1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

АБУ БАКР СИДДИҚ (Разияллоху анҳу)

20:20 / 21.04.2017 27945 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИРИНЧИ ХАЛИФА АБУ БАКР СИДДИҚ (Разияллоху анҳу) ДАВРЛАРИ

Энг аввалги мусулмон ва энг биринчи сиддиқ ва Расулуллоҳнинг ҳамсуҳбатлари ҳамда Улардан кейинги биринчи халифа бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибни Абу Қаҳофа ибни Омир насаблари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга туташади.. Ва Мурра ибни Кабъи ибни Луайда жамланади. Оналари эса Омирнинг ўғли Саҳрнинг қизлари бўлмиш Салмо номли аёл эдилар. Абу Бакр Сиддиқ, разияллоҳу анҳу фил йилидан икки йилу тўрт ойдан сўнг туғилганлар. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан икки ёшу тўрт ойлик кичкина эдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ул жанобнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ҳамда Исро ва Меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаганликлари учун Сиддиқ деб ном қўйган эдилар. Яъни, Расулу акром ҳазратлари жанобни ростгўйларнинг ростгўйроғи деган юксак сифат билан олий мақом даражасига кўтаргандилар.

Яҳудийлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан Исро воқеасини эшитган сўзларига ишонмасдан, Абу Бакр ҳузурларига келадилар. «Соҳибингиз мана шундай деяпти, сиз шунга ишонасизми?» — деб сўрайдилар. Шунда Оллоҳ ва Расулининг дўсти, Ислом равнақи йўлида бутун борлиғини фидо этувчи зот бўлувчи Абу Бакр маккор яҳудийларга шиддат-ла қараб: «Агар бундан ҳам бошқа ажаблироқ нарсаларни Расулуллоҳ ҳазратлари айтсалар мен кўнглимга заррача шубҳа ва шак келтирмаган ҳолимда ҳеч бир тўхтовсиз дарҳол тасдиқ этаман», дедилар, Ушбу кундан бошлаб Ислом жон фидосининг тахаллуслари лақаблари Сиддиқ бўлиб қолди. Қиёматга қадар, иншооллоҳ, шундай бўлиб қолади.
Оллоҳ Калимасининг юксалиши йўлида соф ниятли, холис ихлосда хизмат қиладиган ҳар бир мухлис мўъминнинг номи албатта жаҳон айвонида мана шундай юксак фазилатли номлар қаторида авлодлар қалбига муҳрланиб, то қиёматга қадар унутилмай қолажакдур. Нодонлик ва нафосатсизлик, бефаросатлик касаллигига йўлиққанликлари сабабли ОЛЛОҲ калимасининг юксалиш йўлларига ғов солишга беҳуда чираниб урунувчи бадбахтларнинг номлари эса асрлар оша лаънат тамғасига учраб авлодлар нафратига сазовор бўлажакдур.
Бу икки йўлдан бирини ўзингиз танлаб олаверинг, мисоллар эса атрофингазда қалашиб ётибди.

ИСЛОМДАН АВВАЛГИ ҲАЁТЛАРИ

Абу Бакр (р. а), Маккада ўсиб улгайганлар. Балоғатга етганларидан кейин Макка аҳлининг одатига кўра савдогарчилик билан шуғулланганлар. Жоҳилият замонида ҳам Абу Бакр (р. а.) тўғриликлари, шарифликлари, хушхулқлари, муросагўйликлари билан халқ ичида танилган эдилар. Абу Бакр ҳазратлари асло арақ ичмаган эдилар. Арақни ўзларига ўзлари харом этгандилар. Бунга сабаб бўлган воқеани тарихчилар қуйидагича таърифлайдилар:
Бир куни Абу Бакр маст бўлиб учиб қолган одамнинг ёнидан ўтиб кетаётган эдилар. Қарасаларки, маст киши сийдигига қўлини тиқиб юзига суртаётибди. Бундай жирканч манзарани кўриб беҳад нафратланган ҳолда, «Мен асло бундай номаъқулчилик қилмайман», деб ўзларига сўз берган эканлар. Мана шундан кейин ҳатто бир томчи ҳам татиб кўрмаганлар.
Тарих бизга у жанобнинг бутларга асло сажда қилмаганликларини ҳам ҳикоя этади. Оталари бир куни у жанобни олиб, аҳли Макка одатига кўра, бутларга сажда қилмоқлик учун Каъбага борган эканлар. Кейин катта бутни рўпарасига олиб келиб «Мана, шу сенинг илоҳинг бўлади», деб узларини ёлғиз қолдириб кетган эканлар. Оталари нари кетгач, у жаноб бутнинг ёнига яқин бориб, «мен очман, тўйғиз» дебдилар. Бутдан садо чиқмагач, яна «мен яланғочман, кийинтир», дебдилар. Бут эса жим, серрайиб тураверибди. Буни кўрган Абу Бакр ердан катта бир тошни олиб бутнинг юзига қараб отибдилар-да, ҳеч нарсага қарамай югурганча ташқарига чиқиб кетибдилар. Шундан кейин асло бутларга сажда қилмаган эканлар.
Қурайш қабиласи у жанобни ростгўйликларини, очиқ-кўнгалликларини билганлари сабабли жуда яхши кўрардилар, хурмат қилардилар. Жанобда мужассам бўлган юксак инсоний фазилатлар қурайшлар қалбида ўзларига нисбатан муҳаббатни пайдо қилган эди. Жоҳилиятда Абу Бакр ҳарир савдоси билан машҳур эдилар. Бундан жуда катта фойда ҳам кўрардилар.
Расулуллоҳ ҳазратлари билан ўрталарида айрилмас дўстлик алоқасининг барқарорлигага асосий сабаб — ҳар икки жанобнинг юксак сифатларда ҳамоҳанг бўлганликлари эди, Ёшлари қарийб тенгдош, ҳовлилари ҳамсоя, ўзлари эса омонатдорлик ва ростгўйлик сифатлари билан безанганликлари сабабли жоҳилият замонида, Расулуллоҳга пайғамбарлик келмасдан аввал ҳам ул жаноблар бир- бирларига яқин эдилар.

ИСЛОМГА КИРИШЛАРИ

«Хиро» ғорида Расулуллоҳ ҳазратларига ваҳий нозил бўлиб, Жаброил алайҳиссалом «Сиз Раббил оламин томонидан юборилган пайғамбарсиз», деб хабар берган заҳотлариёқ тездан Хадича онанинг олдиларига келганлар ва мазкур хабарни айтганлар. Хадича она ўшал ондаёқ ҳеч бир иккиланмай, имон келтирганлар. Қалбларига қўрқув кетар-кетмас, Расулуллоҳ ҳовлиларидан чиқиб Байтуллоҳни тавоф қилгани бораётганларида йўлда Абу Бакрни учратганлар. Расулуллоҳ ҳазратлари Абу Бакр разияллоҳу анҳуга Исломни арз этганлар. Ҳазрат ҳам худди Хадича она каби ҳеч бир иккиланмай, дарҳол тасдиқлаб, қабул қилганлар. Бу тўғрида сўралган пайтида, «Мен Муҳаммадни асло ёлғон гапирганлигини билган эмасман. У жаноб юксак омонатдорликлари, ҳусну хулқлари сабабидан пайғамбарликка лойиқ зотлар», деб жавоб бергандилар. ШуРтуфайли Расулуллоҳ ҳазратлари у жаноб ҳақларида шундай дегандилар:
— Мен кимни Исломга даъват этсам бир оз тўхталар, тараддудга тушар эди. Абу Бакр эса мен арз этган чоғимда ҳеч қандай тараддудсиз дарҳол қабул қилгандур.

РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМ БИЛАН БИРГА БЎЛГАНЛИКЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ (р,а.), Расулуллоҳ алайҳиссалом билан Исломни эълон қилган Һунларидан бошлаб доимо бирга ҳамсуҳбат бўлганлар. У жаноб қурайшлардан ва бошқа нодонлардан жуда кўп изо жафо чекканлар. БойликларҒ ҳам, насаблари ҳам, халқ орасида тутган ўринлари, эътиборлари ҳам, хушхулқлари ҳам қурайшларнинг изосидан қайтара олмаган. Ислом динига биринчилардек мушарраф бўлганликлари Расулуллоҳнинг энг яқин ҳамкорларидан бўлганлари сабабли қурайшликлар у жанобга ҳар турли изо жафоларн8 етказганлар. У жанобнинг Расулуллоҳнинг жуда кўп ўринларда мушриклардан мудофаа қилганликлари тарих китобларида битилгандур, У жаноб Расулуллоҳни ҳимоя қилиш йўлида мушриклар изосидан заррача қўрқмай, жафоларини писанд этмай, жонфидоликлар этганлар. Сийрат китобларда бу ҳақда қуйидаги воқеа баён этилган.
Қурайш мушриклари байтулхарамдаги Исмоил ҳужраларига тўпланишиб ўзаро суҳбат қурганлар. Гаплари асосан мана шу хусусда бўлган:
— Биз ҳанузгача бу киши каби ўзидан жуда катта кетган одамни кўрган эмасдик. Мана бу одамнинг ўз қавмига янгиликлар киритгани каби бирон кишининг янгаликлар киритиб фитна қўзгаганини ҳам билмаймиз. Энди у динимизни айбламоқда, ақлимизни камситмоқда, олихаларимизни эса обрўсизлантирмоқда. Бошимиз қотиб, нима қилишни ҳам билолмай қолдик.
Мушриклар шундай деб турган пайтларида Расулуллоҳ ҳазратлари беҳосдан кириб келиб, рукн олдига етиб қоладилар. Уларнинг ёнларидан ўтаётганларида улар ахмоқона сўзлар айтиб Расулуллоҳ ҳазратларини масхаралашди. Расулуллоҳ ҳазратлари тавоф қилиб бўлгач, яна уларнинг олдиларидан ўтадилар. Мушриклар беандиша гапларини яна такрор айтишади. Шунда Расулуллоҳ ҳазратлари уларга қараб: «Эй, қурайш жамоалари, мен сизларга қурбонлик келтирдим», дейдилар. Одамлар бирор нарса деб жавоб беришга яролмай жим бўлиб қолишади. Кейин тарқалиб кетишади. Эртасига яна тўпланишиб, кечаги бўлиб ўтган гапларни эслашади. Шунда биттаси ўрнидан туриб, уларга: «Эй, қурайшлар, кеча уни йўқлигида роса чайнадинглар. Олдингизга келганида эса лом-мим деёлмай қолдинглар-ку?» деди.
Улар суҳбатлашиб турган онларида Расулуллоҳ ҳазратлари байтулхарамга адл қадамлар билан кириб келадилар. Шунда улар жаноби сарвари оламга ҳар томондан итдай ташланиб, «сенми ҳали бизга фалон -фалон гапни айтган», дсб сўроққа тутадилар. Сарвари коинот дадил «Ҳа!» деб жавоб берганларидан сўнг ораларидан биттаси белбоғини ечиб Расулуллоҳнинг муборак бўйинларига солиб бўғмоққа бошлайди. Бу ҳолни кўрган Абу Бакр уларнинг олдига тезлик билан етиб келадилар. Уларга қараб: «Қандай бадбахт кишисизлар! Ахир «раббим — ягона оллоҳ!» деган кимсани бекордан- бекорга ўлдирмоқчимисизлар?!»— дейдилар. Улар энди Абу Бакрга ташланиб, узун соқолларидан тортқилаб, урмоққа бошлайдилар. Улар ҳеч аямай роса дўппослаб, уриб азоб беришади. У жаноб уйларига бошлари ёрилган ҳолда, оғриқ зўридан азият чекиб, аранг етиб келадилару ҳушларидан кетиб қоладилар. Анча вақт беҳуш бўлиб ётадилар. Ҳушларига келгач, биринчи саволлари «Расулуллоҳнинг аҳволлари қандай?»— деб сўрашлик бўлади. «Яхши» дейишларига ҳам қаноат қилмай, кўнгиллари хотиржам бўлмай, оналарига ва яна бир қўшниларига суяниб Расулуллоҳнинг ҳовлиларига йўл оладилар. Расулуллоҳ алайхиссаломнинг нодонлар қўлидан эсон -омон қутулганларини кўриб, хурсандликларидан ўзларини тутиб туролмай Расулуллоҳ ҳазратларини қучоқлаб оладилар.
Ҳа! Ислом юксалиши йўлида мана шундай жонфидоликлар кўргузишганди! Оллоҳ йўлида жонлари ўзларига ҳеч қандай қийматсиз туюлганди. Улар жонларини азиз билиб, узоқ тинч яшаб юрайлик, деб қуён юраклик қилишмай, «бизнинг ҳаётимиздан кўра оллоҳ калимасининг ер юзида ўрнашиб олий бўлишлиги қийматлироқ, муҳимроқдир», деб билишганди. Зеро, улар инсониятни жон-дилларидан севадиган, унга яхшиликни холис дил билан истайдиган юксак онг эгалари, кўзи очиқ кимса эдилар. Шунинг учун нарсалар қийматини баҳолашда хатога ҳеч йўл қўйишмаганди. Ҳаракатлари зое кетмади. Номлари абадият тахтасида ҳурмат-икром мартабасига ёзилиб қолди.

ОЛЛОҲ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН САРФЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ (р. а.), ўзларининг содиқларидан, севикли ҳабибларидан бир нафас ҳам ажралмай, узоқлашмай, доимо бирга бўлишга ҳаракат этардилар. Фақат бир нарса олди-сотти қилгани бирор ёққа борганларидагина бироз фурсат ажралишга мажбур бўлардилар. Ишларини битказгач, тездан яна дўстларининг ёнларига қайтиб келардилар. Ўзларида бўлган бор нарсаларини хоҳ арзон, хоҳ қиммат бўлсин, дин ғалабаси йўлига аямай сарф этардилар. Бир куни Умай ибни Халаф исмли кофирлар сардори Билол ибни Раббоҳ деган хабаш қулни Ислом динидан қайтариш учун азоблаётганини, қумлоқ саҳрога олиб чиқиб қайноқ қумларга ётқизиб устларига оғир тошларни бостириб қийнаётганини кўрдилар. Берилаётган азоб қулнинг фақат иймонини зиёда қиларди холос. Шунчалик қийноқ ва азоблар чекиб турган пайтида ҳам оғзидан ягона «АҲАД», «АҲАД» деган сўз чиқарди, холос. Абу Бакр, Умайя шайтондан Билол ибни Раббох разияллоҳу анҳуни катта пул баробарига сотиб оладилар. Кейин эса Оллоҳ учун ва раббил оламин ҳидоят қилиб йўллаган Ислом муҳаббати учун уни озод қилиб юборадилар.
Умар ибни Ҳаттобнинг Замир Румия исмли чўрилари бўлар эди. У аёл Умардан аввалроқ Ислом динига мушарраф бўлганди, Ҳазрат Умар уни қаттиқ қийнаб, жуда кўп мартаба урганлари натижасида чўрининг кўзлари кўр бўлиб қолганди. Аммо шу ҳолатида ҳам раббил оламин кўрсатган йўлидан четга тоймаганди. Кўзидан ажралса-да, иймонидан айрилмаганди. Абу Бакр бу чўрини сотиб оладилар. Кейин эса оллоҳнинг ризолиги йўлида озод этиб юборадилар. Чўрининг кузлари ожиз бўлиб қолган пайтда қурайшлар, «мана бу мочағар Лот ва Манотнинг қарғишрга қолди», деб гап-сўз юритгандилар. Уларга қараб бахтли аёл шундай деганди:
— Бу гапларингиз беҳуда. Лот ва Манот ҳеч нарсани билмайди ва ҳеч нарса қилолмайди ҳам. Менинг меҳрибон раббим эса ҳамма нарсага ҳатто мени кўзимни қайта очиб қўйишга ҳам қодирдур!
Эртасига тонг отганда оллоҳнинг марҳамати туфайли аёлнинг кўзи қайта очилиб ёруғ дунёни яна кўришга муяссар булганди. Қурайшлар буни куриб, бу Мухаммад ибни Абдуллоҳнинг сеҳридан бўлган иш дегандилар. Қурайшлар ёлғон айтгандилар, буюк Оллоҳ эса рост айтганди.
Абу Бакр Сиддиқ (р. а.) фақат мана шу икковларииигина озод этиб қолмагандилар. Балки Омир ибни Фухайрни, Умму Унайсни ва Абр ибни Жуминанинг жорияси бўлган икки қизни ҳам ва булардан бошқа яна қанча-қанча кишиларни озод этгандилар. Шунчалик кўп молларини Оллоҳ йўлида сарфлаганлари сабабидан ҳатто Оллоҳ таоло у жаноб ҳақларида оят нозил қилганди. Мазмуни: «Кимки берса ва тақво қилса, Исломни тасдиқ этса бас, биз уни сконликка йўллаб қўямиз».
У жаноб мана шу мартабага лойиқ бўлганлар. Исломга доҳил бўлган вақтларида бойликларининг қиймати қирқ минг дирҳамга етганди. Мана шу улкан бойликдан Мадинага хижрат этаётган пайтларида фақатгана беш минг дирхам қолганди, холос. Бошқасини Оллоҳ динининг ғалабаси йўлида сарф этиб юборгандилар. Раббиларига йўлиққан онларида эса ёнларида ҳеч қандай бойликлари хам колмаганди.

