400 20.05.2017

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ قَالُواْ إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ

Бақара 11. Ва қачон: «Ер юзида бузғунчилик қилманг», – дейилса, «Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз», – дерлар.

Мунофиқлар ўз табиатларидан келиб чиқиб, ер юзида фасод ишлар – кофирлик, гуноҳ, бузуқлик, зулм қиладилар. Агар уларга бу номаъқул ишлари эслатилиб, «Ер юзида бузғунчилик қилманг», дейилса, улар мазкур номаъқул ишларидан қайтиш у ёқда турсин, балки баланддан келадилар ва:

«Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз», – дейдилар. Яъни қилаётган фасодларини ислоҳ – яхшилик деб даъво қиладилар.

Аммо уларнинг гаплари пуч. Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб туради. Уларнинг асл баҳосини У Зотнинг Ўзи беради.

Ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳи Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши ушбу оятни ўқиб туриб, «Бу оятнинг аҳли ҳали-ҳануз келганлари йўқ», – деган эканлар.