1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БОЛАЛИГИ ВА ЁШЛИГИ

18:44 / 28.04.2017 6939 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Ўша куни қурайшлар ўзлари сиғинадиган санам шарафига зиёфат уюштиришган эди. Зиёфат давомида бут уч марта ерга қулади. Эрталабга яқин Каъба атрофидаги 360 бутнинг йиқилгани маълум бўлди. Бу ботилнинг йўқолиши, ҳақиқатнинг эса қоим бўлишига бир ишора эди. Чунки ўша куни ҳали тонг отмасдан нубувват қуёши чиқиб улгурган эди.
Ўша тунда Эронда Шапур томонидан бино қилинган машҳур Айвоний ибодатхонасининг ўн тўртта устуни йиқилди. Олимлар бу ерда ўн тўрт ҳукмдордан сўнг Ислом қуёши балқишини башорат қилишди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Муҳаммад алайҳиссалом туғилгандан Эрон мусулмонлар томонидан истило қилингунига қадар ўн тўрт подшоҳ Форс салтанатни бошқарди.
Яна ўша кеча минг йилдан буён ўчмай келаётган мажусийлар олови сўнди. Бу ширк ва ботилнинг сўнишига ишора эди.
Яна ўша кечада Ҳамадон ва Рай орасидаги Сава кўли ўз-ўзидан қуриди. Халқ бу муҳим бир ҳодисанинг бошланғичи эканини ҳис этиб, санани қайд қилиб қўйишди.

Эронда вужудга келган бу уч фавқулодда ҳолат шоҳни изтиробга солди. У мажусийлар улуғини ёнига чорлаб, буларнинг ҳикматини сўради. Оқсоқол шоҳга:
– Мен ҳам ўша тунда бир туш кўрдим. Тушимда саркаш араб туялари ва отлари Дажладан кечиб, Эрон сарҳадларига киришар эди, – деди.
Шоҳ Нўширавон ҳайратга тушди, андиша ва изтиробда қолди. Оқсоқолдан маслаҳат сўради. У: “Арабистонда бу кеча фавқулодда бир ҳолат содир бўлса керак”, деди. Нўширавонга бу ҳолни тўлиқ таъбир қила оладиган одам зарур эди. Ниҳоят Ироқ қабилаларига мурожаат этиб, Нуъмон ибн Мунзирдан бир коҳин жўнатишни илтимос қилди. Хайра ҳукмдори коҳин Абдулмасиҳни Эронга юборди. Нўширавон бўлиб ўтган ҳодисалардан коҳинни хабардор қилди. Абдулмасиҳ масаланинг жуда чигал эканини, буни ўзи ҳал қила олмаслигини, аммо тоғаси Сотиҳ бунга таъбир топа олиши мумкинлигини айтди. Ўзи узр сўради. Шоҳ Абдулмасиҳни шу масала бўйича Шомга – Сотиҳнинг ҳузурига юборди.
Сотиҳ яманлик бўлиб, келажак ҳақидаги башоратлари билан шуҳрат қозонган, ўзи кексайиб умрининг сўнгги кунларини яшамоқда эди. Абдулмасиҳ борганда Сотиҳ тўшакда беҳуш ётарди. Жавобсиз қайтишдан қўрққан Абдулмасиҳ тоғасига қараб, уни мадҳ этувчи ушбу шеърни айтди:
– Яман диёрининг каттаси соқов ё карми? Ё бўлмаса, ўзи ўлган-да, руҳи осмонга учиб кетганми?
Сотиҳнинг кўзлари очилди, лаблари зўрға қимирлаб:
– Абдулмасиҳ туясига миниб Сотиҳнинг олдига келди, бироқ, Сотиҳ қабрга кириш арафасида. Эй Абдулмасиҳ, сени Эрон шоҳи саройининг йиқилиши, оташнинг сўниши ва мажусийлар улуғи Мубадоннинг туши ҳақида маълумот сўраш учун жўнатган.
Эй Абдулмасиҳ, ваҳий такрор-такрор ўқилганда, асо соҳибига пайғамбарлик берилганда, Сава кўли қуриганда, форсларнинг ибодатгоҳида оташ сўнганда, билки, ўша пайтда Шом шаҳри Сотиҳ учун Шом бўлмай қолади. Эронликларнинг йиқилган миноралари нечта бўлса, ўшанча султон салтанат суради, кейин бошларига не шўриш тушса, шуни кўрарди, – деди-ю жон таслим қилди.
Абдулмасиҳ буларни Нўширавонга етказди. Илк бор кисра номини олган адолатли ҳукмдор Нўширавондан сўнг ўн тўрт малик ўтади; ниҳоят мусулмонлар от ва туялари билан Дажлани кечиб, Эронни забт этдилар.

Шоҳиста КАМОЛ қизи

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ

Расулуллоҳ (с.а.в.) милоднинг 570 йили Фил воқеасидан 50 кун аввал адолатпеша Эрон шоҳи Нўшировон ҳукмронлигининг 40 йилида Рабиул аввал ойининг 12 куни душанба тонги отмасдан Шааб ибни Ҳошимнинг хонадонида туғилганлар. Онасининг исми Омина эди.
Гарчи баъзи тарихчи олимлар Расулуллоҳ (с.а.в.) туғилган санани 8 апрель 571 милодий деб кўрсатишса-да, ул зотнинг таваллудлари 570 милодий экани ҳақиқатдир.
“Тарихи Табарий”да Расулуллоҳнинг (с.а.в.) таваллуди Нўширавон салтанатининг 42 йилига тўғри келиши айтилади. Нўширавон милодий 530 да тахтга чиқиб, 579 йилда вафот этганлиги тарихдан маълум. Демак, Нўширавон вафот этганида Расулуллоҳ (с.а.в.) 9 ёшларида бўлганлар.
Мисрлик Ҳайъатшуносий Расулуллоҳ (с.а.в.) туғилган сана Рабиул аввал ойининг 12 куни эмас, 8 куни эканини айтади. Албатта, бу ҳисоб барчага маълум ҳақиқатга мос келмайди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дунёга келган уй Маккада анча таниқли бўлган Шааб ибни Ҳошимнинг хонадони эди. Кейинчалик Расулуллоҳ (с.а.в.) бу уйни амакиваччаси Укайлга беради. Укайл авлодлари бу уйни ҳижратнинг 100 йилида ибни Юсуфга сотишади. Ўша пайтларда бу жой ибни Юсуф саройи, кўча эса Мавлуд кўчаси деб номланар эди. Хорун ар-Рашид замонида Маккага борган Зубайда Хотун уйни сотиб олади ва бу муборак жойда масжид қурдиради. Бироқ афсуски, ваҳҳобийчилик сиёсати бунга қарши туриб, масжидни буздиришди.
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) падари бузрукворлари милод¬нинг 545 йили дунёга келганлар. Қурайшийлар сардори Абдулмутталибнинг ўнинчи ва кенжа фарзанди эдилар. Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳни 569 йилда Бани Зуҳра қабиласи оқсоқоли Ваҳҳобнинг қизи Оминага уйлантиради.
Ҳазрати Омина насл ва насабга кўра Қурайш қизлари орасида энг доноси ҳамда энг гўзали эдилар. Ҳазрати Омина ҳомиладор бўлгач, Абдуллоҳ тижорат мақсадида Сурияга йўл олади. Мадинага қайтаётганда хасталанади ва 25 ёшида, Расулуллоҳ (с.а.в.) туғилишидан икки ой аввал Мадинада омонатини топширади. Шу тариқа Расулуллоҳ (с.а.в.) она қорнидаёқ етим бўлиб қолади. Отаси Абдуллоҳдан мерос бўлиб бир нечта қўй, туя, 9000 қуруш пул ҳамда Умму Айман исмли бир қул қолади.
Бобоси Абдулмутталиб Расулуллоҳ (с.а.в.) туғилмас¬дан аввал бир туш кўради ва қаттиқ ҳаяжон билан уйғонади. Туш қуйидагича эди:
Тушида белидан оппоқ бир занжир ажралиб чиқади. Занжирнинг тўртта учи бўлиб бири кўкка, бири ерга, бири мағрибга ва яна бири машриққа чўзилган эди. Шу пайт занжир устида турли меваларга ғарқ пишган бир дарахт қад кўтаради. Дарахт остида эса икки нуроний зот тик туришарди. Абдулмутталиб уларнинг ким эканлигини сўрайди. Ёнида турган киши улардан бири Нуҳ алайҳиссалом, яна бири эса Иброҳим алайҳиссалом эканини айтади. Ва унга қараб шундай дейди: “Бу оғоч сенинг аждодингдан пайдо бўлди, унинг бутоқлари сенинг авлодларинг бўлади”. Абдулмутталиб туш таъбирини бир коҳиндан сўрайди. Коҳин шундай дейди:
– Эй, Абдулмутталиб, сенинг зурриёдингдан шундай бир зот туғуладики, унинг ҳукми шарқда, ғарбда, ерда ва кўкда жорий бўлади. Унинг дини Иброҳим алайҳиссалом дини асосига қурилиб, охиратга қадар давом этади.
Абдулмутталиб бундан жуда севинди. Туш амалга ошди.
Ҳазрати Омина айтадики:
– Тўлғоқ пайтида барча аёлларда бўладиган оғриқ менинг вужудимни тарк этган эди. Бир кун аввал туш кўрдим. Тушимда бир киши: “Эй ё Омина, сен буюк Расулга ҳомиладорсан. Бола туғилгач унга Муҳаммад деб исм қўй”, – деди. Бу овоздан асабларим титраб кетди. Туғиш пайти яқинлашгач, овоз қулоғим остида яна жаранглади. Қўрқиб кетдим. Шу пайт уйга шиддатли нур ёғилиб кирди, қаттиқ шовқин эшитилди. Бутун вужудим титраб турган пайтда бир оққуш кириб, қанотлари билан елкамни силади. Шу онда ичимдаги қўрқув йўқолди.
Чанқаган эди. Бироқ бир пиёла сув тутқазадиган одам йўқ эди. Шунда бир киши келиб қўлимга бир косада сут каби оппоқ, болдан-да тотли шарбат тутқазди. Шарбатни ичгач, вужудимдаги ҳарорат ўрнини нур эгаллади. Шу пайт Муҳаммад дунёга келди. Ётоғим атрофида узун бўйли, ниҳоят даражада гўзал, мулойим қизлар мени табрик¬лашарди.
Абдулмутталиб эрталабга яқин Масжиди Ҳарамда ибодат билан машғул эди. Ғойибдан бир садо буюк Расулнинг дунёга келганлари хабарини билдирди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатли туғилган эди. Орқасидаги икки кураклари орасида нубувват муҳри бор эди. Унда: “Табаҳбаҳ йа Муҳаммад анта хайсурун таважжаҳ хайсу ши’та фаиннака мансурун ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадан расулуллоҳ” (“Фараҳлан, эй Муҳаммад, сен буюк арслон кабисан. Таважжуҳ қилган ерингда Аллоҳдан ҳамиша кўмак бор. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир”).
Тавротнинг бешинчи сафарида буюк Расулнинг туғилиши ҳақида нақл қилинади. Бу муждада Расулуллоҳнинг (с.а.в.) Иброҳим алайҳиссалом сулубидан келиши, Мусо алайҳиссалом каби буюк шариат олиб келиши айтилади. Христианлар бу нақл Ийсо алайҳиссаломга оид эканлигини уқдиришади. Ҳолбуки, Ийсо алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом каби буюк шариат вужудга келтирмаган.
Матта инжилининг 17 фикрасида: “Мен Мусонинг шариатини табдил этмоқ учун келмадим”, деб христианлар иддаоси пуч эканлигини исботлайди.
Иброҳим алайҳисалом авлодидан бўлган ҳақиқий шариат соҳиби шубҳасиз Муҳаммад алайҳиссаломдир.
Инжилдаги “параглид” сўзи Муҳаммад алайҳиссаломга оиддир. Китобда бу хусусда шундай дейилади: “Параглид келган пайтда менинг нубувватимга шаҳодат келтиради”. Қуръони Каримнинг Саф сураси 6-ояти каримасида: “Ваизқала Ийсабну Маряма йа бани Исроила иннаий расулуллоҳи илайкум мусаддиқон лима байна йадаййа минаттавроти ва мубашширан би росулин яъттиймин ба’дисмуҳуаҳмад”.
(Эсланг, Ийсо бинни Марям: “Эй, бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи ҳолда (юборилдим)”, деган эди.
“Параглид” сўзини Аҳмад деб таржима қилишади ва бу Қуръон ҳақиқатига мувофиқ келади. Инжилнинг арабча нусхаларида ҳам параглид сўзи ўрнига Аҳмад исми ишлатилган.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Ўн тўрт аср аввал худди шундай бир тун эди,
Лойдан ўн тўрт кунлик ой каби бир етим чиқиб келди.
Лекин у на хусрон эди, сезмади кўзлар
Ҳолбуки, йиллардир кутишар эди.
Қаердан ҳам кўришсин кўролмасдилар,
Сабаб, зуҳур топган ери бир чўл эди.
Залолатга ботганди бу дунё.
Буҳронда эдилар, бу кундан-да бадтар,
Сиртлонларни ортда қолдиришган эди йиртқичликда,
Бирининг тиши йўқми – у ош эди бошқаларга.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ ДУНЁГА КЕЛГАН КЕЧАДА ЗУҲУР ЭТГАН ҒАРОЙИБОТЛАР