МАДИНАГА ҲИЖРАТЛАРИ

Саййидино Абу Бакр Маккада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам билан доимо бирга турдилар, Хабаш вилоятига кўчиб борувчилар ичида бормадилар. Бечораҳол мусулмонлар Макка мушрикларининг изоси ниҳоятда қаттиқ тус олган пайтда Хабашга кўчиб кетишганда ҳам Абу Бакр Маккада қолдилар. Дастлаб кўчиб кетмоқчи ҳам бўлгандилар. Бироқ, йўлдан тез қайтиб келиб, Маккада ўзларини бутунлай Ислом йўлига бахш этдилар. Кишиларни ислом йўлига ва динига ҳормай-толмай чақирдилар. Меҳнатлари эвази ўлароқ Макка атрофларидан бир неча гуруҳ Абу Бакр қўлларида Исломга мушарраф бўлдилар. Усмон ибни Аффон, Абдураҳмон ибни Афа, Зубайр ибни Авом, Талхатубни Убайдуллоҳ, Саъд ибни Абу Ваққос ва булардан бошқа яна қанча-қанча Макка аҳлининг атоқли кимсалари Абу Бакрга ишонганлари ва у жанобнинг фақат тўғри йўлга даъват этишларига амин бўлганлари сабабли, чақириқларига лаббай, деб жавоб бердилар. Ислом динини қабул қилдилар.
Қурайш кофирларининг мусулмонларга нисбатан зулмлари кучайган ва соҳиби-даъват саллаллоҳу алайҳи васаллам ақаба байъатидан кейин даъватларини кенг ёйиш учун Мадинада осойишталик ва тинч жой топганлигидан сўнг мусулмонларнинг Маккада қурайш мушрикларидан ҳаддан зиёда изо жафолар чекаётганларини кўриб, уларга бемалол ибрат қилиш имкониятига эга бўлиш ҳамда динларининг асосини кенгликка ёйишга эриша олишга шароит яратиш учун Мадина шаҳрига кўчиб боришларига рухсат этдилар. Жуда кўп мусулмонлар Маккадаги ер-сувлардан, ҳовли-жойларидан баъзилари эса бойликларидан хам кечиб Мадинага кўчиб кетишди. Маккада жуда оз мусулмонлар қолишди. Шулар қаторида Абу Бакр ҳам ҳануз жўнаб кетмаган эдилар. Устозлари ва йўл кўрсатувчилари бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб биродарлари ва ҳамкорларига эргашароқ Мадинага кўчиб боришликка рухсат сўрадилар. Шунда Рисолат паноҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кутиб туринг, шояд Оллоҳ субхонаҳу ватаало сизга бирор йўлдошни белгиласа», дедилар. Ҳазратнинг гапларини эшитиб Абу Бакр соҳибин назир ва башир жанобларининг ўзлари ушбу тарихий сафарда ҳамроҳ бўлишликларини ҳис этдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳар куни кечқурун Абу Бакрнинг ҳовлиларига борардилар. У ерда кўп вақтларини ўтказардилар. Қурайш мушриклари эса ўзларининг мажлисхоналарига тўпланиб бу жаноб тақдирини нима қилиш туғрисида бош қотирардилар. Мана у Мадинада ўзини қўллаб- қувватловчи ёрдамчиларга эга бўлди, жуда кўп сафдошлари Мадинага кўчиб бориб ўрнашди. Энди нима қилишим керак?» дея тинмай кенгашлар ўтказишарди. Мана шу мажлисларида шайтон бошлиқларидан бўлган бир иблиси лаъин, уларнинг ҳозир қандай қарор қабул қилишларини кузатиб турарди. Улар турли таклифларни ўртага ташлашди. Шайтонсифат чол эса ҳаммасини рад этаверади. Охири мунфиқлар сардорларидан бўлган Абу Жаҳл ўрнидан туриб мажлис аъзоларига ҳар бир қабиладан биттадан қонхўр йигитларни атрофдан таклиф этди. Абу Жахлнинг режаси бўйича, бу қонхўр йигитлар Расулуллоҳ эшиклари ёнида пайт пойлаб, эрталаб Расулуллоҳ одатларига биноан, масжидга намоз ўқимоқ учун ҳовлиларидан чиққанларида бирданига ташланишлари, ҳазратнинг азиз жонларига қасд қилиб, ўлдирмоқлари зарур эди. «Шундай қилинса,— деди у лаъин,— Муҳаммаднинг қони бутун қабилаларга тарқалиб кетади, натижада Абу Манноф уруғи мажбуран хунбаҳосини олишдан ўзга чораси қолмайди». Ушбу таклифдан Иблис бениҳоя шодланди ва уни қўллаб-қувватлади. Шундан кейин тайёргарлик кўришга киришдилар. (Улар ҳам тадбир кўрдилар, Оллоҳ ҳам тадбир кўрди. Оллоҳ энг яхши тадбир кўрувчидир!) Оллоҳ субҳонаҳу ўз пайғамбарини кофирлар қилаётган яширин хийлаларидан хабардор этди ва Мадинага хижрат этмоқликларига амр қилди. Сафар йўлларини Оллоҳ субҳонаҳу кўрсатиб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом дарҳол Абу Бакрнинг ҳовлиларига жўнадилар. Бориб хабарни айтдилар. «Сафарга тайёргарлик кўраверинг», дедилар. Абу Бакр (р. а.) эса аллақачон сафар жабдуқларини тайёрлаб, иккита нор туяни узоқ йўлга мўлжаллаб боқиб турардилар. Абу Бакр Расулуллоҳдан хабарни эшитган онларида кўзларидан севинч ёшлари оқди. Уммул Мўъминин Ойиша онамиз шундай дейдилар:
— «Мен ҳеч кимни Расулуллоҳ Абу Бакрга, «сиз мен билан Мадина сафарида ҳамроҳ бўласиз», деган пайтларида шодликдан йиғлаганларидск йиглаганини асло кўрмадим.»
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тузиб берилган кўрсатма бўйича дўстлари ва рафиқалари Абу Бакр (р. а.) билан биргаликда уйларидан чиқиб Савр номли ғорга етиб келдилар. Ғорга аввал Абу Бакр кириб, ичини текшириб, дўстларига зарар етказадиган бирор ҳашарот йўқлигига ишонч хосил қилиб хотиржам бўлдилар. Йўлда боришаётганда Абу Бакр гоҳ олдинга ўтиб, гоҳ эса орқада қолиб юрдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом нега бундай қилаётганларини сўраганларида «Гоҳо олдинга ўтиб кетишим — йўлни текшириб бирор хавф йўқлигини билиб келиш учундир. Гоҳида орқада колишим — яна орқамиздан бирор кимса эргашиб келаётган бўлса, биринчи бўлиб мен йўлиқай деганлигимдан эди», дедилар. Улар ғорда беркиниб ётганларида изларига тушганлар яқинига келиб излашганда Абу Бакр Расулуллоҳни хавфдан огоҳ этиб, қаттиқ хаяжонга тушдилар. «Агар биронтаси шундай пастга қараса, бизни кўради», дсганларида, Расулуллоҳ у жанобга қараб: «Эй, Абу Бакр, икки кишининг учинчи хамроҳи Оллоҳнинг ўзи бўлса, нсга гам қиласиз», дся тасалли бердилар.
Абу Бакрнинг Расулуллоҳ ҳазратларига меҳрибонликлари бенихоя эди. Ғорда Расулуллоҳ у жанобнинг тиззаларига бош қўйиб ухлаб стганларида Абу Бакрни чаён чақиб олади. Оғриқнинг қаттиқлигига қарамай, сарвари олам безовта бўлмасинлар, деб Абу Бакр қимир этмай турадилар. Оғриқ зўридан кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилиб келаверади. Шунда меҳрибон ва шафқатли зот билиб қоладилар. Ўринларидан туриб муборак қўллари билан чаён чаққан ерни силаб қўядилар. Абу Бакр ўша заҳотиёқ оғриқдан фориғ бўладилар.
Абу Бакр ҳазратларининг хижрат қилмасларидан аввал жуда кўп сафарларга боришлари одамларга маълум эди. Абу Бакр билан Расулуллоҳ ҳазратлари йўлда кетаётганларида учраган одамлар Абу Бакрдан «ким билан кетяпсиз»? деб сўраганларида у жаноб «йўл кўрсатувчим билан кетяпман», деб жавоб берардилар. Йўлда ҳеч ким Расулуллоҳнинг ишларидан хабардор бўлолмади. Икковлон узоқ машаққатли йўлни босиб ўтиб,, эсон-омон Мадинага етиб келдилар.
Сувсиз саҳро йўлида, қуёшнинг ўтли нафасига чидаб, саноқсиз қум бархонларини ошиб ўтиб қарийб 500 чақирим йўл босишнинг ўзи бўлмайди. Бунда азиз жонини гаровга тикиб, кўзланган мақсад сари чидам, сабр ва матонат билан харакат қилишлик талаб этилади. Сафар машаққатидан силласи қуриган йўловчи кўзига олис-олис уфқлар гўё кети йўқ каби туюлиб юракни эзади. Саҳро қуёши йўловчини қадам бақадам таъқиб этиб шундай бошини қиздирадики, бир лаҳза бўлсин, тин олгани йўл бермайди.

МАДИНАДАГИ АҲВОЛЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ Мадинага кўчиб борилганидан кейин ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ажралмай биргаликда ҳамкорликда бўлдилар. Расулуллоҳ ҳазратлари Абу Бакрни ниҳоятда иззат, ҳурмат этганларидан қизлари Ойиша онамизга уйландилар Бу хусусда Маккадалик вақтларида аҳд бойланган эди. Мадинага кўчиб боришганвдан кейин доҳил бўлганлар. Ойиша она Расулуллоҳ ҳазратларининг энг севикли ва қалбларига энг яқин аёлларидан эдилар. Абу Бакр (р. а.) Расулуллоҳ алайҳиссалом билан биргаликда ҳамма ғазотларда иштирок этадилар. Бадр жангида Расулуллоҳ ҳазратлари билан чодирда ҳамнишин эдилар. Ҳарбий асирларни фидя, яъни пул баробарига озод этишлик фикрини ҳам Абу Бакр таклиф этгандилар. Бадр ғазотида Абу Бакр мусулмонларнинг эҳтиёжларига қараб, ўртага ушбу фикрни ташлаган кимса эдилар. Берган маслаҳатларига биноан асирлар фидя муқобилига озод этилганди. Зеро, ўша кунларда мусулмонлар молиявий ҳолатларининг ночорлигидан маблағга ниҳоятда эҳтиёжли эдилар. Буюк қонунчи саллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу маслаҳатга амал қилганлари учун Оллоҳ таоло томонидан итоб, яъни танқид этилгандилар.
Ухуд ғазотида Абу Бакр Расулуллоҳ ҳазратларининг ҳимоячилари ичида собитқадам тургандилар. Умумлашкар парокандаликка учраб, ҳолат оғирлашган бир пайтда сарвари оламни душманлар ўқидан баҳодирона ҳимоя этган шижоатли саҳобалар сафида Абу Бакр Сиддиқ (р. а.) ҳам жонлари ҳам кўзларига кўринмай, илоҳий нур ҳидоятчисининг омонлиги йўлида саботла мардона тургандилар.
Худайбийя сулҳида мунофиқларнинг алдовларига тушиб қолмай, уларга қарши кескин раддия берган саҳобалардан бирлари Абу Бакр (р. а.) бўлгандилар. Табук ғазотида эса энг катта байроқнинг байроқдори вазифасида қатнашгандилар. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Расулуллоҳ ҳазратлари Абу Бакрни ўзларига ноиб этиб, ҳажга кетаётган карвонга хожибоши қилиб тайинлагандилар. Абу Бакр жуда кўп мусулмонларга бошчилик қилиб ҳажга бориб ва у ерда кишиларга ҳаж фарзларини ўргатгандилар. Абу Бакр Сиддиқ (р. а.) ҳеч бир фикрда ва ҳеч бир маслаҳатда йўлбошчилари бўлган Расулуллоҳ ҳазратларига ихтилофда абадий бўлмаганлар. Жаноб сарвари олам саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг кўрсатмаларидан бўйин товламай тўхтовсиз равишда бажо келтирганлар. Бирор раъйиларига қарши ўлароқ фикр ҳам билдирган эмасдилар. Қандай бир масала кўндаланг келмасун, ҳар қандай ҳодиса юз бермасун Расулуллоҳ, ҳазратлари ҳамма ҳолда Абу Бакр (р. а.) учун, ўз болаларидан, аҳли аёлларидан кўра ва моли дунёларидан кўра ҳам севиклироқ бўлардилар. Жаноб рисолат маоб хушликлари боисида Абу Бакр (р. а.) ҳар бир нарса- ларидан ҳеч қандай қарохиятсиз воз кеча олардилар. Абу Бакр (р. а.) Оллоҳга бўлган иймонларининг натижаси ўлароқ, унинг пайғамбарига мана шундай жон фидоликлар қилардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом бир сафар Ойиша онамиз билан ўз ўрталарида юз берган бир воқеада ҳукм чиқармоқ учун Абу Бакрни чақиртириб келганларида Абу Бакрнинг тутган йўллари бунга энг яхши мисол бўла олади. Расулуллоҳ алайҳиссалом Ойиша онамизга қараб «мен гапириб берайми ёки сиз гапирасизми?» деганларида, Ойиша онамиз «сиз гапиринг, аммо фақат ҳақиқатни айтинг, дейдилар. Шунда Абу Бакр ўрниларидан шартта туриб қизларининг юзига тарсаки туширадилар. Ва «Эй беадаб, ҳали Расулуллоҳ ҳақиқатдан ташқари гапни гапирармидилар!» дейдилар. Эҳтимол мана шу ходиса ва бунга ўхшаш юз берган ҳодисалар Абу Бакр (р. а.) нинг иймонлари жаноб рисолатпаноҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам васф этган даражага етканлигига далил, ҳужжат бўлиб исбот этса керак. Жаноб сарвари олам «Бутун ер юзи аҳолисининг иймони Абу Бакр иймони билан тарозуда солиштирилганда, албатта, унинг иймони уларнинг иймонларидан босиб кетган бўларди», деб марҳамат этгандилар.
Ҳазрати Содиқул амин алайҳиссалом Абу Бакр тўғриларида «агар мен дўст тутадиган бўлсам эди, албатта Абу Бакрни дўст тутардим. Лекин Ислом биродарлиги ўзи кифоя қилади», деганларида Абу Бакр шаънларига кўп гапирилган бўлмайди. Балки жаноб рисолат маобнинг у жаноб ҳақларида «Қуёш чиқиши ва ботишида Абу Бакрдан кўра бошқа яхшироқ кимсага дуч келмайди», демакларига ажабланмаса бўлади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу заифларга ғоятда шафқатли, хушхулқ, латофатли бўлишликлари билан биргаликда дин душманларига бениҳоя қаттикқўл эдилар Хусусан, Мадина шаҳрига тўлиб кеттан яҳудийларга нисбатан чек сиз нафрат-ла шиддатли муомалада бўлардилар. Уларнинг тилёғламаликларига алданиб, ёлғон мақтовларига учиб, берган баъзи бир совғаларидан хуш бўлиб ўзларини йўқотиб қўймасдилар Мўъминлар буёқда қолиб, уларни мақташга ўтиб кетмасдилар.
Расулуллоҳ ҳазратларининг пайғамбарликларши ўзи тавротдан ўқиб билгани ҳолда инкор этганида Пинхос исмли яҳудийга қаттиқ танбеҳ берганлари ва «Оллоҳ камбағал, биз боймиз, Оллоҳ бизга муҳтож бўлади», деган вақтида оғзига қараб аямай урганлари у жанобнинг иймонлари қанчалик қувватли эканлигига, ишончлари мустаҳкамлигига далил бўлолса керак. Халифалик мансабига минганларидан кейин аҳли риддаларга қарши урушмоқлик учун музокара кетаётган вақтда тутган ўринлари у жанобнинг собитқадам бир киши эканликларини исбот этса керак. Умар (р. а.) «Закот беришдан бош тортганларга қарши урушманг», деб илтимос қилганларида Абу Бакр қатьий суратда рад этганлари ва бу билан диннинг ҳайбатини ва шарафини саклаб қолишда ўзларини тутишлари у жанобни қанчалик соҳиби раъй киши эканликларнни кўрсатолса керак. Қуръони карим бир неча мавзуларда Абу Бакр Сиддиқ шаънларига ишора қилгандур. Сураи Лайлда шундай дейилади: «Бас, кимки берса ва ўзи тақво қилса, Исломни тасдиқ этса, биз уни тезда осонликка йўллаймиз».
Сураи Нурда қариндошларн бўлган Мистаҳ бўҳтон қилувчиларга қўшилиб Ойиша онамизни бўҳтон қилганлиги учун унга бераётган эҳсонларини бермайман деб қасам ичган пайтларида у жанобга ишоратан шундай дейилган: «Сизлардан бўлган бойлар ва неъмат эгалари қариндошларига, мискинларга ва Оллоҳнинг йўлидаги мухожирларга эҳсон қилмоқликдан қасам ичмасун. Уларни авф этсунлар ва кечирсунлар. Ўзингиз ҳам Оллоҳ сизни кечиришини истамайсизми. Оллоҳ кечирувчи меҳрибон зотдур».
Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Абу Бакр эшитган заҳотлариёқ дарҳол уйларига бориб, озиқ -овқат ва бошқа нарса-лардан олиб, қариндошлари Мистохнинг ҳовлисига кўтариб жўнаб қолдилар. Йўлда бора-боргунча «Оллоҳнинг мағфиратини истайман, Оллохнинг мағфиратини истайман», деб кетдилар.
Расудуллоҳ саллаллоҳу алайҳивасаллам, Абу Бакр (р. а.) Нажд ўлкасидаги Бани Қилоб жангига аскарбоши қилиб юборганлар. Шу каби Фазора жангига ҳам аскарбоши қилиб жўнатганлар. Мазкур жангларда Абу Бакр ҳазратлари кофирлар ила шиддатли жанг қилганлар ва зафар қозонган ҳолда қайтиб келганлар.
Хажжатул вадоъда жаноб рисолат маоб ҳазратлари арофотда одамларга хутба ўқиб турган онларида Оллоҳ таолонинг: «Бугун динларингизни мукаммал этдим ва неъматларимни сизларга тўла айладим, ҳамда сизларга Исломнинг дин бўлишлигига розилик бердим»— деган ояти нозил бўлган вақтида Абу Бакр ҳазратлари йиғлаб «ваҳий тўхтатишга яқин қолибди-да», дегандилар. Севикли ҳабибларига ва муршидларига дорул фанодан дорул бақога сафар этишга изн берилганлигини ҳис этгандилар. Бир араб шоирининг байтини мисолга ўқигандилар:

