28 18.04.2017

1.Ақлсизлар.
2.Илм ва ақл тақозоси.
3.Ҳиссиёт.

"Ўзида йўқ одам бировга беролмайди" деган инкор қилинмайдиган қоида бор. Нотиқдаги иймон ҳарорати заифлашгани сари бунинг таъсири инсонларга тақдим қилаётган ваъзида кўриниб қолади. Аслида нотиқга энг муҳим бўлган вазифа гапириш эмас, балки ўзи иймон келтирган, вужудига нурлари аралашиб кетган рисолат (етказишлик лозим бўлган вазифа) ни адо этишдир. Нотиқ гапирадиган бўлса инсонларга нақл қилиш керак бўлган нарсани эмас, балки ўзи шунинг таъсири остида бўлган нарсаларнигина гапириши керак.Даъватчилар, нотиқларнинг барчаси инсонларни яхшиликка чақирадилар. Нотиқ инсонлар оммасига тақдим қилаётган даъватларидан ўзи ҳам манфаат олиши керак. Эзгулик негизлари уни ич-ичига кириб бориши, коинотдаги энг буюк нарса - Ислом руҳониятини ўзида ҳосил қилиб, унинг нурлари билан порлоқ шахсиятга айланиши лозим. Бу нарса мана шу иш билан шуғулланаётган ҳар бир ақлли кишида содир бўлиши шартдир. Мана шу сабабдан Аллоҳ таоло инсонларни яхшиликка буюриб, ўзини эсдан чиқарадиган кимсаларни ўзларини буюк хатарга қўяётганликлари учун "Ақлсизлар", деб танбеҳ беради. Таъкидлаб ўтиш жоизки, нотиққа қилаётган ваъз насиҳатларидан келиб чиқадиган энг катта фойда ўзи даъват қилаётган хулқларнинг унинг ўзида мужассам бўлишлигидир. Қуйидаги ибораларда Бақара сурасидаги Аллоҳ таолонинг "Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизу, ўзингизни унутасизми?!" (Бакара сураси 44-оят) деган сўзи ҳақидаги муфассир ва уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.
Имоми ибн Касир бу оятни мана бундай тафсир қилган:
"Эй китоб аҳли, инсонларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни эсдан чиқаришлик сизларга ярашадими? Китобни тиловат қиласизлар, унда Аллоҳни буйруқларини бажармаган одамга қандай уқубатлар етишини биласизлар. Нима учун инсонларга айтаётган нарсаларингизни ўзларингиз қилмайсизлар? Ақлни ишлатмайсизларми? Бу кетишда қай аҳволга тушасизлар?! Кўзларингизни очинглар. Уйқудан уйғонинглар!".
Қатода р.а. бу ҳақда шундай дейди: "Бани Исроил инсонларни яхшиликка, Аллоҳга итоат қилиб, тақводор бўлишга буюрар эдилар. Лекин ўзлари айттан сўзларини хилофини қилар эдилар. Аллоҳ таоло уларни айблаб, мана шу оятни нозил қилди.
Ибн Жариҳ "Аҳли китоб ва мунофиқлар инсонларни рўза ва намозга буюрар эдилар. Ўзлари эса буюрган нарсаларига амал қилмас эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга мана шу оят билан танбеҳ берди", деганлар.
Ибн Аббос р.а. бу оятни: "Инсонларни Муҳаммад алайҳис салом динига киришга, намоз ўқишга ва ўзларингга буюрилган баъзи ишларга чақирасизлару ўзларингни эсдан чиқарасизларми?",-деб тафсир қилганлар.
Ибн Касир гапларини қуйидаги фикрлар билан давом эттирадилар:
"Бу оятдан мақсад уларни инсонларга буюрган яхшиликларини ўзлари қилмаётганлари учун мазаммат қилиб, хато қилаётганликларига танбеҳ беришдир. Бу ерда улар яхшиликка буюрганликлари учун мазаммат қилинмаяпти. Чунки амру маъруф қилишлик ҳар бир олимга вожибдир. Олим одам буюрган ишини инсонлардан қолишмасдан улар билан бирга бажариши зарур.
Муфассир Шавконий эса бу оят ҳақида қуйидаги фикрларни билдирадилар:
"Аллоҳ таоло бу ўринда илмига амал қилмайдиган, яхшиликка буюриб, ўзлари қилмайдиган уламоларга қаттиқ танбеҳ бермоқда. Уларнинг инсонларни яхшиликка буюриб, ўзларини эсдан чиқариб қўйганликларини ноўрин ишлардан деб ҳисобламоқда. Улар одамлар жамоалари ичида туриб, мажлисларда нидо қиладилар. Бу билан улар ўз зиммаларига олган Аллоҳнинг ҳужжатларини инсонларга етказаётгандек, у баён қилишни буюрган ишларни бандаларига баён қилаётгандек, Аллоҳ уларга омонат қилиб берган нарсаларни халққа етказаётгандек бўлиб кўринадилар.
Ва ҳоланки инсонлар ичида бу ишларни энг кўп тарк қиладиганлар, унинг манфаатидан энг узоқ кимсалар уларнинг ўзларидир.
Сўнгра бу жумла сўнгидан уларни ҳолини равшан қилувчи, айбларини кашф қилувчи, сатрларини очиб ташловчи бошқа бир жумлани келтирмоқда.
яъни: Улар бу хунук ишлари ва ярамас хислатларини била туриб, ўзларига нозил қилинган китобни тиловат қилиб, унинг ҳукмларидан хабардор бўлган ҳолларида қилмоқдалар. Улар бу қилмишларида Маъаррий ўз шеърида айтгандек йўл тутмоқцалар: "Таврот ўқигувчиларни унга қизиқтирган нарса, фойдаларни қўлга киритмокдир. Уни ўқишга бўлган муҳаббат эмас".
Сўнг Парвардигори олам танбеҳ устига танбеҳ, таъна устига таъна юбориб, уларни маломат қилади.
"Сизлар аҳли илм, ҳужжат соҳиби ҳамда Аллоҳнинг китобларини таълим берувчи кишиларсизлар. Бу сифатлар сизларда топилмаган тақдирда ҳам сизларда ақл бор, оқиллардан бўлганингизни ўзиёқ, сизлар билан бу ноўрин ишларни орасини тўсиши, бу ишлардан сизларни қайтариши ва ҳимоя қилиши керак эди. Хўп, илмларингга амал қилмабсизлар, нима учун ҳеч бўлмаса ақл тақозосига кўра иш тутмадинглар?!" (Фатҳ ул-Қодир, 90-бет.)