Ўша куни қурайшлар ўзлари сиғинадиган санам шарафига зиёфат уюштиришган эди. Зиёфат давомида бут уч марта ерга қулади. Эрталабга яқин Каъба атрофидаги 360 бутнинг йиқилгани маълум бўлди. Бу ботилнинг йўқолиши, ҳақиқатнинг эса қоим бўлишига бир ишора эди. Чунки ўша куни ҳали тонг отмасдан нубувват қуёши чиқиб улгурган эди.
Ўша тунда Эронда Шапур томонидан бино қилинган машҳур Айвоний ибодатхонасининг ўн тўртта устуни йиқилди. Олимлар бу ерда ўн тўрт ҳукмдордан сўнг Ислом қуёши балқишини башорат қилишди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Муҳаммад алайҳиссалом туғилгандан Эрон мусулмонлар томонидан истило қилингунига қадар ўн тўрт подшоҳ Форс салтанатни бошқарди.
Яна ўша кеча минг йилдан буён ўчмай келаётган мажусийлар олови сўнди. Бу ширк ва ботилнинг сўнишига ишора эди.
Яна ўша кечада Ҳамадон ва Рай орасидаги Сава кўли ўз-ўзидан қуриди. Халқ бу муҳим бир ҳодисанинг бошланғичи эканини ҳис этиб, санани қайд қилиб қўйишди.
Эронда вужудга келган бу уч фавқулодда ҳолат шоҳни изтиробга солди. У мажусийлар улуғини ёнига чорлаб, буларнинг ҳикматини сўради. Оқсоқол шоҳга:
– Мен ҳам ўша тунда бир туш кўрдим. Тушимда саркаш араб туялари ва отлари Дажладан кечиб, Эрон сарҳадларига киришар эди, – деди.
Шоҳ Нўширавон ҳайратга тушди, андиша ва изтиробда қолди. Оқсоқолдан маслаҳат сўради. У: “Арабистонда бу кеча фавқулодда бир ҳолат содир бўлса керак”, деди. Нўширавонга бу ҳолни тўлиқ таъбир қила оладиган одам зарур эди. Ниҳоят Ироқ қабилаларига мурожаат этиб, Нуъмон ибн Мунзирдан бир коҳин жўнатишни илтимос қилди. Хайра ҳукмдори коҳин Абдулмасиҳни Эронга юборди. Нўширавон бўлиб ўтган ҳодисалардан коҳинни хабардор қилди. Абдулмасиҳ масаланинг жуда чигал эканини, буни ўзи ҳал қила олмаслигини, аммо тоғаси Сотиҳ бунга таъбир топа олиши мумкинлигини айтди. Ўзи узр сўради. Шоҳ Абдулмасиҳни шу масала бўйича Шомга – Сотиҳнинг ҳузурига юборди.
Сотиҳ яманлик бўлиб, келажак ҳақидаги башоратлари билан шуҳрат қозонган, ўзи кексайиб умрининг сўнгги кунларини яшамоқда эди. Абдулмасиҳ борганда Сотиҳ тўшакда беҳуш ётарди. Жавобсиз қайтишдан қўрққан Абдулмасиҳ тоғасига қараб, уни мадҳ этувчи ушбу шеърни айтди:
– Яман диёрининг каттаси соқов ё карми? Ё бўлмаса, ўзи ўлган-да, руҳи осмонга учиб кетганми?
Сотиҳнинг кўзлари очилди, лаблари зўрға қимирлаб:
– Абдулмасиҳ туясига миниб Сотиҳнинг олдига келди, бироқ, Сотиҳ қабрга кириш арафасида. Эй Абдулмасиҳ, сени Эрон шоҳи саройининг йиқилиши, оташнинг сўниши ва мажусийлар улуғи Мубадоннинг туши ҳақида маълумот сўраш учун жўнатган.
Эй Абдулмасиҳ, ваҳий такрор-такрор ўқилганда, асо соҳибига пайғамбарлик берилганда, Сава кўли қуриганда, форсларнинг ибодатгоҳида оташ сўнганда, билки, ўша пайтда Шом шаҳри Сотиҳ учун Шом бўлмай қолади. Эронликларнинг йиқилган миноралари нечта бўлса, ўшанча султон салтанат суради, кейин бошларига не шўриш тушса, шуни кўрарди, – деди-ю жон таслим қилди.
Абдулмасиҳ буларни Нўширавонга етказди. Илк бор кисра номини олган адолатли ҳукмдор Нўширавондан сўнг ўн тўрт малик ўтади; ниҳоят мусулмонлар от ва туялари билан Дажлани кечиб, Эронни забт этдилар.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Кўнгил ярасини боғлаган удир,
Умматим дея йиғлаган удир.
Бизга шул жаннатни бағишлаган ул,
Ҳақ дея юрагин доғлаган ул.
Мўминлар қалбида шаршара удир,
Кўзларда ишқ бўлиб порлаган удир.
Ушшоқни манзилга йўллаган удир,
Маҳшарда бизларни қўллаган удир.
Бизни Зулжалолга боғлаган удир,
Ва бизга ҳар нени билдирган удир.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БОЛАЛИГИ