Ҳар иш авжига етса,
бошланди пуҳсони,
Қуёш чиқса қиёмга
бошлангай заволи.

РАСУЛУЛЛОҲ ХАСТАЛИК ПАЙТЛАРИДА МУСУЛМОНЛАРГА ИМОМЛИК ҚИЛГАНЛАРИ

Жаноби Рисолат маоб саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада ўн йил яшадилар ва у ерда мустаҳкам янги Ислом ҳукуматини барпо этдилар. Мадина шаҳрини мустаҳкам қўрғонга айлантирдилар. Исломий даъватни ён қўшни давлатларга ҳам тарқатдилар. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло у жанобга охирги сура —«изо жоа насруллоҳи»ни нозил қилди. Бундан сарвари олам саллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан кетадиган вақтларини яқинлашганини сездилар. Шундан кейин Оллоҳ субхонаҳуга янада кўпроқ ҳамду сано айта бошладилар. Бир куни Жаноб сарвари коинот саҳобаи киром разияллоҳу анҳумга боқиб: «Оллоҳнинг бандаларидан бир бандасига Оллоҳ дунё ва охиратни ва ўзининг ҳузурига келишликни танлашга ихтиёр берди, Банда эса Оллоҳ ҳузурини ихтиёр этди», дедилар. Жаноб рисолат паноҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гапларини Абу Бакр (р. а.) эшитиб кўзларидан жала каби ёшлар тўкароқ, қалблари айрилиқ ўтидан аланга олароқ жанобларига боқиб: «Ё Расулуллоҳ, сизга жонларимиз ва руҳларимиз фидо бўлса бўлмайдими?»— дедилар.
Расулуллоҳ ҳазратлари хасталаниб ўринга ётиб қолдилар. Касалликлари қаттиқлашиб, хасталик оғир ҳолатга кўчгач, саҳобаларга боқиб: «Айтинглар, Абу Бакр намозда имом бўлиб турсинлар» дейдилар. Ойиша онамиз шундай дейдилар: «Ҳазрати Билол намозга азон айтдилар. Шунда жаноб рисолат маоб «Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлсинлар», дедилар. Мен у жанобга боқиб «Ё Расулуллоҳ, Абу Бакр нимжон киши, сизнинг ўрнингизда имом турсалар одамларга такбирни ва қироатни эшитдиролмайдилар. Ҳазрати Умарни таъйинласангиз яхши бўларди»,— дедим. Расулуллоҳ эса бир неча .марта ўз гапларини қайтардилар. Мен Хафсага дедим: «Сиз Расулуллоҳга айтинг, ўринларига Умарни тайимасунлар. Чунки у киши овозлари жуда кучли одам». Хафса менинг гапимга кириб ҳазрати Расулуллоҳга мазкур гапни айтдилар. Шунда Расулуллоҳ «Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлсин, сизлар Юсуфнинг ҳам суҳбатларисизлар», дедилар. Бу гапдан кейин Хафса Ойиша онага қараб ўпкаладилар. «Сизни деб шу гапни эшитдим» дедилар. Кейин Абу Бакр одамларга имом бўлиб намозни ўқидилар. Бир куни Расулуллоҳ Умарни такбир айтаётганларини эшитиб қолдилар. Шунда «Абу Бакр қаерда, Оллоҳ ва мусулмонлар бунга рози бўлмайдилар», дедилар.
Воқеъа бундай бўлганди:
Расулуллоҳнинг буюрганларидан бехабар бир саҳоба Абу Бакрнинг йўқлиқларини кўриб, Умарга «сиз имом бўлиб қўяқолинг», дегандилар. Шу туфайли Умар ҳазратлари имом тургакдилар. Кейин Абу Бакр қайтиб келдилар, намоз Расулуллоҳ буюрганларига амал қилиниб қайтадан ўқилди.
Руҳи поклари малаил аъло тамон парвоз этган душанба куни Расулуллоҳ ҳазратлари муборак бошлари боғланган ҳолда Ойиша онанинг эшикларидан масжидга чиқдилар. Одамлар жаноби рисолат маоб саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурона чеҳраларини кўриб беҳад шодландилар. Жаноби Рисолат маоб уларга намозларингизни давом эттираверинг деган ишорани қилдилар. Абу Бакр, разияллоҳу анҳу, ҳам одамлар ҳаракатларини кўриб, намозгоҳларидан орқага чекинмоқчи бўддилар. Лекин Расулуллоҳ алайҳиссалом «ўрнингизда туриб, намозни ўқиб беринг» дедилар. Жаноб расули акрам Абу Бакрнинг ёнларига келиб ўлтирган ҳолда намозни ўқидилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар, уларни атрофларига тўпладилар. Муборак овозлари масжиднинг эшиги ёнида ҳам эшитилиб турди. Ҳамма жамланиб бўлгач, уларга қараб: «Эй, инсонлар, дўзах қизитилган, фитнанинг эса зулмат туни каби қоронғулиги юзага чиққан. Мен фақатгина сизларга Оллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳалол қилганман, харом қилган нарсани мен ҳам харом қилганман», дедилар.
Расули акрам сўзларини тугатиб ичкарига кириб кетадилар. Али карамаллоҳу важҳаҳу Расулуллоҳнинг олдиларидан ташқарига чиққанларида одамлар Расулуллоҳнинг аҳволлари нечук дсб сўрадилар. «Оллоҳга шукрлар бўлсин аҳволлари анча яхши», деб жавоб берадилар. Аббос ибни Абдумутталиб ҳазрати Алининг қўлларидан ушлаб туриб: «Эй Али, Оллоҳга қасам ичиб айтаман-ки, мен Расулуллоҳнинг муборак юзларида Абдумутталибнинг сўнгги соатларида юзларида кўрган ҳолатни кўрдим. Шунинг учун бизни Расулуллоҳ ҳузурларига бошлаб кирсангиз. Агар халифалик бизнинг ҳаққимиз бўлса унда билиб оламиз ва гар биздан бошқалар ҳаққи бўлса талаб қиламиз. Халифалик бизни ҳаққимиз эканлигини одамларга тавсия этадилар», дедилар.
Ҳазрати Али Аббоснинг гапларига жавобан: «Оллоҳга қасамки, мен ҳаргиз бундай қилмасмен. Агар у жаноб биздан халифаликни маън этсалар, худога қасамки, ҳеч ким бизга уни қайтариб беролмайди, дедилар.
Кун чошгоҳга кўтарилган вақтида жаноб рисолат маоб саллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи поклари фано оламидан бақо гулистонига раббил иззатнинг неъматларидан фарахбол бўлишлик учун парвоз этди.
Машъум хабар бир зумда бутун Мадинага ёйилди. Кибор саҳобалардан биринчи бўлиб эшитган кимса Умар ибни Ҳаттоб бўлдилар. Эшитган заҳотларидаёқ шошилиб одамларнинг олдиларига келдилар. Уларни тўплаб, уларнинг ўртасида туриб: «Мунофиқлар Расулуллоҳ вафот этдилар, дея даъво этмоқдалар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўлган эмаслар, лекин Раббиларининг олдига, Мусо алайҳиссалом ҳам қавмларини қолдириб борганлари каби кетдилар. Мусо алайҳиссалом қирқ кундан кейин, ҳамма Мусо ўлди, деб гап тарқатиб юрганида тирик қайтиб келганлар. Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ ҳам Мусо алайҳиссалом қайтиб келганларидек, албатта қайтиб келадилар. Кейин эса Расулуллоҳ ўлдилар деб гап тарқатган кишиларнинг қўл-оёқларини қирқадилар», дедилар. Хабарни эшитган онларида Абу Бакр ҳам масжидга қараб югурдилар. Умар одамлар ўрталарида туриб сўзлаб турардилар. Ҳеч кимга қарамай тўғри Расулуллоҳ алайҳиссалом ётган хоналарига кирдилар. Хонанинг бир ёнида Жаноб Расулуллоҳнинг жасади мубораклари оқ яманий чопонларига ўраб қўйилганини кўрдилар. Гулгун чеҳраларини очиб юзларидан ўпдилар. Фарахбахш юзларига боқиб, «Эй Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, Оллоҳ азалда ёзган ажал завқини тортибдилар-да», дедилар. Кейин гулгун чеҳраларини аввалгидек ураб қўйдилар. Ташқарига чиқсалар, Умар ҳануз одамларга сўзлаб турардилар. Олдиларига бориб «шошманг, эй Умар», дедилар. Бироқ Умар тўхтамай гапларида давом этавердилар. Шунда Абу Бакр ҳам одамларга қараб сўзламоққа киришдилар. Одамлар Абу Бакрнинг овозларини эшитиб юзларини ўша томонга каратдилар. Умар якка қолдилар. Энг аввало Оллоҳга ҳамд, кейин Расулуллоҳга саловат айтиб Абу Бакр шундай деб сўз бошладилар:
— Муҳтарам жамоъат, кимки Муҳаммадга ибодат қилиб юрган бўлса, у жаноб вафот топдилар. Ва агар кимки ёлғиз Оллоҳга ибодат қиладиган бўлса яхши билсунки, Оллоҳ ҳаргиз ўлмайди, доимий тирикдур.
Кейин ушбу муборак оятни ўқидилар: «Муҳаммад ҳам ўтмишдаги пайғамбарлар каби бир пайғамбардир. Агар у ўлса ёки ўлдирилса, сизлар орқангизга қайтиб кетасизларми? Кимки диндан орқасига қайтиб кетса, ҳаргиз Оллоҳга зарар етказаолмайди, Оллоҳ тезда шокирларни яхши амалларига биноан мукофотлайди».
Ушбу оятни эшитганда Умар «Оллоҳга қасамки, мен ҳали бу оятни Абу Бакр ўқимасларидан бурун эшитмаган эканман», дедилар. Ва бирдан ўзларидан кетиб қолдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафот этганларини жазм билган пайтларида ҳазрати Умар ўзларини тутиб туролмай қолгандилар.

