҳам Роҳман сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди!

«Унда мева-чева ва гулкосали хурмолар бор» (11-оят).

Аллоҳ таоло ерни яшаш учун мослаб қўйган деганда жонзотларга ризқ-рўзни сероб қилгани ҳам назарда тутилади. Турли-туман мева-чевалар ичида гулкосали хурмолар ҳам борлигини алоҳида зикр қилаётганининг боиси шуки, хурмо араб диёрида энг сероб мева бўлиб, таркибида фойдали моддалар ниҳоятда кўпдир. Меваларнинг шаклини, таъмини, фойдали хусусиятларини ва шифобахшлик даражаларини турли-туман қилиб ким яратди? Нима учун бир ерда ўсган турли меваларнинг таъми турлича бўлади? Уларга ўзига хос турфа хил рангларни ким берган экан? Буларнинг барчасини Роҳман сифатли Аллоҳ таоло ато қилмаса, бош­қа кимнинг ҳам қўлидан келарди?!

«Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор» (12-оят).

Мевалар асосан лаззатланиш учун истеъмол қилинса, ушбу оятда ҳам инсонлар учун, ҳам унга тобе қилинган жониворлар учун асосий озуқа бўлмиш донли неъматлар эслатилмоқда. Шу билан бирга, инсоннинг тўла роҳат олиши хушбўй ҳидларни ҳидлаш билан бўлиши эътиборидан райҳон ҳам зикр қилинмоқда.

Ҳар бир донли экиннинг ўсиши, дон бўлиши ва унинг жонзотларга озуқа бўлиши алоҳида-алоҳида мўъжиза эмасми?! Донларга озуқа бўлиш хусусиятини ким берди экан? Албатта, Роҳман сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди!

Дунёда қанчадан-қанча хушбўй гуллар бор. Уларнинг чиройини айтмайсизми! Рангларининг хилма-хиллигини айтмайсизми! Уларга қайси рассом бўёқ берди экан? Ҳидларини-чи? Ҳидларни қаёқдан олишди у гуллар? Жавоб битта: бу нарсаларга фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таологина қодир. Аллоҳ таоло ўтган оятларда Ўз неъматларини, жумладан, Қуръоннинг таълими, инсоннинг яратилиши, баённинг ўргатилиши, қуёшу ойларнинг мувофиқ ўлчовда қилиб қўйилиши, осмоннинг ва адолат мезонининг ўрнатилганлиги, ернинг жонзотлар учун жиҳозланганлиги, унда мева-чевалар, донлар, хушбўй ўсимликлар борлиги кабиларни зикр қилиб ўтгандан сўнг, инсонлару жинларга хитоб қилиб, бундай дейди:

«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!» (13-оят).

Аллоҳнинг неъматларини ёлғон дейиш, уларга ишонмаслик ношукрликдан ўзга нарса эмас. Неъмат берувчи Зотга шукр қилмаслик неъматларни Аллоҳ таоло берганлигини инкор қилиш билан бўлади. Чунки шукр иймоннинг далилларидан бири, ношукрлик эса куфрнинг далилидир.

Аллоҳ таолонинг баркамол сифатлари барча нарсаларнинг ичида туриб, банда уларни ҳар лаҳзада кўриб турса-ю, қандай қилиб улар банда билан унинг Холиқи ўртасида ҳижоб – тўсиқ бўлиши мумкин?!

4. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса учун У зоҳир бўлган-ку!»

Аллоҳ таолонинг ҳамма нарса учун зоҳир – ошкор бўлиши тўғрисида сўз кетганда жонли ва жонсиз, ақлли ва ақлсиз барча мавжудотлар кўзда тутилишини яхши англашимиз керак. Жонли ва ақллилар оламига инсонлар, жинлар ва фаришталар киради. Уларга Аллоҳ таолонинг зоҳир бўлиши ақллари воситасида бўлади. Яъни улар ақлларини ишлатиб, қалб кўзлари билан Аллоҳ таолони кўрадилар, У Зотга иймон келтирадилар ва итоат қиладилар.

Аммо ақлсиз ва жонсиз мавжудотларга Аллоҳ таолонинг зоҳир – ошкор бўлиши қандай бўлади? Ушбу савол биздаги «Аллоҳ таолонинг маърифати ва У Зотнинг борлиги ҳақиқати фақатгина ақл билан юзага чиқади», деган хаёлимиздан келиб чиққандир. Аслида эса бу ҳақиқат фақатгина бизнинг тушунчамиздаги ақлгагина боғлиқ эмас. Фаришталарни ақллилар тоифасига қўшамиз. Аммо уларда биздаги каби ақлнинг ишлаши билан боғлиқ бўлган аъзолар йўқ. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, фаришталарнинг мияси йўқ. Аммо шу билан бирга, улар биз билган ва билмаган нарсаларни биладилар, биз англаган ва англамаган нарсаларни англайдилар. Роббларига иймон келтириб, ибодат қиладилар. У Зотга бўйсуниб, таслим бўладилар ва амрларини бажо келтирадилар. Мана шунинг ўзи фаришталарнинг ўзларига хос йўл билан маърифат ҳосил қилишларига далилдир.

