1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ўчмас лаҳзалар

17:08 / 01.11.2017 7188 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илк учрашув

 Ҳурматлари ва қадр-қимматлари қалбларнинг энг тўридан жой олган бу Инсон билан ўтказган вақтларни ва мулоқотларни ҳамиша ажиб бир соғинч, энтикиш билан эслайман. Булар мен учун айниқса саодатли, фахрли ва шарафли лаҳзалар эди. Чунки қисмат бизларни турли вақтларда, турли жойларда кўп марта учраштирди.

Устозни илк бор етмишинчи йилларнинг охирларида Бухоро шаҳридаги ўша машҳур илм-маърифат даргоҳи – Мир Араб мадрасаси ҳовлисида учратганман. Ўша учрашув ҳозиргидай кўз ўнгимда: қадбаланд, оқ нейлон кўйлагининг енглари бир-икки шимарилган Устоз қўлда китоб билан биз турадиган ҳужра олдидан салмоқли қадам ташлаб ўтиб кетаётган эканлар. Мен бу янги талаба билан танишиш ва хонамизга таклиф қилиш учун ҳужрадан чиқдим. Икков кўришдик, ним табассуми ўзига ярашган, оқ юзи нурли сиймо ўзини Муҳаммад Содиқ деб таништирди. Бу тасодифий учрашувдан жуда севиндим, у кишини ҳужрага таклиф этдим. Биз бир илм даргоҳида таҳсил олишимизни билиб, яхши ниятлар қилдик.

Илк учрашув, илк суҳбатлар келажакда янада кўп ва давомли бўлди. Шайх талабалар орасида тезда ўз билими, маърифати, одоб-ахлоқи, илмга чанқоқлиги, эътиқоди мустаҳкамлиги билан ном чиқардилар ва мадраса талабаларининг пешқадамига айландилар ва ниҳоят “мужтаҳид” деган улуғ номга сазовор бўлдилар. Мен ана шу номдор Устоз билан бўлган учрашувлардан бириккитасини муҳтарам ўқувчилар билан баҳам кўришни истадим.

Миср диёрида

 Аллоҳ азза ва жалланинг буюк инояти, раҳмати ва фазлу карами туфайли каминага бир неча йил “Ер юзидаги жаннат боғларидан бири” деб номланган Миср диёрида истиқоматда бўлиш ва таҳсил олиш насиб этди. Ўн олти йил мобайнида Қоҳира шаҳридаги минг йиллар давомида динимиз, эътиқодимиз, имонимиз, икки дунё саодатимиз боиси исломият хизматида сергаклик билан турган “Азҳари шариф”да илм олиш, унинг забардаст олиму алломалари, устозу мураббийлари ҳузурида дарс тинглаш, маърифат булоқларининг зилол сувларидан баҳра олиш шарафига муяссар бўлдим. Мана шу улуғ ва шарафли ишнинг бош сабабчиси, рағбатлантирувчиси Шайхимиз, Устозимиз бўлганларини самимий эътироф қилиб, ҳурмат ва муҳаббат билан эслайман. У кишининг илм ва иймон йўлидаги хизматлари ва фидокорликлари эвазига Аллоҳ таоло Ўзининг энг олий мукофотлари ва даражалари билан сийласин.

Тўқсонинчи йилларнинг боши эди. Шайх ҳазратлари Аллоҳ таолонинг лутфу инояти ила собиқ Иттифоқ Олий Кенгашига Халқ вакили (депутати) этиб сайландилар. Ўша пайтдаги Иттифоқ раҳбари Михаил Горбачев бошлаган катта ўзгариш ва сиёсий ислоҳотлар натижасида бошқа жабҳаларда бўлгани каби дин, эътиқод соҳасида ҳам баъзи ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади. Ҳазратнинг Халқ вакили этиб сайланишлари узоқ йиллар даҳрийлик исканжасида қолган мусулмонлар оммасининг кўксига шабада тега бошлаганининг бир тимсоли эди. Халқ ноиби этиб сайланган Шайх ҳазратлари дунё тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган Миср диёрига ташриф буюриб қолдилар. Бунинг сабаби, у зот Мисрнинг олий мукофотига сазовор кўрилиб, ана шу мукофотни тантанали топшириш маросимига таклиф қилинган эдилар.

Атоқли олимлар ва арбобларга мукофотларни Мисрда ҳар йили ўтказиладиган Мавлиди шариф тантаналарида ўша Ўчмас лаҳзалар пайтдаги Миср давлатининг раҳбари Ҳусни Муборак топшириши керак эди. Тантаналарда Азҳари шарифнинг буюк шайхи, устозимиз Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақ, бошқа машҳур уламолар, хорижий мамлакатлардан келган бир қанча номдор олимлар иштирок этишмоқда эди. Камина ҳам шу мажлисга таклиф қилинган эдим.

