3461 16.11.2017

Эътиборингизга бир неча хорижий нашрларнинг Ўзбекистон ҳақида ёзган мақолаларининг жамланмасини ҳавола этамиз.

Нью-Йоркда Сайфулло Соипов номли террорчи томонидан содир этилган терактлар ортидан ғарб, хусусан, Америка матбуоти сиёсий одобни бир чеккага суриб қўйиб, очиқчасига “Ўзбекистон террорчилар ишлаб чиқарувчи фабриками?” мазмунидаги сарлавҳали мақолалар эълон қила бошлади.

Бундай мақолалар ўқувчилар томонидан катта баҳсларга сабаб бўлди. Умуман, бундай терактлар ва улар ортидан юзага келадиган ОАВ пропагандаси ғарбда яшаётган мусулмонлар, хусусан, ўзбекистонликлар учун доим катта бошоғриқларга сабаб бўлади. Диаспоралар етакчилари, диний уламолар ҳар сафар чиқиб бу ваҳшийликларнинг исломга ва миллатга алоқаси йўқлигини уқдиришлари, бир телбанинг қилмиши учун бутун миллат, уммат ўзини дунё олдида оқлашга мажбур бўлиши аянчли. Аслида, бу адолатдан ҳам эмас. Зеро террорчининг дини ва миллати эмас, уни террорчига айлантирган муҳит ва сабаблар таҳлил қилиниши керак. Шундагина бундай жиноятларнинг такрорланмаслигидан умид қилиш мумкин. «Хаффингтон Пост» ва «Нью-Йорк Таймз» каби нашрлар эса террор сўзидан ҳам кўпроқ ўзбек, Ўзбекистон, ўзбекистонлик сўзларига урғу бериш орқали оловга мой сепишдан чарчамаяпти. Қуйида биз улардан фарқли равишда вазиятни диний ва миллий мансублик эмас, муҳит, шароит нуқтаи назаридан баҳолашга уринамиз.

Нь-ю-Йорк ўзбеклари Соиповни қарғашмоқда

Нафақат Нью-Йорк, балки бутун дунё ўзбеклари шундай қилишмоқда, десак ҳам хато бўлмас.

Истанбул, Санкт-Петербург, Стокгольм, мана энди Нью-Йорк...

Бир йилда 4 марта ўзбек (ўзбекистонликми ё этник ўзбекми – ҳозирча буни фарқламаймиз) номи террорист сифатида халқаро майдонда тилга олиниши кишини сергаклантирмай иложи йўқ. Нега бундай бўляпти? Ахир, Ўзбекистон тинчлик, барқарорлик юрти эканини бутун дунё эътироф этади-ку. Бу мамлакатда 2000-йилларнинг биринчи ярмидан бери бирон теракт содир этилгани йўқ. Демак, мамлакатда бунга қарши етарли чоралар кўрилган, хавфсизлик ва барқарорлик таъминланган. Ҳатто, Ўзбекистон 2009–2014 йиллар оралиғида ўз ҳудудида НАТОнинг шимолий кучлари учун жой берганда ҳам, бу юртда бирон террорчилик содир этилмади.  Покистонда жойлаштирилган худди шундай НАТО базаси эса муттасил терактларга нишон бўлиб келган. Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) тор-мор этилди, қолган-қутгани ҳам Покистону Афғонистонга сочилиб кетди. Шундай экан, қандай қилиб Ўзбекистон террористлар фабрикаси бўлиши мумкин?

Бу ўринда ушбу террорчиларнинг аксари аллақачонлар мамлакатни тарк этгани ёки асли Ўзбекистон фуқароси бўлмаганига эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчалангач, жангариларнинг аксари Сурияга боргани ва ИШИД ҳамда Ан-Нусра орасида тақсимлангани маълум. Маълумотларга кўра, сўнгги йиллардаИШИД сафида тахминан 10 минг хорижлик бўлиб, улардан 1-2 минги Марказий Осиёдан борганлар эди.

Уларнинг кўпи жангларда ўлдирилди, қолгани эса Афғонистон, Покистон, Ливия, Россия, Туркия каби давлатларга сочилиб кетди. Ўз ватани, қариндошлари билан алоқаларни йўқотган, ришталар узилган, бир сўз билан айтганда, улар аллақачон ўзбек эмас, уларнинг миллати йўқ, фақат бир сифати бор – террорчи. Юрт қайғуси, яқинлар соғинчидан мосуво, нуқул одам ўлдириб яшаётган шахс қандай қилиб бирон мамлакатга ё миллатга мансуб бўлсин энди? Унинг ватани – халқаро терроризм, миллати – шафқатсиз маҳлуқ, холос.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу категория энди Ўзбекистонга мансуб эмас ва Ўзбекистон учун бирон хавф ҳам туғдира олмайди.

Янги манбалар

Демак, ЎИҲ маҳв этилгач, Ўзбекистон ташқи дунёга террорчилар етказиб бермай қўйган. Аммо бошқа бир манба бор – меҳнат муҳожирлари. Биргина Россиянинг ўзида улар 2-3 миллионни ташкил этади.

Нью-Йоркнинг Колумбия университети тадқиқотчиси Жеймс Лемоннинг таъкидлашича, “Марказий Осиёлик инсонларни террорчилар сафига авраб олишлар асосан Россия ҳудудида амалга оширилади”.

