197 17.05.2017

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ


يُخَادِعُونَ اللّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلاَّ أَنفُسَهُم وَمَا يَشْعُرُونَ

Бақара 9. Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдарлар.

Яъни мунофиқлар қалбларида иймон бўлмаса ҳам, ёлғон даъво ила Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўладилар. Лекин бундан кимга фойда, кимга зарар? Зарар ўзларига-ку. Демак, улар сезмаган ҳолда ўзларини ўзлари алдамоқдалар. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсани билиб турувчи Зотдир, Уни алдаб бўлмайди. Мўминларнинг ҳимоясини эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам ушбу оятда «Аллоҳни ва иймон келтирганларни», деб уларни Ўзи билан бир сафга қўймоқда.

Демак, мўмин-мусулмонларга душманлик Аллоҳга душманлик билан баробардир.