Шундан ақлсиз ва жонсиз мавжудотлар ҳам ўзларига хос йўллар билан Аллоҳ таолони таниб, иймон келтиришлари ва У Зотга ибодат қилишларини англаб етамиз.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Уни етти осмону ер ва улардаги зотлар поклаб ёд этурлар. Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Албатта, У ўта ҳалимдир, ўта мағфиратлидир» (44-оят).

Араб тилида тасбеҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» деган маънони англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб, тасбеҳ айтишини таъкидламоқда.

«Уни етти осмону ер ва улардаги зотлар поклаб ёд этурлар».

Аллоҳ таолога етти осмон ҳам тасбеҳ айтади. Ер ҳам тасбеҳ айтади. Ўша етти осмону ердаги кимсалар ҳам тасбеҳ айтадилар, поклаб ёд этадилар.

«Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ».

Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос услуб ва ўз тили ила айтади.

«Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар».

Эй инсонлар, сизлар ғафлатда бўлганингиз учун, эътиборсиз бўлганингиз учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини англамайсизлар.

«Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир».

Ҳалимлигидан бутун мавжудот Уни поклаб ёд этиб турганда, ожиз инсон ширк келтирса ҳам, уни дарҳол азобламайди, қўйиб қўяди. Сермағфиратлигидан шунча беодоблик ва гуноҳ қилсалар ҳам, тавба этган бандаларини мағфират қилаверади.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингми? Кўп­ларига эса азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир» (18-оят).

Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади.

«Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар... Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунилаверар эди. Лекин

«…қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар…» деб, баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга – қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар.

Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир.

Тоғлар, дарахтлар ва жониворлар доимо одамларнинг кўзи ўнгида турадиган нарсалар. Уларнинг Аллоҳга сажда қилишларини таъкидлаш одамларга катта танбеҳдир. Бутун борлиқ, жамики мавжудот Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, уларнинг «кўплари» сажда қилишларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Ҳамма нарса Аллоҳга истисносиз сажда қилса ҳам, одам боласидан баъзилари сажда қилмайди.

Шунинг учун ҳам

«Кўпларига эса азоб ҳақ бўлди».

Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.

«Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилувчи бўлмас».

Оламларнинг Робби хорлаб қўйганидан кейин уни ким ҳам азиз қила оларди?!

«Албатта, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир».

Кофирларни хорлашни хоҳлаганидан кейин хор қилади, албатта.

Аллоҳ таоло жонсиз нарсаларнинг ҳис қилиш қобилиятини бизга ибрат ва намуна учун мўъжиза тариқасида кўрсатиб ҳам қўйган.

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахти тўнкасида хутба қилар эдилар. У зот минбар тутганларида тўнка йиғлади. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уни қучганларида у (йиғидан) тўхтади»

Термизий ва Бухорий ривоят қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобия аёл хизматкорига айтиб, ясатиб берган уч поғонали минбарга чиқиб, хутба қилаётганларида, ҳалиги тўнка ул зотнинг фироқларига чидай олмай, ёш болага ўхшаб йиғлаган. Бу йиғини жума намозига келганларнинг барчалари эшитишган. Йиғлаб турган тўнкага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини қўйганларида, у йиғидан тўхтаган. Ушбу тўнкага Аллоҳ таоло йиғлаш қобилиятини ўзига хос йўл билан ато этган.

Бас, шундай экан, ақлли бандаларни Аллоҳ таолодан тўсадиган бирор нарса бўлиши мумкинлигини қандай тасаввур қилиш мумкин?! 

5. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса мавжуд бўлишидан олдин У зоҳир-ку!»

Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири «Аввал»дир.

«Аввал» – У ҳамма нарсадан аввал, яъни барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ таоло бор эди. Мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди. Яъни Аллоҳ вужудга келишининг бошланиши йўқдир.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«У Аввалдир, Охирдир, Зоҳирдир, Ботиндир ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (3-оят).

Ушбу оятда Аллоҳнинг бешта сифати зикр қилинади.

1. «Аввал» – У ҳамма нарсадан Аввалдир, яъни бирорта мавжудот йўқлигида Аллоҳ бор эди. Барча мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди.

2. «Охир» – ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Унинг Ўзи қолади.

3. «Зоҳир» – Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир, бунга беҳисоб далолатлар бор. У ҳамма нарсадан зоҳир – устундир.

4. «Ботин» – У кўзга кўринмайди. Лекин ҳаммадан пинҳон, махфий нарсаларни ҳам билиб турувчидир.

