628 21.05.2017

Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.

– Ворид – қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний маърифатлар ва раҳмоний латофатларга сабаб бўлади.

Шу ерда ворид билан ўқиш, ўрганиш, эшитиш ва бошқа воситалар орқали ақлда ҳосил бўладиган маълумотлар орасидаги фарқни ажратиб олишимиз керак бўлади. Зотан, ушбу икки восита билан ақл ва фикрга турли маълумотлар ҳамда маърифатлар етади.

Таълим олиш, ўқиб-ўрганиш, эшитиш ва шунга ўхшаш инсоннинг ўзи ҳаракат қилиб ҳосил қилган илми ва маърифати яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин, ботил хурофот ёки тўғри ҳақиқатлар ҳам бўлиши мумкин. Мазкур маълумот ва маърифатлар фақатгина ақл хазинасида бефойда нарсалар шаклида сақланиб туриши ҳам мумкин. Шунингдек, қалбга ўтиб, ўз эгасини ҳаракатга соладиган кучга айланиши ҳам мумкин.

Ворид эса аввал айтилганидек, илоҳий туртки бўлиб, таълимсиз, ўқиш, ёзиш, эшитиш ёки бошқа воситаларсиз, тўғридан-тўғри қалбга жойлашиб, таъсир қилувчи ва ҳаракатга солувчи кучга айланади. Демак, ворид фақатгина яхшиликдан, Аллоҳ таолонинг ато қилган нарсасидан иборат бўлади.

Баъзи кишилар дунёга берилиб яшайдилар. Бу дунёнинг матоҳларига шўнғиб кетадилар. Диний таълимотлар билан ишлари ҳам бўлмайди. Кўнгилларига нима келса, шуни қилиб яшайдилар. Кўпчилик ичида ўзининг мазкур сифатлари билан танилган бўлади. Аммо вақти келганда унинг ақлига ўзининг ҳоли яхши эмаслиги уради. Дарҳол ўзини ўнглашга ўтади. Ношаръий фикр ва ишларни тарк қилади. Шариатни ўзининг дастури қилиб олади. Одамлар мазкур кишининг бутунлай яхшиликка бурилиб қолгани, ибодатга ўзини ургани ҳақида сўзлай бошлайдилар. Бу одам аста-секин тақводор ва обид кишилар сафидан жой олади. Ана ўша одамга ворид етишган бўлади.

Бошқа бир одам ҳар қандай нобакорликдан тап тортмайдиган бўлади. Барча гуноҳларни киприк қоқмай қилади. Ўзига насиҳат қилмоқчи бўлганларни олдидан қувиб солади. «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади!» шиори бўлади. Ҳамма унинг тузалишидан умидини узади...

Аммо кунлардан бир кун...

Ҳалиги одамнинг бошига оғир мусибат тушади...

Ёки яқин кишиси вафот этади...

Ёки бирор ибратли ҳодиса сабаб бўлади...

Ёки бирор таъсирли китобни ўқиб қолади...

Ёки бошқа бирор сабаб бўлиб, бирдан ҳуши жойига келади. Кўзи очилади. Инсонийлик сифати ўз ўрнини топади. Бандалиги эсига тушади. Роббини тан олади ва ўзининг ҳақ йўлини топади.

Бугунги кунда куфрни тарк этиб, иймонга юзланганларнинг ва фисқни тарк этиб, ҳидоят йўлини тутганларнинг қиссалари ўрганилса, уларга юқорида айтиб ўтилганга ўхшаш воридлардан бири етишгани ва ўша ворид уларни Роббларига етиштиргани аён бўлади.

Мўмин банда соликлик йўлига кирганидан кейин унга Аллоҳ таоло тарафидан ворид насиб этса, бу уч босқичдан иборат бўлади.

Биринчи босқич: 

«Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди».

Аллоҳ таолога етишиш учун мўмин банданинг қалби У Зотга муҳаббат, маҳобат ва улуғлаш ила юзланмоғи лозимдир. Бунинг учун эса аввало қалб Аллоҳ таолодан бошқаларга боғлиқ барча нарсалардан – мол-дунё, шаҳват, кибру ҳаво кабилардан покланиши керак. Ушбу нарсаларнинг барчасидан қутулиш учун қалбга Аллоҳ таоло томонидан бирин-кетин воридлар етишиши лозим бўлади. Мазкур воридлар бирин-кетин қалбдан жой олиб, ўзга нарсаларни қувиб чиқаради.

Қалбдан жой оладиган воридларни кўпайтириш учун Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарсага ибрат назари билан қараш, истиғфорни кўп айтиш, Қуръони Каримни тадаббур ила қироат қилиш зарур бўлади. Шу тариқа аста-секин иш ривожланиб боради.

Ушбу биринчи босқичдаги воридни баъзи машойихлар «ҳушёрланиш вориди» деб атайдилар. Бу янги йўлга кирган толибларнинг босқичи бўлиб, у ғафлат зулматидан уйғоқлик нурига чиқаради. Банда қачон уйқусидан уйғонса ва ғафлатидан ҳушёр тортса, икки оёғида мустаҳкам туриб, Роббини истай бошлайди. Шунда у Роббига қалби билан, бор вужуди билан юзланади ва юқори даражага кўтарила бошлайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)