1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Ақл ёшда эмас, бошда

05:00 / 06.03.2017 4387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақл ёшда эмас, бошда

Ёшларимиз коллеж ёки лицейни битирса, энди улар катта ҳаётга қадам қўймоқда дейдиган бўлиб қолганмиз. Демак, бунгача уларни ҳали ёш, ўсмир, ўспирин йигит-қизлар деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун бўлса керак, уларнинг ўзи ҳам бундай эътиборга кўникиб, шу ёшга етгунича ўзини бола деб ҳисоблашга ўрганиб қолишяпти. Маълум ёшга етмаган бола ўзини ҳали ёшман деб ҳис қилса, бу нарса баъзи салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, бирор жиноятни қилиб, мен ҳали ёш боламан, билмай қолибман, кечиринглар деб туравериши, зиммасига юкланган бирор жиддий вазифани бажармаса, ёш бола бўлсам, қаёқдан билай деб ўзини оқлаши мумкин. Бу эса Ғарбнинг жамиятимизга суқилиб кираётган ёлғону алдовидан бошқа нарса эмас. Ўспиринликни баҳона қилиб, ҳали вояга етмаган деб, ҳар қандай айбни, ҳаёсизликни, дангасаликни кўриб кўрмаганга олиш, эркалатиш, талтайтириб, кўнглига ортиқча қараш оқибатида бундай эътиборга кўникиб қолган болалар келажакда омадсиз, ожиз кимсалар бўлиб қолиши мумкин. Ваҳоланки, халқимиз «Ақл ёшда эмас, бошда» деб бежиз айтмаган. Динимиз ўн икки яшар ўғил болани тенг ҳуқуқли мусулмон, мукаллаф инсон деб ҳисоблайди. Халқимизни бутун дунёга машҳур қилган буюк аждодларимиз бу ёшга етганида ҳофизи Қуръон бўлишган, мураттаб қори бўлишган, минглаб ҳадисларни санади билан ёд билишган, чавандоз, мерган, паҳлавон бўлишган, юртга ҳоким бўлиб, салтанат бошқаришган, юзлаб байт ғазаллар ёзишган.
Тўғри, халқимизда «Болалигим – подшолигим» деган нақл ҳам бор. Бизнинг халқимиздек болажон, Ислом умматидек серфарзанд миллат йўқ. Ёш болани эркалаш, унга меҳр бериш бизда инсоний туйғу эмас, диний ибодат саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандини бирор марта бағрига босмаган, суйиб-ўпмаган одамга «Аллоҳ сени меҳр-шафқатдан маҳрум қилган экан», деганлар, ўзлари суюкли набираларини доим тиззаларида олиб ўтирганлар, ҳатто елкаларига ўтирғизиб, нафл намозлар ҳам ўқиганлар, «Кичикларимизни иззат қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган биздан эмас», деганлар. Аммо болаларга бундай меҳр-мурувватнинг меъёрини ҳам белгилаб берганлар, «Бола етти ёшга етса, уни намозга буюринглар, ўн ёшида ҳам ўқимаса, уринглар», деганлар. Ҳа, Ислом дини инсонга ёшлигиданоқ ҳар бир ишни хайрли ният билан қилишни, Аллоҳнинг исми билан бошлашни, ҳар бир ишнинг охирини ўйлашни, унинг ажру савобини ҳам, масъулиятини ҳам ҳисобга олишни ўргатади. Шунинг учун фарзандларимиз ёшлигидан аввало одобли, яхши-ёмоннинг, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борадиган қилиб тарбияланади. Ақлини танигандан бошлаб, унга тозалик, тартиб-интизом қоидалари ўргатилади, илм-маърифат берилади, Қуръон ёдлатилади. Буларнинг барчаси боланинг ҳар томонлама етук, баркамол инсон бўлиб етишишига хизмат қилади. Бола ўн икки ёшдан бошлаб жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланади, оиланинг эркаги сифатида уй юмушларини, рўзғор илмини зиммасига олади, мактаб-мадрасага боради, касб-ҳунар ўрганади, тижорат илмини эгаллаб, ҳалол ризқ топади, куч-қувват тўплаб, чиниқиб, Ватан ҳимоясига тайёрланади. Шу тариқа фарзандларимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан камол топиб, келажакда оила бошлиғи бўлишга, тўлақонли ҳаёт кечиришга лаёқатли инсонга айланади.