5. «Ҳар бир нарсани ўта билувчи» – Ундан яшириб қоладиган ҳеч нарса йўқ. Аллоҳнинг илмига яқин келадиган ҳеч бир илм йўқ.

Аллоҳ таоло Аввал бўлганидан кейин, бошқа барча мавжудотларни Ўзи яратганидан кейин, У Зот ҳамма нарса мавжуд бўлишидан олдин зоҳир бўлганидан кейин, У Зотни бирор нарса тўсиши қандай тасаввур қилинади?!

6. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У ҳамма нарсадан кўра зоҳирроқ-ку?!»

Агар одам боласи яхшироқ тааммул қилиб кўрса, Аллоҳ таоло унинг учун ҳамма нарсалардан кўра зоҳирроқ – ошкорроқ эканини англаб етади. Одам боласининг пешонасидаги кўзига кўринган нарсага ишониб, унга кўринмаган нарсани инкор қилишидан кўра улканроқ жоҳиллик бўлмаса керак. Аллоҳ таолога иймони йўқларнинг энг кўп такрорлайдиган далиллари ҳам шу ўзи. Улар «Олдимдаги таомни кўриб турибман, унинг борлигига ишонаман, лекин Аллоҳни қўрмаяпман, унинг борлигига ишонмайман», қабилидаги гапларни такрорлашни ёқтирадилар. Аммо ўша ўзи кўраётган нарсаларни кўриб, идрок қилиш воситаси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. 

Фақатгина кўз деган аъзо орқали кўринган нарсани мия деган аъзо қабул қилиб олиши натижасида нарсалар идрок қилиниб, ақл ишлаб кетадими? Ундай бўлса, одамнинг кўзида бир неча марта катта кўзи бор, одамнинг миясидан кўра бир неча марта катта мияси бор ҳайвонларнинг ақли одамникидан кўра бир неча марта яхши ишлаши керак-ку!

Демак, гап аъзода эмас, гап Аллоҳ таолонинг беришида. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг қаҳрига қолган бадбахтлар ҳамма нарсадан кўра зоҳирроқ – ошкорроқ бўлиб турган Роббларини кўрмайдилар, У Зотни инкор қиладилар.

Ҳамма нарсадан кўра зоҳирроқ Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин?!

7. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У Ўзи билан бирга ҳеч нарса бўлмаган Битта Зот-ку!»

Ушбу жумладаги биз «билан бирга» деб таржима қилган ибора араб тилида «مَعَهُ» – «маъаҳу» шаклида келади. Араб тилида шунга ўхшаш «بِهِ» – «биҳи» лафзи ҳам бор, уни биз «у билан» деб таржима қиламиз. Бир-бирига ўхшаш бу икки бирикма араб тилида Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганда, ораларида жуда ҳам катта фарқ бўлади. «Биллаҳи» деганда «Аллоҳнинг сабаби ёки яратиши билан» деган маъно, «Маъаллоҳи» деганда эса «Аллоҳ билан бирга» деган маъно чиқади. Албатта, бу иккиси орасида жуда ҳам катта фарқ бор. 

«У Ўзи билан бирга ҳеч нарса бўлмаган Битта Зот» деганда, Аллоҳдан бошқа ўз зоти ила мавжуд нарса йўқ, деган маъно чиқади. Яъни Аллоҳ таоло борлигида У Зот билан бирга яна бошқа зот йўқ эди, деган маъно англанади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло махлуқотларни халқ қилганидан кейин, уларни ўз ҳолига қўйиб қўймагани, балки уларнинг барчасининг тадбирини қилиб туришини ҳам англатади. Аллоҳ таолодан бошқа барча нарса йўқдан бор бўлишида Аллоҳ таолога муҳтож бўлганидек, бу дунёда бардавом бўлишида ҳам Аллоҳ таолога муҳтождир. Агар У Зотнинг инояти улардан бир лаҳза четда бўлса, улар яна йўқ бўладилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир» (255-оят).

Курси ояти номи ила машҳур бўлган оятнинг ушбу икки жумласида Аллоҳ таоло Ўзининг икки сифатини зикр қилмоқда.

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Аллоҳ ягона, дунёда фақат Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор Зотдир. Яъни бандалар фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшамоқлари, фақат Унинг Ўзигагина банда бўлмоқлари керак. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина итоат қилмоқлари, сиғинмоқлари, бўйсунмоқлари ва фақат Ундангина қўрқмоқлари лозим. Фақат Аллоҳнинг шариати, қонун-қоидалари, дастури асосида яшамоқлари зарур.

«У Ҳайй ва Қойюмдир».

Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.

Аллоҳнинг «қойюм»лик сифатининг маъноси – Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи экани ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир. «Қойюм» сўзи муболаға сийғасида бўлиб, У Зот барча махлуқотларнинг иши устида доимий равишда қоим – турувчидир деган маънони англатади.

