1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан чиққан тоат ила хурсанд бўл

17:53 / 29.07.2017 3807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоат сени ўзингдан чиққани ила хурсанд қилмасин. У билан унинг сенга Аллоҳдан чиққани ила хурсанд бўл. «Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда банданинг ўзи адо этган тоатга нисбатан ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқда. Ушбу ҳикматнинг матнига қараганда, банданинг ўзи адо этган тоатдан хурсанд бўлиши икки хил бўлади.

Биринчиси – банданинг тоат ўзидан чиққанидан хурсанд бўлиши. Яъни «Мен мана бу тоатни адо қилдим, қани, менга ўхшаган бандалар борми», қабилидаги хурсандлик. Бунда банда ўзининг қилган ишидан хурсанд бўлади. Бундай тоатни қилмаганлардан ёки яхшилаб қила олмаганлардан ўзини устун қўяди. Айниқса, адо этилган тоат ноёб бўлса, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайдиган бўлса, бу қабилдаги хурсандлик ва мақтаниш яна ҳам авж олади.

Иккинчиси – тоатни адо этган банда Аллоҳ таоло Ўз фазли ила уни ушбу тоатни адо этишга муяссар қилганидан хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло унинг қалбини ушбу ибодатга буриб қўйганидан хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло унга ушбу ибодатни адо этиш учун куч-қувват, соғлик, вақт, имкон берганидан хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло унинг қаршисидаги тўсиқлар ва ман қилувчи нарсаларни олиб ташлаганидан хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло унга тоатни охиригача адо қилишга мададкор бўлганидан, уни қабул қилганидан хурсанд бўлади ва Роббига шукрлар қилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи тоатни адо қилган бандага биринчи турдаги хурсандликдан қайтиш маслаҳатини бермоқда ва иккинчи турдаги хурсандликка чорламоқда. Шу билан бирга, ҳикматнинг охирида бу борадаги ўзининг Қуръони Каримдан олган далилини келтирмоқда.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (58-оят).

Бир бандага тоат қилишга имкон берилиши Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Ҳа, бундай имкон фақатгина

«Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила» бўлади.

Банда ушбу фазли илоҳий ила, раҳмати роббоний ила қанча хурсанд бўлса, арзийди.

«Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар».

Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила У Зотга тоат қилиш бахтига сазовор бўлган зотлар энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанча хурсанд бўлсалар, шунча оз.

«У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир».

Аллоҳ таолога тоат қилиш бахтига эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.

Албатта, Аллоҳ таолога қилинган тоатдан кейин банданинг ўзини тутишидаги ушбу икки ҳолат орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Икки ҳолат ҳам жисмнинг ва бошқа омилларнинг бир хил уриниши ва ишга солиниши ила содир қилинган тоатдан кейин юзага чиқади. Кимдир намоз ўқийди, кимдир рўза тутади. Яна биров ҳаж қилади. Бошқа бири закот беради ва ҳоказо. Банданинг тоатни адо этиб бўлгандан кейинги руҳий-маънавий ҳолати икки хил бўлади. Бир хил бандалар тоатни адо этгани учун ўзидан хурсанд бўлади. Иккинчи хил бандалар тоатни адо этгани учун Аллоҳ таоло унга тоатга имкон бергани учун хурсанд бўлади ва У Зотга шукрлар қилади.

Тоат унга Аллоҳдан берилгани ила хурсанд бўлган бандалар бахтли бандалардир. Улар ушбу хурсандликлари ила бандаликларини яна бир бор зиёда қиладилар. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукрни ҳам зиёда қиладилар. Бунинг учун қўшимча ажр ҳам оладилар.

Тоат ўзидан чиққани ила хурсанд бўлганлар нотўғри қиладилар. Улар ўзларининг ушбу ишлари ила амалга суянганлардан бўладилар. Бу риёга, риё эса ўз навбатида ширкка олиб бориши мумкин бўлади. Шу билан уларнинг тоатлари ҳабата бўлади ва ўзлари гуноҳкор бўладилар. Шу ўринда «Тоатни адо қилган банда қандай қилиб бундай аҳволга тушиб қолиши мумкин?» деган савол пайдо бўлади. Ният тўғри бўлмаганда шундай бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

У Зот Юсуф сурасида марҳамат қилади:

«Кўплари эса Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос» (106-оят).

Яъни иймон келтирсалар ҳам, Унга ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса жуда ҳам кўп. Тоат ўзидан чиққани ила хурсанд бўлганлар ҳам ўшалар жумласидан бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Мўмин банда бу дунёда ҳар бир нарсанинг, жумладан, ўзи қиладиган тоатнинг ҳам албатта, Аллоҳ таолонинг хоҳиши, иродаси, кучи ва қуввати, яратиши билангина бўлишини зинҳор унутмаслиги керак.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни тоат бизнинг ўзимиздан чиққани ила хурсанд бўладиганлардан қилмасин! Тоат билан унинг бизга Аллоҳдан чиққани ила хурсанд бўладиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олдинги мақолаларимизда гуноҳи кабираларни ва улар учун тавба қилишнинг шартларини санаб ўтдик. Энди бу гуноҳлардан тавба қилмай вафот этган одамнинг қисмати давоми...

3881 20:10 / 02.04.2018
Сатр икки қисмдир маъсиятдан сатр қилиш вамаъсиятни сатр қилиш. Авомлар мартабалари махлуқотнинг назаридан тушишидан қўрқиб Аллоҳдан маъсиятни сатр қилишини давоми...

3169 17:29 / 15.04.2018
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

3211 16:31 / 14.01.2018
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

3681 19:22 / 22.01.2018
Аудиолар

120327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41968 14:35 / 11.08.2021