Ҳазрати Омина Муҳаммад алайҳиссаломни етти кун эмизди. Сути кам келиб, тўрт ой Абулаҳабнинг жорияси Суайбани эмдиришга мажбур бўлди. Суайбадан сўнг Расулуллоҳга Саъд қабиласидан Ҳариснинг завжаси Ҳалима сут берди.
Макка ўша пайтларда жуда иссиқ эди. Шаҳар аҳли ҳавоси, суви тоза яхши жойларда болаларини ўстириш учун фарзандларини сут оналарига беришарди. Ҳар йили баҳор ва куз мавсумида Маккага бани Саъд ва бани Бакир қабилаларидан сут оналари келиб, бой хонадонларнинг фарзандларини олиб кетар эди. Ўша йили Макка атрофида қурғоқчилик бўлиб, сувлар қуриди, ўтлар сарғайиб, ҳайвонлар нобуд бўлди, халқнинг аҳволи анча оғирлашди.
Ҳазрати Ҳалима шу йили сут оналари билан Маккага келган эди. Бу ҳақда ўзи шундай ҳикоя қилади:
– Мен эрим Ҳарис билан йўлга чиқдик. Эмизикли ўғлим Ҳамза сутимга тўймасдан йиғларди. Эшагимиз жуда заиф бўлгани учун бани Саъд хотинлари биздан илгарилаб кетди. Биз борган сари қофиладан (карвондан) ортда қолиб кетдик. Хўжайиним сабрсизланиб:
– Эй Ҳалима, эшагингни тезроқ ҳайда. Бани Саъд хотинлари биздан аввал Маккага етиб боришса, уйга қуруқ қайтишимиз мумкин, – дер эди.
Ҳарчанд ҳаракат қилсак ҳам, барибир орқада қолиб кетдик. Ниҳоят душанба куни шаҳарга кириб бордик. Сут оналари аллақачон бой хонадонларнинг фарзандларини олиб бўлишган экан. Эрим билан ғамгин бир ҳолда турганимизда қаршимизда нуроний бир киши пайдо бўлди. Биздан:
– Бола олмаган сут онаси қолдими? – деб сўради. Ёнимдагилардан ул зотнинг ким эканлигини сўрадим.
– Бу киши қурайшлар оқсоқоли Абдумутталиб бўлади, – дейишди. Ул зотга одоб билан салом бердим. Мендан ким эканимни сўради.
– Мен бани Саъд қабиласиданман.
– Отинг нима?
– Ҳалима.
– Эй Ҳалима, нақадар бахтли экансан. Бири Саъд, яна бири Ҳалима каби иккита улуғ номинг бор. Бу дунёнг ва охиратинг мана шу икки номда қарор топгандир.
“Саъд” арабчада “муборак”, “ҳалима” эса “юмшоқ” деган маънони билдиради. Абдулмутталиб шуларни назарда тутаётган эди.
Абдулмутталиб Ҳалимага:
– Эй Ҳалима, бола олмаган бўлсанг, менинг бир етим ўғлим бор. Бани Саъд хотинлари бу боланинг отаси йўқ экан, ундан нима наф кўрардик, деб олишмади. Шу болани сен ол, балки фойдаси бўлар.
Мен хўжайиним билан маслаҳатлашиш учун изн истадим. Ҳарисни бор гапдан хабардор қилдим. Эрим:
– Ё Ҳалима, ўзинг биласан, – деди.
Амакимнинг ўғли эса аччиқланиб:
– Бошқа хотинлар бой болаларни олди. Сиз келиб-келиб етим болани оласизми? Ундан нима фойда кўрардингиз, бошингизга бало бўлади, – деди. Бироқ эрим:
– Ё Ҳалима, бориб рози бўл. Етим экан, бир хайри бордир, – деди.
Мен ҳам уйга қуруқ қайтишни истамасдим. Абдулмутталибга рози эканимни айтдим. Қурайшлар улуғи гапимдан жуда севиниб кетди. Ҳаққимга дуо қилиб, мени Оминанинг уйи томон бошлади. Омина ғоятда гўзал, келишган, тарбияли ва нозиктаъб жувон эди. “Аҳлан ва саҳлан, эй Ҳалима”, деб мени мулойимлик билан қарши олди. Сўнгра мени ўғлининг олдига олиб борди. Чақалоқ оқ матога ўралган, яшил ипак ёпинчиқ остида ухлаб ётарди. Бурнимга ҳуш бўйлар урилди. Ёпинчиқни очдим. Кўзларим олдида малак сиймоли гўдак мулойим ухлаб ётарди. Шу ондаёқ қалбимда унга нисбатан кучли бир муҳаббат уйғонди. Ҳатто кўкракларимга сут тўлганини ич-ичимдан ҳис этдим. Қўлимни секин кўкрагига қўйганимда уйғонди. Менга қараб жилмайди. Уни олиб бағримга босдим. Умрим бино бўлиб бу қадар хушрўй, бу қадар ёқимтой болани кўрмаган эдим.
Абдулмутталиб менга қараб шундай деди: “Эй Ҳалима, Оминанинг ўғли бутун дунёнинг хайрлисидир, сен эса энг яхши сут онасан. Эй Омина, фарзандингни Ҳалимага топширгин”.
Мен ўнг кўкрагимни болага тутдим, эма бошлади. Юзларига қараб, севинчдан ўзимни базўр тутиб турдим. Сўнг чап кўкрагимни берсам, эммади. Чунки чап кўкрагимда ўғлим Ҳамзанинг ҳақи бор эди. Кўкракларимга сут тўлганини ҳис қилдим. Сутим ҳам унга, ҳам Ҳамзага етарди. Ҳолбуки, авваллари сутим жуда озлигидан Ҳамзанинг ҳам қорни тўймас, тинмай йиғларди. Бу боланинг оддий бола эмаслиги кўриниб турарди. Эрим ҳам буни сезиб: “Эй Ҳалима, бу бола муборак бир боладир. Мен унда хушбўй ҳидларни туйдим. Унда биз учун буюк хайр ва баракот бор”, – деди.
Эшакка миниб йўлга чиқдик. Икки бола ҳам қучоқларимда эди. Эшагимиз бутун вужудига қувват ингандек илдам юра бошлади. Қофиланинг бошига чиқиб кетганимизни кўриб, дугоналарим менга қараб қичқиришди:
“Эй Абу Руаёнинг қизи, секинроқ ҳайда эшагингни, карвондан ажрама”.
Биз ҳарчанд ҳаракат қилмайлик, барибир эшак чопқиллаб ўзиб кетаверди. Бу ҳолдан ҳайрон бўлдик. Миниб келган эшагимиз шу эканлигига ишонгимиз келмас эди.
Ерларимиз кўпдан буён сувсиз, қуруқшаб ётарди. Ўт-ўлан йўқ. Қўй ва туяларимиз ҳам яйловдан оч қайтганлиги боис елинлари сутсиз эди. Уйга етиб борганимизда ерларимиз ям-яшил ўт билан қопланганини кўрдик. Қўй ва туяларимизнинг елинлари сутга тўлиб келадиган бўлди. Уйимизга ҳам файзу барака кирди. Қўшниларимиз чўпонларига:
– Бизнинг молларимизни ҳам Ҳалиманинг моллари ўтлайдиган жойда боқинг, – дейишарди.
Эрим менга:
– Эй Ҳалима шу бола сабабли уйимиз файзга тўлди. Биз ҳам унга яхши қараб, яхши тарбия қилайлик, – деди.
Муҳаммад (с.а.в.) бошқа болалар каби кийимлари кир бўлиб юрмасди. Қачон кийимларини ювмоқчи бўлсам, уларни тоза ҳолда кўрардим. Яланғоч юришни истамас эди. Кийимларини ечмоқчи бўлсам йиғларди. Бошқа пайтларда доим хуш кайфиятда юрарди. Уни кўрган одам дарров ёқтириб қоларди. Ул зот ётган уйнинг ичи хуш бўйлар билан тўлиқ бўларди. Ҳатто у билан ўйнаган боладан соатлаб бу хушбўй ҳид кетмасди. Буни қабиланинг ёшу қариси жуда яхши биларди.
Ҳазрати Ҳалима Расулуллоҳни ухлатаётганида доим шу аллани айтарди: “Валаҳа илал ула фарикаҳу. (Ё Раббий, сен бизга уни лутф этдинг. Уни бизга бағишла, кўкларга қадар юксалт. Уни ўз паноҳингда асра)”.
Муҳаммад комил инсон бўлиб вояга етаётган эди. Саккиз ойлигида тили чиқа бошлади, бир ой кейин бемалол гаплашадиган бўлди. Икки ёшдан ўтгач, сутдан чиқиб, соғлом, кучли бола бўлди.
– Маккага қайтиш фурсати яқинлашган эди. Эрим билан Муҳаммадни олиб, йўлга чиқдик. Ундан айрилиш жуда оғир эди. Айниқса, Маккадаги вабо хавфи бизларни қаттиқ ўйга толдирган эди. Шу сабабли агар изн берса, Муҳаммад яна бироз муддат биз билан туришини сўраб, Оминага мурожаат қилдик. Омина била туриб жигарпора¬сини таҳлика ичра қолдиришни истамади, таклифимизни қабул этди.
Бола тўрт ёшга қадам қўйганида унда ғаройиб ҳодисалар кўрила бошлади. Ҳазрати Ҳалима кичик Муҳаммадни ўз болаларидан ҳам яхши кўргани боис уни жуда эҳтиёт қиларди. Бир куни опаси Шайма билан қирга чиққанини кўриб, қизини койиб берди. Шайма онасига тасалли берди:
– Сиз ташвиш тортманг. Укамни доим бир парча булут қуёшдан сақлайди. Доим унинг тепасида сузиб юради.
Юракларининг ювилиши воқеасини Расулуллоҳнинг ўзлари шундай баён қиладилар:
– Бир куни опам Шайма билан эчкиларни ўтлатиб юрган эдик. Қорнимиз очқади. Шайма егулик олиб келгани сут онамнинг олдига кетди. Шу пайт улкан иккита қушни кўрдим. Улардан бири иккинчисига: – “Шу болами?” деди. Униси: “Ҳа”, деб жавоб берди. Сўнг мени ерга ётқизишди. Кўксимни ёриб ичидан иккита қонли нарса чиқаришди ва уларни сув билан ювишди. Кейин кўксимни беркитиб, учиб кетишди. Мен жуда қўрқиб кетдим. Барчасини сут онамга айтиб бердим. Сут онам мени ақлдан озибди, деб ўйлаб изтиробга тушдилар. Бир туяга мингазиб онажоним Оминанинг ҳузурларига олиб бордилар. Онам: “Эй Ҳалима, сен омонатни топширдинг”, дедилар севиниб. Бўлган воқеани эшитгач: “Эй Ҳалима, мен бу болани туғаётганимда ичимда бир нур пишқирганини, Сурия саройларини ойдинлатганини кўрдим”, – дедилар.
Имом Муслим, Имом Аҳмад ўз китобларида бу воқеани шундай ҳикоя қиладилар:
“Бир куни Расулуллоҳ болалар билан ўйнаётган эди. Жаброил келиб уни ётқизди ва кўксини ёрди. Ичидан бир нарса чиқариб: “Мана бу шайтоннинг насибаси бўлади”, деб нарига отди. Буни кўрган болалар Муҳаммадни ўлди деб ўйлаб, Ҳалимага хабар беришди. Қайтиб келишганларида унинг сиймосида ўзгариш бўлганини пайқашди”.
Ҳазрати Анас каби ровийлар Расулуллоҳнинг кўксидаги изни кўрганини айтадилар.
Ибни Асокир Ҳакимнинг ривоятига кўра, Абу Ҳурайра (р.а) Расулуллоҳдан нубувватнинг илк аломати ҳақида сўраганида шундай деганлар:
– Болалигимда далада ишлаётган эдим. Осмондан икки киши тушиб мени ерга ётқизишди. Бири кўксимни ёрди, иккинчиси тилла лаганда сув олиб келди. Юрагимни очиб ичидан бир нарсаларни чиқаришди. Мен ҳеч қандай оғриқ сезмадим. Сўнг улардан бири иккинчисига: “Бу юракка марҳамат ва шафқат тўлдир”, деди. Униси юрагимга қуёшга ўхшаш бир нарса қўйди. Юрагимни жойига қўйиб, кўксимни ёпишди. Бири бош бармоғимни сиқди ва: “Қани борақол”, деди. Ўрнимдан турганимда ўзгариб қолганимни сездим. Кичикларга марҳамат кўрсатиб, катталарни ҳурмат қилардим.

* * *

Расулуллоҳдаги бу фавқулод ҳолни кўрган эрим: “Эй Ҳалима, бу болани ўз онасига топшириш лозим”, деди. Биз Маккага йўл олдик. Бир водийда жунбушга тушаётган ҳабашларга дуч келдик. Улар билан бирга йўлда давом этдик. Ҳабашлар кичик Муҳаммадни диққат билан кузатиб, унда нубувват муҳрини кўришди”. Ўша пайтлар Расулуллоҳнинг кўзларида бироз қизиллик бор эди. Халимадан: “Бу, хасталик аломатими?”, деб сўрашди. “Улар боланинг келажакда буюк зот бўлиб етишишини айтишди. Ҳатто ўзлари билан олиб кетмоқчи ҳам бўлишди. Аллоҳ таоло асради”, дейди Ҳалима.
Абдуллоҳ, Зубайр, Аниса, Ҳусама ва Шайма Расулуллоҳнинг сут қардошларидир. Сут опаси Шайма Ҳунайн муҳорабасида асирга тушади. Расулуллоҳ уни танигач, озод этилади.
Расулуллоҳ олти ёшга тўлгач, волидаси ҳазрати Омина жория Умму Айман билан бирга Ясрибга, тоғалари Нажжор ўғиллариникига йўл олди. Нажжор ўғиллари ёнида бир ой қолишади. У ерда кичик Муҳаммад сузишни ўрганди.
Бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ бани Нажжор сувида чўмилганини айтганлар.
Ҳазрати Омина Маккага қайтаётганида Абво деган қишлоқда хасталаниб ётиб қолади. Хаста волидаси атрофида олти ёшли Муҳаммад парвонадек гир айланади. Онаси жони узилаётганини пайқаб, ўғлини ёнига чақирди ва: “Туғилган ҳар жонзот ўлажак, ҳар янги нарса эскиражак, мен ҳам ўламан. Аммо бундан ғам чекмайман. Чунки пок, дуруст , номи абадий қоладиган фарзанд қолдирмоқдаман”, деди, сўнгра кўзлари юмилди.
Абу Нуаймнинг ривоят қилишича, Расулуллоҳнинг волидаи муҳтарамалари ҳаётининг сўнгги дамларида шундай сўзларни айтади:
– Эй ўғлим, Аллоҳнинг баракоти сендадир. Сен шундай фарзандсанки, Аллоҳнинг инояти билан ёмонликдан халос бўлгансан. Эй ўғлим, агар тушимда кўрганларим рост бўлса, сен жалол ва икром соҳиби Аллоҳ томонидан Одам фарзандларига ҳалол ва ҳаромни ажрата олишни ўргатиш учун пайғамбар сифатида жўнатилгансан. Сен Исломни - бобонг Иброҳимнинг динини тиклаш учун юборилгансан. Ўғлим, ҳар туғилган жонзот ўлажак, ҳар янги нарса эскиражак. Мен ҳам бу дунёни тарк этаман. Дунёга сен каби солиҳ, дуруст фарзанд қолдираётганимдан бахтлиман.
Сўнг кўзларини бу фоний дунёга юмадилар. Ҳазрати Оминанинг хоки Абво қишлоғининг қумли тупроғига қўйилади.
Йиллар ўтиб Расулуллоҳ бир куни саҳобалари билан шу йўлдан кетаётган эди. Болалиги, онасини хотирлаган Расулуллоҳ саҳобаларидан ажралиб бир уюм тош олдида кўзёш тўкдилар. Расулуллоҳнинг изтиробидан мутаассир бўлган саҳобалар сўрашди:
“Эй Расулуллоҳ, бу жой кимга тегишли?” Расулуллоҳ бу қабр волидаи муҳтарамалари Оминага тегишли эканлигини айтганларида улар ҳам йиғлашди.
Расулуллоҳнинг етимлик ҳаёти ҳақида Қуръони каримда келади:
“Алам яжидка йатиман фа ава”
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Парвардигорингиз) Сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими?”, (Ваз-зуҳа сураси, 6-оят).

