1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1433

Абдуллоҳ ва дарвиш

16:02 / 19.04.2017 2870 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадим-қадим замонда Бағдод деган томонда Абдуллоҳ исмли бой бир йигит яшаган экан. Унинг ота-онаси савдогарлик билан шуғилланишар ва улар жуда бахтли яшашар экан. Аммо кунлардан бир куни Абдуллоҳнинг ота-онаси тўсатдан вафот этишибди. Яқинларидан айрилган бечора йигит жуда ёлғизланиб, қаттиқ қайғуга ботибди. Мол-дунёсини эса эътиборсиз, ҳисоб-китобсиз сарфлаб, кўкка совура бошлабди. Орадан хеч қанча вақт ўтмай, унинг кўзига кўп кўринган бойлик ҳам охирлабди. Шунда у ўзига-ўзи “Агар мен бойлигимни бундай сарфлашда давом этсам, тез орада ундан хеч вақо қолмайди-ку!”- дебди ва бор будини тўплаб, саксонта туя сотиб олибди. Бу туяларга у турли савдогарларнинг молларини ортиб, бир юртдан бошқасига етказиб бера бошлабди. Шу тариқа у яна ўз меҳнати билан бойлик орттирибди.

Кунларнинг бирида Абдуллоҳ туяларига молларни ортиб, Бағдод шахридан Басра томон йўлга чиқибди. У манзилга бориб, молларни ўз эгаларига тарқатганидан кейин саксонта туяси билан яна ортига қайтаётган экан, йўлида ажойиб бир масканга дуч келибди. У жуда чаргани сабабли “Бироз нафас ростлай” деб, ўша ерда тўхташга қарор қилибди. Энди жойлашган ҳам эканки, унинг кўзи йўлда келаётган бир дарвишга тушибди. Дарвиш Абдуллоҳнинг олдига келиб, унга салом берибди. 

“Қайерга кетяпсан?” деб сўрабди Абдуллоҳ дарвишдан. 

“Басрага кетяпман” дебди дарвиш унинг саволига жавобан. 

“Мен эса Бағдодга кетяпман” дебди Абдуллоҳ. Улар ўтириб суҳбатлашибдилар, сўнг бирга тушлик қилибдилар. 

Овқатланиб бўлишгач, дарвиш шундай дебди: “Мана бирга ўтирдик, тановвул қилди. Энди биз сен билан биродармиз. Биласанми, мен тилло ва қимматбаҳо тошларга тўла бир хазинани биламан. Сен шу бойликларни олиб кетишга менга ёрдам бера оласанми? Агар ёрдам берсанг, эвазига нимаики истасанг, бераман.” 

Абдуллоҳ бу гапларни эшитиб, ўзида йўқ хурсанд бўлибди ва унга розилигини билдирибди. “Унда, туяларингни бошла! Мен сенга ўша хазинани кўрсатаман.” дебди дарвиш. Улар узоқ йўл йуриб, ниҳоят, бир катта қоя олдида тўхтабдилар. Унинг ортида эса, тилло-ю зумрадларга, ёқут-у марваридларга тўла ўша хазина бор экан. Улар хазинадан кўзларига чиройли кўринган хамма нарсани олиб, туяларга ортибдилар. Улар энди жўнаймиз, деганларида дарвишнинг кўзи бойликлар орасидаги кичкина бир ёғоч қутичага тушибди ва  уни ўзи учун олибди. Сўнг улар яна ўзлари учрашиб қолган жойга қайтиб боришибди. 

“Хўш, берган ёрдаминг эвазига нима истайсан?”-деб сўрабди дарвиш.

“Ўзинг қанча хоҳласанг, шунча беравер.” деб жавоб берибди Абдуллоҳ.

“Унда, бу туяларни устиларидаги бойликлари билан тенг иккига бўламиз: менга қирқта туя, сенга қирқта.”

