668 06.12.2017

Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг расули Муҳаммад алайҳиссаломни барча халойиқларга раҳмат қилиб юборган.
Бу ҳақида айтилган Аллоҳ таолонинг сўзини сизлар ўқигансизлар:
«Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё, 107).
Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломни оламларга раҳмат қилиб юбориши, у киши тили ва ҳаёт тарзи билан раҳм-шафқатни ўргатувчи муаллим бўлишлари ҳайрон қиладиган нарсалар эмас. 

Аллоҳ таоло бизларга ўзининг пайғамбарини ўзимиз учун эргашадиган йўлбошчи қилиб олишимизни буюрган.
«Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб, 21).
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бир-бирларига меҳрибон бўлишларини огоҳланитирган ҳадислар, шунингдек, раҳм-шафқатли бўлишларига чақирган чақириқлар жуда кўп. Мен ушбу ҳадислардан айрим намуналарини айтиб бермоқчиман.
Ҳадисларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Раҳмлиларга Раҳмон раҳм қиладир. Ер юзидаги кишиларга раҳм қилинглар. Сизларга осмондаги (улуғликдаги) зот раҳм қилади».
Икки шайх ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар:
«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди». 
Расулуллоҳ ушбу ҳадисни ўзларининг набиралари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуни ўпган мажлисда айтган эдилар. Ақраъ ибн Ҳобис деди:
«Менинг ўнта болам бор, мен уларнинг бирортасини ҳеч ўпмаганман».
Шунда Расулуллоҳ: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», дедилар.
Яна бир ривоятда:
«Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим», дейилган.
Кейин Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари буюраётган нарсани ўзларининг ҳаёт тарзларига татбиқ қилишда бошқаларга намуна бўлганлар. Каттаю кичик, эркагу аёл, мўминлару ғайридинлардан иборат ҳамма одамлар билан бўладиган муносабатларда ўрнак эдилар.
У зотнинг мўминларга нисбатан меҳрибонликлари раҳм-шафқат ва доимий гўзал муомалада кўринар эди. Мўмин бўлмаган ғайридинларга нисбатан меҳрибонликлари уларни доимо Аллоҳ таолонинг динига чорлашда ҳамда уларга қиладиган мавъиза ва насиҳатларида намоён эди.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибонлик кўринишларидан буюк бир намунадир. Расулуллоҳнинг насиҳатларини рўёбга чиқарувчи ва ўзларининг ҳаётларига татбиқ этишда барчага намуна бўлувчи уммат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати тўрида ва унинг қарамоғида ҳаёт кечириши аниқ.
Ўрталарида меҳру шафқат тарқалган уммат ҳеч қачон бахтсизлик ташвишларини бошидан ўтказмайди.