Муборак Рабиул-аввал ойининг нурли ва латиф оқшомларидан бирида Қоҳира шаҳри марказидаги Азҳари Шариф жомеъ масжиди таркибидаги буюк аллома Муҳаммад Абдуҳ номидаги мажлислар қасридамиз. Катта, қадимий ва чароғон қасрнинг хос хонасида Шайх симобий салла, оқ жужун чопонда салобат билан ўтирибдилар. Ўнг томонларида Азҳар шайхи Жодул Ҳақ, сўл томонларида эса, Миср президенти Ҳусни Муборак ўтиришибди. Уларнинг ён томонларида эса катта анжуманга таклиф этилган улуғ устозлар, олиму-алломалар, қадрли меҳмонлар доира шаклида қўйилган арабий зарҳал ўриндиқлардан жой олишган. Ҳамманинг нигоҳи, диққат-эътибори бир нуқтага – Шайх ҳазратларининг сиймосига ва у кишининг оғзидан тўкилаётган сўз гавҳарларига қаратилган. Ҳазрат Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг раиси, Турон замини мўмин-мусулмонларининг муфтийи, Иттифоқ Олий Кенгашига сайланган халқ вакили сифатида ўлка мусулмонларининг ҳаёти ва муаммолари ҳақида гоҳ жўшиб, гоҳ куйиниб гапирардилар. Шайх олимларга хос виқор, чиройли лутф билан Азҳар шайхига, Миср президентига Имом Бухорий юрти мусулмонларининг Миср халқига йўллаган самимий саломдуоларини етказишдан нақадар мамнун ва масрур эканларини уларнинг тили ва лаҳжасида изҳор қилар эдилар.

 Камина бу тарихий мулоқотни ҳеч бўлмаганда фотосуратга муҳрлаб қўйиш ҳаракатига тушиб қолдим. Қулай фурсатни пойлаб туриб сўз навбати Азҳари шариф Шайхига берилган вақтда фотоускунани костюмим чўнтагидан олдим, одоб билан Миср раҳбари ва устозлардан изн сўрадим. Ижозат бўлгач, уларни тез-тез суратга ола бошладим. Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Анжуманга ташриф буюрган Миср президенти ва Азҳари шариф Шайхи ҳамда чет эллик шарафли меҳмонлар хавфсизлигига маъсул бўлган шахслардан бири олдимда пайдо бўлиб, анжуманда фотосуратга олиш мумкин эмаслигини айтди. Шунда иккинчи бир кутилмаган иш бўлди, Миср президенти Ҳусни Муборак масъул кишига ишора қилиб, ўзи бунга ижозат берганини билдирди. Шундай қилиб, керакли суратларни олишга улгурдим. Қоидага биноан масъул киши мендан фотоускунани унга беришимни, анжуман ниҳоясида қайтиб беришини айтди. Мен дарҳол ускунани унга бердим. Ушбу тантаналарда олинган эсдалик суратлари Устознинг архивларида сақланиб қолган бўлса керак.

Юқорида зикр қилинганидай, ўша кунги анжуман Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мавлидларига бағишланган бўлиб, унда машҳур қорилар Қуръони каримдан тиловатлар қилишди, машҳур ҳофизлар машҳур мисрлик шоир Аҳмад Шавқий ва бошқа шоирларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавваллудларига бағишланган қасидаларидан ўқишди. Шундан сўнг Миср Араб Республикасининг президенти Ҳусни Муборак биринчи бўлиб шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларига Мисрнинг биринчи даражали “Нил лаври” олтин нишонини топширди. Шу тариқа бир қатор чет эллик ва мисрлик машҳур уламолар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Анжуман ниҳоясида унинг барча иштирокчилари мукофотланганларни, Шайх ҳазратларини юксак мукофот билан самимий табрикладилар.

Азҳар Шайхи ҳузурида 

Анжуманнинг эртасига бутун дунё мусулмонлари ўртасида алоҳида нуфуз ва ҳурматга молик бўлган илм даргоҳи, минг йиллар мобайнида Ислом динининг ҳимоячиси бўлиб келган Азҳари шарифнинг улуғ Шайхи Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақнинг Шайх ҳазратлари билан учрашиш таклифини айтиб қолдилар. Миср диёрининг азиз меҳмони, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, муфтий, Совет Иттифоқи Олий Кенгашининг депутати шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Азҳари шариф уламолари, устоз ва давлат арбоблари иштирокидаги дўстона мулоқоти бўлиб ўтди. Ўша куни Азҳари шарифнинг Қоҳирадаги ҳазрати Ҳусайн масжиди ҳудудида жойлашган қадимий ва улуғвор биноси ҳар кунгидан ҳам гавжум бўлиб кетди. Азҳари шариф шайхининг қабулхонаси жойлашган иккинчи қават йўлакчасига яп-янги қизил поёндоз солинган. Шайх ҳазратларига Совет Иттифоқининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси масъул котиби, бир қанча масъул ходимлар ва ушбу сатрлар муаллифи ҳамроҳ бўлдик.

