96 13.03.2017

Ақл нима, нафс нима, дейсиз.

Мен уларнинг ҳар бирига аниқ чегара қўйиб бераман ва равшан фарқлаб ажратиб бераман, деб даъво қилмайман. Чунки бундай ишлар ҳалигача бизнинг жаҳл зулматимиз қўйнидадир. Илм унинг атрофини ёритишга қодир бўлмаган. Ҳаммамиз ҳам: Нафсим деди, ақлим айтди, деймиз. Лекин сиз ва нафсингиз нима? Нафс нима, ақл нима? Ҳалигача бу бизга аниқ бўлмаган. Шу сабаб мен бу мажҳулликни кашф қилолмайман. Лекин кўриниб турган маълум бир мисолни эслатаман;

Қишнинг совуқ кунларида тўшакнинг иссиғидан ва уйқу лаззатидан баҳра олиб ётибсиз. Бирдан соат қўнғироғи чалиниб сизни намозга чақиради. Ичингиздан сизга: “Намозга тур”, деяётган овозни ҳис қиласиз. Бу овозни эшитсангиз турасиз. Яна бошқа овоз: “Озгина ухла”, деяётганини ҳам эшитасиз. Шунда биринчи овоз қайтиб: “Намоз уйқудан яхшидир”, дейди. Иккинчиси эса шоша-пиша: “Уйқу ширин, вақт эса мўл. Озгина ухла”, дейди. Бу икки овоз навбати билан пичирлайверади. Соатнинг чиқиллаши эса “ухла, уйғон, ухла, уйғон...”, тарзида давом этаверади. Мана шу ақл, буниси эса нафсдир. Бу мисол минг марта ва мингларча кўринишда такрорланаверади. Кишига қачон мана шундай лаззатдан маҳрум бўлиш вазияти юзага келса, нафси уни лаззатда қолишга чақиради. Агар қалбида иймон бўлса, ақли уни лаззатдан тийилишга ундайди. Ақлнинг ғолиб бўлиш миқдорига қараб бу иймоннинг қуввати билинади. 

Бу ақл доим ғолиб бўлади, мусулмон ҳеч қачон гуноҳга яқинлашмайди, дегани эмас. Ислом фитрат дини, воқеълик дини. Воқеълик шуки, Аллоҳ фақат тоат учун ва тўлиқ ибодат учун халқни яратган. Булар фаришталардир. Аллоҳ таоло бизни фаришта қилмаган. Яна бир тоифа махлуқни яратганки, унинг иши маъсият ва куфр. Булар шайтонлардир. Бизни шайтонлардек ҳам қилмаган. Яна бир жонзотни яратганки, уларга ақл эмас, ғариза берган. Улар мукаллаф ҳам эмас, қиёматда сўралмайдилар ҳам. Улар ҳайвон ва йиртқичлардир. Аллоҳ бизни йиртқич ҳам, ҳайвон ҳам қилмаган.


Унда биз киммиз? Инсон нима?


Инсон ўзига хос махлуқ. Унда озгина фаришталик, озгина шайтонлик бор. Унда ҳайвонлик ва йиртқичликдан ҳам ҳисса мавжуд. Агар у ибодатга чўмса, муножот онида қалбини Аллоҳга софласа ва тажаллий лаҳзаларида иймон ҳаловатини тотса, бу ҳолда унда малакийлик сифати ғолиб бўлади. Аллоҳга амрларида осий бўлмайдиган ва буюрилганини қиладиган фаришталарга ўхшаб қолади. 

Агар у Холиқини тан олмай, Роббисини инкор қилиб кофир бўлса ёки Унинг ибодатида Унга бошқани шерик қилса, бу ҳолда унда шайтоний сифат ғолиб бўлади. 

Агар унда ғазаб қўзғолиб, асаблари таранглашса, қони қайнаса ва мушаклари бўртса, фикри ҳаёли рақибини босиб олиб, тишларини ботириш ва тирноқларини санчиш бўлса, бўйнига бармоқларини олиб борса ва улар билан бор кучла бўғса, сўнг эзса, топтаса. Мана шу ҳолда унга йиртқичлик сифати ғолиб келибди. У билан йўлбарс ёки шер ўртасида ҳеч бир фарқ қолмайди бунда.

Агар уни очлик чангалига олса, сувсизлик мадорини қуритса ва бор орзу умиди меъдасини тўлдирадиган бир бурда нон ва томоғини ҳўллайдиган бир қултум сув бўлиб қолса ёки уни шаҳват эгалласа, нафсини жинсий рағбат назорат этиб, қони ғалаён қилса, томирлари гупурласа ва зеҳнини шаҳвонийлик ҳаёллари ва унинг ҳаваси тўлдирса, бу ҳолда унга ҳайвонийлик сифати ғолиб келади. Энди у айғир ёки эшакка ёки ҳохлаган ҳайвонингга ўхшаб қолади. 

Бу инсоннинг ҳақиқати. Унда яхшиликка ҳозирлик ҳам, ёмонликка тайёргарлик ҳам бор. Аллоҳ унга бу иккисини ҳам берган. Ва улар ўртасини ажратиш учун ақл ва улардан бирини рўёбга чиқаришга қодир бўлиши учун ирода ато қилган. Агар у ажратишда ақлини ва ижро қилишда эса иродасини тўғри ишлатса, унда яхшиликка тайёргарлик хусусияти ўсиб унади. То бу билан хулқланиб, яхшиликларга етишса охиратда саодатмандлардан бўлади. Агар бошқача бўлса, азобланувчилар қаторидан ўрин олади.

Тўғри, нафс ҳурриятга табиатан мойил. Дин эса кишандир. Бу кишан эса жуда керакдир. Агар нафсни ўзига қўйиб берсак, табиатан ҳурриятга мойиллигидан келиб чиқиб, фаҳш ишларни қилиб қўяди. Ва жамият улкан жиннихонага айланади. Чунки мутлақ ҳуррият жиннилар учундир. Жинни хаёлига келган ҳамма ишни қилади. Масалан, йўлда яланғоч юриб қолади. Автобусда ҳайдовчининг елкасига миниб олади. Кийимингиз чиройли кўриниб, устингиздан ечволади. Қизингиз маҳлиё қилиб, уни ўзига беришингизни талаб этади. Жиннилик мутлақ ҳурриятли ҳурликдир. Оқилни эса ақли кишанлаб олган бўлади. 

Ақл нима?

У кишандир. У арабчадаги   عقال – ъиқол деган сўздан олинган бўлиб, у туяни боғланадиган арқонга айтилади. Бу билан ақл бир бирига яқин маънодаги сўздир. У ҳам кишан, ҳазора ҳам кишан. Ҳазора ҳам арқон каби ҳохлаганингизни қилишга қўймайди. Балки у сизга одамларнинг ҳуқуқини ва жамият одатларини риоя қилиш мажбуриятини юклайди. Адолат ҳам кишандир. Чунки у бу ер қўшнингиз ҳуррияти бошланган жой дея, сизнинг ҳурриятингизга, эркингизга чегара қўяди.

Кейинчи, гуноҳлар лаззатлидир. Чунки у нафс табиатига мувофиқ келади. Сиз ғийбатни эшитиш ва унда иштирок қилишда лаззат топасиз. Чунки у сизга ёмонлигини зикр қилган кишидан яхши ва афзал эканингизни ҳис қилдиради. Ўғирлик мазалидир. Чунки унда молга машаққат ва қийинчиликсиз эга бўлиш бордир. Зино роҳатдир. Чунки унда нафсга ҳавосини бериш, шаҳвониятига етишиш мавжуддир. Имтиҳонда алдов лазиздир. Чунки у муваффақиятга осон эриштиради. Қандай бўлсин мажбуриятдан қочиш нафсга ёқимлидир. Чунки роҳат ва танбаллик ундадир. 

Лекин инсон тафаккур қилган ва ақлини ишлатган пайтда, бу муваққат ҳуррият унинг ортидан келадиган жаҳаннамнинг бениҳоя тутқунлигига, ҳаром қилинган бу лаззат эса, сўнгидаги азобга тенг келмаслигини англайди. 

Ким мана бунга рози бўлади: Гувоҳлар олдида у ва мен келишамиз. Аҳдимизнинг муддати бир йил бўлади. Бу давр мобайнида керакли молни берамиз. Хоҳлаган қасрида, истаган мамлакатида яшаттирамиз. Хоҳлаган аёлига, иккита, учта ва тўрттагача уйлатамиз. Агар кечаси бирини қўйиб, эрталаб бошқасига уйланса ҳам, унга хоҳлаган ишидан бирортасини ҳам маън қилмаймиз. Лекин йил тугаганда бўйнидан дорга осамиз, то ўлгунча. Бу одам: “Ортида ўлим бор бундай лаззат қандай бахтсизлик, йўқ бўлсин, узоқ бўлсин”, демайдими? Дорда ўзи бир соат осилиб тургани, унга бор лаззатидан асар ҳам қолмаганини тасаввур қилмайдими? Ваҳоланки, дор қийноғи бир неча дақиқа, охират азоби эса узоқ замон бўлсачи?!

Умрида гуноҳ қилмаган, ана шу маъсиятидан лаззат топмаган одам йўқ. Камида тўшак ҳузурини бир марта бўлса ҳам бомдод намозига туришдан олдинга қўйганмиз. Бундан ўн йил аввал ҳис қилганимиз ушбу лаззатдан ҳозир қўлимизда нима қолган? Ҳеч нима!

Ичимизда савоб иш учун ўзини қийнамаган  ва ана шу тоат учун машаққат тортмаган киши топилмайди. Камида Рамазон ойи очлик ва чанқоғини бошидан кечирган. Энди ҳозир ўн йил олдин Рамазон ойида татиган очлик оғриғидан нафсимизда қандай из қолди? Ҳеч қандай! 

Гуноҳлар лаззати кетди ва иқоби қолди! Тоатлар алами кетди ва савоби қолди!...


Шайх Али Тантовийнинг “Ислом динига умумий таъриф” китобидан Мубашшир Аҳмад таржимаси.



(Давоми бор)