Абдулмутталиб Расулуллоҳни жуда қаттиқ яхши кўрарди. Ҳар куни аср вақтида У зот учун бир гилам ёзилиб, у ерда Абдулмутталиб ўғиллари билан ўтирар эди. Ўғиллари отасининг ўрнига бориб ўтиришга ботина олмас эди. Бир куни етти яшар Муҳаммад бобосининг жойига ўтирди. Амакилари уни турғизмоқчи бўлди, бироқ Абдулмутталиб уларни тўхтатди: “Йўқ, унга тегманглар, бир кун келиб у юксак мавқе соҳиби бўлади”, деди. Неварасини ёнига ўтқазиб елкасини силади. Абдулмутталиб унинг ҳар бир ҳаракатини хуш кўрар, ранжитмас эди. Неварасига бўлган ишончи ва умиди баланд эди.
Бир куни Абдулмутталибнинг жуда яхши кўрадиган туяси йўқолиб қолди. Бобоси уни топишни етти яшар Муҳаммадга топширди. Чунки невараси ҳар ишнинг уддасидан чиқишини яхши биларди. Катталар топа олмаган туяни кичик Муҳаммад топиб, бобосига топширганда, Абдулмутталибнинг севинчдан кўзлари ёшланди, неварасини қаттиқ бағрига босиб эркалади.
Милодий 577 йил эди. Икки йилдан буён ёмғир ёғмаган, Макка қурғоқчилик исканжасида қолган эди. Ҳайвонлар аҳволи танг, экинзорлар ҳароб холга келган эди. Абдулмутталиб ва ўғли Абу Толиб етти яшар Муҳаммад билан Қубайс тоғига йўл олишди. Бутун қурайш аҳли уларни кузатиб турарди. Абдулмутталиб қиблага юзланиб, Муҳаммадни (с.а.в) осмонга кўтарди: “Ё Раб, мана шу бола ҳаққи бизларга ёмғир эҳсон эт”, дея ёмғир сўради (дуо қилди). Бутун Макка аҳли унинг гапини такрорлади. Бироз ўтгач, осмон гумбурлаб, шиддатли ёмғир ёға бошлади. Макка аҳли беҳад севинди. Бу воқеа ҳақида Абу Толиб ўзининг “Ла минйа” номли қасидасида шундай дейди: “Ва абйади йустасғал ғоммаму би важҳи Муҳаммадин – Муҳаммад (с.а.в.) шундай каримки, порлоқ ва муборак чеҳраси ҳурматига Аллоҳдан ёмғир сўралган эди, ёмғирлар ёғди”.
Абдулмутталибни уйқусидан Муҳаммаддан (с.а.в.) бошқа ҳеч ким уйғотишга жазм қила олмас эди. Бобоси уйига кириб кетса, ундан бошқа киши олдига кира олмасди.
Муҳаммад алайҳиссалом саккиз ёшга тўлганда бобосидан ажралди. У Абдулмутталиб билан икки йил бирга яшади. Абдулмутталиб вафот этган пайтда 82 ёшда эди. У ўлимидан олдин ўғил-қизларини ёнига чорлади ва бу дунёда ортиқ насибаси қолмаганини, суюкли неварасини барчасига омонат қилиб қолдираётганини айтди. “Барчангиз уни тарбия ва ҳимоя қилинг”, деди. Шунда баъзи фарзандлари бу вазифани ёлғиз ўзлари бўйинларига олиши мумкинлигини айтди. Абу Лаҳаб, Аббос ва Абу Толиблар бунга даъвогар эдилар. Абу Лаҳаб бой, аммо марҳамати кам эди. Аббоснинг эса бола-чақаси кўп. Энг муносиб ғамхўр Абу Толиб эканлиги очиқ кўриниб турарди. Шундай бўлса-да, бобо неварасининг ўзидан сўрашни лозим топди. Унга қараб: “Эй кўзимнинг оқу қораси, мен бу дунёга кўз юмиб кетмоқдаман. Бундан буён амакиларингдан бири сенинг ҳимоячинг бўлади. Улардан кимни кўпроқ яхши кўрасан?”, деди. Бола югуриб бориб Абу Толибни қучоқлади.
Абдулмутталиб ўғли Абу Толибга юзланиб:
– Эй Абу Толиб, бу бола ота-она меҳрини кўрмади. Шу сабаб унга ғамхўрлик қилишни, меҳр-мурувват кўрсатишни сенга топшираман. Сен унга бошқалардан кўра яқинроқсан. Ининг Абдуллоҳ ҳурмати уни кўз қорачиғингдай асрагин, – деди ва жон таслим қилди.
Абдулмутталиб Ҳожун қабристонига дафн этилди. Уни сўнгги манзилга кўзларида ёш билан кичик Муҳаммад ҳам кузатиб қўйди. Бир неча йиллар ўтгач, саҳобалари Расулуллоҳдан бу воқеани хотирлайсизми деб сўрашганда: “Ҳа”, деб жавоб бердилар.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиси Абу Толиб уйида кечган давр 578-595 йилларга тўғри келади. Абу Толиб ақлли, олижаноб одам эди. Бутун Қурайш қабиласи унга ҳурмат кўрсатар, эъзозларди. Фарзандлари кўп бўлган Абу Толиб фақирона умр кечирарди. Жиянини барча фарзандларидан устун кўрар, ундан ҳеч қачон ажралмас эди. Ўзи нима еса жиянига ҳам едирар, нима ичса, унга ҳам ичирар, нима кийса, унга ҳам кийдирарди.
Расулуллоҳ ўн икки ёшга тўлди. Бу пайтда Абу Толиб Шом сафарига отланаётган эди. Аммо уни бир нарса ўйга толдирди. Жияни Муҳаммадни олиб кетсинми ёки қолдирсинми? Олиб кетай деса, у ҳали ёш, узоқ сафарга бардош бера олмайди. Устига устак йўл жуда оғир, машаққатли. Олиб кетмай деса, ундан ажралгиси келмайди ҳам Муҳаммаднинг илтижоли кўзларига чидаб туриш қийин. Шунда Муҳаммад (с.а.в.) туянинг ёлига ёпишди: “Эй амаки, мени бу ерда кимга ташлаб кетмоқдасиз? Менинг на онам, на отам ва на меҳрибон кишим бор”, деди ёлбориб. Абу Толиб ортиқ чидаб тура олмади. Карвондагиларнинг қаршилигига қарамай жиянини олиб йўлга чиқди.
Муҳаммад алайҳиссалом амакиси билан ҳадсиз-ҳудудсиз қуп-қуруқ чўлда кетиб боришарди. Нафасни бўғувчи жазирама иссиқда бирорта қудуқ кўзга ташланмасди. Карвон олов-олов ёнган саҳрода илгариларкан, бир булут карвонни соялатиб борарди.
Ниҳоят, карвон Шом вилоятининг Бусра туманига қарашли Абдул Ғайс ибодатхонаси яқинида тўхтади. Бу ибодатхонада Буҳайра исмли машҳур христиан роҳиби яшарди. Буҳайра Инжилни яхши ўрганган, диндор киши эди. Айниқса, у охир замон пайғамбари ва унга хос аломатлар ҳақидаги хабарни қулоқларига қуйиб олган эди.
Хизматкорлари карвон келаётгани дарагини беришгач, Буҳайра ғаройиб сир-синоатга кўзи тушди. Яқинлашаётган карвон устида бир булут парчаси ҳам сузиб келарди. Карвон тўхташи билан булутнинг ҳам муаллақ туриб қолганлиги унинг ҳайратини оширди. Карвон қўнган дарахтзор ҳам яшилланиб қолган эди.
Буҳайра хизматкорларига айтиб, дастурхон ёздирди, бутун карвонни зиёфатга чақиртирди. Уларни кузатиб ўзи кутган зотнинг йўқлигини кўрди. Абу Толиб Муҳаммад алайҳиссаломни дарахт ёнига ташлаб келган эди. Буҳайра булутнинг ҳамон дарахт тепасида турганинин кўриб, карвонбоши Абу Толибдан сўради.
– Одамларингдан бу ерга ташриф буюрмагани қолдими?
– Фақат бир бола қолди, карвон ёнида.
– Уни ҳам олиб келинглар.
– Бир киши бориб, ўн икки ёшли Муҳаммадни олиб келди. Буҳайра муқаддас китобда ўқиган охир замон набийсига оид белгиларни болада кўрди. Зиёфатдан сўнг Буҳайра Муҳаммадни (с.а.в.) чақириб, ғоят нозиклик билан сўради:
– Сендан бир нарса сўрасам, Лот ваУззага бўлган муҳаббатинг ҳаққи тўғри жавоб берасанми?
– Лот ва Узза учун менга қасам ичирманг. Мен санам-бутлардан жуда қаттиқ нафратланаман.
– У ҳолда Аллоҳ учун ҳақиқатни айт.
Буҳайра унга бир қанча саволлар берди. Охир замон набийсига оид белгиларни илғаб олгач, икки елкаси орасидаги муҳри нубувватни кўришни истади. Нубувват муҳрини кўриб, кўзларига ёш олди, уни юз-кўзига сурди.
Карвондагилар Буҳайранинг Муҳаммадга (с.а.в.) ҳурматини кўриб, ҳайратланишди. Буҳайра Муҳаммаднинг (с.а.в.) амакиси Абу Толибдан сўради:
– Бу шараф ва саодат ниҳоли кимдир?
– Ўғлим бўлади.
– Йўқ, у етим бўлиши керак.
– Ҳа, у укамнинг жигарпораси. Ота-онаси вафот этган, ҳозир менинг қарамоғимда.
Буҳайра бу гапни эшитиб мамнун бўлди ва: “Ё Абу Толиб, Шом яҳудийлари унинг сифатлари ҳақида билишади. Уни зинҳор у ерга олиб борма. Таниб қолишса, унга қасд қилишлари мумкин. Сен яхшиси молингни шу ерда, Бусрада, сот”, – деди. Абу Толиб уч кун мобайнида молларини сотиб, уйига қайтди.