Азҳари шарифнинг фазилатли Шайхи қароргоҳидан жомеъа устозлари, атоқли олимлар табассум ва хурсандчилик билан шайх Муҳаммад Содиқнинг истиқболларига чиқишди. Азҳари шарифнинг Шайхи Жодул ҳақ Али Жодул Ҳақнинг ўринбосарлари, давлат вакиллари, машҳур уламолар, жомеъанинг бўлим ва идоралари масъуллари ҳам ҳозир бўлишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Азҳари Шариф шайхига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари янги замон арафасида яшаётганлари, Имом Бухорийнинг Ислом ва мусулмонлар ҳаётида тутган муҳим ўрни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини соф ҳолда сақлаш ишига қўшган ва бу соҳада беминнат хизмат қилган Мовароуннаҳр уламо ва фузалолари ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Шайх ҳазратлари яна Азҳари шарифнинг дунёдаги барчамусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатиш, илм толибларига мўътадил маърифат тарқатишдаги ўрни тўғрисида, қайта қуриш шарофати билан совет Иттифоқининг турли минтақаларидан келиб, Азҳари шарифда илм таҳсил олаётган талабалар ва Миср давлатининг уларга яратиб бераётган имконият ва шароитларни алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ шунингдек Аллоҳ таолонинг лутфу инояти ва фазли билан бутун дунёга машҳур бўлган Азҳари шариф ва унинг Шайхи раҳбарлигида олиб борилаётган хизматларга катта баҳо бердилар. Даҳриёна мустабид тузум кўланкаси мусулмонлар ҳаётидан астасекин мавҳ бўлаётгани ва ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар кўплиги, биринчи навбатда етук диний кадрлар тайёрлаш, зарур диний адабиётларни чоп этиш лозимлиги, айниқса бу соҳада катта тажрибага эга бўлган Азҳари шариф билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини ҳам гапириб ўтдилар.

Шунда Азҳари шариф Шайхи бунинг учун икки ўртада бирор расмий келишув ёки ўзаро шартнома тузилиши зарурияти борлигини айтди. Шайх ҳазратлари у кишига “Камина бунга тайёрман”, дедилар. Азҳар шайхи ишора қилган эди, шахсий котиблари дарҳол қалам-дафтар билан ҳозир бўлди. Унга керакли топшириқлар берилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва Миср Араб республикасининг Азҳари шариф дорилфунуни ўртасида ўзаро ҳамкорлик, диний кадрларни тайёрлаш, турли диний китобларни нашр этиш ва айирбошлаш, уламо ва устозларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома матни тайёр бўлди. Ҳар икки улуғ ва фазилатли шайх шартнома бандларини синчиклаб ўрганиб чиқишгач, Совет Иттифоқининг Қоҳирадаги элчихонаси масъул ходимлари аввалига бир оз шошиб қолишди. Ҳеч бир тайёргарсизлик ёки танишувларсиз ўзаро ҳамкорлик ҳақида ўз иштирокларида шартноманинг имзоланиши масъулиятидан ташвишга тушиб қолишди. Аммо қайта қуриш сиёсатининг самаралари, қолаверса, Шайх ҳазратларининг мамлакат Олий Кенгаши депутати сифатида катта ваколатга эгаликлари вазиятни хийла юмшатди.

Аслида бундай шартноманинг шошилинч имзоланиши даврнинг талаби эди. Миср мамлакатида Азҳари шарифнинг шайхи мартаба ва мақомда давлат раҳбаридан кейинги иккинчи ўринда турарди. Қолаверса, шайх Жодул Ҳақнинг обрўси ва нуфузи жуда юқори эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Юсуф ҳам беш иттифоқчи республика мусулмонларининг диний раҳнамоси, Иттифоқ Олий Кенгашининг депутати сифатида шундай ҳамкорлик шартномасини тузишга ҳақли эдилар. Элчихона ходимлари ҳам бу шартноманинг имзоланиши тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб ўтишди. Орадан бир-икки кун ўтиб мазкур шартнома СССРнинг Миср Араб республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виноградов иштирокида қайта имзоланиб, расман тасдиқланди.