Абдуллоҳнинг шодликдан боши осмонга етибди, дарвишни қучоқлаб олибди. Бундай саҳийлик учун унга ташаккур билдириб, қўлларидан ўпибди. Хайрлаша туриб, улар бир-бирларига сиҳат-саломатлик тилашибди. Сўнг дарвиш Басрага, Абдуллоҳ эса Бағдодга йўл олибди. Аммо хеч қанча юрмасдан, Абдуллоҳ ўзига-ўзи дебди: “Бу дарвиш жуда очиқ кунгил ва саҳоватли экан. Агар яна ўнта туя сўраганимда борми, уни ҳам рад қилмас эди.” Сўнг Абдуллоҳ ортига қайтиб, бор овозда дарвишни чақирибди. Дарвиш ҳам ортига қайтиб, ундан нима хоҳлашини сўрабди.

“Мен қилган олийжаноблигинг учун сенга ташаккур билдирай деб қайтдим. Бундан ташқари, қирқта туяни бошқараётганинг учун сенга жуда раҳмим келди. Агар улардан ўнтасини менга берганингда, қолган ўттизта туя билан кетишинг анча осонлашар эди.” дебди Абдуллоҳ.

Дарвиш унга қараб: “Майли, истаган ўнта туянгни олақол. Оллоҳ йўлингни бехатар қилсин!” дебди.

Абдуллоҳ ўнта туяни олибди-ю, бундай саҳоватпешалик учун дарвишга рахмат айтиб, уни бағрига босибди, сўнг хайрлашибди. Унинг яна ўнта туяни қўлга киритганидан хурсандчилигининг чеки йўқ экан. Бироқ, яна озгина юрмай Абдуллоҳ ўзига-ўзи дебди: “Бу дарвиш ҳақиқатдан ҳам жуда саҳий ва очиқ кўнгил инсон экан. Истаганимни хеч бир тараддудсиз, иккиланишсиз адо этди. Агар ундан қолган туяларни сўраганимда ҳам берган бўлар эди. Ахир, унинг ёши бир жойга бориб қолган бўлса, бу туяларни бошлаб кетолмайди. Унинг устига, дарвиш бўлса, унга бу бойликларнинг хеч кераги йўқ.”  Абдуллоҳ бу сафар ҳам ортига қайтиб, дарвишни чақира бошлабди. Дарвиш ҳам орқасига қайтиб, ундан:

         “Мендан яна нима хохлайсан?” деб сўрабди.

Шунда Абдуллоҳ унга жавобан: “Сен Оллоҳ йўлида риёзат чекиб, унга ибодат қилувчи обид бўлсанг, бундай кўп мол-дунё сенинг ибодатинга зарар етказар эканми деб, қўрқяпман. Агар қолган туяларни ҳам берганингда, сенга жуда осон бўлар эди. Фақат ибодатинг билан машғул бўлар эдинг.” дебди.

Дарвиш ним табассум билан: “Майли, биродар, буларни ҳам олгин-у, йўлингда давом эт. Оллоҳ таолонинг ўзи молларингнинг баракасини берсин.”деб жавоб берибди.

Бироқ  Абдуллоҳ яна озгина юрмасдан ўзига-ўзи дебди: “Нима сабабдан дарвиш хеч иккиланмасдан ҳамма туясини менга беришга рози бўлди экан? Агар у ҳазинадан олган ўша кичкина қутича бу ердаги жаъми бойликлардан қимматроқ бўлмаганида, у бунга асло рози бўлмас эди. Шундай экан, нима қилиб бўлса ҳам ўша қутичани ундан олишим керак. Мабодо, у бунга унамаса, куч ишлатиб кўраман. Шунда ҳам ўз фикридан қайтмаса, у ҳолда уни ўлдираман.” Шу хаёллар билан дарвиш томон шошилган Абдуллоҳ уни кўргач, шундай дебди: “Сен ҳазинадан кичкина қутича олган эдинг. Унинг қандайдир каромати бўлса, мени ҳам воқиф эта оласанми?”

“Бу - жуда ажойиб қутича. Унинг ичида бир малҳам бор. Агар бу малҳамдан кишининг чап кўзига суртилса, у ер юзидаги жаъми ҳазиналарни кўради. Мабодо ўнг кўзга суртилса, иккала кўз ҳам кўрмай қолади.”