* * *

Муҳаммад алайҳиссалом умри давомида ҳеч қачон бутга сиғинмади. Бир куни ҳазрати Али Расулуллоҳдан сўради: “Ё Расулуллоҳ, болалик чоғингизда ҳеч бутга ибодат қилдингизми?”
“Йўқ! Асло!” буюрдилар.

* * *

Бир куни амакиси Абу Толиб кичик Муҳаммадни бир санамга атаб ўтказилаётган қурбонлик маросимига олиб бормоқчи бўлди. Бу маросим ҳар йили ўтказилиб, қурайшийлар кечга қадар санамни тавоф қилишарди. Муҳаммад (с.а.в.) у ерга асло бормаслигини айтди. Биринчи марта жиянидан жаҳли чиққан Абу Толиб бошидаги қийиқни унга қараб отди:
– Мен қўрқаманки, бутлар сенга бирон зиён-заҳмат етказмасин!
Гарчи амакиси мажбуран у ерга олиб борган бўлса-да, Муҳаммад бутга ибодат қилмади. Кўзларига малаклар кўриниб:
– Асло унга яқинлашма, сен унга яқинлаша олмайсан, – деганларини эшитди. Бир четда ўтиб маросимни кузатиб турди.
Бир куни амакиси Абу Толиб билан Зулҳижор(савдо- сотиқ ери)га боришди. Абу Толиб жуда чанқаган эди. Муҳаммадга (с.а.в.) қараб:
– Эй укамнинг ўғли, жуда чанқадим,- деди. Шунда Расулулоҳ муборак оёқлари билан қумни тепди ва “Шай’ан”, деди. Шу пайт у ердан сув қайнаб чиқди. Буни кўрган Абу Толиб ҳайратдан ёқа ушлади. Кейинчалик бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:
– Муборак оёқлари босилган ердан сув қайнаб чиққанини кўрдим. Бу сув мисли кўрилмаган лаззатли эди. Қониб-қониб ичдим. Сўнг оёқларини такрор қумга урди, қум ўз ҳолига қайтди.
Зайниддин Даҳлоний “Сийратуннабавиййа” асарида айтадики, Макка аҳли сувсизликдан қийналган эди. Абу Толиб кичик Муҳаммаднинг қўлидан тутиб Каъбаи муаззамага олиб борди. Муҳаммад (с.а.в.) қўлларини кўкка ишора қилар-қилмас осмонни булут қоплаб, шаррос ёмғир ёға бошлади. Водийлар сувга тўлиб тошди.
Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон маъсият жойларга бормади. “Сайратул Халабий” китобида келтиришича, бир куни Расулуллоҳ ёшлигида Макканинг бир маҳалласидан ўтаётиб мусиқа овозини эшитади. “Бу қандай овоз?” деб сўрайди. “Фалон одамнинг ўғли фалончининг қизига уйланяпти, тўй бўляпти”, дейишади. Ичкарига кирган Муҳаммадни (с.а.в.) уйқу элитади. Шу тариқа Аллоҳ таоло ўз Расулини ёмон нарсаларни кўришдан сақлайди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Садрга шифодир Расулнинг сўзи,
Кўнглга сафодир муборак юзи.
Икки дунёда ҳам шафқатидан айирма бизни,
Аллоҳимнинг бизга эҳсонисан сен.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ФИЖОР МУҲОРАБАСИДА ИШТИРОК ЭТИШИ

Милодий 586 йил. Муҳаммад алайҳиссалом ўн олти ёшда. Исломиятдан аввал Арабистон урушлардан боши чиқмай қолган эди. Фижор ана шу муҳорабалардан бири бўлиб, 580-590 йилларда ҳаром ойларида (Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа) бўлиб ўтганлиги боис “Фижор муҳорабаси”, яъни “Ҳаром қилинган уруш” номини олди.
Бани Кинона қабиласидан Барроз деган бадахлоқ кишининг бани Ҳавозин қабиласидан Урва ибн Утбани ўлдириши оқибатида жанжал чиқди. Дарғазаб бўлган бани Ҳавозин қабиласи, албатта, ўч олишга қарор қилди. 587 йилда бу ҳарб Уккозда вужудга келди. Ўн икки ёшли Муҳаммад (с.а.в.) бани Ҳавозин томонидан келган ўқларни амакиларига ташиб бериб турди. Аммо шахсан жангда иштирок этмади.
Расулуллоҳ бир ҳадиси шарифда: “Амакиларимга ўқ олиб келиб берардим”, деганлар.
Суқайя бу ҳақда баҳс юритар экан, Расулуллоҳ Фижор муҳорабасида шахсан иштирок қилмаганлар. Чунки бу пайтда жанг қиладиган ёшда эмасдилар. Бунинг яна бир сабаби урушнинг ҳаром ойларга тўғри келганлиги ҳамда мушриклар ўртасида юзага келганлигидир, деб таъкидлайди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

То азалдан ошиқман, бечораман, сўз бердим Сизга,
Шафоат қилгин лутф этиб, мен ожиз нотавонга.
Ҳусну жамолингиз ҳаёт берур ошиқларга,
Сиз ошиқлар султонисиз, кўнгилларнинг севгили жонони.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЯМАН САФАРИГА ЧИҚИШИ

Милодий 587 йил. Муҳаммад алайҳиссалом ўн етти ёшларида. Қурайшийлар “шита”, яъни қиш ва “сайф”, яъни ёз мавсумларида Шомга, Яманга карвон билан тижорат сафарига боришарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай буюрилади:
“Ли ийлафи қурайшин ийла фиҳим риҳлаташшита’и вассойф”.
“Қурайшга осон қилиб қўйилгани – уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учунгина. Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!” (Қурайш сураси, 1, 2, 3-оятлар).
Расулуллоҳ (с.а.в.) ёз сафарига амакиси Абу Толиб билан борган эди. Қишда бошқа амакилари билан Яманга борадиган бўлдилар. Сафар давомида кўрилган ғаройибот¬лар ҳақида амакиси Абу Зубайр шундай ҳикоя қилади:
– Яман йўлида бир водийга яқинлашганимизда карвондаги бир эркак туя ҳар томонга ташланиб, ҳеч кимни ўзига яқинлаштирмай қўйди. Ҳамма уни қутурган деб ўйлади. Инимнинг ўғли Муҳаммад дарҳол туясидан тушиб, ўша туяга яқинлашди. Бунга ишониш қийин эди – ҳозиргина ўзини ҳар томонга ташлаётган туя ўз-ўзидан жиянимга итоат этди. Буни кўрганлар ҳайратга тушдилар. Келажакда Муҳаммаднинг (с.а.в.) номи ва шони улуғ бўлишини таъкидладилар.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҚЎЙ БОҚИШИ

Милодий 590 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 20 ёшда.
Бу пайтларда Расулуллоҳ амакиси Абу Толибнинг қўй-қўзиларини Жийод тоғи орқасида ўтлатиб юрарди.
“Саҳиҳи Бухорий”да келган ривоятга кўра, бир куни Расулуллоҳ саҳобаларига: “Ҳеч бир набий йўқки, пода боқмаган бўлсин”, – дея марҳамат қиладилар.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сиз ҳам пода боққанмисиз? – деб сўрашганда”: “Ҳа, қўйларни тоққа олиб чиқиб ўтлатардим”, деб жавоб бердилар.
Бир француз тарихчиси бу ҳақда янглиш баён қилиб, Абу Толиб Муҳаммадни ҳақир кўрганлигидан қўйларини боқтирар эди, деб ёзади. Ҳолбуки, ўша даврнинг удумига кўра бутун қурайш аслзодаларининг фарзандлари ўз қўйларини боқишар эди.
“Табоқат” асарида ёзилишича, Расулуллоҳ бир куни саҳобалари билан қирда кезар эдилар. Саҳобалардан бири у ердан бир қора тут топиб Расулуллоҳга келтирди. Расулуллоҳ тутларни оғзига солар экан:
– Бу тут қанчалик қорайса, шунчалик ширин бўлади, мен буни қўй боқиб юрган кезларимдан биламан, дедилар.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲИЛФУЛ ФУЗУЛДА ИШТИРОК ЭТИШИ

Милодий 592 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 22 ёшда.
“Ҳилфул фузул” – фазилатли кишиларнинг қасамёди, дегани. Бир неча юз йиллар олдин араб қабилалари ўртасида уч киши – Фазл ибн Фазола, Фазл ибн Вадоа ва Фазл ибн Ҳорислар ўртасида ҳақсизликка, адолатсизлик ва зулмга қарши битим тузилган эди. Араблар орасида яхши ном қозонган ушбу битим ва уларнинг аъзолари йиллар ўтиб унутила бошлади. Тўққиз йил давом этган Фижор муҳорабасидан кейин Маккада ҳузурсизлик, ишончсизлик ва зулм бош кўтарди. Айниқса, шаҳарга келган мусофирлар маҳаллий тажовузлардан азоб чекишарди. Уларнинг мол-мулки ва ҳатто хотин-қизларига ҳам тажовуз бошланган эди. Машҳур шоир Ханзолани куппа-кундуз куни Макка кўчаларида талаб кетишади.
Ана шундай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида араб қабилалари яна битим тузади. Ҳақсизликка, адолатсизликка, зулмга қарши курашиш учун қасамёд қилади. Улар орасида эндигина йигирмадан ошган Муҳаммад алайҳис¬салом ҳам бор эди. Расулуллоҳ бу жамоанинг фаол аъзоси эдилар.
Бир куни бани Зайд қабиласидан бир савдогар Маккага келади. Умра учун эҳромга кирган пайтда Ос ибн Воил деган киши унинг барча молларини тортиб олади. Савдогар Қубайс тоғига чиқиб, кўйлагини йиртиб йиғлайди. Масжиди Ҳарамда ўтирганлар унинг гапларидан таъсирланишади. Ораларида энг ёши улуғи бўлган Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида тўпланиб, ўша ерда бу масалани дарҳол ҳал этишни келишиб олишади. У ерда хоҳ у мусофир бўлсин, хоҳ маккалик мазлумларни ҳимоя қилишга Аллоҳ номи билан онт ичишади. Ос ибн Воилдан бояги савдогарнинг молларини қайтариб олиб беришади.
Орадан йиллар ўтса ҳам Расулуллоҳ ўша битимни унутмади. Бир куни биродарларига шундай ҳикоя қилиб берди:
– Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бўлган бир аҳдлашувда иштирок этдим. Бундай шарафдан воз кечиш эвазига дунёнинг энг гўзал неъматларини берсалар ҳам, асло рози бўлмасдим. Ислом дини вужудга келганидан кейин ҳам ана шундай аҳдлашувга таклиф этсалар, сира иккиланиб ўтирмасдан борардим.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАДИЧАНИНГ КАРВОНИГА БОШЧИЛИК ҚИЛИШИ