Аллоҳ таоло машаққат ва қийинчиликлар кўрсатаётган уммат ўзининг аҳволига қараши лозим. Ва яна бу қийинчиликлар уларнинг Расулуллоҳ насиҳатларидан оғишганлари ҳамда у зотнинг йўллари ва услубларидан узоқлашганлари учун бўлаётганини билишлари лозим. Мусулмон одам ўзининг ҳолини мана шундай ёндашув билан назорат қилиб бориши энг муносиб ва диққатга сазовор ишдир. Расулуллоҳнинг саҳобалари буни қойиллатиб бажарар эдилар. Улар қийинчиликлар олдида ўзларини сўроқ-саволга тутардилар. Тобеъинлар ва улардан сўнг келган табаъ тобеъинлар ҳамда улардан кейинги салафи солиҳларнинг ҳаммалари ҳам ана шу ҳолатда бўлганлар.
Бугун биз, эй дўстларим, ўзларингиз кўраётгандек, қатор ташвишларни бошимиздан ўтказяпмиз. Балки, мен ўзимнинг ўтган ҳаётимда мутлақо ўхшашини кўрмаган қийинчиликлардан қийналяпмиз.
Ўзингиз кўряпсиз, қишга ва унинг қолган кунларига ўз ҳукмини ўтказиш учун ёз фасли анча чўзилиб кетди. Сизлар яхши биласиз, аҳвол шундай давом этса, ҳалқумларни ташналик тутиши аниқ. Айрим одамларнинг наздида қиймати бугун кўринмайдиган сувнинг баҳоси ортиб кетиши тайин. Аҳвол шу тарзда кетса, бир коса сувнинг баҳоси ялтироқ тилло жавҳарлар қийматидан ҳам кўпроқ бўлишини биладиган кун келиши аниқ.
Агар биз Расулуллоҳ ўргатганларидек, кўпчиликлашиб одоб билан шариати Исломда кўрсатилган истисқо намозини ўқиб Аллоҳ таолога илтижо қилишни истамасак, унда бунинг бошқа давоси ҳам бор. Бу даво бизларни бир-биримиз билан ўзаро меҳру шафқатли бўлишимиз ва ушбу меҳрибонлик алоқасини ўртамизда кенг тарқатишимиздир.
Катталар кичикларга, бой камбағалга, кучли кучсизга меҳрибонлик қилади. Ишончим комилки, агар бу уммат бир-бирларига ўзаро меҳрибон бўлса, Аллоҳ таоло, албатта, уларнинг устига турли эҳтиромларини ёғдиради.
Ва яна мен шуни биламанки, Аллоҳ таоло ўзининг ҳақларини кечиб юборади, лекин бандаларнинг бир-бирларидаги ҳақларини кечмайди.
Мен бир қоидани жуда кўп такрорлаб келаман. Бу фиқҳий машҳур қоида бўлиб, унда шундай дейилган:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳақлари кечириш устига қурилган. Аммо бандаларнинг ҳақлари даъволашув устига қурилган».
Аллоҳга илтижо қилиш – Аллоҳнинг ҳақларидан бири, лекин бойнинг фақирга ғамхўрлик кўрсатиши, кучлининг кучсизга меҳрибон бўлиши, кучлининг ожизга шафқатли бўлиши бандаларнинг ҳақларидандир.
Агар инсонлар ўзларининг ўрталарида юрган ҳақларини бажарсалар, Аллоҳ таоло бизларнинг бўйнимизга боғлаб қўйган Ўзининг ҳақларидан кечиб юбориши эҳтимоли каттадир. Билингки, у Аллоҳ таолога ҳақиқий илтижо қилишдир. Нима учун биз бир-биримизни Расулулоҳ буюрган раҳм-шафқатга чорламаймиз?
Ҳой дўстларим! Кошки, бу ҳадис ушбу муборак шаҳардаги бу уммат мисолида намоён бўладиган ҳар бир жамоатнинг қулоқларига етиб борса. Кошки, Расулуллоҳнинг меҳру шафқат тўғрисидаги насиҳатлари уларнинг қулоқларига кирса. Кошки бу насиҳатлар вақт ўтмай туриб бир-бирларига меҳру шафқат кўрсатишлари учун уларнинг қулоқларидан қалбларига қараб юрса.

Албатта, биласизки, бизнинг шаҳримиз қайғу ва ташвиш уйғотадиган зиддиятларни бошидан ўтказмоқда. Сиз атрофга қараб ўй-хаёлингизга ҳам келмайдиган кўпдан кўп бойликни учратасиз. Унинг ёнида фақирлик ва қашшоқлик каби оғир аҳволни кўрасиз.
Албатта, сиз баланд уйларда неъматлар қуршовида ҳаёт кечираётган кишининг ҳолини мулоҳаза қила оласиз. Бу инсоннинг ёнгинасида бошқа бир оила ҳам бўлиб, у ўзига бошпана учун кичик бир кулбани ва ўзини ўраб турадиган уйни қидиради, аммо у бундай уйни топа олмайди.
Бу каби кўриниш ва зиддиятлар шаҳримизда мавжуд ва тўлиб-тошган.
Агар бу ерда ўзаро раҳм-шафқат бўлганида, бу каби зиддият ва фарқларнинг бирортасини учратармидингиз? Йўқ, асло, Аллоҳ асрасин, бундай фарқни учратмайсиз.

Нима учун Мустафо алайҳиссалом бизларни меҳр-шафқатли бўлишга буюган? Нима учун Аллоҳ бизни бир-биримизга меҳр шафқат кўрсатишга амр этди?
Ушбу ковакларни беркитишимиз учун. Ушбу зиддиятларни бартараф этишимиз учун. Ушбу умматни бир аъзоси бетобликдан оғриганда қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлган жасадга қайтаришимиз учун буюрди.
Демак, биз оғир мусибатни бошдан ўтказаяпмиз. Билингки, бу Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган меҳр-шафқатнинг йўқолишидир.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида:
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг» – деб турганидан кейин, озчиликнинг қиймати бўлмайди. Одамларнинг озлиги бузғунчини тузата олмайди ва қинғирликни тўғрилаёлмайди.