Шунда Абдуллоҳ дарвишга: “Сен жуда саҳоватли ва пок қалбли инсонсан. Сендан илтимос қилиб сўрайман, гапларинг тасдиғи учун менинг ҳам чап кўзимга шу малҳамдан суртиб қўй!”,  -дебди. 

Дарвиш унинг илтимосини адо этибди ва Абдуллоҳ шу заҳоти дунёдаги барча ҳазиналарни кўрибди. Улар тилло-ю қимматбаҳо тошларга лиммо-лим экан. Абдуллоҳнинг шодликдан кўзлари чақнаб кетибди. Айни пайтда унинг бу воқеага ишонгиси ҳам келмабди. Абдуллоҳ ўзича: “Агар биргина кўзга суртганда, бутун дунё хазинаси кўринса, унда иккала кўзга ҳам суртилса нима бўлар экан? Балки, дарвиш мени алдагандир, иккала кўзимга суртишдан қизғанган бўлсачи?!”,- деб ўйлабди ва дарвишдан иккинчи кўзига ҳам малҳамдан суртиб қўйишни илтимос қилибди. 

Дарвиш Абдуллоҳга бунинг зарарини тушинтириб, унинг мудхиш оқибатидан огоҳлантирибди. Абдуллоҳ эса, “дарвиш мени алдаяпти” деб ўйлаб, ўз фикридан қайтмабди. Биродари унга қанчалар насиҳат қилмасин, у барибир қайсарлик қилаверибди.

Дарвиш тушинибдики, Абдуллоҳ унинг сўзларига барибир ишонмайди. Устига-устак қўлга киритган шунча мол-дунёсига ҳам қаноат қилмаяпти. У бундан қаттиқ ранжиб: “Ҳозир очкўзлигинг оқибатини ўзинг кўрасан.”,-дебди ва Абдуллоҳнинг ўнг кўзига ҳам малҳамдан суртибди. Натижада унинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолибди ва кучли оғриқдан дод солиб юборибди. Дарвиш эса, унинг очкўзлиги ва қайсарлиги туфайли хеч қандай мехр-шафқатга лойиқ кўрмай, ёлғиз ўзини қолдирибди. Шунингдек у саксонта туяни ҳам хайдаб кетибди. 

Абдуллоҳ эса, кўзлари ожизлиги учун йўлдан адашиб, Бағдодга қайта олмабди. У бошига тушган кўргиликлар ҳақида ўйлар экан, ўз очкўзлиги ва баднафслигидан чурур надомат  чекибди. Шу пайт унинг олдида бир шер пайдо бўлиб, унга ташланибди ва уни еб қуйибди. Шундай қилиб, Абдуллоҳдан ном-нишон қолмабди.


Араб тилидан Тошкент Ислом университети 

2 курс талабаси Баҳодир Хўжаев таржимаси.


Манба: Н. Б. Ковыршина, «Арабский язык. Домашнее чтение», изд.  2-ое, Муравей, Москва, 2004.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
УЧРАШУВ Атрофга зулмат ўз рўмолини ёйган, кўчакуйда одамлар кун аввалидаги харакатларини такрорларди. Кундузги иссиқ тафт сабаб бўшаб турадиган хиёбон давоми...

3002 16:00 / 19.04.2017
Одам ҳаёти давомида ҳар хил зарар кўриши мумкин. Кимдир савдода, кимдир деҳқончиликда, яна кимдир бошқада. Шуларнинг ичида ҳаётда кўп учрайдиган ва кўпчиликнинг давоми...

4774 16:13 / 19.04.2017
1БОБ. ДИНДА АВЛИЁЛИК ТУШУНЧАСИНИ ЎРГАНИШНИНГ МЕТОДОЛОГИК АСОСЛАРИ1.1 . Қуръони Каримда Авлиёrdquo тушунчасининг ёритилишиБиз динимизда авлиёлик тушунчасиrdquo ва давоми...

9378 16:05 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда quotНуҳquot сурасининг 1012 оятларида Нуҳ алайҳис саломнмнг тилидан quotБас, дедимки .Раббингиздан давоми...

4613 16:15 / 19.04.2017
Аудиолар

120053 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41722 14:35 / 11.08.2021