1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳаё ҳақидаги ҳадислардан намуналар

20:58 / 09.05.2017 6259 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда энг олий ва энг қуйи шўъбалардан кейин ҳаёни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак.  Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, тўхташди. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч кишининг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради, Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди, бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

«Бошқаси эса ҳаё қилди, бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».

Бу – халқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга қилганига яраша муомала қилди.

Бундан ҳаёли одамнинг қилган ҳаёси доимий равишда унга фойда келтириши, унинг барча ҳолидан ўта хабардор бўлган Аллоҳ таоло унинг ҳаёсини ҳисобга олиш билан бирга, бу дунёнинг ўзи мукофотлаб ҳам туриши англанади.

Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.

«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим.

«Агар уни ҳеч кимга кўрсатмасликка қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўзимиз холи бўлганимизда-чи?» дедим.

«Ҳаё қилишга одамлардан кўра Аллоҳ ҳақлироқдир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган. Бухорий баъзисини ривоят қилган.

Яъни авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳ таолодан ҳаё қилмоқ зарур.

Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб ғусл қилгани афзал, дейилган.

Албатта, мўмин-мусулмон инсон учун Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш фақат авратининг очилиши билан боғлиқ эмас. Ҳар бир мўмин-мусулмон инсон доимий равишда Аллоҳ таоло уни кўриб, билиб, ҳисоб-китобини қилиб турганини ҳис қилиб туради. Ана шу ҳис-туйғу билан яшайдиган ҳар бир банда доимий равишда Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб яшайди.

Бандалар Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш қай тарзда бўлишини тўғри англашлари учун Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган.

Саъид ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг», деди.

«Сенга ўз қавмингнинг аҳли солиҳларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, Аллоҳ азза ва жалладан ҳам шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Одатда ҳар қандай одам ҳам, агар одамлигини йўқотмаган бўлса, солиҳ – ибодатли, тақволи ва динига амал қиладиган шахсни ҳурмат қилади. Уни кўрганда беҳуда гап-сўз айтишдан, шармсиз ҳаракатлар қилишдан ҳаё қилади. Исломи гўзал бўлган банда доимо Аллоҳ таолони кўриб тургандек, бунга қодир бўлмаса, Аллоҳ таоло уни кўриб тургандек яшайди. Шунинг учун у доимо Аллоҳ таолодан ҳаё қилади, У Зотнинг амрини тутиб яшайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасбеҳ намози 8тавсияИбн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар .Эй Аббос Эй давоми...

87438 17:00 / 08.04.2016
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан давоми...

1280 19:00 / 31.08.2023
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки усаҳобаларни бирор ишга амр қиладиган давоми...

2836 17:59 / 09.06.2021
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

3583 14:00 / 10.06.2020