605 12.05.2017

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга:

«Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради» деб башорат берди», дедилар. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. 

Сўнгра тўртинчи мартада: 

«Абу Зарр истаса-истамаса», дедилар». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: 

Имом Термизий ўз ривоятлари охирида: 

«Зуҳрийдан: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтса, жаннатга киради», деган ҳадис ҳақида сўрашганда: 

«Бу Исломнинг аввалида, шариат аҳкомлари туширилмасдан олдин, одамларни динга тарғиб қилиш мақсадида бўлган эди», деган» жумласини қўшиб қўйган. 

Демак, Имом Термизий ҳам одамлар нотўғри тушунмасин, деган мақсадда ушбу қўшимчани киритганлар. 

Биринчи ҳадис китобини тўплаган улкан тобеъин Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий эса саҳобалардан билганларини айтганлар. 

Зотан, Оиша онамизнинг ҳам: «Аввалги тушган оятларда иймон, жаннат ва дўзах зикри бор эди, одамлар қизиқиб, динга кирганларидан кейин намоз, рўза каби аҳкомлар нозил бўлди», деган маънодаги гаплари ривоят қилинган.

Ушбу ҳадисда тавҳиднинг, Аллоҳга ширк келтирмасликнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, тавҳид ақийдаси улкан шараф ва бахт-саодат эканида ҳеч шубҳа йўқ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Фаришта Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон олиб келишдан ташқари, бошқа хабарларни ҳам бериб кетишлари.

2. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай ўлиш фазилатли бўлиб, охир-оқибат жаннатга киришга сабаб бўлиши.

3. Зино ва ўғриликнинг катта гуноҳ экани.

4. Бирор нарсани аниқлаб олиш учун қайта-қайта сўраш мумкинлиги.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг зино ва ўғрилик ҳақида қайта-қайта сўрашларининг боиси шуки, бу икки амал ўша пайтдаги энг оғир ва энг кўп тарқалган жиноятлардан бўлган. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, гуноҳлар умумий равишда икки йўналишга бўлинади. Биринчиси – Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш. Иккинчиси – банданинг ҳаққини поймол қилиш. Зино Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги, ўғрилик эса банданинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги гуноҳларга киради. Демак, савол икки йўналишни ҳам ўз ичига олган.

Эътибор берадиган бўлсак, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳнинг амрини ва ибодатларини бутунлай тарк қилиб юриш ҳақида эмас, гоҳ-гоҳида содир бўладиган гуноҳлар ҳақида сўралмоқда. Шунга биноан, ушбу маънодаги ҳадисларни Аллоҳнинг амрларини тарк қилишга далил қилиб оладиганларнинг иши тамоман ботил экани яна ҳам равшан бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносига ўхшаш маъноларни ботил аҳллари нотўғри таъвил қилишлари мумкинлигини ўша вақтда, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан мулоҳаза қилинганини келгуси ҳадисдан билиб оламиз.