1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажжи бадал

18:39 / 10.08.2017 6050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1371. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хасъамлик бир аёл келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг бандаларга фарз қилган ҳажи отамга у ўта қариб, улов устида тура олмайдиган бўлганида етди. Мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деди.

«Ҳа», дедилар.

Бу воқеа видолашув ҳажида бўлган эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф шариатга «ҳажжи бадал» деган тушунчанинг киритилишига сабаб бўлган. У муҳаддислар ва фуқаҳолар орасида «хасъамия ҳадиси» номи билан машҳур. Уламолар гапни қисқа қилиш мақсадида ҳадиснинг матнини қайта-қайта такрорлаб ўтирмай «хасъамия ҳадиси»да келганидек, деб гапни давом эттираверадилар.

Ҳадиси шарифда зикри келаётган ҳодиса Наби­йимиз алайҳиссалом Минода ортларига Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳуни мингаштириб кетаётганларида содир бўлган. Хасъам қабиласидан бўлган ўша саҳобия аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиққан ва туяларининг жиловидан ушлаб туриб, ривоятда келган саволни берган. 

Набий алайҳиссаломнинг у аёлга берган жавобларидан ҳаж қилиш имконига эга бўлмаган одамнинг номидан бошқа бир киши ҳаж ибодатини адо этиши мумкинлиги келиб чиқади. 

1372. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг «Шубруманинг номидан лаббайка!» деб айтаётганини эшитиб:

«Шубрума ким?» дедилар.

«Менинг акам ёки яқиним», деди.

«Ўзинг ҳаж қилганмисан?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Аввал ўзинг ҳаж қил. Сўнгра Шубруманинг номидан ҳаж қил», дедилар».

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилганлар. Ибн Ҳиббон ва Байҳақий саҳиҳ деганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан бировнинг номидан ҳажжи бадал қилувчи киши аввал ўзининг ҳажини адо қилган бўлиши шартлиги маълум бўлади. Ўзининг фарз ҳажини адо қилмаган одам бировнинг номидан ҳаж қилиши мумкин эмас.

 

Маййитнинг номидан ҳаж қазо қилинади. Ёш боланинг ҳажи ҳам мақбул


1374. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Жуҳайнадан бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилолмасдан ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди.

«Ҳа! Унинг номидан ҳаж қил! Айт-чи, унинг қарзи бўлса, сен адо қилармидинг? Аллоҳнинг ҳаққини адо қилинглар! Аллоҳ вафога ҳақли Зотдир!» дедилар».

Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввал ўтган «хасъамия ҳадиси»да тирик, лекин ожизлиги туфайли ҳаж қила олмаган одам номидан ҳажжи бадал қилиш жоизлиги ҳақида сўз кетган эди. Бу ва бундан кейин келадиган ҳадисларда эса ўлиб кетган одамнинг номидан ҳам ҳажжи бадал қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритилади.

Демак, ўлиб кетган кишининг номидан ҳаж қилиш мумкин. Расулуллоҳ алайҳиссалом бунга одамларнинг номидан уларнинг қарзини адо этишни мисол қилиб келтирмоқдалар. Фарзанд ўз онасининг қарзини узиши мумкин бўлганидек, Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам узиши мумкин экан.

Эътибор берадиган бўлсак, бу ҳадисда назр қилинган ҳажни онанинг номидан қиз фарзанд адо қилиши ҳақида сўз кетмоқда.

 1375. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Онам ҳаж қилмай туриб ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди.

«Ҳа! Унинг номидан ҳаж қил!» дедилар».

Термизий бу ерда ва Муслим «Рўза китоби»да ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисдан назр эмас, умуман, қандай бўлса ҳам бир одамнинг номидан бошқа бир киши ҳаж қилиши мумкинлиги келиб чиқмоқда.

 1376. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Отам ўлди ва унинг зиммасида Ислом ҳажи бор эди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди. 

«Айт-чи, агар отанг қарз қолдирганида, уни адо қилармидинг?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Унда отангнинг номидан ҳаж қил», дедилар».

Насоий ва Шофеъий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан айнан фарз ҳажни адо эта олмай ўлиб кетган одамнинг номидан ҳажжи бадал қилиш мумкинлиги келиб чиқади.

 1377. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир аёл ўз гўдагини кўтариб туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Манавининг ҳажи бўладими?» деди.

«Ҳа. Ажри сенга бўлади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бундан вояга етмаган бола ҳаж қилса, унинг савоби ота-онасига тегиши маълум бўлади.

 1378. «Соиб ибн Язийд:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида ҳаж қилдирилган. Ўшанда мен етти ёшда эдим», деди».

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, саҳобаи киромлар Набий алайҳиссаломнинг ҳаётлик чоғларида ёш болаларини ҳаж қилдирар эканлар. Ушбу ривоятнинг ровийси Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳунинг оталари у кишини ўзлари билан олиб юриб, ҳаж қилдирган эканлар. Ўша ҳаж Набий алайҳиссаломнинг видолашув ҳажларида бўлиб, ўша пайтда бола етти ёшда экан.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди.Бисмиллаҳ, ааибуна, тааибуна, обидуна, лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва давоми...

6127 17:20 / 11.09.2017
Талбия биз томонларда .лаббайка айтиш, номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва давоми...

68990 20:28 / 01.08.2020
Ҳажнинг биринчи куни зулҳижжанинг саккизинчи куни ҳажнинг биринчи куни ҳисобланади. Шу куни қуйидаги амаллар қилинадиБомдод намозидан кейин Мино томонга равона давоми...

3905 19:22 / 15.08.2017
Ҳoжилaр Aқaбa тошини отганларидан сўнг агар қирон ёки таматтуъ ҳажи қилувчи бўлсалар, шукр қурбoнлигини ҳам сўйганларидан кейин ёки умра қилувчилар умрa aркoнларини давоми...

4536 05:00 / 16.01.2017
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021