Милодий 594 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 24 ёшда.
Қурайшийлар ёз ва қиш мавсумларида тижорат билан машғул бўлишарди. Маккадан Шомга, Яманга карвон йўл оларди. Ҳувайлиднинг қизи Ҳадича бошқа мисрликлар каби Шомга юбораётган карвонига карвонбошилик қилиш учун ишончли одам қидирарди. У 24 ёшли “Ал-амин” деб танилган Муҳаммадга бу вазифани таклиф этди.
“Эй Муҳаммад, сен ҳақингда кўп яхши гаплар эшитдим. Тўғри, дуруст инсон эканлигинг барчага маълум. Қулим Майсара билан менинг карвонимга бошчилик қилишингни истардим. Агар таклифимга рози бўлсанг, бошқаларга нисбатан икки ҳисса кўп ҳақ бераман. Сен ҳам бундан истифода этасан.
Муҳаммад алайҳиссалом амакиси билан маслаҳатлашиши лозимлигини агар рози бўлса, карвонбоши бўлиши мумкинлигини айтди. Абу Толиб:
– Бу Аллоҳ юборган бир неъматдир, Эй Муҳаммад, уни қабул қилгин, – деди.
Шомга йўл олган карвонда Ҳадичанинг қариндош¬ларидан Ҳузайма ибн Ҳаким, қурайшларнинг бир қанча савдогарлари ҳамда Ҳадичанинг содиқ қули Майсара бор эди. Карвон Бусрага яқинлашди. Бу пайтда роҳиб Буҳайра аллақачон дунёдан ўтиб кетган, унинг ўрнига Настура исмли роҳиб келган эди. Келиб-кетиб юрганлиги боис Майсара Настурани яхши биларди. Настура Майсарадан карвонбоши кимлигини билгач, у билан кўришиш истагини айтди. Расулуллоҳ билан кўришгач, у ҳам Буҳайра каби муҳри нубувватни кўрди. Сўнг Майсарага қараб шундай деди:
– Эй Майсара, бу зот Ҳазрати Ийсо хабар берган охир замон набийсидир. Асло Шомга бора кўрманглар. Яҳудийлар уни таниб, хиёнат қилишлари мумкин.
Муҳаммад алайҳиссалом молларини Бусрада сотиб орқага қайтди. Карвон Маккага яқинлашганда маккалик хотинлар карвоннинг келишини кузатиб туришарди. Ҳаво жуда иссиқ. Расулуллоҳнинг тепасида иккита катта қуш қанот ёзиб, уни қуёшдан пана қилиб турганини ҳайрат билан томоша қилишди. Майсара Муҳаммад алайҳиссаломдан, савдонинг файзу баракали, бошқа йилларга қараганда даромадли бўлганидан Ҳадичани хабардор қилар экан, Настуранинг гапларини эслаб, Расулуллоҳга бўлган ҳурмат ва ҳайратини яшира олмади. Ҳадича Майсаранинг гапларини диққат билан тинглади. Энди янада кўпроқ ҳақ тўлаш шарти билан бўлса-да, Муҳаммад ибн Абдуллоҳни кейинги сафарга кўндиришни ният қилиб қўйди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Назар қил ё Расулуллоҳ фақирнинг ҳолига бир бор,
Сенинг ишқинг ёқди мени дунёни кўзим кўрмас.
Каримсан ё Расулуллоҳ, карам фақат сенга лойиқ,
Қусурим парда бўлмиш висолинга, қўлим тегмас.
Сенинг мадҳинг истар кўнглим ё Расулуллоҳ,
Сенинг маддоҳинг Аллоҳдир, менинг мадҳга кучим етмас.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЗРАТИ ҲАДИЧАГА УЙЛАНИШИ

Милодий 595 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 25 ёшда.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Ваважадака ъааилан фа ағна”
(“Ул зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!”). (Ваз-зуҳо сураси, 8-оят)
Муфассирлар бу оятни Ҳабибим, Раббим сени фақир топди, сўнг Ҳадичанинг моли билан бой қилди, тарзида тафсир қилишади.
Муҳаммаднинг (с.а.в.) аллақачон уйланиш вақти келган эди. Бир куни Абу Толибнинг синглиси Отика акасига:
– Муҳаммадни (с.а.в.) уйлайдиган вақт келди, бир чорасини топиб уйлантиринг, – деди.
– Эй Отика, гапинг тўғри, бир иложини қилиб уни уйлантирмасак бўлмайди. Ишларим ҳам тескари кетган, қўли калталик қурсин, – деди.
– Ҳувайлиднинг қизи Ҳадича бева бўлса-да, тўғри, ахлоқи гўзал ва диёнатли хотин. Макка аслзодалари қанча сўраттиришмасин бошқа турмуш қурмади. Унинг Муҳаммадга (с.а.в.) кўнгли борга ўхшайди. Ўртага одам қўйиб, унга бир таклиф қилиб кўрайлик-чи, нима дер экан?
Отика Нафиса исмли бир хотинни орага қўйди. Нафиса Муҳаммад ибн Абдуллоҳни Ҳадичага мақтади. Майсаранинг гаплари, Нафисанинг мадҳи, қолаверса ўзи билган нурли сиймо билан турмуш қуриш Ҳадича учун бир шараф эди, албатта.
Бир куни тушида осмондан бир қуёш тушиб, Ҳадича¬нинг уйига кирди. Макка ва бутун дунё файзли нурга ғарқ бўлди. Тушидан қаттиқ таъсирланган Ҳадича амакиваччаси Варақадан таъбир сўради. Варақа илмли, зиёли, даврининг пешқадам олими эди. Ҳадичага дедики: – Эй, Ҳадича! Кўрган тушинг муборак бўлсин. Сен буюк бир зотга турмушга чиқасан ва унинг нури бутун дунёни ойдинлатади.
Ҳадича қирқ ёшда бўлиб, бағоят гўзал ва ақлли аёл эди. Даставвал Отик ибн Оиз исмли кишига турмушга чиқиб, ундан бир қиз фарзанд кўрган эди. Отик кўп ўтмай вафот этиб, Ҳадича бева қолди. Кейинроқ Абу Ҳала исмли киши билан турмуш қурди. У билан бир неча йил яшади. Уларнинг Ҳинд исмли ўғиллари бор эди.
Нафиса Ҳадича билан узоқ гаплашди. Гарчи Ҳадича¬нинг кўнгли бўлса-да, бевалигини ўйлаб, Муҳаммад (с.а.в.) билан турмуш қуриш ҳақида мулоҳаза қиларди. Бу хусусда Нафисага айтганида у:
– Бу ёғини менга қўйиб беринг, – деди.
Нафиса Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдига борди. Унга Ҳадичанинг таклифини билдирди.
– Уйланиш учун етарли сармояга эга эмасман, – дедилар Расулуллоҳ.
– Агар мол-мулкка эга бўлган гўзалликда ягона, ҳасаб ва насабда асл, диёнат ва тақвода тенгсиз, хуш ахлоқли бир хоним сизга ўз таклифини билдирса, нима деб жавоб берардингиз?
– Ким у?
– Ҳадича бинти Ҳувайлид.
– Мен амаким Абу Толиб билан маслаҳатлашай, агар рози бўлсалар қабул қиламан.
Абу Толибга бу таклиф маъқул келди. Ҳадича бундан жуда мамнун бўлди. Падари бузруквори вафот қилганлиги боис никоҳ ишини амакиваччаси Варақа ибни Мағфарага топширди. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам оталари йўқлиги сабаб никоҳда оталик қилишни Абу Толибга топширдилар. Нафиса никоҳ ҳақида шуларни ҳикоя қилади:
– Муҳаммаднинг(с.а.в.) розилигини олгач, Ҳадичага хабар бердим. Ҳадича бундан жуда севинди. Никоҳ учун бир вақт тайин этилди. Никоҳда бутун Қурайш оқсоқоллари қатнашди. Абу Толиб Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида шундай нутқ сўзлади:
– Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бизларни Иброҳимнинг (а.с) зурриёдидан, Исмоилнинг (а.с) наслидан, Мааднинг(а.с) аслидан ва Мудаббирнинг(а.с) йўлидан яратди; бизни Байтуллоҳнинг қўриқчиси бўлишдек бахтга муяссар қилди. Масжиди Ҳаромнинг хизматчиси, кўпчиликка бошчи бўлишимизни буюрди. Инимнинг ўғли Муҳаммад (с.а.в.) камбағал бўлса-да, юксак фазилатга эга пок инсондир. Иншааллоҳ унинг мартабаси бундан-да улуғ бўлажак.
Сўнг Ҳадичанинг амакиваччаси Варақа ҳам сўзлади:
– Аллоҳга ҳамд бўлсин, бизларни фазилат ва шараф эгаси қилди. Биз арабларнинг улуғларимиз. Қолаверса, биз сизнинг фазилатларингизни ҳурмат қиламиз. Ҳеч бир зот сизнинг хайр ва шарафингизни рад этолмайди. Биз албатта сиз билан қариндош бўлишга розимиз.
Шундан сўнг Расулуллоҳ одамларга юзландилар:
– Эй жамоат, шоҳид бўлингки, мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳадича бинти Ҳувайлидни ўз никоҳимга олдим.
Никоҳ ўқилди. Маҳр йигирмата туя деб белгиланди. Абу Толиб ўша пайтдаги удумга кўра битта туя сўйиб, элга зиёфат берди. Тўйдан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом Ҳадичанинг уйига кўчиб ўтдилар. Шу тариқа ҳузур-ҳаловатга эришган икки жуфт ҳеч қачон бир-бирни ранжитишмади.
Ҳазрати Ҳадича мусулмон аёлининг энг ўрнак намунаси эди. Муҳаммад алайҳиссаломга ҳар хусусда рағбат кўрсатар, оғир дамларда унга тасалли берарди. Жони ва молини унга атаган эди. Ҳазрати Ҳадича Расулуллоҳдан олтита фарзанд кўрди: икки ўғил, тўрт қиз. Тўнғич фарзанд Қосим исмли ўғиллари бўлиб, етти кунгина яшади. У туғилгандан сўнг Расулуллоҳ Абулқосим, яъни Қосимнинг отаси, деб атала бошланди. Милодий 599 йилда Зайнаб исмли қизлари туғилди. Руқия иккинчи қизлари бўлиб, туғилиш санаси 602 йилдир. Учинчи қизлари Умму Гулсум 604 йилда дунёга келди. Нубувват пайтларида дунёга келган ва Расулуллоҳнинг жуда яхши кўрадиган қизларининг исми Фотима эди. Абдуллоҳ исмли ўғиллари нубувватдан сўнг туғилди ва жуда кичиклигида ўлди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Хутбанг ўқилур минбари иқлими бақода,
Ҳукминг тутилур маҳкамаи рўзи жазода.
Ташрифа бонги чалинур арши Худода,
Асмои шарифинг эсланур арзу самода.
Сен Аҳмади Маҳмуди Муҳаммадсан афандим,
Ҳақдан бизга султони муҳаббатсан афандим.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЗРАТИ АЛИНИ ЎЗ ТАРБИЯСИГА ОЛИШИ