Шайх ҳазратларининг юртимизда илммаърифат тарқатиш, узоқ йиллик даҳриёна жамиятда яшаган халқимизнинг диний билимларга бўлган эҳтиёжини қондириш, талабаларнинг илм олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўғри йўлга йўналтириш соҳасида олиб борган фаолиятлари ва ҳаракатлари бу билангина чекланмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ бу борада ўта беназир бўлиб, ҳеч кимнинг ақли ва хотирига келмаган улуғ ва кенг қамровли ишларга дадил қўл урар ва Аллоҳ азза ва жалланинг мадади билан ҳамиша бунда муваффақиятга эришардилар. Дарҳақиқат, Шайх ҳазратлари талабалик йилларидаёқ Бухородаги МирАраб мадрасасида ҳам, Имом Бухорий номидаги Тошкент олий Ислом маъҳадида ҳам, Ливиядаги олий ўқув юртида ҳам ўзлари илм талабида бўлишлари билан бир қаторда ўзларига эргашган барча шогирд ва илм толибларига қўлларидан келганича ёрдам беришга, уларнинг илм олишларига имкон яратишга интилардилар. Айниқса, у зотнинг талабаларга ҳамиша танқислик қиладиган, аксар ҳолларда етишмайдиган дарслик ва ўқув қўлланмаларини етказиб беришдаги хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Кўпинча Бухоро ва Тошкентдаги Ислом ўқув юртларидаги талабалар учун дарсликларни хориждан ҳам олиб келишда кўп жонбозлик кўрсатдилар.

Эсимда: Иттифоқ Олий Кенгашига Халқ вакили этиб сайланган илк йилларида Ливандаги энг машҳур матбаалардан юқори сифатда чоп этилган кўп нусхадаги ўқув-дарслик китобларини Ливандан тўппа-тўғри Москвага олдириб келар эдилар. Шайх ҳазратлари ўшанда Дин ишлари бўйича қўмитага, Олий Кенгаш раисига вакиллик сўрови билан мурожаат қилиб, божхонага етиб келган дарслик китобларни биттасини ҳам қолдирмай олдириб берган эдилар. Шунда камина бу китобларни картон қутиларга жойлаб, Москвадаги Қозон вокзалига олиб келиш, ҳарбий хизматни тугатиб Тошкентга қайтаётган икки аскар йигит орқали Ўзбекистонга юборишни ташкил қилиш ишида иштироким борлигидан қувонаман. Аскар йигитларга вагондан иккита алоҳида купени сотиб олиб, ҳар икки купенинг шифтигача китоб юклаган, иккала купега аскар йигитларни биттадан жойлаб, поезд йўлбошловчисига илтимос билан бу омонат китоблар мадраса ва талабалар мулки эканини тушунтириб, Тошкентга жўнатиб юборган эдик.

Ўша кунги ҳолат сира эсимдан чиқмайди: Москва ҳавоси тез ўзгариб, тўсатдан шаррос ёмғир ёғиб юборди. Аскар йигитлар устларидаги узун шинелларини ечиб, улар билан китоблар солинган картонларни ёмғирдан пана қилиб ўтиришар, ҳаммамиз бошдан-оёқ шалаббо бўлган, муздек ёмғир суви уст кийимлардан ўтиб, пойабзаллар ичига тўлганига қарамай, китобларни вагонга юклаган эдик. Бу ишларнинг савоби қанчалар улуғ эканини юракдан ҳис қилиб, машаққат ва қийинчиликларни тезда унутган, илмга чанқоқ талабаларнинг бу китоблардан нечоғли хурсанд бўлишларини ўйлаб, ич-ичимиздан севиниб қўяр эдик. Талабалар учун китоблар харид қилиш ёки ундириш, уларни олис юртлардан олдириб келиш, божхона муаммоларини ҳал этиш, яна уни юртимизга жўнатиш ишларига бевосита бошчилик қилган Шайх ҳазратларига Аллоҳ таоло томонидан берилажак ажр-мукофотларнинг бизларникидан ҳам кўп бўлишидан умидворлик эса бундан ҳам севинчли ва фахрли эди.


Абдулҳамид ТУРСУНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, муҳаддис Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо Бухорий Малоҳимий.Найсобур ва Бағдодда .Рафъул ядайн, ҳамда .АлҚироату халфал имом, китобларини давоми...

1182 11:23 / 13.09.2021
Мулла Турғунмирза Аҳмадали домла 1906 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Иминжон маҳалласи, ҳозирги Қўқон кўчасида, Тожимирза ота хонадонларида дунёга келди. давоми...

3081 15:00 / 30.04.2022
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2008 10:14 / 02.01.2023
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм азЗобий анНисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиулаввал ойининг учинчи куни таваллуд давоми...

3465 21:58 / 27.04.2017
Аудиолар

118770 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

6971 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40726 14:35 / 11.08.2021