1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Абдураҳмон ибн Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу

19:26 / 21.04.2017 3254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдураҳмон розияллоҳу анҳу Абу Бакр Розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғли бўлиб, жоҳилият даврида уни Абдул-Каъба дейишар эди. Оиша розияллоҳу анҳо ва Абдураҳмон розияллоҳу анҳулар туғишган ака-сингил бўлганлар. Кейинчалик Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдураҳмон деб мурожаат қила бошладилар.  

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олтита фарзанди бўлиб, фақатгина Абдураҳмондан бошқалари отасидан кейиноқ Исломни қабул қилган эдилар. У эса Бадр жангида мушриклар томонида туриб иштирок этди. Уҳуд куни эса жанг олдидан яккама-якка курашиш учун мусулмонлардан ўзига рақиб чорлади. Унинг бу чақириғига отаси Абу Бакр розияллоҳу анҳу жавоб қилмоқчи бўлди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл қўймадилар.

  Ҳидоят нурлари Абдураҳмоннинг қалбини ёритди. У нур қалбни жаҳолат зулматидан қутқарди. Аллоҳнинг ҳидояти уни Мадина томон бошлади. Макка фатҳидан бироз олдин, Ҳудайбия сулҳи арфасида мусулмон бўлиш шарафи унга насиб этди. Бундан отаси Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу жуда кувонди. Ниҳоят унинг тунғич фарзанди Пайгамбар алайҳиссаломга эргашиб, саҳобалар қаторида ўзига муносиб жой эгаллади. Исломни қабул қилган Абдураҳмон розияллоҳу анҳунинг ҳаёти янги тус, янги мазмун касб этди. У мақтовга сазовор мусулмонлардан бирига айланди. У самимий, бир ишни амалга оширишда қатъият билан ҳаракат қиладиган, хушомаддан йироқ, ихлосли, солиҳ, доимо ҳақни айтадиган шахс эди. Абу Мусайяб ундан ҳечқачон ёлғон сўз, ҳаракат ва амаллар содир бўлмаганини айтади. Бу хислатларнинг барчаси ҳаётининг жавҳари эди. Мана шундай фазилатлари билан одамлар эътиборини, ҳурматини козонди. У Қурайш кавмининг ботири, моҳир мергани, ўз замонасида араб жазирасининг чавандози бўлиши билан бир қаторда, машҳур шоир ҳам эди. У зотнинг оиласи бошқаларда топилмаган бир фазилат билан ажралиб турарди. Яъни, унинг хонадонидан турт авлод: бобоси Абу Қуҳофа, отаси Абу Бакр сиддиқ, ўзи ва ўғли Абу Атиқ Муҳаммад розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлиш бахтига мушарраф бўлганлар.  

Абдураҳмон розияллоҳу анҳу ҳам отаси Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу сингари бор куч-қувватини мусулмонлар учун фойдали ишлар қилишга сарфлади. Ривоят килишларича, бир араб аёли Абдураҳмон розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, бундай шикоят килади: “Ҳузурингга баланд-пастликлардан иборат кенг ердан келдим. Чўл мени оздириб, суягимни мўртлаштирди ва ғамга ботириб юборди. Оилам ва болаларимдан жудо бўлдим. Шундан сўнг юртим менга торлик қилди. Бошпана берадиган қариндош ҳам, ҳимоя қиладиган қавмим ҳам йўқ. Мен араб маҳаллаларидан саховатпеша, айб-нуқсонлардан ҳоли, кўпларга яхшилиги теккан, сўраган кишини қуруқ қайтармайдиган инсон ҳақида суриштирдим. Сенга йўллашди. Ҳавозинлик бир аёлман. Шунинг учун ё шикоятларимни қондирасан, ёки юртимга жўнатиб юборасан”. Абдураҳмон розияллоҳу анҳу: “Барча сўраганларинг амалга оширилади”, деб айтди. 

Абдураҳмон розияллоҳу анҳунинг саботи ва қаҳрамонлиги Мусайлама каззоб ва муртадларга қарши жанг майдонларида катта рўл ўйнади. Аҳли риддани ҳимоя қилган Муҳаккам ибн Туфайлни енгиб тарафдорлари тарқалиб кетишига эришди. 

Абдуллоҳ ибн Нофе ибн Собит Жубайрий айтади: “Муовия одамларни ўғли Язидга мажбуран байъат қилишга чақирди. Абдураҳмон розияллоҳу анҳу бундан бош тортди. Бундан кейин Муовия унга минг дирҳам билан бир одамни юборди. саҳобий розияллоҳу анҳу уни рад этиб: “Мен динимни сотмайман”, деб Мадинадан чиқиб кетди”.  

Саҳобий розияллоҳу анҳу пайғамбар алайҳис саломдан саксонга яқин ҳадис ривоят қилган. Ундан ўттизтаси муттафақун алайҳ даражасига етган. У зот розияллоҳу анҳу ҳадисларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан, отасидан ва бошқа саҳобалардан ривоят қилган. Ундан ҳадисларни ўғли Абдуллоҳ, жияни Қосим ибн Муҳаммад, Абу Усмон ан-Наҳдий ва бошқалар ривоят қилганлар.

 Абдураҳмон ибн Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 53-сана, милодий 675-йили  Маккадан ўн мил узоқликдаги Ҳубшуй(баъзи манбаларда Ҳабаший) деган жойда  тўсатдан уйқусида вафот этди ва Маккага келтирилиб дафн этилди. Оиша розияллоҳу анҳо акасининг вафотини эшитиб зудлик билан Макка томонга йўл олди ва етиб бориб: “Агар олдингизда бўлганимда сизни вафот этган жойингизда дафн қилган бўлардим, йиғламасдим ҳам”, деган экан.  


Имом Бухорий номли Тошкент ислом

 институти 1-босқич талабаси

 Эргашов Ҳасанбой тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Тобарий Солим ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тайин қилинган давоми...

1928 16:03 / 31 январь
Рум императори Муовия розияллоҳу анҳуга шундай мазмунда мактуб жўнатди .Сиз билан Али ибн Абу Толиб орасида содир бўлган нарсани билдик. Биз ундан кўра сизни давоми...

1367 14:00 / 04.12.2022
Мадинада бир қудуқ бор. Исми Румоrdquo. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қудуқлари. 1400 йилдан бери суви тўхтамайди. Бугунги кунда Саудия Арабистони атрофмуҳит, давоми...

1766 11:00 / 29.01.2023
Бу улуғ саҳоба ҳақида кўп билсакда, яна такрортакрор ушбу шахснинг сиймосидан маълумот олгиси келаверади кишининг. Сарлавҳанинг ўзиданоқ ўқувчи қайси саҳоба давоми...

4196 11:21 / 13.02.2022
Аудиолар

120073 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41738 14:35 / 11.08.2021