1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаж бадал қандай амал

05:00 / 16.01.2017 3796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж бадал деганда бир кишининг бошқанинг ўрнига эҳромга кириб ҳаж арконларини бажариши тушунилади. Шариат кўрсатмаларига кўра бошқанинг ўрнига ибодатларни бажариш тўғрисида қуйидагиларни айтиш мумкин:


Ибодатлар адо этилиши жиҳатидан  учга бўлинади:

1. Баданий ибодатлар

2. Молиявий ибодатлар

3. Молиявий баданий ибодатлар.

    Баданий ибодатлар деганда намоз ва рўза каби бадан билан бажариладиган ибодатлар тушунилади. Баданий ибодатларни ҳар бир киши ўзи адо этиши шарт. Бирор кишининг намоз бадал, рўза бадал қилиши яъни ўзганинг ўрнидан бажариши мутлақо мумкин эмас.

    Молиявий ибодатлар деганда закот, ушр ва садақаи фитр каби мол билан бажариладиган ибодатлар тушунилади. Молиявий ибодатларда бадал қилса бўлаверади, яъни бошқанинг ўрнидан закотини бериб қўйишда ё ушрини бериб қўйишда ҳеч қандай монелик йўқ. 

     Молиявий баданий ибодатлар деганда асосан ҳам мол билан, ҳам бадан билан бажариладиган ҳаж ибодати тушунилади. Молиявий баданий ибодатни аслида ҳар бир киши ўзи адо этиши керак. Аммо ўзи адо этишдан ожиз қолган вақтда унинг ўрнидан бошқанинг бажаришига рухсат берилган.  

    Шариатимизда ибодатларнинг қабул бўлиши ундаги шартларнинг ҳамда фарз ва вожибларнинг тўлиқ адо этилишига боғлиқ. Зеро қилинган амал ибодат бўлиши учун ният билан адо этилишидан ташқари шариат кўрсатмаларига ҳам мос бўлиши лозим.

Шунга кўра ҳаж бадал қилдириш тўғри бўлиши учун асосан қуйидаги шартлар топилиши керак:

1.    Ҳаж бадал қилдирувчи ҳажни ўзи адо этишдан ожиз бўлиши керак.

Яъни соғлом одам ўзининг ўрнига ҳаж бадал қилдириши, ёки соғлом одамнинг номидан ҳаж бадал қилдириш мумкин эмас. Шунингдек, ҳаж қилишдан ожиз кишининг номидан ҳаж бадал қилдирилганда ҳам, агар ожизлиги вафот этишидан олдин бартараф бўлса, ўзининг зиммасига ҳаж қилиш вожиб бўлиб қолаверади.  

  Ожизлик деганда ўлим ёки кўр бўлиб қолиш ё қарилик каби тузалиши умид қилинмайдиган касалликлар ёки йўлнинг хавфли экани каби сабаблар тушунилади. Шунингдек аёлларга маҳрамининг йўқ экани ҳам ҳаж қилишдан ожизлик ҳисобланади. 

2.    Ҳаж бадал қилдирувчи ўзининг номидан ҳаж қилишга буюрган бўлиши керак.

Яъни кимнинг номидан ҳаж бадал қилинаётган бўлса ўша кишининг ўзи шуни қилишга буюрган бўлиши керак. Чунки ўзганинг номидан бирор ишни бажариш ўша шахснинг буйруғи билан дуруст бўлади. Фақатгина меросхўрлар мерос қолдирувчининг буйруғисиз ҳаж бадал қилдиришлари мумкин. 

Агар зиммасига ҳаж вожиб бўлган киши ҳаж қилдиришни васият қилмасдан вафот этган бўлса, меросхўрларга унинг номидан ҳаж қилдириш шарт бўлиб қолмайди. Бордию меросхўри ё бошқа бирор киши унинг номидан ҳаж қиладиган бўлса, ундан ҳажнинг фарзлиги соқит бўлишига умид қилинади холос.  

Агар зиммасига ҳаж вожиб бўлгандан сўнг вафот этган киши ҳаж қилдиришни васият қилиб кетган бўлса, ҳаж тўғри бўлиши учун қолдирилган мероснинг учдан бири етадиган бўлса унинг яшаган жойидан, етмайдиган бўлса моли етадиган жойдан ҳаж бадал қилинади.

3.    Ҳаж қилиш зиммасига фарз бўлган бўлиши керак.

Яъни номидан ҳаж бадал қилинаётган шахс зиммасига ҳаж қилиш фарз бўлган бой бўлиши керак. Шунинг учун камбағалнинг номидан, ё ҳаж қилиш зиммасига фарз бўлмаган бирор кишининг номидан фарз ҳаж бадал қилдириш жоиз бўлмайди. Чунки ҳаж вожиб бўлишининг шарти бой бўлишдир. Ҳаж қилиш зиммасига фарз бўлмаган кишининг номидан ҳаж бадал қилдириш, вожибнинг ўзи йўқ бўлган жойда вожибни адо этиш бўлиб қолади. 