Милодий 596 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 26 ёшда.
Бу пайтда Макка ва унинг атрофида қурғоқчилик ҳукм сурарди. Қурғоқчилик барчанинг тинкасини қуритган, айниқса бола-чақаси кўп оилаларнинг аҳволи оғир эди. Муҳаммад алайҳиссалом Ҳазрати Ҳадичага уйлангач, бу азобдан қутилган бўлса-да, амакиси Абу Толибнинг фақирона ҳаёти уни ўйга толдирди. Бир куни бошқа амакиси Аббосга:
– Эй, амаким Аббос, сенинг мол-мулкинг ўзингга етарли, нонга зориққанинг йўқ. Амаким Абу Толиб эса фақир ва фарзандлари кўп. Агар маъқул топсанг, у кишининг биттадан фарзандини ўз тарбиямизга олсак ва уни бу юкдан халос этсак, – деди.
Аббос бу гапни бажонидил қабул этди. Дарҳол Абу Толибнинг ҳузурига бориб, таклифларини айтишди. Абу Толиб:
– Менга Укайлни қолдиринг, қолганларини нима қилсангиз ўзингиз биласиз, – деди.
Аббос Жаъфарни, Муҳаммад алайҳиссалом эса Алини олиб уйларига қайтишди. Али бу пайтда беш яшар эди. Расулуллоҳнинг уйида Ҳазрати Ҳадичанинг олдинги никоҳларидан бўлган фарзандлари ҳам яшарди. Яна Зайд исмли бола ҳам бўлиб, у Калб қабиласига қилинган босқинда асирга тушган, Шомга тижорат сафарига борган Ҳадичанинг биродари Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олиб, уни Ҳадичага туҳфа этган эди. Ҳадича эса Зайдни Муҳаммад алайҳиссаломга берди. Расулуллоҳ уни қулликдан озод этиб, ўзига ўғил қилиб олди.
Тарихчилар баён қилишича, Расулуллоҳ Ҳажарул Асваднинг олдига Зайдни олиб борди. У ердагиларга Зайдни кўрсатиб:
– Шоҳид бўлинг, эй жамоат, Зайд менинг ўғлим ва ворисимдир, – дедилар.
Зайднинг отаси Ҳориса йиллар ҳасратини кўтариб, ниҳоят ўғлини топди, уни олиб кетгани Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурига кўзёш тўкиб келди. Ўғлини қайтариш эвазига нима сўраса, беришини айтиб йиғлади. Расулуллоҳ танлаш имкониятини кичик Зайдга топширди. Чунки Зайд хоҳласа, ўз отаси билан кетиши мумкин эди. Бироқ Зайд югуриб Расулуллоҳни қучди. Шу тариқа Ҳориса бир томондан кўнгли хотиржам, аммо иккинчи томондан юраги доғли ҳолда юртига қайтди. Ўғлининг ишончли инсон тарбиясида эканидан хотиржам, бироқ энди ўғлини кўролмаслигини ўйлаб йиғлар эди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА

Эй кўнгиллар дардининг дармони,
Эй яратилишлар султони сен.
Эй рисолат тахтининг ҳотами,
Эй нубувват муҳрининг хотими.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КАЪБА ТАЪМИР ЭТИЛГАЧ, ҲАЖАРУЛ АСВАДНИ ЖОЙИГА ҚЎЙИШИ

Каъба узоқ йиллардан буён ёмғирлар, бўронлар таъсирида нураб, хароб ҳолга келиб қолган эди. Айниқса, Байтнинг ғарбий девори чўккан эди. Бир куни тунда ўғрилар у ердаги қимматбаҳо ашёларни олиб кетгач, бутун маккаликлар ташвишга тушиб қолди. Каъба таъмирга муҳтож эди. Бутун Макка аҳолиси йиғилиб, Уйни дарҳол қайта қуриш лозим эканлигини келишиб олишди. Байт Аллоҳга дахлдор муборак ва муқаддас жой бўлганлиги боис бу даргоҳга ишлатиладиган қурилиш ашёлари ҳалол маблағ эвазига сотиб олиниши кераклиги таъкидланди. Шундан сўнг Қизил денгизда, Жиддага яқин жойда ҳалокатга учраган Рум салтанатига тегишли кеманинг парчаларини ва ундаги ашёларни сотиб олишга одам юборишди. Кемадаги ашёлар сотиб олингач, Байт қурилиши бошланди.
Макка эркаклари кийимларини, пешбандларини елкаларига ташлаб тош ташир эди. Абулқосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳам бу ҳашарда амакилари билан биргаликда иштирок этди. Амакиси Аббос бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:
– Мен Муҳаммаднинг (с.а.в.) елкасига озор етмаслиги учун белидаги пешбандини елкасига қўйиб олишини айтдим. У мен айтгандай қилди, бироқ шу пайт либоси тушиб кетди, ўзи эса ҳушини йўқотди. Ҳушига келгач, нима бўлганини сўрадим.
– Яланғоч туришдан манъ қилиндим, – деди у.
Ҳалис ва Ҳалафийларнинг келтиришича, Расулуллоҳ пешбандини ечди, авратлари очилди. Шу пайт кўкдан овоз келди: “Яланғоч турибсан, эй Муҳаммад!” Расулуллоҳ бу овозни эшитиб ҳушларидан кетди. Бу Муҳаммад алайҳиссалом ғайбдан эшитган илк овоздир. Шундан сўнг Расулуллоҳни ҳеч ким яланғоч ҳолда кўрмади.
Аслида бутун расуллар, набийлар ҳам авратларига эҳтиёт бўлишган. Масалан, Мусо алайҳиссалом ҳеч қачон яланғоч юрмаганлар. Яқин қариндошлари танасида бир иллат бўлса керакки, уни кўрсатмайди, деб ўйлашар эди. Бир куни Мусо алайҳиссалом ёлғиз ўзлари денгизда чўмилиш учун кийимларини бир тош остига бостириб сувга тушадилар. Шунда тўзон кўтарилиб кийимларини учириб кетади. Кийимларини ушлаб олиш учун югурганини кўрган қавми Мусо алайҳиссаломнинг танасида ҳеч қандай иллат йўқлигини, фақат ҳаё юзасидан яланғоч юрмаслигини англаб етишади. Шундан сўнг ҳеч қачон уни яланғоч ҳолда кўришмайди.
Кеча-кундуз тинмай ишлаган маккаликлар ниҳоят Каъбатуллоҳни қуриб битказишди. Энди ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйиш керак эди. Бундай шарафга ким лойиқ? Ана шу муаммо ҳамжиҳатлик муҳитини ўзгартириб юборди. Ҳеч бир қабила иккинчи даражага тушиб қолишни истамас эди. Натижада мунозара бошланиб жанжалга айланаёзди. Бани Абдуддор сўнги томчи қони қолгунча бу шараф учун курашажагини айтиб қасам ичди. Бошқа қабилалар ҳам бу йўлда жонларини тикишган эди. Мунозара узоқ чўзилди. Ниҳоят, қабила оқсоқоллари бир жойга тўпланишди. Ораларидан Хузайфа ибн Муғийра бир таклиф айтди:
“Ҳозир Ҳарами шарифга ким кирса, у ҳажарул асвадни жойига қўйсин”. Бошқалар ҳам бу адолатли таклифни қабул қилишди. Чунки ҳеч ким кириб келиши номаълум эди. Юраклар уриши тезлашди, ким бундай шарафга ноил бўлар экан?
Муҳаммад алайҳиссалом жанжал бошлангач, уйига кетиб қолган, бундай низоларга тоқати йўқ эди. Бир неча кун ўтгач, хабар олгани Каъбага йўл олди. Дарвозадан кириб келган Муҳаммад Аминни кўриб бақириб юборишди:
“Муҳаммад Амин... Муҳаммад Амин келди! Биз унинг ҳукмига розимиз!”
Расулуллоҳ эгниларидаги ридони ечиб ерга ёздилар. Ҳажарул асвадни муборак қўллари билан олиб у ерга қўйдилар. Сўнг бутун қабила раисларини чақирдилар. Улар ридонинг бир учидан тутиб тош ўрнатилиши лозим бўлган жойга келтиришди. Муҳаммад алйҳиссалом ҳажарул асвадни муборак қўлларига олиб жойига қўйдилар.
Ёш Аминнинг адолатли ҳукмидан барча рози бўлди, бемаъни урушнинг олди олинди.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УККОЗ БОЗОРИДА ҚУСС ИБН СОИДАНИНГ МАШҲУР НУТҚИНИ ТИНГЛАШИ