БАНИ СОИДАНИНГ САҚИФА НОМЛИ ГУЗАРИДА

Мадинада хабар тезда ҳамма ёққа тарқалди. Ансорлар бани Соиданинг сақифа номли гузаргоҳида Саъд ибни Убода ёнларига тўпландилар. Али ибни Абу Толиб, Талха ибни Убайдуллоҳ ва Зубайр ибни Авомлар одамлардан ажралиб ҳазрати Фотиманинг уйларига алоҳида йигилдилар. Қолган муҳожир саҳобалар эса барчалари Абу Бакрнинг олдиларида жам бўлдилар. Бир киши келиб ансорлар, бани ансорлар бани Соида сақифасида тўплаииб «Расулуллоҳга ким халифа бўлади», деган масалани кўришяпти деган хабарни Абу Бакрга айтди. Ушбу хабарни эшитган заҳотлариёқ ҳазрати Умар Абу Бакрга «Бизни ўша ёққа бошлаб боринг. Гап нимада кетаётганлигини биргалашиб кўрайлик», дедилар. Тездан икковлон йўлга чиқиб жўнадилар. Бораётганларида халифаликка Убайда ибни Жаррохни тавсия этишликни, зеро у Ислом миллатининг ишончли кимсаларидан, деб маслаҳатлашдилар. Сақифага етиб келишгач, ансорлар Саъд ибни Убодани ҳалифаликка номзод этиб кўрсатишлик тараддудида турганликларини кўришди. «Мен Расулуллоҳ ҳазратларшшнг «ҳалифалик — Қурайш ҳаққи», деганларини эшитганман», дедилар.
Абу Бакр бу билан бутун иш муҳожирларнинг ўзларига тегишли эканини эслатмоқчи бўлдилар. Абу Бакр амалий ишга ҳозирлик кўришни истаб одамлар олдида хутба ўқишга турдилар. Оллоҳга ҳамд ва сано айтганларидан сўнг Абу Бакр кишиларга қараб сўз бошладилар:
— Оллоҳ таоло Муҳаммадни ўз халқига пайғамбар қилиб юборди. Якка Оллоҳга ибодат қилмоқлари учун ва уни ширкдан поклаб ягоналамоқлари учун ўз миллатига нигоҳбон этиб юборди. Одамлар турли олиҳаларга ибодат этардилар. Булар бизни шафоат этади, бизга фойда етказади, деб гумон қилардилар. Ҳақиқатда эса ибодат этаётган нарсалари жонсиз тошлардан йўнилган хайкал ва ёғочлардан ясалган бутлардурлар, Улар ўзларига зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган Оллоҳдан бошқа нарсаларга ибодат этадилар. Булар Оллоҳ олдида бизни шафоат этадилар», дейдилар. «Биз буларга бизни Оллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат этамиз», дейишади. Бироқ, арабларга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган хурофий динларини ташламоқлик осон бўлмади. Жуда катта иш кўринди. Уларни мана шу хурофий одатларини ташла-моқликлари учун ёрдамлашишга Оллоҳ таоло мухожирларнинг аввалларини хос қилди.
Абу Бакр (р. а.) ушбу юқоридаги сўзларни сўзлаганларидан кейин ансор қиромнинг маноқибларини, фазлларини ва Ислом даъватини халқлар ўртасида ёйишда кўрсатган хизматларини бир-бир ёдга ола бошладилар. Кишилар шовқин-сурондан тинчиб қолдилар. Кейин яна сўзларида давом этиб дедилар:
— Араблар ҳаргаз бу ишни билаолмаган бўлурдилар. Зеро улар фақат Қурайшлардан бўлган зотга келган ваҳий орқали бундай юксак илмий ва оламий фазилат чўққиларини эгаллаш воситасини билиб етдилар, Қурайш қабиласи эса араблар ичида ўрнашган ери ҳамда насаби жиҳатидан энг ўртадаги халқ ҳисобланади. Сизлар Умар ёки Абу Убайдани ўзларингазга Расулуллоҳдан халифа этиб сайлаб олсангаз мен розиман.
Абу Бакр сўзларини тугатиб ўринларига ўлтиргашшрқдан кейин мухожирлардан битталари ўринларидан туриб: «Балки биз Абу Бакрга баъйт этамиз. Расулуллоҳ диний ишимизни ишониб у жанобга топширган эканлар, нечук биз дунёвий ишимизни ишониб топширмайлик?» дедилар. Ўртада анча тортишув бўлди. Ҳар ким ўз томонидан кўрсатган номзодни мансабга эга қилишлик учун ҳаракат қилиб кўрди. Аҳвол кескинлашиб кетиб ва ихтилофга айланиб кетишлигидан ҳавф этган Умар ўринларидан туриб Абу Бакрга «Қўлингизни чўзинг, мен сизга байъат бераман», дедилар.
Абу Убайда ҳам ўринларидан туриб, «Мен орамизда Расулуллоҳга ғорда иккинчи ҳамроҳ бўлган киши туриб ушбу ишга у жанобдан илгари қўл урмасмен», дедилар ва қўлларини Абу Бакрга байъат беришлик учун узатдилар.
Ўша овда Абу Бакрга байът бердилар. Мухожир ва ансорлар ҳам бирин-кетин Абу Убайдага эргашиб Абу Бакр разияллоҳу анҳуга байъат бера бошладилар. Охири хаммалари Абу Бакр му-сулмоиларнинг ҳалифалари деб тан олиб байъат бериб бўлдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳуга байъат берилиб бўлгач, ўринларидан туриб сўзлашга ботштадилар. Аввало Оллоҳ таолога ҳамд ва сано айтганларидан кейин ўзларини халифалик мансабига минганларидаги биринчи ҳутбани иршод этдилар. У қуйидаги мазмундан иборат эди:
— Эй одамлар, мен сизларга ишбоши бўлдим, аслида сизлардан кўра яхшироқ эмасман. Бас, агар ишни тўғри олиб борсам, менга ёрдам беринглар ва агар нотўғри қадам қўйсам, мени тўғрилаб қўйинглар. Ростлик Оллоҳ томонидан берилган омонатдур. Ёлғончилик эса хиёнатдур Сизларнинг ичларингизда заиф саналганлар менинг қошимда қучлидир. Токи ҳаққини зоъе этмай ундириб бергум, иншооллоҳ, ичларингизда кучли деб эътибор этиладиганлар менинг қошимда заифдур. Токи бировнинг ҳаққини ундан олдириб бергум, иншооллоҳ, қайси бир қавм Оллоҳ йўлида жиҳод этишликдан тийилса, албатта Оллоҳ уларга хорлик либосини кийгузур. Қайси бир қавм ичида ярамас бузуқ ишлар авж олса, барчаларини бало яксон этур.
Сизлар мен Оллоҳга ва Расулига қанчалик итоат этсам, менга шунчалик итоат этинглар. Агар мен уларга итоат этмай, осийлик қилиб ўз хоҳишим йўлига кириб кетсам, у такдирда сизларга итоат этишлик лозим бўлмай қолади. Намозларингазга туринглар! Оллоҳ сизларга раҳм этсун!..
Аввалда баъзи бир бани Ҳошим уларнинг ичларида Али ибни Абу Толиб ҳам Абу Бакрга байът беришлиқдан бош тортиб турдилар. Бироқ узоқ вақт ўтмай ҳаммалари байъат этишди. Зеро, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг юргизган гўзал сиёсатлари, Қуръон ва суннат талабларига биноан юритган иш услублари Али ибни Абу Толиб каби Ислом донишмандини ҳам Абу Бакрга ихтиёрий равишда сидқидилдан байът беришликка ундаган эди.

АБУ БАКРНИНГ ХАЛИФАЛИК ДАВРЛАРИДА ЮРИТГАН БИРИНЧИ АМАЛЛАРИ

Ўн биринчи йил сафар ойининг охирларида Расулуллоҳ ҳазратлари Усома ибни Зайд қўмондонликлари остида аскар тортиб этиб, Зайд ибни Хориса ва у жанобнинг сафдошларини шаҳид этган Румларга қарши урушмоқ учун юбормоқчи бўлгандилар. Фақат бу даврда Расулуллоҳ хасталаниб қолганликлари сабабли аскарлар соғайишларини кутиб жиҳодга чиқмай тўхтаб туришганди. Аскарларнинг ҳарбий қароргоҳи Мадина шимолида жойлашган «Журф» деган қишлоқда эди.
Расулуллоҳ ҳазратлари вафот топиб, ўринларига Саййидино Абу Бакр халифа этиб сайланганларидан кейин у жанобнинг биринчи ишлари мана шу қўшинни жангта жўнатмоқлик бўлди. Қўшин ичида Кибор сахобалар бўлишиб, улар мазкур юришни тўхтатиб туришликка маслаҳат бердилар. Бироқ Абу Бакр, разияллоҳу анҳу, ҳеч қандай тараддудга тушмай, «Мен Расулуллоҳ бошлаган ишларини ҳеч сўзсиз охирига етказаман. Агар мени йиртқичлар тортқилаб кетсалар-да, Усома аскарини Расулуллоҳ буюрганларидек Румларга қарши мухораба этувга юбораман!» дедилар.
Аввал аҳвол ниҳоятда нозиклашиб турган бир пайтда, атроф қабилалар закот бермасликка аҳд этиб, Ислом давлатига қарши чиқиб турган аҳволда Абу Бакр ғоятда жасорат ва азимат кўрсатдилар. Бу билан четки хуружлар таъсири остида Ислом давлати ичида пайдо бўладиган тараддудли ҳолатга барҳам берилди. Зеро, Усома аскаридаги кучлар Мадина давлатининг асосий қўшинидан иборат эди. Бу қўшинни жангга юборишлик билан Абу Бакр (р. а.) биринчидан, аҳоли ўртасида туғиладиган нохуш ҳолатни бартараф этган бўлсалар, иккинчидан, эса Расулуллоҳ ҳазратларининг буйруқларини бажаришлик ҳамма ҳолатда қатъий лозим эканлигини амалий суратда кўрсатиб бердилар. Абу Бакр разилоҳу анҳу Усома аскарларини дарҳол Журфдаги ҳарбий қароргоҳга жамланишга амр этдилар. Аскар жамланиб бўлгач, Усоманинг ўзлари ҳам энг асосий кучни жангга олиб кетиб, Мадинаи Мунавваранинг мудофаасини таҳлика остига қолдирмаслик фикрида Умарни ўртага воситачи қилиб, аскарни жангга юбормасликни Абу Бакр (р. а.) дан илтимос этгани жўнатдилар. Ҳамда мазкур қўшин бориладиган бўлса, ўринларига бирон номдор саҳобани қўмондон этиб тайинлашларини ҳам айтишликка ўтиндилар. Ҳазрати Умар ўзлари ҳам мазкур қўшинда қатнашувчилар ичида эдилар. Абу Бакрнинг олдиларига келиб Усоманинг илтимосларини айтдилар.
Абу Бакр (р. а.) қатъий суратда қўшин албатта жангга юборилишини айтдилар. У ҳолда қўшинга бирор номдор саҳобани бош қўмондон қилиб таъйинлаш лозимлигини маслаҳат тариқасида айтдилар. Бу сўзни эшитган онларида Абу Бакр (р. а.) ўринларидан сапчиб туриб, Умар (р. а.)нинг соқолларидан ушлаб, «Онанг боласиз қолгур, Умар, ҳали сенинг гапингга кириб мен Расулуллоҳ ҳазратлари шахсан тайинлаган қўмондонни ишдан олайми?!» дедилар. Зотан, Расулуллоҳ алайҳиссалом Усомани қўмондон этиб кўрган вақтларида ҳам халойиқ анча-мунча гаплар қилишган, ўринларига номдорроқ саҳобани тайинлашларини ҳам сўзлашган эдилар. Бироқ Расулуллоҳ алайҳиссалом уларнинг гапларига эътибор бермай Усомани халқ ўртасига қўйиб хутба сўзлаган ва уни қўмондоликка тайинлаган эдилар. Бу сафарда ҳам ўша аввалги гап қайтарилди. Жоҳилият одати бўлган номдор, улкан кишиларни эъзозлаш каби ҳолатни Абу Бакр бутунлай саҳобаи қиром ичларида тугатмоққа қарор берганларидан ҳеч қандай гапга қулоқ солмай Усомани яна қўмондон этиб тайинладилар. Ўзлари Журфга бориб аскарни қўзғолишга буйруқ бердилар. Пиёда юрган ҳолда қўшинни узоқ масофага кузатиб ҳам қўйдилар.
Абу Бакр (р. а.) пиёда, Усома эса отда кетаётганларида: «Сиз ё отга миниб олинг, ё эса мен ҳам яёв бўлиб олай»,— деганларида, «Сен ҳам яёв бўлмайсан, мен ҳам отга минмайман. Оллоҳ йўлида бир неча қадам пиёда юрсам нима қипти», деб жавоб бердилар. Йўлда кетаётганларида Абу Бакр (р. а.) Усомадан «Умарни қолдириб кетишликларини, давлат ишларида ёрдам бериб туришлари лозимлигини айтиб, ижозат сўрадилар. Усома ҳам, табиий, ижозат бердилар. Абу Бакр ҳазратларининг бу ишлари бир томондан, Ислом аскарига бўлган тавозуълик бўлса, иккинчи томондан, Усоманинг қўмондонлигига диллари рози бўлмаган кишиларга сабоқ эди. Чунки халифа бўла туриб оддий бир қўмондондан қўл остидаги бир жангчисини тўғридан-тўғри олиб қолавермай, ижозат сўраганлиги, кишилар ўз қўмондонларига не даражада итоат этишлари зарурлигини кўрсатади. Бу билан Усоманинг аскарлар ичида обрў-эътибори кучаярди. Усома қўмондонлигидан норози ҳолда бўлганлар ҳам Абу Бакрнинг қилган ишларини кўриб лом-мим дея олмай қолдилар. Видолашув вақтида аскарларга қараб хутба ўқидилар:
— Хиёнат қилмангаз, аҳдларингизни бузмангиз, бировни қийнаб ўлдирмангиз, ёш болаларни, қари кишиларни, аёлларни ўлдирмангиз, мевали дарахтларни суғуриб ташламангиз, ўт қўйиб куйдирмангиз, қўй, мол ва туяларни фақат ейиш учун сўйингиз, черковларда ибодат билан машғул бўлган кимсаларни ўз ҳолларига ташлаб қўйингиз, уларга тегмангиз. Елкаларига шайтон миниб олган ёвуз кишиларни кўрсангиз бўйинларини қилич билан узиб ташлангаз. Оллоҳ номи билан мадад тилаб иш юритингиз.
Шундан кейин Усомага қараб Расулуллоҳ амрларини қаттиқ тутишликни таъкидлаб тавсия этдилар. Аскар жўнаб кетди, Усома ҳам Абу Бакрнинг тавсияларини ўрнига келтириб Кузоа ва Рум ерларига ҳужум қилдилар. Усома ҳам ушбу сафарда икки ойдан ортиқроқ юриб, охири эсон-омон мўл -кўл ғаниматлар билан Мадинага қайтиб келдилар. Кутиб олган бир неча саҳобалар ҳамроҳлигида Абу Бакрнинг ўзлари ҳам Мадинадан ташқарига чиқдилар, Зафар қучиб келаётган Ислом лашкарининг шавкатли жангчиларини такбир ва таҳлил айтган ҳолларида кутиб олдилар. Усома аскарларини юборишлик Ислом аҳлига маънавий жиҳатдан жуда фойдали бўлди. Чунки араб қабилалари буни эшитиб, аҳли Исломда етарли куч борлигини билдилар. Агар буларда етарли куч бўлмаса эди, чет қўшинлар билан урушмоқ учун бунга кўп аскарни жўнатолмас эдилар, деб ўйладилар. Шу туфайли баъзи бир Ислом давлатига қарши чиқишликни ўйлаб турган қабилалар ўз раъйиларидан қайтишга мажбур бўлдилар. Чунки атроф қабилалар Мухаммад алайҳиссалом вафотларидан сўнг барпо этилган давлат парчаланиб кстади, чет қабилаларни ўз таъсир доирасида тутиб турмоққа яролмайди, деб хом хаёл қилгандилар. Бироқ ўз динини сақлаб оламга етказишларини ирода этган Оллоҳ таоло Абу Бакр каби тўғри фикрли, собит қадам кишини иш бошига келтириб, уларнинг хомхаёлларини пучга чиқарди. Зеро, улар Ислом Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари ўйлаб топган хаёлларининг самараси деб гумон этардилар. Ислом Оллоҳ таоло ёққан нурдан бир машъала эканлигини, шохлари етти қават осмонда чўзилиб кетганлигини, асллари эса етти қават ернинг ичига маҳкам ўрнашганлигидан бехабар ғофил эдилар. Бутун хаёллари пучга чиқди, Исломнинг порлоқ нурини бутун ер юзи узра сочмоққа муваффақ бўлди. Келажакда ҳам шундай бўлади, иншооллоҳ, Омин!..

