478 04.08.2017

Аллоҳ таоло:

«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», деган («Оли Имрон» сураси, 97-оят).

Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишилардир. 

Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўла туриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:

«Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», дейилмоқда. 

Яъни кимки имкони бўла туриб, ҳаж қилмаса,  Аллоҳ таоло ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўла туриб, ҳаж қилмаслик куфрга тенглаштирилмоқда.

Ҳадиси шарифлардан бирида: 

«Ким ҳажга қодир бўлса-ю, ҳаж қилмаса, хоҳласа яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа насроний бўлиб ўлсин», дейилган.

Ҳаж ибодати мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилишидир. Улар йилда бир марта ўзларига ҳидоят нури таралган марказда тўпланиб, кўплаб фойдаларга эга бўладилар. 

1365. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб:

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар.

Шунда бир киши:

«Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

Бас, у зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар. Сўнг  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз». 

Сўнгра «Сизни тарк қилган нарсамда мени тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳий қилсам, уни тарк қилинг», дедилар».

Муслим, Насоий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳаж ибодати иложини топган, шартларини ўзида мужассам қилган мўмин-мусулмонга умрида бир марта фарз бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.

Шу билан бирга, Ислом осонлик дини эканлиги яна  бир бор таъкидланмоқда. Агар Аллоҳ таоло истаса, ҳажни ҳар йили фарз қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо бандаларига меҳрибон Зот бу ибодатни уларга умрлари давомида бир марта адо этишни фарз қилди.

Шариатда баёни келмаган нарсани гап ёки савол қилиб кўтариб юриш яхши эмаслиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқда. Модомики, шариат бир ишни ўзига киритмадими, уни ундай қилса нима бўлади, бундай қилса нима бўлади деган саволлар билан суриштирмаслик керак. Акс ҳолда бандалар ўз бошларига ўзлари машаққатни кўпайтириб олишлари мумкин.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб:

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар.

Шунда бир киши:

«Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз». 

Сўнгра «Сизни тарк қилган нарсамда мени тек қўйинг», дедилар».

Ҳа, бир оғиз сўз билан бутун бошли бир умматга қиёмат кунигача катта машаққат юкланиб қолиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло лутф кўрсатди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», демадилар. Аксинча, бундай пайтларда нима қилиш кераклиги ҳақида умумий таълимот бериб, бундай ишнинг оқибати нима билан тугаши ҳақида хабар бердилар:

«Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар». 

Шунинг учун мусулмон уммати ўзидан олдин ўтганлардан ибрат олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп савол бермаслиги ва ихтилоф қилмаслиги лозим. У зотдан кейин ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган уламоларга кўп саволлар бермаслик ва уларга қарши ихтилофлар қилмаслик керак.

«Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳий қилсам, уни тарк қилинг», дедилар». 

Демак, амрни қудрат етганча қилиш керак. Аммо бу маънони суиистеъмол қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун, намоз ўқиш ҳақида амр бор. Ҳеч ким «Мен фақат Бомдодни ўқишга қодирман», деб, қолган намозлари ўқишдан бош торта олмайди. У шариат баён қилганидек фарз намозларнинг барчасини ўқиши фарз. Аммо «Беш вақт намоздан бошқа яна фарз намоз борми?» деб сўраш тўғри эмас.

Наҳий қилинган нарсанинг ҳаммасини тарк қилиш керак. «Бу ишнинг қудратим етмаганини қилмайман, қолганини қилавераман», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳажнинг фарз эканлиги.

2. Ҳар йили ҳаж қилиш фарз эмаслиги.

3. Кўп савол ва ихтилоф ҳалокатга олиб бориши.

4.  Шаръий амрни қудрат етганча қилиш кераклиги.

5. Наҳий қилинган нарсани бутунлай ташлаш лозимлиги.

 

1366. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Ақраъ ибн Ҳобис:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаж ҳар йилими ёки бир мартами?» деди.

«Йўқ. Фақат бир марта. Ким зиёда қилса, нафл бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.

Шарҳ: Демак, ҳажнинг фарзлиги ҳар йили бир марта эмас, балки умр давомида бир марта. Ким ундан ортиқча ҳаж қилса, бу нафл ҳаж ўрнига ўтади.

 

1367. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Аҳмад:

«Чунки киши бемор бўлиши, улов йўқолиб қолиши ва узр чиқиб қолиши мумкин», жумласини зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, кўпчилик уламолар «Кишида имкон пайдо бўлиши билан унга ҳаж қилиш фарз бўлади. Уни кечга суриш мумкин эмас», дейдилар. 

Аммо Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқалар «Бир муддат кечга сурса ҳам жоиз. Ҳаж бешинчи ёки олтинчи ҳижрий санадан фарз бўлган бўлса ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий санага келиб, ҳаж қилганлар», дейдилар.

 

1368. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким зод ва уни байтуллоҳга элтадиган роҳилага эга бўлса-ю, ҳаж қилмаса, унинг яҳудий ёки насроний ҳолида ўлишининг фарқи йўқ. Бу Аллоҳнинг Ўз Китобида «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир», дегани учундир», дедилар».

Шарҳ: «Зод» – ҳажга бориб келгунча етадиган маишат учун керакли бўлган сарф-ҳаражат.

«Роҳила» – ҳажга бориб келгунча етадиган йўл ҳаражатлари.  

Бу ҳадисдан имкон бўла туриб, ҳаж қилмаслик катта гуноҳ эканлиги келиб чиқади. Бас, ўзида ҳаж шартларини мужассам қилган одам имконини топиб, тезда ҳаж ибодатини қилишга шошилиши лозим. Кейин турли баҳоналар чиқиб, ҳаж қила олмай ўлиб кетса, катта хайр ва баракадан маҳрум бўлган ҳолида кетади. Ҳадиси шарифнинг таъбирига эътибор берсак, ҳаж қилиш имконига эга бўлиб, узрсиз ҳаж қилмаган одам нафақат хайр ва баракадан маҳрум бўлади, балки ўта ноқулай ҳолда қолади. Чунки у Аллоҳнинг амрини бажармаган бандадир.

 

1369. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳажни нима вожиб қилади?» деди.

«Зод ва роҳила», дедилар».

Иккисини Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Ана шу икки нарсага эга бўлган кишига, албатта, бошқа шартлар ҳам мавжуд бўлгач, ҳаж ибодатини адо этиш фарз бўлади.

 

1370. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккал қилувчилармиз», дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир» (ояти)ни нозил қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда келишича, яманликлар «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди?» дейишар экан. Бу гаплар Ислом таълимотига хилоф, шу билан бирга, ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларни ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб, тақводор бўлишга амр қилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, ҳаж ёки умрага борувчи ҳар бир киши ҳам маънавий, ҳам моддий озуқани етарли миқдорда олиб бормоғи лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)