Муҳожирларнинг кўпи яқинлари билан алоқасини йўқотган, рус халқига аралашиб, қўшилиб кета олмаган, натижада кибермайдонга кириб, ўша ердан ўзлигини қидлирган ва “авровчи манипулятор”лар тузоғига илинган. Устига устак, диний билимнинг етишмаслиги ҳам бор. Содда, ишонувчан, мулоқотга муштоқ ўзбеклар халқаро терроризм тузоғига осон илиниб, унинг қўлида қўғирчоқ бўлмоқдалар.

Туркия, Ғарбий Европа ёки АҚШга кетган ўзбекларнинг тақдири ҳам деярли шундай. Қўшма Штатларда 300 мингга яқин ўзбеклар яшайди. 2000-йилларнинг ўрталарига келибоқ улар Америкадаги диаспоралар орасида салмоғи ва ўзига хослиги билан ажралиб турадиган бўлишди. Кейинчалик улар орасида ИШИД таъсирига тушганлар ҳам пайдо бўла бошлади. Лекин булар Соипов каби Америкага қонуний йўл билан кетган, у ерда узоқ муддат яшаган ва ўша муҳитда радикаллашган инсонлардир.

2016–2017 йилларда терактлар содир этган террорчиларнинг биронтаси эски ЎИҲга тааллуқли шахслар эмас. Улар Европа давлатларида содир этилган терактлардан илҳомланиб, халқаро террорчиларнинг “аврови”га алданиб террорга кириб қолганлардир.

Ўзбекистонга келсак, бу ерда террор хавфи ҳам, зўравонлик ҳам йўқ. Сўнгги пайтларда соф Ислом ақидаси ёйилиб, халқнинг исломий билимлари оширилиши йўлида қатор тизимли ишлар амалга оширилиб келмоқда. Бугун ўзбек ёшлари ўзларининг мусулмон эканликларидан, исломий тарбия кўрганидан фахрланади.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда динга нисбатан сиёсатнинг янада либераллашгани кузатиб келинмоқда. Бир қанча исломий сайтлар, нашриётлар, нашрлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари фаолият юритмоқда. Уларда мўътадил ислом ғоялари ва аҳли сунна таълимоти асосида тарғибот ишлари олиб борилади ва билим берилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келиши билан эса бу ишлар янада ривожлантирилмоқда. Ислом ижтимоий ҳаётнинг муҳим қисми сифатида эътироф этилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон терроризм фабрикаси эмас, бу ерда на бир террорчи ташкилот, на бирон гуруҳ бор. Мамлакат ичкарисида террорчига айланиш учун муҳит ҳам, шароит ҳам йўқ. Бир томондан динга доир сиёсатнинг мунтазам либераллашиб бориши, мўътадил исломнинг рағбатлантирилиши, бошқа тарафдан хавфсизлик чора-тадбирлари ва барқарорлик туфайли мамлакатда террорчилар тайёрлаш муҳити умуман йўқ дейиш мумкин.

Европа ва АҚШдаги террорчилар – Ўзбекистон маҳсули эмас, балки унинг шўридир. Энди улар Европа ва АҚШнинг бош оғриғига ҳам айланмоқда.

Мақоламиз якунида ўз вақтида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият олиб борган, хусусан, жамоатчилик билан алоқаларга масъул бўлган Марк Аскуинонинг Соипов терактидан сўнг Фейсбукдаги саҳифасида ёзганларини келтирамиз:

“Ўзбекистон номи — янгиликларда. Аммо, афсуски, бунга ижобий воқеалар сабаб эмас. Оммавий ахборот воситалари автомашина билан амалга оширилган ва саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган кечаги мудҳиш ҳужум ҳақида ёзаркан, қотилнинг Ўзбекистондан (қонуний йўл билан) кўчиб келганига урғу бермоқда. 2001йил 11сентябрь фожиаси юз берган вақт мен Тошкентда эдим. Ўшанда АҚШда бўлган фожиа ортиданўзбекистонликларнинг бизга билдирган ҳамдардлиги ва кўрсатган меҳр-оқибатини ҳеч қачон унутмайман. Теракт юз берганидан кейинги бир неча соат ичида Америка элчихонаси гуллару ҳамдардлик мактубларига тўлиб кетган. Ўзбекистонликлар мен ва рафиқам билан кўришганда бу мудҳиш воқеадан афсусда эканликларини билдиришарди. Қурбонбўлганларорасидаўзбекистонликларҳам бор еди.

Мен илиқ хотиралар билан ёдга оладиган Ўзбекистон ҳурматга лойиқ ажойиб инсонларга тўла. “Грин кард” виза лотереяси кўплаб ўзбекистонликларнинг бу ерга кўчиб келишига, ўзининг меҳнаткашлиги, ватанпарварлиги ҳамд амаданияти билан ранг-баранг жамиятимизни янада бойитишига имкон берди. Ақлдан озган бир шахснинг қилмишини унга алоқадор бутун бир миллатга боғлаш нотўғри. Шунингдек, виза лотереясига раҳна солиш мақсадида бу воқеага сиёсий тус бериш ҳам шармандаликдир”.