РИДДА УРУШЛАРИ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун Арабистон ерини вафот этгунларига қадар Ислом байроғи остида бирлаштирган эдилар. Бироқ, баъзи бир саҳро араблари Исломга бутунлай жон-дилдан берилиб кетмагандилар. Улар закот беришликни жаримг деб тушунганлари сабабли малол келарди. Шунга кўра Расулуллс» алайҳиссаломнинг руҳи поклари олий даргоҳга парвоз этгач, баъзи қабилалар закот беришликдан қутулиш фурсати келиб қолди, деб ўйлаб, Абу Бакрга закот бермасликларини айта бошладилар. Баъзи бир қабилаларда эса ҳатто пайғамбарликни даъво этувчилар ҳам мавжуд эди. Улар ўзларига эргашган кимсалар ёрдамида Ислом ҳукуматига қарши исён уюштиришга киришдилар.
Маккаи Мукаррамадан ташқаридаги ҳамма араб қабилалари мана шу каби ҳолатга гирифтор бўлдилар. Расулуллоҳ ҳазратлари тириклик вақтларида ҳам пайғамбарликни даъво этувчилар бор эди. Шулардан бири бани Ҳунайф қабиласидан бўлган Мусайламатубни каззоб ҳатто Расулуллоҳ ҳазратларига мактуб ёзишга ҳам журъат этганди. Унинг мактубида шундай иборалар бор эди:
«Оллоҳнинг элчиси Мусайламадан, Оллоҳнинг элчиси Муҳаммадга, маълум бўлсинки, ернинг ярми сизга тегишли, қол-ган ярми эса Қурайшларга тегишлидур. Лекин Қурайшлар инсоф қилмаяптилар. Сизга салом билан Мусайлама».
Расулуллоҳ ушбу мактубни олганларидан сўнг, унга қуйидаги мазмунли мактуб жўнатдилар:
«Бисмиллоҳир роҳманир роҳим, Оллохнинг элчиси Муҳаммаддан, ёлғончи Мусайламага маълум бўлсинки, ер Оллохнинг ўзига хос мулкидур, кимга хоҳласа ўшанга беради. Оқибат мутаққийлар фойдасидадур».
Бунинг орқасидан бир аёл киши ҳам бани Тамим қабиласидан пайғамбарлик даъво этиб чиққанди, Бу аёл Абу Бакр халифалик замонларида Мусайлама билан урушгани ўз эргашувчиларини бошлаб ҳам чиқди. Бироқ, Мусайлама хийла ишлатиб, аёлнинг кўнглини топиб унга уйлаиди. Шу зайлда аёл пайғамбарликни Мусайламага раво кўриб, тарафдорларини Мусайламага эргашмоқликка амр этади. Ҳар икки қабиланинг қўшилиши оқибатида каттагина қўшин тузилади. Бу ҳам етмагандай Талхатубни Хувайлидин ва Асвад ибни Хабс каби кимсалар ҳам пайғамбарликни даъво этиб Ислом ҳукуматига қарши бош кўтардилар. Аҳвол жуда жиддий тус олганди. Бир томонда пайғамбарлик даъвоси, иккинчи томонда закот бермаслик даъвоси билан ҳукуматга қарши кучлар майдонга келганди. Буларнинг барчаси билан уруш қилмоқликка мусулмонларнинг кучлари етмайди деган мулоҳаза билан Абу Бакрнинг хузурларига келиб, закот бермовчилар билан вақтинчалик сулҳ тузиб турмоқликни ҳам таклиф этдилар. Кўпроқ кучга эга бўлгунларигача урушмай туришни ўтиндилар. Маслаҳатчилар сафидаги кибор саҳобаларидан Умар ибни Ҳаттоб Абу Бакрга қараб «Закот бермовчилар билан урушмай туринг», дедилар. Шунда Абу Бакр (р. а.) халққа қараб «Агар улар Расулуллоҳ вақтла-рида бериб келган биргина улоқчани бермасалар, ўшаларга қарши уруш очаман», дедилар.
Умар ибни Ҳаттоб ҳам ниҳоят Абу Бакрнинг раъйиларини қабул қилдилар. Сўнг қолган мусулмонлар ҳам ўз раъйиларидан қайтиб Абу Бакр (р.а.)нинг фикрларини маъқулладилар. Кейин ўн қўмондон раҳбарлик остида алоҳида-алоҳида аскар тўпладилар.
Ислом лашкарида Холид ибни Валид, Амр ибни Ос, Укрима ибни Абу Жаҳл каби жасоратли саҳобалар бошчилик қилдилар. Абу Бакр буларнинг барчаларини тўплаб хутба ўқиганларидан сўнг улар бирин-кетин белгиланган маррага қараб йўл олдилар.
Бу саъй ҳаракатдан олдинроқ исёнчиларни огоҳлантириб мактуб ҳам ёзиб юбортирдилар. Закотлардан бош тортган қабилалардан бир қанчаси хатоларини англаб, қилган ишларига пушаймон еб тездан яна закотларни йиғиб, халифа ҳузурига юбордилар. Қўшин зиммасидаги вазифаларини шараф билан адо этиб, исёнчиларни бутунлай тор-мор келтириб, Мадинага зафар ғалабалари ила қайтиб келдилар. Исломнинг аввалги ҳайбати қайтадан яна тикланди.
Мусайлама жангда қутурган итдек ўлиб кетди. Ёлғондакам пайғамбар Талха ибни Хувайлидин аскарлари ҳам Исломнинг шавкатли, баҳодир, жонфидо жангчилари ҳамласига дош беролмай жангда бутунлай тор-мор бўлди. Талха ибни Хувайлидин эса аҳвол жиддийлашганини кўргач, қўшинни ташлаб, жуфтакни ростлаб қолди. Кейин ҳар ерларда яшириниб юрди. Умар ибни Ҳаттоб халифалик вақтларида тавба билан келиб Исломни қабул қилди. Ислом тарихида «Ридда» деб номланган воқеа мана шулардан иборатдур. Араблар бутунлай Исломдан чиқиб кетмаган бўлсалар-да, бироқ беш фарздан бирисини яъни закот беришликдан бош тортганлар.
Абу Бакр (р. а.) нинг тўғри раъйилари ҳамда жасоратлари туфайли Ислом давлати ўз ичида пайдо бўлган ихтилофга тез орада барҳам берди. Ва диннинг шавкатини сақлаб қолди. Бутун аҳли Ислом тутган тўғри сиёсатлари учун Абу Бакрдан миннатдор бўлиб қолдилар.
Агар Абу Бакрнинг ўз раъйиларида қаттиқ туришлари бўлмаганда эди, эҳтимол Ислом ҳукумати ичида пайдо бўлган ихтилоф ёмон оқибатларга олиб келган, диннинг юксак шавкати балки мустаҳкам ўрнашиб қолмаган бўлурди. Лекин Оллоҳнинг инояти ила бундай ночор аҳволнинг олди тўғри йўл билан олинди. Исломнинг сўнмас шавкати араблар ичида сақлаб қолинди.
Албатта, ушбу мавқеъда Абу Бакр (р. а.)нинг тутган ўринлари катта аҳамият касб этади. Зеро, Умар каби қаттиққўл кимсалар ҳам раъй қилмаган ишни қилишликда ўз раъйиларида собит қадам турдилар. Натижа кутилганидек яхши оқибатли тугади.

ХОЛИД ИБНИ ВАЛИД САБАБЛАРИДАН ТУҒИЛГАН ИХТИЛОФ

Сайфуллоҳ Холид ибни Валид ридда урушининг энг жасоратли қаҳрамонларидан ва душманга энг ғоратгир баҳодирлардан эдилар.
Лекин мана шу жанг асносида юрган пайтларида кичкина бир хатога йўл қўядилар. Умар ибни Ҳаттоб (р. а.) Холидни қилган мана шу хатолари туфайли бош қўмондонлик вазифасидан бўшатишликни маслаҳат кўрадилар. Холид душман аскарбошиси Молик ибни Нувайрани ўлдириб аёлига, иддаси битгач, ўзлари уйлангандилар. Мазкур хато ишнинг хабари Мадинага етган вақтида Умар (р. а.) га Холидни ўз вазифасидан бўшатишлик лозим эканлигини айтадилар. Зеро, «бундай хатони кечириб бўлмайди»; дейдилар. Абу Бакр (р. а.) эса Холидни бош қўмондонлик вазифасидан бўшатмасликни раъйи этдилар. Қилган хатоси уни вазифасидан бўшатишлик каби жазога сазовор этмайди деб ўйладилар. Нувайранинг аёлини талоқ этиб юборсалар, шунинг ўзи хатоларига жазо сифатида кифоя қиларди деган фикрда бўлдилар. Халифа ўз раъйиларини амалга оширдилар. Холидни чақиртириб келиб, жуда қаттиқ танбеҳ бериб койидилар ва аёлни талоқ этиб юборишларига амр этдилар. Холид дарҳол халифа амрларини бажардилар. Яна қайтадан бориб қўмондонлик вазифасини адо этавердилар. Бироқ, Холиднинг қилган кирдикорларидан Умар норози бўлиб юравердилар. Халифалик мансабига ўлтиргач, Холидни қўмондонликдан бўшатиб, ўринларига Убайда ибни Жарроҳни тайин этдилар. Лекин катта қалб эгаси бўлган Холид ўзларини ишдан бўшашларидан ҳеч қандай тушкунликка тушмай, мусулмон аскарларининг сафларида Ислом душманларига қарши оддий жангчи сифатида қаҳрамонона жангни давом эттиравердилар. Холиднинг бундай юксак мардонаворликларини кўрган Умар (р. а.) у киши ҳақларида ўйлаб юрган нотўғри фикрларидан қайтиб шундай дегандилар: «Оллоҳ Абу Бакрни раҳмат қилсун, у жаноб одамларни танишликда мендан кўра билимдонроқ экан. Абу Бакр ақл- заковатлари, идрок ва лаёқатлари ёрдамида Рум аскарларини итоат этдирганларини, Исломдан қайтиб кетган жуда кўп қабилаларни яна қайтадан ғолиб шавкатли дин байроғи остида жам этганларини тарих асло унутган эмасдур.
Дунё айвонидан бақо бўстонига рихлат этиб кетаётган вақтларида Ислом мустаҳкам тарзда араб ерларида ўрнашган, таълимотлари бир бутун ҳолда ҳукм сураётган эди. Исломни қайтадан яна оёққа турғизиб унинг тенгсиз таълимотини ҳеч қандай ортиқу камсиз мусулмонлар ичида ўрнатишликда Абу Бакрнинг хизматлари мақтовга лойиқ бўлганди. Уммул мўъминин Ойиша разияллоҳу анҳо жаноб Абу Бакр ҳақларида мана шу гапни жуда тўғри айтгандилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бақо гулистонига кўчгач, Мадинада нифоқ ўрмалаб қолган, бутун араблар эса ёппасига диндан қайта бошлагандилар. Оллоҳ таоло таборак Абу Бакр қўллари орқали уларни яна қайтадан жам этди. Абу Бакрнинг бошларига тушган кун агар салобатли тоғ бошига тушса эди, албатта, уни ўрнидан тебратиб юборган ва майдалаб ташлаган бўларди».

ҚУРЪОННИ ЖАМЛАШ

Ридда уруши тугагандан кейин ҳазрати Умар ўзларининг зийрак фаҳмлари билан қарасалар, жуда кўп Қуръону Каримни ёдлаган қори саҳобалар мазкур урушда шаҳид бўлишибди. Бундан ҳазрати Умар Қуръонни тезда қалблардан зоеъ бўлиб кетишлигидан ҳавф этдилар. Зеро ҳали олдинда катта жанглар кутиб турмоқда эди. Шу сабабли халифани олдиларига бориб дедилар: «Мен жангларда қориларнинг шаҳид бўлиб кетишлари туфайли Куръон зойъе бўлиб кетишлигидан ҳавф этиб қолдим. Қуръонни жамлаб қўйсак деган раъйдаман». Абу Бакр бу гапларига жавобат «Мен Расулуллоҳ алайҳиссалом қилмаган ишни қилмасман» дедилар. Умар (р. а.) жанобга қайта-қайта мурожаат этиб, мазкур иш хайрли нарса эканлигани тушунтирдилар. Ниҳоят, Абу Бакр (р. а.) ҳам мазкур амални хақиқатдан хайрли иш эканлигига фаҳмлари етиб, Қуръонни жамлашга розилик бердилар. Энг машҳур қорилардан ва Қуръонни ёд олганлардан бири бўлган Зайд ибни Собит (р. а.)ни чақириб келтирдилар. У жанобга қараб: «Сиз Расулуллоҳнинг ваҳий котибларидан бўлгансиз, шунга кўра Қуръонни текшириб чиқинг ва бир ерда жамланг», деб буюрдилар. Зайд ибни Собит (р. а.) халифанинг буйруқларига биноан Қуръонни текшириб чиқдилар. Ҳар хил нарсаларга ёзилган Қуръон сураларини тўпладилар. Бирор нарсага ёзилмай қолган оятларини жамлашликда мазкур оятни Қуръондан эканлигага ва қайси сурада жойлашишига икки киши гувоҳлик берган-дан кейин саҳифага ёзишга келишиб олгандилар.
Агар икки гувоҳ топилмаса мазкур оят ташлаб юборилган, Мана шунга кўра ёзилмай қолган оятларни икки қори гувохлик берганларидан сўнг, улар кўрсатмаси инобатга олиниб, Қуръон саҳифасига ёзиб, қўшиб қўйилган. Оғзаки эшитилган оятнинг қайси сурадан эканлигига саҳобалардан икки киши чиқиб гувоҳлик беролмаган тақдирда уни ҳам Қуръонга қўшмай ташлаб юборилган. Мана шу тариқа ила Қуръонни жамловчилар ҳеч қандай ихтилофсиз охиригача жамлаб чиқдилар. Фақат икки оятда тортишиб қолишди.
Хузайматил ансорий бўлмаганларида зди, Умар (р. а.) мазкур икки оятни хазф этган бўлурдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи, Хузайматил ансорнинг гувоҳликларини икки киши гувоҳлиги ўрнида қабул қилишликка ишора этгандилар. Хузайма (р. а.) ўзлари мана шу икки оят ҳақиқатан ҳам Қуръондан эканлигига ўзлари ўзларига гувоҳлик берганларидан кейин гувоҳликлари икки киши гувоҳлиги баробарида ҳисобланиб Қуръонга қўшиб қўйилди.
Қуръон, ҳаммаси тўплаб бўлинганидан кейин, Умар (р. а.)нинг қизлари Расулуллоҳ ҳазратларининг завжи мубораклари Хафса онанинг ҳузурларига қўйиб қўйилди.

АБУ БАКР ВА ФОТИМАИ ЗАҲРО (РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУМ) ЎРТАЛАРИДА

Расулу акрам ҳазратлари рафиқил аълога интиқол этишларидан аввал «Фадақ» деган жойда бироз экинзор ер қолдиргандилар. Ҳазрати Расулуллоҳ вафот этганларидан кейин Абу Бакр халифа бўлиб тайинланганида жаҳон аёлларининг саййидалари бўлмиш фотимаи Захро халифанинг ҳузурларига оталаридан қолган «Фадак» қишлоғидаги ерни мерос тариқасида талаб этиб келдилар. Абу Бакр (р. а.) Фотимаи Заҳронинг талабларини инобатга олиб, Фадакдаги ерни мерос тариқасида бермоқчи бўлиб турганларид ҳазрати Умар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Биз пайғамбарлардан мерос олинмайди. Қолдирган нарсамиз садақа бўлади», деган муборак гапларини айтиб қолдилар. Ушбу ҳадисни эшитганларидан кейин халифа Фотимаи Заҳрога узр айтиб «Фадакдаги Расулуллоҳдан қолган ерни сизга мерос тариқасида мулк қилиб беролмайман», дедилар. Фотимаи Заҳро бу ҳукмни эшитиб аччиқлари келган ҳолда «Ёлғиз Муҳаммаднинг қизларидан бошқа ҳамма одамларнинг боласи отасидан мерос оларкан-да», деб чиқиб кетдилар. Ҳазрати Али Кармаллоҳу Важҳу Абу Бакр (р. а.) байъат бермаганларида ҳазрати Умарнинг «ёқиб юбораман», деб таҳдид солишлари аччиқларини янада зиёдалаштирди. Шунчалик жаҳлга банда бўлганларидан «Умар ва Абу Бакр ила гаплашмайман», деб Фотимаи Заҳро қасам ичдилар ва қасамларида собит турдилар.
Абу Бакр саййидатин нисонинг ғазабланганларидан ниҳоятда диққат бўлдилар. Фотимаи Заҳронинг эрлари бўлган Али ибни Абу Толиб (р.а.)нинг олдиларига келдилар. «Агар Фотимаи Заҳро қасамларидан қайтмасалар ва мени кечирмасалар, мен албатта халифаликдан истеъфо бераман. Фотимаи Заҳронинг ичларида менга нисбатан ғазаблари бўла туриб мазкур вазифада қололмайман», дедилар. Ҳазрати Умар хам шунга ўхшаш сўз айтдилар. «Агар Расулуллоҳнинг азиз қизлари рози бўлмасалар, мен ҳам албатта Мадинани бутунлай ташлаб чиқиб кетаман». дедилар. Ҳазрати Али Фотимаи Заҳро ёнларига кириб бу хусусда анча сўз қилдилар, Халифа ва Умар тутган ишларида шариат доирасидан чиқмаганлари ва мусулмонлар ижмосида тажовуз қилмаганлариии айтдилар. «Аччиқланишингазга, ғазабда давом этишлигингизга шунинг учун ҳеч қандай баҳона йўқ,— дедилар. Фотимаи Заҳро Алининг кўрсатган ҳужжатларидан қаноат ҳосил
қилдилар ва Абу Бакр (р. а.)га байът бердилар. Ҳамда Расулуллоҳнинг «Биздан қолган нарса мерос бўлмайди, уни садақа қилинади», деган гапларига ҳам қаноат ҳосил қилиб, ичларида бўлган адоват асарини бутунлай чиқариб ташладилар. Абу Бакр ва Умар каби Расулуллоҳнинг жонфидо сафдошларига нисбатан гина-кудуратлар кўтарилиб қалблари уларга нисбатан яна мусаффо қолган ҳолга келди, Ушбу ҳодисадан кўп вақт ўтмай Фотимаи Заҳро энг севикли кишиларига учрашмоқлик илинжида у жанобнинг икки саҳобаларидан мамнун ва рози бўлган ҳолларида дунёдан рихлат қилиб кетдилар.