Энди иш шу тариқа давом этаверса, оқибат нима бўлади? Инсонлар ҳамма нарсани ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида қурбон қилаверса, кўзлари ночорликдан қийналаётган яқинларини ва ҳалокатга олиб борувчи қийинчиликларни бошларидан кечираётган дўстларини кўрмаса, оқибат нима бўлади?
Расулуллоҳнинг ушбу сўзларини эшитган анави кишиларнинг ҳоли нима бўлади?
У зот айтадилар:
«Ён қўшниси оч эканлигини била туриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди». 
Натижа нима, эй дўстларим?
Натижа ушбу умматни бу ишларидан кейин қайғу ва ташвишларга итариб ташлашдир. Ана шунда бой билан фақир, кучли билан кучсиз ўртасидаги фарқни топа олмайсиз. Чунки агар Аллоҳ таоло бу умматдан ўз марҳаматини тортиб оладиган бўлса, ўзаро меҳр-шафқат қолмайди. Бойнинг бойлигини, ҳашаматли ҳаётга ўрганган эркатойлар эркалигининг бирорта маъноси қолмайди. Агар уларнинг ҳалқумларини ташналик тутса, уларнинг ҳашаматли уйлари ўзларига нима фойда беради?
Ҳой дўстим, тасаввур қилинг! Агар Аллоҳ бир одамга миллиардлар бериб, атрофида дунёни рақсга тушадиган қилиб қўйса-ю, сувга эҳтиёжи тушганда, бир қултум сув ичишдан маҳрум этса, бу хазиналарнинг бари унга нима қилиб бера олади?

Аллоҳ Товус ал-Ямонийни раҳмат қилсин.
Бир куни Ҳорун Ар-Рашиднинг мажлисида у ҳам бирга бўлган эди. 
У солиҳ ва катта уламолардан саналади. Ҳорун Ар-Рашид чанқаб бир коса сув келтиришларини талаб қилди. Сув келтирилди. Ичишни бошламоқчи бўлганида, Товус алайҳирраҳма унга: «Шошманг, эй мўминларнинг амири, яъни ичмай туринг!» деди.
У: «Хўп», деди.
Товус: Айтинг-чи, агар сиз чанқоғингиз устига мана шу бир коса сувдан тўсилсангиз, нима эвазига уни сотиб олган бўлардингиз?
Ҳорун: Қўлимдаги бор нарсам эвазига.
Товус: Ош бўлсин, ичаверинг.
Кейин у ичди. 

Товус: Эй мўминларнинг амири, агар сиз мана шу сувни танангиздан чиқиб кетишидан тўсилиб қолсангиз, нима эвазига уни чиқарар эдингиз?
У: Қўлимдаги бор нарсам эвазига.
Товус: Эй мўминлар амири, бир ҳўплам сув ичишга ҳам етмайдиган мулкда Аллоҳдан қўрқинг.
Кошки, ўз дўстларининг қийин ҳолатларидан қочиб юрган ушбу шаҳардаги бойлар Товус ал-Ямоний айтган ушбу ҳақиқатни тушиниб етсалар.

Ҳа шундай, агар бу умматни қайғу ва ташвишлар ўраб олса ҳамда ўзингиз кўриб турганингиздек, ҳаво шу тарзда (ёмғирсиз) қолса, бойлик ўз эгасига нима фойда бериши мумкин? Эркатойларнинг эркалиги ўзларига нима манфаат келтира олади? Уларнинг барчаси баробар бўлиб қолади. Улар саодатда эмас, бахтсизликда баробар бўладилар. Бу умматга ҳайронсан, у ўз олдида икки даво турса-да, ушбу давонинг биринчисига ҳам, иккинчисига ҳам мурожаат қилишни истамайди. Ваҳоланки, у қайғу ва ташвишлар шарпасини аста-секин яқинлашиб келаётганини кўрса ҳам, ушбу даволарга мурожаат қилмайди.
Биринчи даво Аллоҳга чиройли илтижо қилиш, бу ерда яна бошқа бир даво бор. У бир-биримизга ўзаро раҳм-шафқат қилишдир.
Агар биз Аллоҳ раҳм қилиши учун ўзаро раҳм-шафқат кўрсатишни истамасак ҳамда Аллоҳ таоло бизга эҳтиром кўрсатиши учун Аллоҳга илтижо қилмасак, бизни кутаётган натижа нима бўлади?
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
04 декабрь 1998 йил.

Шайхонтоҳур тумани, Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.
14 октябрь 2017 йил