Келинг, ана шундай тарбия топиб, Ислом тарихида ёрқин из қолдирган, барчага ўрнак бўлган мусулмон ёшлардан бир нечасини мисол қилиб келтирайлик:

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида отасидан кейин салтанат тахтига ўтирган. Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ 13 ёшида, Муавваз ибн Аъфро 14  ёшида Бадр жангида мушрикларнинг бошлиғи Абу Жаҳлни ўлдиришган.
Зайд ибн Собит. 13 ёшида ваҳийга котиб бўлган, ўн етти кунда сурёний тилини ўрганиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таржимон бўлган. Қуръони Каримнинг жамланишига улкан ҳисса қўшган.
Зубайр ибн Аввом. 15 ёшида Исломда биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида қилич яланғочлаган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийларидан бўлган.
Амр ибн Кулсум. 15 ёшида Тағлиб қабиласинингг бошлиғи бўлган. Қабиладошлари: «Ислом келмаганида, Тағлиб қабиласи одамларни еб ташлар эди», дейишган. 
Арқом ибн Абу Арқом. 16 ёшида уйини  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилиб, 13 йил давомида у зот учун қароргоҳ қилган.
Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ. Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган, душманнинг найзаларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўсиб, қўллари шол бўлиб қолган, у зотни ўз жасади билан ҳимоя қилганида 16 ёш бўлган.
Муҳаммад Қосим. Ўз даврининг буюк қўмондонларидан бўлган, 17 ёшида Синд мамлақатларини фатҳ қилган.
Имом Молик ибн Анас. 17 ёшида «Мадинанинг катта уламоларидан 70 киши шоҳидлик бермагунича фатво бермадим» деб, фатво бера бошлаган.
Саъд ибн Абу Ваққос. 17 ёшида Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб камон отган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат қиладиган олти кишининг бири бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу менинг тоғаваччам, сизларнинг ҳам шунга ўхшаган тоғаваччангиз борми?» деганлар.
Усома ибн Зайд. 18 ёшида, Абу Бакр, Умар ва бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳумлар туриб, мусулмонлар лашкарига қўмондонлик қилиб, ўз даврининг энг буюк лашкарларига қарши чиққан.
Иътоб ибн Усайд. 18 ёшида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Маккага ҳоким қилиб тайинлаганлар.
Имом Бухорий «Тарихул кабир» китобини ўн саккиз ёшида ёзган.
Абдураҳмон Носир. Андалуснинг олтин асрида яшаган. 21 ёшида Андалусдаги давлат тўнтаришларига барҳам бериб, илм-маърифатни ривожлантиришда мислсиз ишлар қилган, Андалусни ўз даврининг энг кучли давлатига айлантирган ва Европа давлатлари хавас қиладиган мамлакатга айлантирган.
Муҳаммад Фотиҳ. Ўз даврининг машҳур қўмондонлари фатҳ қила олмаган Византия давлати пойтахти Константинополни 22 ёшида фатҳ қилган.
Жалолиддин Мангуберди 22 ёшида тахтга ўтириб, мўғуллар босқинига қарши Ватан озодлиги учун курашган.
Соҳибқирон Амир Темур 26 ёшида вилоятга ҳоким бўлган. 

Бу рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин. Бу ерда санаб ўтилган зотлар ҳам ёш бола бўлишган, аммо уларнинг ўсмирлик, ўспиринлик даври, йигитлик ёшида қилган ишларини бугунги кунда баъзи катта ёшли кишилар ҳам қила олмаяпти. Демак, бу улуғ инсонларнинг ота-онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўй, устозлари уларга тўғри тарбия беришган, уларда баркамол инсонга хос хислатларни ўз вақтида сингдиришган. Шундай экан, биз ҳам фарзандларимиз қалбида, онгида ўзига бўлган ишонч, ватанпарварлик, мардлик, жасурлик, масъулият ҳиссини кучайтирайлик, уларни куч-қувватли, ҳур фикрли, дину диёнатли, виждонли, бағрикенг, меҳр-мурувватли инсонлар қилиб тарбиялайлик.

 

Муаллиф: Фозилжон Абдулқайюм

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақл ёшда эмас, бошдаЁшларимиз коллеж ёки лицейни битирса, энди улар катта ҳаётга қадам қўймоқда дейдиган бўлиб қолганмиз. Демак, бунгача уларни ҳали ёш, ўсмир, давоми...

4387 05:00 / 06.03.2017
1. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, Аллоҳ таоло ёш болаларнинг барча ибодатларини қабул қилиб, уларга савоб ёзади. Бу У Зотнинг карами кенглигидандир. Болалар таҳорати, давоми...

4542 00:00 / 25.08.2017
ЎН ОЛТИНЧИ САБОҚЁМОНЛИКДАН ҚОЧИНГАссалому алайкум, менинг жажжи эркатойларим Ўтган дарсимизда яхши бола, ҳақиқий мусулмон бола қандай бўлиши кераклигини давоми...

2676 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..Намунавий муслима, давоми...

5141 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

120125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41791 14:35 / 11.08.2021