Аллоҳ таоло худди шу маънони Қуръони Каримнинг бошқа оятларида ҳам қайта-қайта ифода этган.

У Зот Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (17-оят).

Эй мўминлар, билиб қўйинглар, Бадр урушида мушрикларни ҳақиқатда сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди. Ҳа,

«Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди».

Бунинг учун Аллоҳга шукр қилинг.

«Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди».

Яъни «Эй Пайғамбар, бир сиқим тупроқни олиб, отганингда, сен отганинг йўқ, балки Аллоҳ отди».

Бадр урушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиқимларига майда тош олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил-вужуҳ» («Юзлар қабиҳ бўлсин!») деб отганлари ривоятларда собитдир.

Ўша ҳодисага гувоҳ бўлган саҳобалардан ҳар бири кўрганларини айтиб берганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб: «Аллоҳим, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...» деб дуо қилдилар. Жаброил келиб, у кишига: «Бир сиқим майда тош олиб, уларнинг юзига қараб от!» – деди. Бир сиқим майда тош олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига майда тош кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин улар ортларига қараб қоча бошладилар».

Шу ҳолат ҳам кўрсатиб турибдики, бирор нарсага эришиш йўлида Аллоҳнинг аниқ ваъдаси бўлса ҳам, барибир инсондан ҳаракат бўлиши керак. Аллоҳнинг иродаси шу. Агар шундай бўлмаганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари туфайли ўша жойда турган мушрикларнинг жонини бир лаҳзада олиб қўйиш Аллоҳ учун ҳеч гап эмас эди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларнинг ҳаракатлари орқали Ўз тадбирини зоҳир қилишни хоҳлаган эди. Иккинчидан, мўминларни ҳаракатлар қилдириб, машаққатларга йўлиқтириб, гўзал синов ила синашни ирода қилган эди.

«Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди)».

Қуръон истилоҳида «гўзал синов» ибораси савобга эришиш йўлида чекилган машаққат ва қийинчиликка нисбатан ишлатилади.

«Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».

У сизнинг қилган дуо, илтижоларингизни эшитди ва сизларга ёрдам берди.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир» (41-оят).

Осмонлару ернинг яратилиши, уларнинг йўқдан бор қилиниши ҳақида гапирмай турайлик-да, уларнинг туриши ҳақида фикр юритайлик. Осмонлар ва улардаги сонсиз-саноқсиз нарсалар, ер ва ундаги нарсалар қандай қилиб бир тартибда турибдилар? Нима учун бирор нарсага бирон нарса билан маҳкамланмаган бўлсалар ҳам жойларида собит турибдилар? Ўз маконларидан бошқа томонга чиқиб, қулаб кетмаяптилар? Уларни ким ушлаб турибди? Ўзаро тортишиш кучими? Ўзаро тортишиш кучи нима ўзи? Бу кучни пайдо қилган ким?

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур».

Уларни қулаб тушишларидан ушлаб турадиган Аллоҳдан бошқа зот йўқ. Аллоҳ таоло уларни ушлаб турмаса, дарҳол ўз жойларидан қулайдилар.

«Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас».

Мабодо, осмонлар ва ер ўз жойларидан қулайдиган бўлса, Аллоҳ таолодан бошқа уларни ушлаб қоладиган зот йўқ. Бўлса, айтинглар, эй мушриклар!

«Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир».

Борлиқни ва ундаги барча махлуқотларни яратишда ҳам, уларни бу дунёда тутиб туришда ҳам Аллоҳ билан бирга ҳеч нарса бўлмаган бўлса, У Зотни бирор нарса тўсиши қандай тасаввур қилинади?! 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бешинчи сабаб ҳасад.Одатда, бировга ҳасад қиладиган киши ўзининг бор вақтини ўша кишини ғийбат қилиш билан ўтказади. Шундай қилиш билан дилидаги ҳасад оловини давоми...

2724 15:29 / 02.06.2018
Аллоҳнинг биру борлигига ва баркамол сифатларига далолат қилувчи бошқа оятбелгилар жуда ҳам кўп..У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув ила турли набототлар давоми...

3084 18:04 / 15.04.2018
Алдамчи хомхаёлга ўхшаш сени етаклайдиган нарса йўқ.Биз .алдамчи хомхаёл, деб таржима қилган ибора араб тилида .ваҳм, дейилади. Бу сўз луғатда бошқа бир қанча давоми...

3485 19:33 / 22.04.2018
Ҳузур топмаган амалингнинг қабул бўлишидан ноумид бўлма. Гоҳида амал қабул қилинадию, самарасини тезда кўрмайсан.ndash Амалнинг турига қараб унинг самараси ҳам давоми...

4654 18:55 / 05.08.2017
Аудиолар

118747 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40708 14:35 / 11.08.2021