АБУ БАКР ДАВРЛАРИДАГИ ФУТУХОТЛАР

Араб ярим оролида янгидан ташкил топган Исломий таълимот Ҳукмронлиги остида яшовчи давлатни икки томондан ўша даврларда энг маданийлашган ва тараққий топган Эрон ва Рум давлатлари ўраб олган эди.
Милоддан 753 йил аввал ташкил топган, дунёнинг энг кучли ва тараққий топган давлатининг пойтахти аввалда Рум шаҳри бўлганди. Константин томонидан 330 йидда Константинопол шаҳри бино этилгач, пойтахти мазкур шаҳарга кўчирилганди. Орадан бир неча асрлар кечгач, Рум салтанати (империяси) шарқий ва ғарбий салтанатларга бўлиниб кетганди. Ғарбий Рум салтанатининг пойтахти Эски Рум шаҳрини пойтахт этган ғарбий Рум салтанати оз муддат ичида инқирозга учраб дунё юзидан йўқолди. Бироқ шарқий Рум салтанати ёки Визант салтанати деб номланган давлат эса милодийнинг V асрига келиб кучайди. Шарқда Дажла дарёсига, ғарбда Адриат денгазига, шимолда татар ерларига, жанубда эса Хабашистон мамлакатига қадар бепоён ерларни қаноти остига олди. Инчунун, Эрон салтанати ҳам ўша давр муқобаласида бепоён мустамлакаларга эга бўлган қудратли давлат ҳисобланарди. Рум ва Эрон салтанатлари ўртасида эскидан қаттиқ адоват мавжуд эди. Бунга сабаб ўзаро рақобат, янги мустамлакаларни талашув эди.
Ислом олами зуҳур этган пайтга келиб улар ўртасидаги адоват жуда кескин тус олган. Рум билан Эрон ҳар ер-ҳар ерда ўзаро урушларни давом эттиришарди. Эрондаги ички келишмовчиликлар эса давлатнинг анчагина заифлашувига олиб келди.
Абу Бакр (р. а.) халифаликка ўлтирганларидан сўнг чет давлатларга қарши мухораба этув ниятида бўлдилар. Биринчи мақсад, эзилаётган мазлумларни эзувчи ҳукмдорлар зулмидан озод этув бўлса, иккинчидан, Ислом давлати сарҳадини кенгайтирув эди. Зотан, араб ярим оролида тузилган давлат агар ўз ерларини четки мамлакатларини истило этиш ҳисобига кенгайтирмаса, табиийки, қуруқ саҳро бағрида ташкил топган давлат халқаро майдонда тараққий этган қўшни давлат билан рақобатда тенг кела олмас эди. Зеро, юксак тараққий этган қудратли давлатнинг қад ростлаши учун энг аввало одам ва ер бойликлари етарли миқдорда таъминланган бўлмоқлиги зарурдир. Буларсиз халқаро майдонда зўрлар билан беллаша оладиган давлатни барпо қилиш ўйи бир хом хаёл бўлурди. Сиёсат ва ижтимоий соҳада фаолият кўрсатиб юксак малака ҳосил қилган Абу Бакр буни жуда тўғри баҳолай олгандилар. Шунинг учун биринчи бўлиб Эрон салтанатига қарашли бўлган Ироқ орларига қўшин юбориш тараддудига тушдилар. Холид ибни Валид қўл остларида Ироқга қарши мухораба олиб бориш учун Ҳижрийнинг 12 йили (мелодий 663 йил бошлари) 10 минг аскарни юбордилар. У ерда Мусанно ибни Хориса 8 минг аскар билан кутиб турарди. Ҳар икки фирқа бирга қўшилганидан сўнг Холид ибни Валид қўшин билан Ироқ чегарасидан ичкарига сузуб кирдилар.
Басра яқинидаги «Хафир» номли сув ёқасида душманни қарши олув учун Холид ибни Валид аскарларни уч қисмга тақсимлаб кутиб турдилар. Ўша даврда Ироқ музофотига Хурмуз исмли Эрон саркардаларидан зўр бир киши бошчилик этарди. У жуда катта қўшинга эга эди. Холид ибни Валид Хурмузга талабнома жўнатдилар. Мазмуни қуйидагича: «Ё Исломни қабул қилиб, жонингни сақлаб қол, ёҳуд бизнинг зиммамиз остида ҳимояланувни қабул қилиб жузъя беришга рози бўл. Агар бу ишлардан бирисини қабул қилувдан бош тортсанг, унда ўзингдан кўр. Мен шундай лашкар билан келдимки, улар ўлимни сизлар ҳаётни севганингиз каби севадилар».
Хурмуз талабномани Эрон шоҳи Кисрога жўнатиб, ўзи қўшинга бош бўлиб Холид аскарларига қарши сўқишув учун йўлга чиқди. Улар Козифа деган ерда рўпарў келдилар. Жанг бошланмасдан олдин ҳар икки қўмондон ўртага чиқиб куч синашдилар. Холид ибни Валид жанг майдонида Хурмузнинг бошини танасидан жудо қил-дилар. Кейин икки ўртада қаттиқ олишув бўлди. Ислом лашкарларининг ҳаммасига дош беролмаган Хурмуз қўшинлари бетартиб суратда тумтарақай қочдилар. Душман аскарлари қочмаслик учун бир-бирлари билан боғланиб олишган экан. Шу сабабли ушбу жанг тарихда «Зотиссалосил» жанги деб номланади.
Кисро Хурмузга ёрдам бсриш учун Қорин номли саркардаси бошчилигида катта қўшин жунатди. Булар Хурмузнинг қочоқ қўшинлари билан биргалашиб Сано деган ерда Холид ибни Валид аскарлари билан яна тўқнашдилар. Жанг оқибати шу бўлдики, Қорин қиличдан кечирилиб, аскарлари эса бутунлай тор -мор этилди. Мазкур жангдаги олинган асирлар ичида Ҳасанул Басрийнинг оталари Ҳабиб ҳам булган эканлар, Қорин мағлубиятидан сўнг Эрон шоҳи «Анзар заргар» номли саркардаси бошчилигида янада кучлироқ қўшин жўнатди, Булар билан ҳам «Налижа» номли жойда қаттиқ жанг қилдилар. Оқибат душман аскарларини Ислом лашкарлари ўраб олдилар ва бутунлай тор-мор этадилар. Бу воқеа 12 йил сафар ойида бўлиб ўтади.
Налижа воқеасида араб насронийларидан ҳам қўшин ичида жангда қатнашганлари қирилиб битганди. Қолган насроний араб қабилалари буларнинг ўчини олиш учун эронликларга ёрдам тариқасида аскар юборишга қарор қилдилар. Эрон ва араблардан тўпланган жуда катта қушин «Улайс» деган ерда жамланиб Холид ибни Валид аскарлари билан тўқнашадилар. Жанг бениҳоя қизғин кечади. Душман аскарлари сон жиҳатидан мусулмон аскарларидан бир неча баробар ортиқ эдилар. Аммо Оллоҳнинг калимасини баланд-латув мақсадида жанг қилаётган оз сонли қўшин куфр салтанати ҳимоясида шайтонга тарафдорлик қилиб жанг этаётган кўп сонли қўшин устидан зафар топдилар. Бу зафарли воқеа 12 йил сафар ойининг охирларида (623 йил май ойида) Фирот дарёси якинида бе-ниҳоя кўп қонлар тўкилганлигидан ўша ердаги бир жилғага «қонли жилга» деб ном берилди.
Мазкур зафардан сўнг Холид ибни Валид лашкарларни «Мунозара» давлатининг пойтахти Хира шаҳрига қараб бошладилар. Йўлдаги қўрғонларни забт эта бориб Хира шаҳрини қамал этадилар. Оқибатда хираликлар билан Холид ҳар йили 190-минг дирхам жузъя берув баробарига сулҳ тузадилар. Хира ахолиси, эски одатларига кўра, Холидга ҳам ҳадялар беришади. Холид буларни Мадинага жузъяга қўшиб жўнатиб юборадилар.
Абу Бакр пора олишга баҳона топилмаслиги учун мазкур ҳадяни жузъядан ҳисоб этишга буюрадилар. «Мунозара» давлатининг пойтахти Хира қўлга олинганидан кейин шу атрофдаги қолган вилоятлардан ҳам сулҳ тузишлик учун Холид ҳузурларига элчилар кела бошлади. Хусусан Баникия ва Баруси вилоятларининг бош-лиқлари Холид ҳузурларига келиб йилига ўн минг дирхам жузъя берув баробарига сулҳ тузадилар.
Шундан ксйин Холид ибни Валид бутун Ироқ музофотини тўлалигича қўлга киритув ҳаракатига тушадилар. Бир неча жанглар давомида душман аскарларига орқама-орқа зарбалар бериб зафар ноғораларини чалиб олға қараб Ироқнинг энг ичкарисигача кириб борадилар.
Холид ибни Валид Ироқ музофотида бир йилу икки ой мобайнида туриб, жуда катта ишларни амалга ошира олдилар. Ҳатто тўғридан-тўғри Эрон чегарасига йўл очиб кўйдилар. Шундан кейин халифа буйруқ юбориб, Холидни Шом вилоятида жанг олиб бораётган Ислом қўшинига ёрдамга чорладилар. Ироқ вилоятига Мусанно ибни Хориса бош қўмондон бўлиб қоладилар.
Абу Бакр 12-йил хаждан келибоқ бутун арабистонга чақириқ қоғозлари жўнатдилар. Каттагина қўшин ҳозирланиб 12-йил сафар ойида Сурия вилоятига қарши юриш бошланди. Сурия асосан Визант салтанати қўл остидаги мустамлака давлат ҳисобланарди. Бу ерда яшовчи халқ визант ҳукуматининг зулмидан бениҳоя эзилган эди. Шу сабабли Ислом аскарлари кучли қаршиликсиз Сурия вилоятини бирин-кетин қўлга кирита бордилар. Охири Рум султони Хирақил арабларга қарши урушмоқлик учун укаси Феодор бошчилигида жуда катта қўшин ҳозирлаб жўнатди, Мазкур қўшин Ислом лашкарлари билан «Ажнодин» деган ерда мухорабага киришди. Икки ўртадаги қаттиқ олишув Феодорнинг шармандаларча қочиши билан тугади. Ажнодин воқеаси 13-йил жумодил аввал ойининг охирида (634-йил июлда) бўлиб ўтганди. Мазкур жангда, тарихчилар ривоятига кўра, румликлар томонидан юз мингдан ортиқ киши қатнашган экан. Мазкур ғалаба Абу Бакр даврларидаги энг охирги зафар бўлди. Севинч хабари етганидан узоқ вақт ўтмай Абу Бакр (р. а.) фано оламидан бақо дунёсига рихлат этгандилар.