Милодий 608 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 38 ёшда.
Уккоз бозори Тоиф билан Нажид орасида жойлашган эди. У ерда ҳар йили Зулқаъда ойида бозор бўлар эди. Бу галги бозор йигирма кунлар давом этди. Бозорга савдогар¬лардан ташқари шоирлар ҳам келиб, улар бозор аҳлига шеърларидан намуналар ўқир эди.
Шу йили Муҳаммад алайҳиссалом Уккоз бозорига савдо-сотиқ учун келдилар. Бозор майдони ўртасида қизил туянинг устида туриб, халққа хитоб этаётган Ийад қабиласи сардори қария Қусс ибн Соиднинг сўзлари диққатини жалб этди. Бу сўзлар бутун умр ёдида қолди. Нубувватдан бир неча йил ўтиб, бир куни саҳобаларига:
– Қусс ибн Соиданинг: “Шубҳа йўқки, яшаган ўлади, ўлгач, номи ўчади. Келажакда тақдирда нима бўлса, албатта, ўша юз беради” – деб бошлаган нутқи ҳамон хотиримда, – дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ (р.а):
– Ё Расулуллоҳ! Ўша куни мен ҳам Уккозда эдим. У гаплар ҳали ҳам ёдимда.
Расулуллоҳ ўша нутқни ўқишини буюрди. Ҳазрати Абу Бакр айнан Қусс ибн Соида айтганидек такрорлади:
– Эй одамлар, келинг, эшитиб ибрат олинг. Шубҳа йўқки, яшаган ўлади, ўлгач, фано бўлади (номи ўчади). Келажакда тақдирда нима бўлса, албатта, ўша юз беради. Ёмғир ёғар ўтлар унар. Фарзандлар туғилади. Вақт ўтиб ота-оналарининг ўрнини эгаллашади, сўнгра барчаси маҳф бўлади. Воқеалар тугамайди, бир-бирининг ортидан бириси юз беради. Қулоқ тутинг, диққат қилинг.
Кўкда хабар бор, ерда эса ибрат. Ер юзи бир қарич алвон, кўк юзи юксак бир қубба; юлдузлар учар, денгизлар тўлқинланар; келган қолмас, кетган қайтмас. Одамлар кетаётирлар, аммо бошқа қайтмаётирлар. Қасам ичаман, Аллоҳнинг шундай бир дини борки, у диннинг келиши жуда яқин. Сояси бошимиз узрадир. Унга етишган ва иймон келтирган, йўлидан юриб ҳидоятга етишганлар нақадар бахтлидир. Унга қарши чиққан ва исён кўтариб, ғафлатда қолганларнинг эса ҳолига вой.
Эй жамоат! Қаерда оталар ва боболар? Қаерда муҳташам кошоналар бунёд этганлар? Қаерда дунё молига мағрур бўлиб, мен сизнинг энг буюк раббингизман, деган Фиръавн Намруд? Уларнинг барчаси сизларга қараганда бойроқ ва қудратлироқ эмасмиди?
Дунё тегирмони уларни ҳам янчиб тўзитди. Суяклари чириб битди. Уйлари қулаб, изсиз йўқолди. Ҳозир уларни кўппаклар жонлантирмоқдалар. Асло улардек каби ғафлатда қолманг, уларнинг йўлларидан юрманг. Ҳар нарса фоний, ёлғиз Аллоҳгина боқийдир. У якка-ю ягонадирки, шериги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ. Ибодатга лойиқ ёлғиз Аллоҳдир. Туғмаган, туғилмайди. Ўтмиш авлодларимиз ҳаётига назар солсак, кўплаб ибратли мисоллар топиш мумкин. Ўлимга олиб борувчи ва муқаррар бўлган йўлларни кўргач, кетганларнинг орқага қайтмаганини ва қолганлар ҳам боқий умр кечирмаслигини англагач, шунга қатъий ишонч ҳосил қилдимки, бандаларнинг бошига келадиган ўлим менинг ҳам бошимга келади...
Расулуллоҳ хутбани тинглагач: “Аллоҳ Қусс ибн Соидани раҳмат қилсин”, деди.
Қусс ибн Соида бу нутқини ўқиган пайтда Расулулоҳ ҳам унинг сўзларини эшитаётганини билмас эди. Расулуллоҳ даъватига етишолмасдан вафот этди. Йиллар ўтиб, унинг қабиласи иймон келтириш учун Расулуллоҳ¬нинг ҳузурига келишди. Расулуллоҳ қабила раиси Жорудни чақириб, Қусс ибн Соида хусусида сўради.
– Ё Расулуллоҳ, – деди Жоруд, – мен уни яхши танийман, ўзим ул зотнинг издошлариданман.
Кимдир ўрнидан туриб Қусс ибн Соиданинг шеърини ўқиди:
“Эй марҳумга йиғлаган! Ўликлар мозорларида ёти¬шибди. Устларида ўз молларидан ёлғиз кафан бор. Уларни ўз ҳолига қўй. Улар учун бир кун борки, беҳуш ҳолатда даъват қилишади. Аввал қандай яратилган бўлса, шундай яратилиб, бир қисми яланғоч, бир қисми эса либосда ҳузури Ҳаққа қайтишади”.
Жоруднинг дўстларидан бошқаси Қусс ибн Соиданинг шеъридан бир парча ўқиди. Унда Ҳарами шарифда бани Ҳошимдан бир набийнинг келиши ҳарорат билан битилган эди.
Расулуллоҳ Қусс ибн Соиданинг сўзларидан мутаассир бўлиб, муборак кўзлари ёшланди. У ҳақда:
“Йарҳаммаллоҳу ғусла йаржу йавмал қийамати инна йаб асуллаҳу умматан ваҳидатан”, яъни “Умид қиламанки, Аллоҳу таоло Қусс ибн Соидани суюкли уммати сифатида қаршилайди”, дедилар.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲИРО ТОҒИДА КЕЧИРГАН ҲОЛИ ВА ИЛК ВАҲЙИ ИЛОҲИЙНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ

Милодий 610 йил. Муҳаммад алайҳиссалом 40 ёшда.
Расулуллоҳ ҳар йили Рамазон ойида Ҳиро тоғига борар, танҳо қолиб ибодат ва тафаккурга берилар эди. Бу йил ҳам Рамазон ойини ўша ерда ўтказмоқчи бўлдилар. Бу истак жуда кучли эди. Агар бормаса, биров уни зўрлаб олиб борадигандек ҳис этар эди ўзини.
Аждоди Иброҳим алайҳиссалом ҳам ана шундай узлатга чекилиб Аллоҳ таоло учун ибодат қилган эмасмиди? Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло билан кўришиш учун қирқ кеча-кундуз Тур тоғида ибодатга берилган эмасмиди?
Ҳиро тоғи Маккадан беш чақирим узоқликда сувсиз, соясиз қуп-қуруқ чўлнинг ўртасида жойлашган эди. Муҳаммад алайҳиссалом ана шу тоғда узлатга чекиниб, муроқаба ҳолида ҳаёт кечира бошлади. Кечаси ойдин қамарнинг фусункорлиги, минглаб юлдузлар безаган кўкнинг чексиз гўзаллиги инсонда ажиб бир ҳисни уйғотар, илҳом берарди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу ҳаётини кўрганлар Муҳаммад (с.а.в.) Раббисига ошиқ бўлибди, дейишарди.
Ибни Ҳишом: “Муҳаммад алайҳиссалом бу ерда чуқур тафаккурга толар, коинотнинг чексиз азамати, қудрати, тажаллиси билан борлигини изҳор этган Аллоҳга чуқур ҳушуъ ва ҳузуъ билан боғланар, кунлаб, ҳафталаб тоғда вақтини ўтказарди”, деган эди.
Ҳақиқатлар қалбга аввал туш ҳолида, сўнгра эса айнул йақийн мартабаси воситасида мушоҳада этилади. Муҳаммад алайҳиссаломда ҳам ваҳийнинг бошланиши олти ой туш аломатлари воситасида кечди. Латиф рўё олами унга келажакдаги ҳодисалардан баҳс этарди. Тушида кўргани ўнгида зуҳур этарди.
Ҳазрати Ҳадиса онамиз: “Расулуллоҳга ваҳий юбори¬лишидан аввал олти ой шундай тушлар кўрар эдики, улар албатта ҳақиқатда содир бўларди. Ана шундан сўнг ёлғиз қолиш истаги ҳосил бўлди”, – деган эдилар.
Рамазон ойининг 26 куни ўтган, тун чўккан эди. Расулуллоҳ ҳар кечадагидек уйқуга кетди. Эрта тонгда даҳшатли овоздан уйғониб кетди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, умрида ҳеч қачон кўрмаган бир ҳилқат пайдо бўлди. Бу Аллоҳнинг махсус вазифа билан жўнатилган ваҳий фариштаси Жаброил эди.
Фаришта Муҳаммад ибн Абдуллоҳга:
“Иқро бисмироббика”, яъни “Парвардигорингиз номи билан ўқинг!” деди. Ҳеч бир набийга бу шаклда хитоб этилмаган эди. Бу фақатгина Муҳаммад алайҳиссаломга хос эди. Хитоб уч бора такрорланди. Жаброил уни уч бора бағрига босди ва беш оятдан иборат илк ваҳийни биргаликда ўқидилар.
“Иқро бисмироббикаллазий холақа холақал инсана мин алақ. Иқро ва роббукал акрамуллазий аллама бил қалам. Алламал инсана малам йа’ламу”.
– “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни – хатни) ўргатган ўта карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”. (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
Бу оятлар инсонлар учун энг зарур бўлган ўқишни тавсия этаётган, ҳар нарсани яратган яккаю ягона Аллоҳни экани таъкидлаётган, Унинг номи билан ўқишни тавсия қилаётган эди.
Муҳаммад алайҳиссалом бу муаззам ҳодисадан ўзини йўқотиб қўйди. Бутун вужуди титраб, қалбида унга ўқишни буюрган ўша қудратли ҳилқат ваҳий этган сўзлар такрорланарди:
“Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!”
Муҳаммад (с.а.в.) уйга кириб келганида юзида ғалати ўзгаришни кўрган Ҳазрати Ҳадича шошиб қолди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дарҳол бориб ётдилар.
“Менинг устимни ёпинг, тезроқ ёпинг”, – дедилар
Устига кўрпача ёпилди, анчагача шундай ётдилар. Бир оз тинчлангач, бўлган воқеани Ҳадичага гапириб бердилар. Ҳазрати Ҳадича Расулуллоҳга (с.а.в.) тасалли беришга уринди. Бир томондан жуда қўрққан эди. Тавротни яхши биладиган амакисининг ўғли Варақанинг олдига борди. Варақа Ҳадичанинг гапларини ҳаяжон билан тинглади, сўнг:
– Қуддус... Қуддус... – деб бақириб юборди. – Бу Буюк Аллоҳнинг Мусога (а.с.) юборган Номуси Акбаридир!
Ибни Ҳишомга кўра, Варақа Расулуллоҳни (с.а.в.) бир куни Ҳарами шарифда кўрди. Ундан нималар бўлганини айтиб беришни илтимос қилди. Муҳаммад алайҳиссаломни яхшилаб тинглагач, шу сўзларни айтди:
– Яратган Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, бу Мусога келган Номуси Акбардир. Сени ёлғончига чиқаришади, юртингдан ҳайдашади. Эҳ, қанийди, халқни янги динга даъват қиладиган кунларингда ёшгина йигит бўлсам. Қавминг сени ҳайдаб чиқарган пайтда соғ-саломат бўлсам! Агар шу кунларгача яшасам, сенга кучим етганича ёрдам бераман.
Ниҳоят, иккинчи ваҳий нозил бўлганда Муҳаммад алайҳиссалом Ҳақнинг амрига биноан ётган ўринларидан турдилар. Буюк пайғамбар қалбига муҳрланган илоҳий хитобни такрорладилар. Бу Қуръони каримнинг Муддассир сураси 1-2-3- ояти карималари эди:
“Йа аййуҳал муддассир. Қум фаанзир ва Раббика факаббир” – “Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!
Илк иймон келтирган зот аёллар дунёсининг шараф тожи бўлган Ҳадича онамиз эдилар. Ул зот ҳаётини Аллоҳнинг буюк расули бўлган эри Муҳаммад ибн Абдуллоҳга бағишлаган эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) энг аввало яқинларини ўз динига даъват этди. Ҳазрати Абу Бакр даъватни эшитиб, дарҳол иймон келтирди. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳимоясида улғайган Ҳазрати Али ҳам иймонли бўлди. Ворисим деб эълон қилган Зайд ҳам илк мусулмонлардан эди.
Қалблари тоза, фазилатли инсонлар даъватни эшитишлари биланоқ иймон келтирдилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уч йиллик мужодалаларидан сўнг Ул зотга жону диллари билан боғланган мусулмонлар сони ўттизтага етган эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари166. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

4037 21:10 / 29.03.2019
Ўн тўққизинчи суннатИбн Ваъла асСабаийдан ривоят қилинади.Мен Ибн Аббосдан .Биз мағрибда бўламиз, мажусийлар мешларда сув ва ёғ келтирадилар, деб сўрадим.У давоми...

2690 19:00 / 10.06.2019
904. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .У Маккага йўлга чиқса, туя минишни малол олганда миниб дам олиш учун ўзи билан эшак оларди. Бошига ўраб оладиган давоми...

1330 19:00 / 26.05.2023
. .Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Муғийра Муовияга.Расулуллоҳ давоми...

1809 14:00 / 07.02.2021
Аудиолар

120155 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар