36 18.04.2017

1. Воизнинг сийрати.
2.Ваъз қилиш одоблари.
3.Хутба.

Воизнинг (хатибнинг) ваъз насиҳати мазмунли ва инсонларга таъсирли бўлиши учун унинг ўзида бир неча шартлар топилиши керак. Қуйида хатиб ўзи қандай инсон бўлиши кераклиги ҳақида мўътабар китобларда келтирилган сўзлар зикр қилинади:
Воизнинг сийрати
1. Ваъз қилувчи инсон аввало ўзи солиҳ бўлмоғи керак. Чунки у солиҳ бўлмаса инсонлар унинг ёнидан кетиб қоладилар. Натижада оламнинг бузилишига сабаб бўлади, сўзи эса инсонлар қалбидан жой ололмайди.
2. Воиз диёнатли бўлмоқлиги, ўзининг наздида саҳиҳ бўлмаган ҳадисларни инсонларга гапирмаслиги лозим. Чунки Али р.а. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
"Кимки ўзининг ёлғон гапираётганини билиб туриб гапираверса демак у ёлғончиларнинг биридир".
3. Илм мажлисини одамлар малолланиб қоладиган даражада чўзиб юбормасин. Бу нарса илм баракасини кетишлигига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. дан ривоят қилинади:
"Қалбларнинг тетиклик, қизиқишлик ва воизга юзланишлик вақти бор ҳамда юз ўгиришлик пайти бордир. Шундай экан инсонлар сенга қалбан юзланиб турган муддатда гапиргин”.
4.Инсон камтарин, мулойим бўлмоғи даркор мутакаббир, дағал ва тошбағир бўлмаслиги керак.Чунки камтаринлик ва мулойимлик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нинг хулқидандир.
5. Қачон одамларга намоз, рўза, садақа фазилатларидан бирор нарсани айтишликни хоҳласа аввало ўзи ушбу айттан сўзларга амал қилмоғи лозим бўлади. Токи у ушбу оятда зикр қиинганлардан бўлиб қолмасин;
“Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизу, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?” (Бақара сураси 44 оят)
"Эй, иймон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қилмадик деб) айтурсиз". (Саф сураси 2 оят)
6. Воиз Қуръон тафсири, ҳадис, фақиҳлар сўзларини билмоғи керак. Али р.а. одамларга сўзлаётган бир кишини кўрдилар ва унга: "Носих ва мансухни биласанми? (ажрата оласанми?)",-дедилар.
"Йўқ", деб жавоб берди.
"Ҳалок бўлибсан ва одамларни ҳам ҳалок қилибсан", дедилар.
7. Воиз одамларга гапираётганда фақатгина битта одамга қараб эмас, балки ҳаммага қараб гапириш керак. Ҳабиб ибн Аби Собит р.а. дан ривоят қилинади. У зот:
"Гапираётган (воиз) юзи билан битта одамга юзланиб гапирмасдан ҳамма одамларга қараб сўзлашлик суннатдир",-деганлар.
8. Таъмагир бўлмаслиги. Зеро, таъма инсонни хор қилади, юз кўркамлигини ҳамда илмни кетказади. Лекин ўзи сўрамасада, бирор киши унга бирор нарса берса, олишлигида зарари йўқ.
9. Ваз қилиш мажлисида хавф (қўрқинч) ва ражо (умид)ни баробар гапирсин. Буткул хавф ёки буткул ражо ҳақида гапирмасин . Чунки бу ишдан қайтарилган.
10. Ниятни чиройли ва саҳиҳ қилиш, яъни холис Аллоҳ ризолиги учун бўлиб, дунё манфаати, таъма, обрў, шуҳрат кўзланмаслиги ва риё, сумъа, ужбдан сақланишлиги лозим.

Ваъз одоблари

Энди эса ваъзни ташкил қилиш одобларини умумий ҳолда келтириб ўтамиз.
1 -Таъаввуз, тасмия ва Қуръон дуоларини айтиб сўз бошлаш.
" Ҳар бир эътиборли, аҳамиятга молик иш Аллоҳ исми билан бошланмас экан у (баракадан) кесилгандир" ҳадиси бунга ёрқин далил бўлади.
2 -Ҳамд ва сано билан бошлаш
З -Мавзунинг луғавий ва шаръий(ёки истилоҳий) маъноларида тўхталиш ва улар орасидаги ўзаро боғлиқликни ёритиб бериш.
4 -Мавзу ҳақидаги Қуръони карим оятларига тўхталиб ўтиш ва бу ҳақда ривоят қилинган ҳадисларни келтириш.
5 -Ўтган улуғ мужтаҳид олимларнинг фикрларини билдириш.
6 -Салафи солиҳлар, ҳакимлар ҳикматли сўзларидан ва ҳаётларидан намуналар келтириб ўтиш.
7 -Мавзуга тааллуқли ҳикояларни баён қилиш.
8 -Ҳозирги замон билан мавзуни ўзаро боғлашлик.
9 -Дуо ва салом билан мавзуга якун ясаш.

Шу ўринда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваъз қилишларидаги айрим хусусиятларини келтириб ўтамиз.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозлари

1. Тингловчига кўра овоз танлашлари: Набий, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, тингловчиларнинг олдинда турганларини безовта қилмайдиган, орқа қатордагиларга ҳам эшитиладиган бир овоз танлашга аҳамият берганлар. Бу мавзуда келган нақллардан баъзиларини эслаймиз:
а) Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, кечалари асҳоби суффа ёнига келганларида ухлаганларни уйғотиб юбормайдиган, уйғоқларгагина эшитиладиган қилиб салом берганлари бизга маълум:
Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, майин овозда салом беришлари тингловчини безовта қилмаслик одобларидан эди;
б) Хитоб учун оёққа туришлари, минбарга чиқишлари, улов устига ёки баландроқ бир жойга чиқишлари ҳам тингловчилар у кишини қулай кўрсинлар, ҳам овозларини
ҳамма бемалол эшитсинлар, деган мақсаддадир;

2. Мавзуга қараб овоз танлашлари: Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Қуръон ўқиётганда баъзи оятларда овозларини баланд ёки секин чиқарганлари каби, суҳбатлашаётганда ҳам мавзуни аҳамиятини урғулаш учун овоз танлашга риоя қилганлар.
Авф ибн Молик ал-Ашжаий дейдилар: "Расулуллоҳнинг, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, ёнларида ўтирган эдик. "Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?",-дедилар. Саволларини (биздан жавоб олавермагач) уч марта такрорладилар. Қўлларимизни узатиб: "Ё, Расулуллоҳ! Биз сизга байъат қилган эдик. Энди нима хусусида байъат
беришимиз керак?",-дедик. У киши: "Аллоҳга қуллик қилиш, Унга ҳеч бир нарсани шерик тутмаслик, беш вақт намозни ўқиш..."-дедилар. Сўнгра шивирлагудек бўлиб
қўшиб қўйдилар: - ҳеч кимдан бирон нарса истамаслик учун байъат этинг".

3. Овозларининг оҳанги: Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, овоз оҳангига ҳам кераклича аҳамият берганлар. Бирон бир ишдан ёки сўздан мамнун бўлганларини ёки хушламаганларини юз ифодаларидан англаш мумкин бўлганидек, овоз оҳангларидан ҳам аниқласа бўларди.
а) Жобир ибн Абдуллоҳ дейди: "Отамдан қолган қарз масаласини сўраш учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига бордим. Эшикни тақиллатдим.
"Ким у?!", деб сўрадилар.
"Мен", дедим. Хушланмаганлари сезилиб турган оҳангда : "Мен, мен..." дедилар".
б) Сафар чоғи дарахт соясида ёлғиз ухлаб ётганларида бошлари узра қилич кўтарганча уйғотиб: "Энди сени мендан ким қутқара олади?" деган кимсага, битта сўз билан
"Аллоҳ!" дейишларида ҳам овозлари оҳанги шундай қаттиқ, кескин, метин бўлган эдики, бадавийни шошириб, қўлидан қиличини тушириб юборишигача сабаб бўлган;
Хитобатларидаги ҳаракатлари
Набий, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, хутбаларини лозим бўлганида турли хатти-ҳаракатлар билан дастаклаганлар, шу тариқа жамоатнинг мавзуни янада яхшироқ қабул қилишини таъминлаганлар.

Бармоқ ва қўл ҳаракатлари

1."Мўминлар бир-бирини суяб турган ғиштлар кабидир", дер эканлар, бармоқларини жуфт қилиб кўрсатганлар.
2." Қиёмат билан сизларнинг орангизда мана шунча масофа қолган бир пайтда мен пайғамбарлик вазифаси билан юборилдим", дер эканлар, кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқлари орасини хиёл очиб кўрсатганлар.
3."Ой шунча, шунча, шунчадир", дея иккала қўлларини очиб ўнта бармоқлари билан уч марта ишора қилиб, ойнинг ўттиз кун эканини тушунтирганлар.

Вужудларининг ҳаракати

Жаъфар ибн Абу Толиб Хайбар фатҳ этилган куни ҳижратдан қайтиб келдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, унинг икки кўзи орасидан ўпиб қучоқлаганлар: "Қай биридан кўпроқ қувонай - Хайбарнинг фатҳиданми ёки Жаъфарнинг келишиданми...",-деган эдилар.

Ҳасса билан қилган ҳаракатлари

Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, кўпинча олиб юрган ҳассалари билан баъзи ишораларни қилганлар. Минбардан туриб суҳбат қураётганларида ҳассаларини минбарга уриб: "Бу Тоййибадир (Мадина шаҳридир). Бу Тоййибадир. Диққат қилинг: буни (Дажжолни Макка ва Мадина шаҳрига кира олмаслигини) сизларга тушунтирган эдим", деганлари; фақир мусулмонлар учун келтирилиб масжид устунига осилган сифатсиз хурмо шингилини ҳассалари билан туртиб: "Бу садақанинг эгаси истаса бундан яхшироғини садақа қилиб бера оларди", дейишлари ҳамда қурий бошлаган бир дарахт баргларини ҳассалари билан уриб тўкарканлар, буни гуноҳларнинг тўкилишига мисол қилиб кўрсатишлари шундай ҳаракатларга киради.