1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМ

15:51 / 28.04.2017 7789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломни ўн еттита оятда номларини тилга олган. Жумладан у зотни зикрлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф, Иброҳим, Марям, Анбиё, Анкабут, ас-Саффот ва Сод сураларида келган.

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

У зот Иброҳим алайҳиссаломнинг Биби Сорадан бўлган ўғиллари. Исҳоқ алайҳиссалом оталари Иброҳим алайҳиссалом юз ёшга, оналари Биби Сора ҳам катта ёшга етиб қолганларида Аллоҳ таолонинг инояти ила туғилганлар. У кишининг башоратлари ва сифатлари ҳақида ас-Саффот сурасида қуйидагилар айтилган:
«Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (112 оят)
Иброҳим алайҳиссаломга берилаётган башорат Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабаридир.
Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди:
«Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ- ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (113 оят)
Яъни, Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Уларнинг наслидан Пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйдик. Барака шундан иборат. Икковларининг зурриётидан ким ўша Пайғамбарларга эргашса, гўзал иш қилган бўлади. Қайси бири эргашмаса, ўзига ўзи очиқ-ойдин зулм қилган бўлади.
Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломга ота томон қариндошларнинг қизларидан уйланишни таъйинлаган эканлар. Шунинг учун Исҳоқ алайҳиссалом амакиваччаларининг қизи Рифқага уйланган эканлар. Улар икки ўғил кўришди. Бири ал-Ийс. Иккинчиси Яъқуб. Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломдан Бани Исроил тарқалди ва у зотнинг сулолаларидан пайғамбарлар чиқди.

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИКЛАРИ

У зот ўзлари яшаб ўтган Фаластин ва Шом ерларидаги Канъонийларга пайғамбар бўлганлар. Пайғамбарларнинг улуғлари ва кўплари ўтган бу ерларда у киши қандоқ Пайғамбарлик қилганлари ҳақидаги маълумотлар Қуръони Каримда зикр қилинмаган.
Исҳоқ алайҳиссаломнинг исми шарифлари келган ояти карималарни ўрганадиган бўлсак у зотнинг зикрлари асосан бошқа пайғамбарлар, хусусан оталари Иброҳим алайҳиссалом, акалари Исмоил алайҳиссалом ва ўғиллари Яъқуб алайҳиссаломлар билан биргаликда келади. Фақат биргина оятда Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёлғиз исмлари келган, холос. Унда ҳам оталари Иброҳим алайҳиссаломга ишора бор.
Бу ҳолатларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, Иброҳим ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўз вақтларидаги катта пайғамбар шуҳрати сабабли бир оз кам зикр қилинганлар, десак бўлаверса керак.
Чунки Иброҳим алайҳиссаломнинг зикрлари Қуръони Каримда қанчалик кўп эканини ўрганиб чиқдик. Бунинг устига Лут алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломлар ҳам бор. Ана ўша эътибордан Исҳоқ алайҳиссаломни бошқалар билан бир қаторда эсга олиниб ўшаларга сифатларда ҳам, фаолиятда ҳам шерик эканликларига ишорат қилинган бўлса керак.

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Исҳоқ алайҳиссалом 180 ёшга кириб бу дунёни тарк этдилар. У зот Халил шаҳри яқинидаги оталари Иброҳим алайҳиссалом дафн қилинган ғорга дафн қилиндилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИБиринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади .Эсла, давоми...

49012 15:54 / 28.04.2017
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломни ўн еттита оятда номларини тилга олган. Жумладан у зотни зикрлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф, Иброҳим, давоми...

7789 15:51 / 28.04.2017
Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида гаплар ниҳоятда кўп. Бу гапларнинг ичида ҳақиқатга яқинидан ҳақиқатга узоқлари кўп. Кўпчиликнинг ичида Ҳизр алайҳиссалом абадий бир давоми...

12349 15:55 / 28.04.2017
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломни Қуръони Каримда ўн олти марта зикр қилган. У зот ҳақларида Бақара, Нисо, Моида, Анъом, Исро, Анбиё, Намл, Саба ва Сод давоми...

33023 15:50 / 28.04.2017