АБУ БАКРНИНГ БОШҚАРУВ СИЁСАТЛАРИ ВА ҲИСЛАТЛАРИ

Расулуллоҳ вафот этган вақтларида Ислом мамлакатининг чегараси қандай ҳолда бўлса Абу Бакр халифалик даврларида ҳам асосан шу даражада бўлган. Ироқ ва Суриянинг баъзи бир вилоятлари Ислом лашкарлари томонидан қўлга киритилган бўлсада, бироқ ҳали у ерларда тўла тартиб жорий этиб бўлинмаганлигидан уларни ҳам Ислом давлати ҳудудига қўшув мумкин эмасди. Ироқ ва Шом ўлкалари асосан фатҳ этилиб, Мадина давлатининг қўл остига бирлашуви Умар ибни Ҳаттоб даврларида амалга ошганди. Шу билан биргаликда Ироқ ва Шом фатхини бошлаб берувчи ҳамда мазкур фатҳлар учун кучли қўшинни тартибга келтирувчи шахс Абу Бакр (р.а.) бўлганликлари туфайли мазкур ўлкаларни фатх этув шарафининг ярми албатта у жанобнинг ҳиссаларига тушадур. Абу Бакр даврларида ҳам давлатчи бошқарув ҳолати Расулуллоҳ даврларидагидек бўлиб, муҳим бир ўзгарув ва ислоҳ киргизмаган эдилар. Чунки Абу Бакр (р. а.) Арабистонда юз берган умумбошдоқликни бостиришлик ва фатхлар ила машғул бўлганликларидан икки йил уч ой давом этган бошқарув даврларида бундай ишга ташаббус кўрсатмакларига фурсат ҳам бўлмаган эди.
Ислом давлатининг мукаммал бир давлат тарзида оёққа турғизган киши Умар ибни Ҳатоб бўлгандилар. Шу сабабли у жаноб Ислом давлатининг асосчиларидан саналадурлар.
Абу Бакр (р. а.) Расулуллоҳ ўринларига қолган бир киши бўлганларидан аҳли Исломнинг диний ҳамда дунёвий раиси ҳисобланардилар. Бу жаноб аҳли Исломни намозда имомлари, мамлакатни идора этишда ҳукмдори эдилар.
Расулуллоҳ ҳазратларига ноиб бўлганликларидан халифату Расулуллоҳ деб юритилардилар. Абу Бакр ва ҳамда у жанобдан кейин давлатни бошқарган хулафои рошидин даврларида ҳукумат асосан шўро усулида бошқарилади.
Халифа муҳим ишларда ўзича мустабидона ҳукм чиқаравермай балки кибор саҳобаларини тўплаб уларга маслаҳат соларди. Зотан, Қуръону Каримнинг таълимоти ва Расулуллоҳнинг суннатлари шундай эди.
Низо ва хусуматларни ҳал этиш учун халифа аввал Қуръону Каримдан шунга доир ҳукмни излар, агар Қуръонда тополмаса, Расулуллоҳнинг шундай ишда ҳукм қилганқилмаганликларини текширар, агар булардан ҳам маълумот ололмаса, унда кибор саҳобани йиғиб, масалани ўртага ташлаб, уларнинг фикрларини сўраб ва шу раъй билан ҳал этарди.
Абу Бакр (р. а.)нинг асосий кенгашчилари Умар ибни Ҳаттоб, Абу Убайда ибни Жарроҳ, Али ибни Абу Толиб, Усмон ибни Аффон эдилар. Котиблари эса Зайд ибни Собит (р. а.) бўлгандилар.
Абу Бакр (р. а.) даврларида Арабистон ярим ороли асосан ўнта вилоятга бўлиниб, ҳар бирига алоҳида волийлар тайин этилган эди.
Абу Бакр (р. а.) даврларида давлатнинг асосий кирим хазинасини закот моллари, зимийлардан йиғилган жузъя, ҳамда урушларда тушган ғанимат молининг бешдан бири ҳисобига йиғилган моллар ташкил этарди. Хазинага йиғилган «кирим» халифа томонидан мустаҳиқ кишиларга дарҳол бўлиб бериларди. Хазинада пул сақланмасди. Халифанинг маоши ҳам байтул мол ҳисобидан белгиланганди.
Расулуллоҳ ҳазратлари даврларида Ислом миллатининг ижтимоий ҳоллари на равишда бўлса, Абу Бакр даврларида ҳам худди шу равиш узра бўлди. Қуръону Каримнинг олий таълимоти Расулуллоҳнинг суннайи сониялари асхоби қиромнинг нақ юраклари-га ўрнашганди. Шунга биноан уларнинг бутун хатти- ҳаракатлари дин ва қардошлик асосига бино қилинганди. Уларнинг бир-бирларига хайрихоҳликлари ва меҳрибонликлари бениҳоя эди. Абу Бакр (р. а.) даврларида футухотлар бошланиб, Мадинага четдан даромад келуви кўпайган бўлса-да, мусулмонлар ҳамон оддий кийимлар кийишар, ўртача даражада ҳаёт ўтказишар эди. Халифанинг ўзлари ҳам кийиниш ҳамда яшаш тарзида уларга намуна бўларли даражада эдилар. Ҳаққоният ва адолат ҳукм сурганлигидан бировга жабр, зулм қилгувчида бўлмас, шикоят этувчида қолмаганди. Абу Бакр халифалик этиб Умар ибни Ҳаттоб қозилик вазифасини бажарган вақтларида бир йил давомида бирор низолашувчи даъвогар даъвога келмаганлигининг ўзи ҳам уша даврда ҳаққоният нечоғлик ҳукм сурганлигини кўрсатиб турмоқдадур. Халифа бутун ахлоқ ва одатларида Расулуллоҳ каби бўлишга, бутун кучлар билан Расулуллоҳнинг суннатларини ижро этишга, идора ва сиёсатда изларидан борурга тиришардилар. Абу Бакрнинг идоралари халқни ғоятда мамнун этганди. Шу сабабли кейинги халифаларни сайлаган вактларида Абу Бакр каби идора усулини юритмоқни ундан талаб этадиган бўлдилар.
Абу Бакр ғоят кичик кўнгилли, юмшок, табиатли, халққа жуда ҳам марҳаматли эдилар. У жаноб озғин ва табиатлари юмшоқ бўлгани ҳолда керакли ўринларда шундай юракли ва қаттиққўллик кўрсатардиларки, буни кўриб энг юракли ва каттиққўл саналган Умар ва Али (р. а.)лар ҳам ҳайрон қолардилар. У жаноб тўғри фикрли, узоқни кўрувчи, саботли бир шахс эдилар.
Абу Бакр халифа бўлмасларидан аввал ҳам асхоби киромнинг энг ортиғи бўлиб, жўмардлик, шафқат ва марҳамат, қаноат ва тақволик, тавозу ва шижоат каби фазилатлари билан ажралиб турардилар. Халифа бўлганларидан кейин ўзларининг бу каби гўзал ахлоқлари билан халққа намуна бўлдилар. У жаноб халифа бўлдим, деб сира мағрурланмадилар. Дунё лаззатларига берилмадилар.
Билъакс, халифа бўлганларидан кейин бу дунё лаззатларидан кўпроқ юз ўгирдилар. Ўзларининг каттагина бойликлари ва хазинадан келадиган яхшигина даромадлари бўлишга қарамай ўрта даражада кийинадилар, Очликни тўсар даражадагина овқатланар-дилар. Бир вақт хотинлари кундалик сарфларидан орттириб бирозгина тўплаган ва бунга бир нарса олмоқчи бўлган эканлар. Абу Бакр буни билиб йиғилган ақчани байтул молга топширган ва ойликларидан аёллари жамғариб қолган миқдордаги пулни камайтирган эканлар. Вафот этган вақтларида олган ойликларини ўзгинасидан қарз-қурзларини тўлашга васият этганлари бу дунёдан нақадар юз ўгирганларини ва кишилар ҳаққига муносабатлари не даражада бўлганликларини кўрсатади.
Абу Бакр халифа бўлмасларидан аввал Мадинанинг юқори тарафида Сух деган ердаги ҳовлиларида яшардилар. Ғоят шафқатли ва марҳаматли ҳамда кичик кўнгил бўлганликларидан қўни- қўшниларига ҳар вақт юмшоқлик этар, ҳатто жорияларга қўй-эчкиларни соғишга ёрдамлашар, подаларни ҳайдашар эдилар. Халифа бўлганларидан кейин бир қиз «Абу Бакр энди бизга қарашмаса керак» деган экан. Буни эшитиб ҳалиги қизни олдига бориб қўйларини соғишдилар ва «Сизга албатга ёрдамлашиб юраман, халифа бўлмоқлигим — аввллги хулқимни ўзгартирмаса керак, деган умиддаман», дедилар.
Воқеан Сухда турган вақтларида буларга ёрдам этиб юрдилар. Бир куни Абу Бакр бир неча кишилар билан ўлтиргандилар. Шунда бир киши келиб «Ассалому алайкум, ё халифаи Расулуллоҳ», деган эди. Бунга Абу Бакрнинг аччиғлари келиб, «Бошқаларни қолдириб ёлғиз менгагина салом берасанми?», деб танбеҳ этгандилар. Умар ибни Ҳатгоб кун сайин бир қари кампирнинг олдига бориб ёрдам этиб келиб юрарканлар. Кўп вақт ўтмай ўзларидан аввал кимдур унга ёрдам кўрсатиб кетаётганини фаҳмлаб ҳолдилар. Шунда бу ким экан деб пойлаб турдилар. Қайси кўз билан кўрсинларки, кампирга келиб ёрдам этаётган халифа Абу Бакр эканлар. Абу Бакр (р. а.)ни ёзамиз десак, мақтовга сазовор сифатлари жуда мўлдур. У жанобнинг Ислом йўлида қилган хизматларини ёзиб адосига етиш мушкулдур.
Бироқ биз бу ерда мақсадимиз қисқача баён этишлик бўлгани са-бабли мазкур бир-икки воқеани ёзиш билангина кифояландик, холос.
Биргина Абу Бакр эмас, балки Расулуллохнинг саҳобаларидан ҳар бирлари ҳам мақтовга сазовор сифатларга эга эдилар. Хусусан, хулафои рошидин деб аталмиш Умар, Усмон ва Али каби зотларнинг барчаларида халққа ўз исломий хулқлари билан муқтадо бўлувчи, гўзал, эргашилувчи намуналар мавжуд эди. Уларни бу борада бирларини бирларидан ажратиб бўлмасди. Ҳаммалари ҳам Оллоҳ йўлида ҳаққониятни оламга ҳукмрои бўлиши йўлида дунё халҳларини озодлик, эркинлик, ҳурфикрлилик каби асрий орзулари бўлган нарсаларга етишлари йўлида ҳеч бир нарсаларни, ҳатто жонларини аямай сарф этгандилар. Уларнинг амал ғурури алдай олмаганди. Хушомадгўйлар мақтови хушларини ўғирламаганди. Катта мансабга минсалар эди, оддий халқ киядиган кийимдан ҳам арзон баҳороқ кийимлар кийишарди, оддий тарзда овқатланишарди. Оддий ҳовлиларда фақирона тарзда ҳаёт кечиришарди. Дунё матоларига аҳамият кўзи билан асло боқишмаганди. Улар ҳукмдорлик вазифасини тўлиқ адо этишликда ҳануз олам осмонида ягона ёруғ юлдуз бўлиб порлаб туришмоқда. Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин, биалардан ҳам ўзи рози бўлсин, раҳматига мушарраф айласин. ОМИН!!!

АБУ БАКРНИНГ КАСАЛЛАРИ ВА УМАР РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИ ВАЛИАҲД ТАЪЙИН ЭТУВЛАРИ

13-йил жумодил охир ойининг аввалги ҳафтасида Абу Бакр (р. а.) совуқ куни ҳаммом қилган эдилар. Шунда қаттиқ шамоллаб ўринга ётиб қоладилар. Касалликлари оғирлашиб қолганидан намозга чиқа олмасликлари сабабли Умар ибни Ҳаттобни ўринларига имом бўлишга буюрдилар.
Абу Бакрнинг касалликлари кун сайин оғирлаша борди. Тузалишдан кўра тузалмасликлари билина бошлади.
Мўминлар Абу Бакрнинг сиҳат топишларини истаб ҳар доим дуоларда бўлиб турдилар. У жанобдан энг кўп келиб хабар олиб турувчи кимса Усмон ибни Аффон (р. а.) эдилар, Бир куни бир неча асхоблар кўргани кириб: «Эй Абу Бакр, табиб чақириб касалингазни кўрсатсакмикин», деганларида, уларга жавобан: «Табиб келиб мени кўриб кетди», деганларида, асхоб, «Табиб нима деди?» — деб сўрадилар. Мен хоҳлаганимни қиламан, деди», деб жавоб берган эканлар. Абу Бакр (р. а) ўзларининг халифалик даврларида бутун ҳаётларини Исломиятнинг қувват ва шавкат касб этувига халқнинг адолат ва ҳаққоният байроғи остида тинч -тотув яшашла-ри йўлида Арабистон давлатини соглом бир асос устига қуриб, бутун қайғулари шу халқнинг манфаат ва маслаҳатларини кўзлаганлари каби касал ҳолларида ҳам мана шу қайғуда бўлдилар. Агар ўзларидан кейин халифа сайлаш масаласини халқнинг ихтиёрига ташлаб кетсалар, халифаликни истовчилар ўртасида фитна чиқиб, бирор кор-ҳол юз беришидан чўчир эдилар. Зеро, Сақифа байъатида бўлиб ўтган баъзи бир кўнгилсизликлар ҳамон ёдларидан кўтарилгани йўқ эди. Шу сабабдан асхоб киромнинг фикрларини олиб, ўзларидан кейин маълум бир кишини валиаҳд этиб тайинлаш маслаҳатида бўлдилар. Асхоби киром ораларида халифалик мансабига лойиқ кишилар етарлича бўлиб, буларнинг энг аввалги сафларида Умар ибни Ҳаттоб билан Али Ибни Абу Толиб (р.а.)лар турардилар. Буларнинг ҳар иккиларида хилофатга ўзларини энг аҳл деб билар ва мамлакатни гўзал идора эта олишга ҳамда халқ орасида адолат руҳини амалга ошира олиш-га иймонлари комил эди.
Абу Бакр Умар ибни Ҳаттобни ўзга сахобадан ортиқроқ билиб, ўзларидан кейин валиаҳд этиб қолдирмоқчи бўлдилар. Мазкур фикрга келганларидан кейин сахобайи киромга ўзларининг фикрларини киноя тарзида англата бошладилар. Абдураҳмон ибни Авфни чақириб, Умар ҳақларида қандай фикрдасиз?» деб сўрадилар. Абдураҳмон (р. а.) «У кишининг қаттиққўллигидан бошқа айби йўқ», дедилар. Абу Бакр бунга жавобан: «У менинг юмшоқ бўлганим учун шундай қаттиққўллик қилади, агар ўзлари иш бошига келсалар албатта қаттиқ қўлликларидан анчасини ташлайдилар, деб ўйлайман», дедилар. Бундан кейин Усмон ибни Аффонни ҳам чақириб фикрларини олдилар.
Ҳазрати Усмон Умарнинг «Ичи ташқарисидан яхшироқ, билишимча, бизнинг ичимизда у кишига ўхшаш одам йўқ», дедилар. Бошқа бир неча кибор саҳобалардан ҳам Умар ҳақларида мана шундай яхши, илиқ гаплар эшитдилар. Абу Бакр (р. а.) Умар ҳақларида бир неча асхобнинг фикрларини олгач, у жанобни валиаҳд этарга қарор қилдилар. Ва котиб-лари Усмон ибни Аффонни чақириб қуйидаги васиятномани
ёздирдилар:

«БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ»

