333 23.04.2017

Шубҳасизки, ҳар бир яхши амалнинг самараси бўлгай. Қайси бир банда Аллоҳни ҳақиқатда ҳам қалбидан яхши кўрса ва Аллоҳ яхши кўрган амалларни қилса муҳаббатининг самараси - Аллоҳ ҳам уни яхши кўришлигидур. Бунинг акси ўлароқ, кимнинг қалбида Аллоҳга муҳаббати бўлмаса, Аллоҳ яхши кўрмаган амалларга ружуъ қилса уни ҳам Тангри таоло ёмон кўргай. Кимники Аллоҳ таоло ёмон кўрса, бас у дунё ва охиратда зиёнкор ва ҳақиру хордур.

Аллоҳни яхши кўрган банданинг охиратда эришадиган манзили маълумдур. Аллоҳ таоло уни жаннатлардаги юксак даражаларга кўтаради, розилигини зиёда этади, жамолига меҳмон айлайди.

Шунингдек Аллоҳ ёмон кўрган банданинг ҳам эришиш макони маълум. Тез кунда дўзахнинг қаъридан бир жойнинг соҳиби бўлгай, амалига яраша бир турли жазо топгай. 

Лекин Аллоҳга маҳбуб банда бўлиш учун нима қилмоқ ва Аллоҳга ёмон кўрилган банда бўлиб қолмаслик учун нималардан четланиш лозим?

Аллоҳга маҳбуб бўлиш самараси не, У зотга ёмон кўрилган бўлишни охири не? Буларни билиш жуда зарур ҳолдир.

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандани яхши қўрса, бутун ер юзи уни яхши қўради. Кимки Аллоҳ таоло яхши кўрадиган феъл, амал ва сўзларни келтиришга ҳарис ва унда бардавом бўлса, хатто Аллоҳни мухаббатини қозонади. 

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандасига муҳаббат этса, Жаброил а.с ва бутун само аҳлини унга даъват қилур, сўнг бутун ер юзи бўйлаб у банда учун муҳаббат пайдо бўлади.

Суҳайл отасидан, у АбуҲурайрадан ривоят қилади: пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло қачонки бир бандани яхши кўрса Жаброил АСга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сен ҳам яхши кўргин, - дейди. Сўнг Жаброил унга муҳаббат қўяди ва само аҳлига нидо қилади: “Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам яхши кўрингизлар!” шунда само аҳли ҳам яхши кўради ва унга ер юзида қабулият қилинади”. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Банда учун Аллоҳ муҳаббатининг самараси шуки, ер юзида уни қалблар муҳаббат ила мойиллик ва розилик билан қабул қиладилар, унда фақат яхшилик бор деб биладилар ва имкон борича ёмонликлардан мудофаа этадилар.

Бир бандага Аллоҳ таоло муҳаббат этса бутун вужуди ва қалбини ҳидоят нури билан мунаввар этади ва бу илоҳий нур сабаб инсонлар унга дўстлик ва иззату икром кўзи билан боқадилар. “Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”. (Ҳадид сураси, 21-оят)

Албатта одамлар қалбларида унга бўлган муҳаббат банда Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлганидан аломатдур.

Аллоҳнинг муҳаббатига эришмоқни умид этган банда Холиқнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтмоқлиги фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларини мукаммал адо этиб гуноҳи ва бидатлардан сақланмоғи лозим. Чунки у амалларда Холиқнинг ғазаби бор.

Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилур”. (Марям сураси, 96-оят)

Ҳарам ибн Ҳайён айтади: “Кимки Аллоҳга борлиқ қалби ила иқбол этса Аллоҳ таоло унга барча аҳли имонлар қалби ила ошиқур. Ҳатто уларнинг дўстлиги ва меҳри ила сийлар”. 

Демак, ҳар бир банда қилаётган яхши амалларини ихлос муҳаббат ила адо эьмоғи, дуога қўл очганда ҳам бутун борлиғи ила Яратганнинг даргоҳига муножот этмоғи лозим. Шоядки, ана ўшанда биз ҳам Алоҳга маҳбуб қуллари қаторидан бўлсак. 

Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу дер эжилар: “Қайси бир банда яхши ёки ёмон амал қилса, Аллоҳ таоло қилган амалига муносиб маънавий кийим кийдирур”.

Узот фақат тақволи мўминни хуш кўрар ва холис ниятларидан рози бўлар. Аллоҳ таоло кимни ёмон кўрса, уни дунё аҳлига ёмон кўрсатади. Банда Аллоҳ ҳаром этган феъл ёки ишларни келтиришига одат қилса, ҳатто бир фурсатга етиб Аллоҳ уни ёмон кўриб қолади. Ва Жаброил АСга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини ёмон кўрди. Сен ҳам ёмон кўргин, само аҳли ҳам нафрат қилсин! Сўнг бутун дунё аҳли уни ёмон кўриб жирканишини Яратган ирода этади. Бу нафрат у учун еру осмон узра кенг таралади. Натижада уни барча махлуқот хуш кўрмас бўлади. Банданинг бу ҳолатини оқибати шуки, у Холиқнинг азобига ғазабига ва жасига гирифтор бўлади. 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрган бандаларидага айласин, омин!


Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака тумани бош имом хатиби