Агар ҳаж қилиш зиммасига фарз бўлган кишининг номидан фарз ҳаж бадал қилинса, унинг зиммасидан ҳажнинг фарзлиги соқит бўлади.  Аммо нафл ҳаж бадал қилдирилганда бу ибодатнинг савоби ҳаж бадални бажарган кишининг ўзига бўлади, ҳаж бадал қилдирган киши эса берган нафақасининг савобини олади.

4.    Ҳаж номидан ҳаж қилинаётган кишининг маблағи билан адо этилиши керак.

   Яъни Ҳанафий мазҳабига кўра ҳаж бадал жоиз бўлиши учун ҳажга кетадиган харажатларнинг ҳаммаси, ёки кўпроғи номидан ҳаж қилдирувчининг молидан бўлиши керак. Биров ихтиёрий равишда ўзининг моли билан ўзганинг номидан ҳаж қилиши жоиз эмас. Чунки ҳаж бадал жоиз бўлиши учун у асл мол билан, яъни ҳаж вожиб бўлган кишининг моли билан қилинган бўлиши керак.  

5.    Ижарани шарт қилмаслиги керак. 

    Яъни ҳаж бадал қилдирувчи киши бировга: “Менинг номимдан ҳаж қилиб беришинг учун фалон маблағ эвазига ижарага оламан” дейиши мумкин эмас. Чунки тоат учун ижарага олиш заруратсиз мумкин эмас. Ҳажда эса ижарасиз ҳам маблағ бериш имкони борлиги учун ижарани шарт қилиш дуруст бўлмайди.    

6. Тайинланган кишининг ўзи бажариши керак.

Яъни агар ҳаж бадал қилдирувчи бирор кишини тайинлаган бўлса, ўша кишининг ўзи бажариши керак. Тайинланган киши касал бўлибми ё бошқа бирор сабаб биланми, ҳаж бадал қилдирувчининг рухсатисиз маблағни бошқага бериб ҳаж қилдирса, ҳаж жоиз бўлмайди. Агар бирор кишини тайин қилмаган бўлса жоиз бўлади.

Ҳаж бадал қилишга тайинланган киши ҳаж амалларини тўғри бажарадиган киши бўлиши керак. Шу маънода ўзи ҳаж қилмаган киши бошқанинг номидан ҳаж бадал қилиши, аёлнинг эркак номидан ҳаж бадал қилиши жоиз ҳисобланади. Аммо афзали ўзи ҳаж қилган, ҳаж арконларини яхши биладиган кишининг ҳаж бадал қилишидир.  

7. Тайинланган ҳаждан бошқа ҳаж бўлмаслиги керак.

  Яъни ҳаж бадал қилдирувчи ифрод ҳаж қилишга буюрган бўлса, ҳаж бадал қилувчи қирон ё таматтуъ ҳаж қилса, имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ наздларида жоиз бўлмайди. Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимолар наздарида эса жоиз бўлади. Аммо ҳаж ва умрадан бирини ўзига ва бошқасини ҳаж бадал қилдирувчига деб ният қилса билиттифоқ жоиз бўлмайди. 

Хулоса қилиб айтганда ҳар бир ҳаж бадал қилдираётган  киши қилаётган амалининг Аллоҳ таоло ҳузурида қийматли бўлиши учун унинг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига эътибор бериши лозим. 

   Аллоҳ таолодан барча ҳожиларга мабрур ҳажнинг мукофотини беришини сўраймиз.  


 Абдулқодир Пардаев.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1532. Марвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ҳудайбия замонида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўн неча юзтаси бир ярим мингга яқин билан давоми...

12796 16:05 / 13.08.2017
1. Ҳаж қилмоқчи бўлган одам, аввало, Aллoҳ тaoлoгa acтoйдил тaвбa қилсин. Гyнoҳлapини тapк эта туриб, aввaл coдиp бўлгaнлapигa нaдoмaт қилиб, бyндaн cўнг тaкpopлaмаcликкa aзмy қapop давоми...

3047 11:00 / 25.05.2023
Муборак ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган кишига ҳаж китобларида қуйидаги кўрсатмалар берилади 1. Ҳаж сафарига отланувчи киши ўзидан кўнгли ранжиган давоми...

3816 14:00 / 26.05.2023
Аллоҳ таоло.Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй ndash Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилингануйдир. Унда очиқ аломатлар, мақоми Иброҳим бор. Ким унга давоми...

8913 18:03 / 28.08.2017
Аудиолар

119961 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41651 14:35 / 11.08.2021