Бу Расулуллоҳнинг халифаси Абу Бакр томонидан дунёда энг охирги ва охиратга эса биринчи қадам қўйиши олдидан берган аҳдномадур. Мен сизга Умар ибни Ҳаттобни халифа этиб тайинладим. Агар ишни тузук юритса ва адолат ўрнида бўлса жуда яхши. Менинг уни ҳаққида фикрим ва билишим ҳам шудир. Агарда жабр ва зулм қилса, сийратни ўзгартса, жавобгарлиги менга бўлмаяжакдур. Чунки мен ғайбни билмасмен, мен бу ишимдан ёлғиз яхшиликни истадим. Ҳар кимга ўзи қилган амалининг жазоси бўлажакдур. Золимлар не аҳволда тушишларини келажакда билурлар...» деган мазмунда аҳдномани ёздириб, муҳр урдириб қўйдилар.
Умар ибни Ҳаттобнинг валиаҳд тайин этилуви баъзи бир халифаликка умид этувчи кибор саҳобаларга ёқмаяжак эди. Хусусан Умар ибни Ҳаттобнинг қаттиққўл бўлиб, юз хотир сақламасликлари кўпчилик кишиларнинг қаршиликларига сабаб бўлажак эди. Бунинг устига Умарни валиаҳд тайин этилиши «шўро» асосига хилоф бўлганлигидан масалани янада мушкуллаштирар эди. Ҳақиқатда Умарни халифа тайин қилув хабари асхоб орасида ёйилиши билан халқ ўртасида турли миш-мишлар тарқала бошлади. Ҳатто баъзи бир кибор асхоблар Абу Бакр олдиларига кириб бу тўғрида раддия бердилар.
Талха ибни Убайдуллоҳ бир неча кибор асхоблари билан кириб: «Умар ибни Ҳаттобни шу қадар қатиққўллигини билиб туриб халифаликка ўзингиздан сўнг тайин этибсиз. Агар бу тўғрида Раббингиз сизга савол берса, не деяжаксиз?» дедилар. Абу Бакр (р. а.) буларнинг раддияларига аҳамият бермадилар. Талха ибни Убайдуллоҳдан ҳеч ҳам аччиқланмай: «Мени Оллоҳ бирла қўрқитмоқчи бўласизми? Мен унга: «Сенинг яхши бандангни тайин этдим», деб жавоб бераман. Бошқаларга ҳам ушбу гапимни эшитдириб қўйинглар», дедилар. Абу Бакр (р. а.) ўзларидан сўнг хилофат масаласида баъзи бир номатлуб воқеалар юз беражагини сезганлари сабабли халифани тайин этиш фикрларидан қайтмадилар. Умар иб-ни Ҳаттобда бўлган давлат сиёсатини юргизув иқтидорини билганликлари туфайли баъзи бир асхобни бу ишдан норози бўлганликларини назарга олмай ўз раъйиларида собит қоддилар. Абу Бакр ўзларининг қаттиқ касалликларига қарамай халқ ўртасида таъсир кўрсатадиган бир хутба ўқидилар. Минбарга кўтарилиб масжидда халойиқ ўртасида ўзларини халифалик мансабига киши танлашликда асло хатога йўл қўймаганликларини, балки халқнинг манфаатини кўзлаб иш тутганликларини, асхоб ораларидан давлат сиёсатини юргизишликка энг иқтидорли кимса тайин этилганини, валиаҳд тайин этилган киши ўзларининг қариндошлари бўлмаганлига сабабли бу ишни қариндош- уруғчиликка тортишув деб баҳоламасликларини баён этиб, Умар ибни Ҳаттобнинг халифаликларига рози бўлишга ва итоат этишликка чақирдилар. Халқ қошида фавқулодда нуфузга эга бўлган ва эҳтиром қозонған, кўнгилларга муҳаббати нақ ўрнаган бу буюк. зотга қарши чиқувчи бирор кимса-да бўлмади.
Умар ибни Ҳаттобни валиаҳд тайин этилишига кибор асхобни кайфларини кетгазганига ушбу қуйидаги воқеа очиқ мисол бўла олади.
Абу Бакрнинг сўнгги кунларида аҳволларидан хабар олмоқлик. учун бир неча саҳобалар билан бирла Абдураҳмон ибни Авф олдиларига киргандилар. Халифанинг бу вақт кайфиятлари анчагина тузук эди. Абдураҳмон кирибок, халифага қараб, «Аҳволингаз нечук, мен сизни тезда соғайиб кетасиз деган умиддаман», дедилар. Абу Бакр бунга жавобан «Менинг аҳволим жуда оғир. Сиздан кўрган нарсаларим эса касалимдан ҳам оғирроқдур. Мен энг ор-тиқроғингизни халифа тайин этдим, Халифаликни ҳар бирингиз ўзингизга олмоқчи бўлиб бунга кайфингиз кетди, Сизга дунё иқбол қилди, тезда ипак кийимлар киясиз, ипак кўрпаларда ётасиз. Оллоҳга қасам кчиб айтаманки, сизни ҳеч бир жиноятга қўл урмай бўйнингазнинг чопилиши дунё лаззатига чўмувингиздан ор- тиқроқдур», дедилар. Абдураҳмон ибнк Авф бу гапларни эшитгач, халифага: «Ўзингизни бундай ишлар билан диққат қилаверманг, бўлмаса касалингиз янгидан кучайиб кетади. Халқ сизнинг ҳаққингизда икки фикрда бўлди, бир фирқа бу хусусда сизнинг фикрингизда — бу ишингиздан мамнун ва рози бўддилар. Иккинчи фирқа эса сизга карши келиб ўз фикрини сўзлади ва маслаҳат берди. Сизнинг йўлдошингаз ҳақида яхшиликдан бошқа нарса билмаймиз. Сизнинг бу қилган ишингиздан яхшиликдан бошқа нарсани ўйлагансиз деб гумон этмаймиз. Сиз доимо солиҳ. ва муслих бўлдингиз. Дунёда қилган ҳеч бир ишингиз учун куйинишга сизга йўл йўқ», дедилар. Бунинг узрига халифа: «Тўғри, мен ёлғиз мана шу ишлар учун куюнаман, мен қилган уч иш бор. Кошки шуларни қилмаган бўлсам эди. Уч нарса бор. шуларни қилган бўлсам эди. Уч нарсани Расулуллоҳдан сўраган бўлсам эди: Али менга уруш эълон қилган бўлганларида ҳам уйларига бормаган бўлсам эди. Сақифа куни Абу Убайда ёҳуд Умарга байъат бериб ўзим вазирлик мансабида қолган бўлсам эди. Фужоатул Суламийни ёндирмайинча ўлдиртирмаган ёки озод этган бўлсам эди. Ашъас ибни Қайсни озод этмай ўлдиртирган бўлсам эди. Чунки мен уни яхши одам бўлиб кетишига асло кўзим етмайди. Холид ибни Валидни Шомга юборган вақтимда Умар ибни Ҳаттобни Ироқга юборган бўлсам эрди. Бунда икки қўлни баробар Оллоҳ йўлида узатган бўлурдим. Расулуллоҳдан, ўзларидан кейин халифалик кимга тегишли бўлишини сўраган бўлсам эди. Бу вақт низога ўрин қолмасди. Ансорни халифаликка ҳаққи борми ёки йўқлигини сўраган бўлсам эди. Инининг синглиси бирла амакининг меросин сўраган бўлсам эди. Чунки бу кўнглимда бир қадар ғашлик бор», дедилар.
Мана бу гаплар халқни Умар ҳақларида икки турли фикрда бўлганлигини кўрсатади. Фақат Абу Бакр (р. а.) вафот этиб, Умар (р. а.) байъат олувга ўлтирганларида бирор қарши чиқувчи кимса топилмади. Бу нарса Абу Бакрнинг хотирларини сақлов ва у жанобга эҳтиром юзасидан бўлганди. Ҳазрати Умар валиаҳд тайинланган чоғда бир қадар кимсалар норизо бўлган бўлсаларда, аммо халифалик мансабида юритган адолат сиёсатлари туфайли охири ҳаммалари Умардан бағоят миннатдор ва рози ҳолда бўлдилар. Умардан кейинги халифа сайлов вақтида Абу Бакр ва Умарлар юрган йўлдан юришликни шарт этилуви бунинг энг очиқ исботидур.
Умар (р, а.) халифалик даврларида шундай адолат бир тарзда ҳукм юргизганлари сабабли шарқу ғарб тарихчидари томонидан дунёда энг адолатли, тўғри ижро этган ҳукмдор саналади.
Абу Бакрнинг аҳволлари оғирлашиб қолганидан кейин қизлари Ойиша (р. а,)ни чақириб ҳужраларида қабр учун жой ҳозирламоққа васият этдилар. Устларидаги икки қават кийимларини ечиб шунга, учинчи қават бир кийимни қўшиб кафан қилишга буюрдилар. Ойиша онамиз «Эй, ота, ҳозир биз боймиз, янги кафан олиб кафанлатсак ҳам бўлади-ку», деганларида, Абу Бакр «янги кийимга мендан кўра тирик-лар муҳтожрок», дедилар. Ювишликни хотинлари Асмо бинту Умайсга васият қилдилар. Ёрдамга ўғиллари Абдураҳмонни олишни буюрдилар. Байтулмолдан олинган нарсаларни ўз киссаларидан тўлашга амр этдилар. Молларидан бешдан бирини ҳайрот йўлларига сарф этишликка буюрдилар, Вафот этган кунларидан кечиктирмай дарҳол дафн этарга амр қилдилар. Абу Бакр мазкур касалларидан шифо топмайинча 13-йил-нинг жумодил охир ойининг 21-куни душанба шом билан ҳуфтон ўртасида фано оламидан тинчлик ила бақо оламига роҳат билан сафар этдилар. Бу мелод ҳисобига 634 йил августга тўғри келади.
У жанобнинг охирги сўзлари: «Эй Раббим, мени мусулмон этиб ўлдиргин ва солиҳларга қўшгии» деган дуолари бўлди. Васиятномага биноан Асмо бинту Умайс Абдураҳмон ёрдамларида ювдилар, уч қават кафанга кафанланиб минбар масжид орасига қўйилиб, ҳазрати Умар томонларидан жаноза ўқидди. Қабрларига Умар, Ус-мон, Талха ва Абдураҳмон ибни Абу Бакр тушдилар. Жаноза ўқилиб дафн этилган кун ҳам душанба кечқурун эди. У жанобнинг ҳукмдорлик даврлари икки йилу уч ой давом этди.
Абу Бакрнинг вафот этувлари Расулуллоҳнинг вафотлари каби асхоби киромга фавқулодда қаттиқ таъсир этди. Бутун Мадина қайғу ва даҳшат ичида колди. Ушбу вақт Абу ибни Али Толиб ёшларига беланиб югуриб келиб Абу Бакрнинг эшиклари олдида тўхтадилар ва у жанобнинг фазл ва сифатларин баён этувчи ушбу хутбани сўзладилар:
«Эй Абу Бакр, Оллоҳ сени раҳмат этсун, сен ҳаммадан аввал Исломни қабул қилган, имони энг эски, ишончи энг аниқ киши эдинг. Сен Расулуллоҳга энг мулозим, хулк ва фазл ҳамда сийрат жиҳатдан энг яқин, аҳл Исломни ҳимоя этувчи киши эдинг. Бутун халқ Расулуллоҳни ёлғонга чиқарганда, сен уни тасдиқ этдинг. Халқ изо етказганда, сен ёрдамга шошилдинг. Халқ ўлдирадиган вақтида сен у билан бирга бўлдинг. Оллоҳ сени ўз китобида Сиддиқ деб атади. Сен аҳли Ислом учун бир таянч, кофирлар учун бало ва мусибат эдинг. Сен йўлингда ҳеч бирда адашмадинг, сенга за-ифлик ва қўрқоқлик асло йўл топаолмади. Сен гўёки субутда салобатли тоғдек эдинг. Сен Расулуллоҳ айтганларидан баданинг заиф, дининг қуввати, тавозули, Оллоҳ қошинда улуғ, мўминлар қошинда буюк ва қудратли эдинг. Сенга ҳеч ким бирор хусусда тамаъ этолмасди. Кучли ва кучсиз сенинг қошингда баробар эди. Кучлидан кучсизнинг ҳаққини олиб берганга қадар кучли сенинг қошингда кучсиз саналарди. Кучсиз эса кучли саналарди. Оллоҳ сенинг ажрингдан бизларни маҳрум қилмасун. Сендан сўнг бизни адаштирмасун...»
Умар ибни Ҳаттоб ҳам Абу Бакр ёнларига кириб қисқа, аммо ғоят мазмунли бир нутқ ирод этдилар. «Эй Расулуллоҳнинг халифаси, сен ўзингдан сўнг халққа гоят оғир юк юкладинг. Сенга етиш қаёқда, сенинг ортингдан борувга бизга мумкин бўлмаяжак!»
Абу Бакрга марсия ўлароқ Уммул мўъминин Ойиша ва бошқалар тарафидан хутбалар сўзланди. Хисон каби буюк сўз усталари томонидан шеьрларда тартиб этилди. Бироқ Али ибни Толибнинг сўзлаган ғоят балоғатли хутбалари олдида буларни сўзлаб ўлтиришга ҳожат қолмайди.

ХУЛОСА

Дунёдан не-не номдор ҳукмдорлар, фотиҳлар, соҳибқиронлар ўтдилар. Улар ҳаётлари давомида қанча-қанча ишларни амалга оширгандек бўлдилар. Ҳатто баъзилари ер юзидаги мамлакатларнинг жуда катта қисмини ўз қўллари остида бирлаштиришга муваффақ бўлаолдилар. Қанча-қанча қасрлар, саройлар, муҳташам иморатлар барпо қилдилар. Кишиларни ҳануз ҳайратга солувчи мўъжизакор иморатларини қурдирдилар. Даҳшатларидан ўз даврларида олам титради. Бироқ, замонларнинг ўтиши буларнинг барчасини кишилар дилидан бирин-кетин чиқариб ташлади. Ҳеч бирлари мана шунчалик бойликка, ҳашамга эга бўлганлиги билан кишилар дилини ўзларига ром қилаолмадилар.
Зеро, тутаётган ишлари, сиёсатлари кўпинча ҳаволари амрига итоатан бўларди. Адолатни ўз ўлчовлари билан ўлчардилар. Ҳаққониятни ўз раъйлари билан ифодалардилар. Мана шу туфайли бўлса керакки, улар вафот топишлари билан ном-нишонлари ҳам вафот топиб кетди. Ҳеч ким уларни дилида муҳаббатла ёд этмайди. Зеро, улар ҳақиқий адолат ва ҳаққониятни асл манбаидан ўрганиб, уни халқ орасида оғишмай амалга ошириш ўрнига ҳою ҳавасларга кўмилиб, ҳаволарига қулга айланиб, нафслари буйруғини бажарувчи хор кимсалар эдилар. Киши нафсининг домидан озод бўлмай туриб ҳеч қачон озодлик нашъасини суролмайди. Дунё ҳокимиятини бутунлай ўз қўлига киритган бўлсада, бутун олам аҳли унинг амрига мунтазир турсада, бироқ ўзи нафсининг домидан ўзини халос этолмайдиган бўлса, ундай одамни шох эмас балки гадо деб атамоқ савобга яқиндур.
Нафс хоҳишларида қутулмоқ учун, нафсни баъзи бир нодонлар ўйлагани каби бутунлай маҳрумиятга дучор қилиш керак эмас. Билъакс, уни хоҳишларида ўртача даражани топиш лозим. Лекин бу ўртача даражани киши бирон бир манбаага суянмай туриб, ўз ақли ва илми билангина ўзича топаолмайди.
Илм ва фалсафада энг ёрқин юлдузлар сифатида танилган кимсалар ҳам фақат ўз ақлларига суянганлари учун мазкур даражани белгилашда хатога йўл қўйдилар, оғиб кетдилар. Уларнинг илм ва мантиқларига махлиё бўлиб эргашган башарият ҳам улар қилган хатолари орқасида жуда кўп жабру-жафолар тортди. Адашишлар қоронғулигида дарбадар кезади. Бундай ўртача даражани ўрганишлик учун ягона манбаа бу ваҳий илоҳий эди. Яъни, пайғамбарларга эргашишлик улар кўрсатган йўлга юришлик, буюрган ишларини қилишлик, маън этган амалларидан тўхташлик билан киши адолатни, ҳаққониятни топа оларди. Адолат нима эканлигини тушуниш учун, уни амалда татбиқ этиш учун ягона қўлланма — бу илоҳий ваҳийдур.
Илоҳий ваҳий эса пайғамбарларга юборилган бўлади. Демак, қолган башар мана шу илоҳий ваҳий орқали адолат мезонини билишга эга бўлган пайғамбар кўрсатмасини ўрганишлиги керак. Ўрганганда ҳам ҳеч қандай ўзининг раъйига ёпишиб олмасдан, кўрсатмани ўз хоҳишига қараб ўзгартирмасдан тўғри ақл ва соғлом қалб билан ўрганмоғи керакдур. Мана шундай соғлом қалб билан пайғамбар кўрсатмасини эгаллаган Абу Бакр каби зот дунёда ҳукмдорлик даврларида адолатни асл мағзини кўрсата олишга муваффақ бўлаолдилар. Ҳукмдорлик кўзларини пардалаб, ақлларини ҳою-ҳавас занжирига кишанлаб қўя олмади. Негаки, у жаноб пайғамбар кўрсатмасини қалбларига тўғри жойлаб олгандилар, Мана шу кўрсатмадан на ҳукмдорлик даврларида ва на оддий фуқаролик даврларида четга оғмадилар.
Дунёнинг мафтункор матолари ақлларини ўғирлаб, ўзларини орқасидан эргаштираолмади. Чунки ҳар бир босган қадамлари пайғамбар кўрсатмасига биноан бўларди. Натижа кутилганидек бўлиб чиқди. Олам аҳли қалбида ўчмас из қолдира олдилар. Буларнинг барчасига энг аввало пайғамбар кўрсатмасини дастурил амал қилганликлари билан эриша олдилар. Демакки, қачон бир миллат ва шахс ҳаёт оламида нажот муваффақият йўлини тутмоқни истаса, пайғамбар кўрсатмасини ўзига асосий йўлланма қилиб олиши зарур бўлади. Бошқа шайтоний шахслар томонидан тузилган амал дастурлари кишилик жамиятини илал оқибатда ҳалокат жарига етаклаб келади. Ва мана шу ҳалокат жарига ташлаб юборади. Натижада олам саҳифасидан ном-нишонсиз ўчиб кетади. Баъзи бир даврларда кўзга ташқи томондан илгарилаб кетганга ўхшаса-да, ички томондан эса зил кетаверади.
Баҳорда ичи тушиб қолган қовун устидан қаралганда унча билинмасада, сўйилган пайтида сув бўлиб оқиб кетгани каби, пайғамбар кўрсатмаларини четга қўйиб, аллақандай шахслар томонидан тузилган кўрсатмаларни ўзларига асос қилиб олувчи миллатлар ҳам мана шу ичи тушган қовунга ўхшаб қолишади. Ичи тушган қовун ҳеч нарсага яроқсиз бўлиб бораверади. Тарих бундай ҳодиса ва воқеалардан беҳисоб бўлиб ўтганлигига гувоҳдир. Тарих бизга ибрат бўлиши керак. Бўлмаса биз ҳам ибрат бўлиб қоламиз. Келажагамизга ачинсак, авлодларимизга мурувват кўрсатмоқни истасак, ғафлат уйқусидан уйгонмоқлигимиз керак. Унгу сўлга ибрат назари билан боқиб домига тортаётган жарликдан қутулиш чорасини шошилинч равишда топишимиз даркор. Чора эса ягона, у ҳам бўлса пайғамбар кўрсатмаларидур. Ўтмиш боболаримиз мана шу кўрсатмага амал қилишиб юксак фазилат чўққиларини эгаллашган экан. Олий инсоний шарафни бутун оламга намуна тарзда кўрсата олишган экан. Бизлар ҳам қачон шундай олийликни истасак, шарафликни истасак, ўшалар амал қилган дастурга амал қилишимиз зарур бўлади.
Эй раббимиз, бизга мана шу кўрсатпш йўлингда юришлик пайтида етган қийинчиликларга сабр ато этган! Оёқларимизни ҳақиқатга етакловчи ҳақ йўлида баркарор айлагин! ОМИН!!!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларҲақиқий иймон8қисм Ҳазрат Абу Бакрнинг бир ёш қуллари бор эди. У ишлар, давоми...

4451 16:31 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМЎМИНЛАР АМИРИГА БАЙЪАТ17қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4342 21:49 / 20.04.2017
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толибга.Сен менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг,, давоми...

4261 19:38 / 21.04.2017
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

2455 17:01 / 04.11.2021
Аудиолар

119964 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41653 14:35 / 11.08.2021