1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМ

15:51 / 28.04.2017 9522 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни Ўз китоби Қуръони Каримда ўн олти жойда зикр этган. Яъқуб алайҳиссаломнинг зикри Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф, Марям, Анбиё, Анкабут ва Сод сураларида келган.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. У кишининг оналари Рифқа бинти Батавъил ибн Ноҳур ибн Озардир. У киши икки экизакнинг биридир. Акалари ал-Ийс олдин туғилган экан. У зот унинг ортидан туғилгани учун Яъқуб-ортдан келар номи ила аталган эканлар.
Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил бўлган. Уламолар Исроил сўзининг маъноси ҳақида бир неча хил фикрлар, жумладан, Абдуллоҳ ёки Руҳуллоҳ деган фикрни айтадилар.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЁТЛАРИ

Яъқуб алайҳиссалом Фаластин ерларида дунёга келдилар. Оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг тарбияларини олиб ўсдилар. У кишининг оналари Бобилга бориб тоғалари Лобоннинг олдида истиқомат қилишни таъйинлаган эди.
Яъқуб алайҳиссалом Бобил томон йўл олдилар. Йўлда бир башоратли туш кўрдилар. Уйғониб ўша туш кўрган ерларида Аллоҳ учун бир уй қуришга аҳд қилдилар ва ўша ерга тошдан белги қўйдилар. Кейинчалик эса ўша ерда Байтул Мақдисни қурдилар.
Тоғалариникига борсалар, у кишининг иккита қизи бор экан. Улардан бирининг номи Роҳил, иккинчисиники Лийъа экан. Турли сабабларга кўра ва ўша даврнинг шариати изн бергани учун Яъқуб алайҳиссалом опа-сингилга уйланидилар. Опа-сингилларга оталари Лобон биттадан чўри ҳадя қилибди. Роҳилга Балҳо номли чўрини, Лийъага Залфа номли чўрини. Улар ўз навбатларида чўриларини эрлари Яъқуб алайҳиссаломга ҳадя қилибдилар. Шундоқ қилиб Яъқуб алайҳиссалом тўрт хотинли бўлиб қолибдилар.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга барча хотинларидан ўн иккита ўғил ато қилди.
Лийъа номли хотинларидан олти бола кўрдилар;
1-Рубийл.
2-Шамъун.
3-Ловий.
4-Яҳузо.
5-Ийсохор.
6-Зоблун.
Ушбу ўғилларнинг бири бўлмиш Ловийнинг наслидан кейинчалик Мусо алайҳиссалом туғилганлар.
Яҳузонинг исми эса яҳудийларга ном бўлиб қолган.
Яъқуб алайҳиссалом Роҳил номли аёлларидан икки ўғил кўрдилар;
7-Юсуф алайҳиссалом
8-Бинямин.
Яъқуб алайҳиссалом Балҳо номли аёлларидан ҳам икки ўғил кўрдилар;
9-Дан.
10-Нафтали.
Яъқуб алайҳиссалом Залфа номли аёлларидан икки ўғил кўрдилар;
11-Жад.
12-Ашир.
Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғилларидан ҳар бири Бани Исроилнинг асботларидан бир сибтга ота бўлганлар. Уларнинг Биняминдан бошқаси Бобилда туғилганлар. Биняман эса Фаластинда туғилган.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИКЛАРИ

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтадики:
«Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз». (136 оят)
Аллоҳ таоло мусулмонларга, Аллоҳга ва Қуръонга иймон келтирамиз, деб айтинглар, демоқда. Айни чоғда, Аллоҳ таоло томонидан бошқа Пайғамбарларга туширилган нарсаларга ҳам иймон келтирамиз, денглар. Жумладан, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб алайҳиссаломларга туширилган нарсаларга иймон келтирамиз. Бу рўйхатда асботлар ҳам саналган. «Асбот» сўзи «сибт»нинг кўплиги, «сибт» эса, набира маъносини билдиради.
Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод–Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг Пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.
Улул-азм Пайғамбарлардан бўлган Мусо алайҳиссаломга тушган Тавротга, Ийсо алайҳиссаломга тушган Инжилга иймон келтириш лозим. Шунингдек, номлари зикр қилинмаган бошқа Пайғамбарларга туширилган нарсаларга иймон келтириш лозим. Мусулмонлар эълон қилиши лозим бўлган яна бир гап:
«Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз», дейишдир. Яъни, ҳаммаларига баробар иймон келтирамиз, бирорталарини ажратмаймиз.
Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур Пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган. Шунинг учун ҳам бу уммат ҳамманинг олдида баралла қилиб:
«Биз Унга мусулмонлармиз», (яъни, ягона Аллоҳга) деб эълон қила олади.
Ана ўша пайғамбарлар ичида, Аллоҳ таоло ваҳий тушириб ҳамма пайғамбарлар учун бир бўлган Ислом динини берганлар ичида Яъқуб алайҳиссалом ҳам бор. У киши яҳудий ёки насроний динида бўлмаганлар.
Ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги қуйидаги икки оятда таъкидлайди:
«Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин. Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир». (140 оят)
Яҳудийларнинг, фақат яҳудий бўлганларгина ҳидоят топади, деган даъволарига ва насронийларнинг, фақат насронийларгина ҳидоятдадир, деган даъволарига қарши яна битта кучли раддия келяпти. Уларни ожиз қолдирадиган савол бериляпти.
«Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин».
Хўш, яҳудий ва насронийлар бу саволга нима деб жавоб қиладилар? Улар Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асботларни яҳудий ёки насроний дейин десалар, ҳамма , жумладан улар ўзлари ҳам яхши биладиларки, «яҳудий» ва «насроний» деган исмлар мазкур Пайғамбар алайҳиссаломлардан неча замонлар кейин пайдо бўлган.
Агар уларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганларини тан олайин десалар, унда, фақат яҳудий ва насронийларгина ҳидоятдалар, деган даъволарини қандай тушуниш керак? Ахир, бу даъвога кўра, мазкур Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам ҳидоят топмаган бўлиб чиқадилар. Ҳолбуки, яҳудий ва насронийлар ўзларини айнан ўша улуғ Пайғамбарларнинг насли, уммати ҳисоблаб, шу билан фахрланиб юришибди.
Хуллас, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам бу саволга жавоб беришдан ожиздирлар. Бу савол қаршисида тил тишлашдан бошқа чоралари қолмайди.
Аллоҳ таоло худди шу услубда Пайғамбар алайҳиссаломга ўргатиб:
«Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин», дейди.
Бу савол яҳудий ва насронийларни баттар мот қилади, чунки улар асло, биз Аллоҳдан кўра билимдонроқмиз, дея олмайдилар. Аксини, яъни, Аллоҳ биздан билимдонроқ, десалар, унда Аллоҳнинг сўзларига ишонишлари шарт: Аллоҳ ўтган барча Пайғамбарларни яҳудий демаган, насроний демаган, балки уларнинг мусулмон бўлганларини қайта-қайта таъкидлаган. Уларга тилларини тишлаб жим қолишдан ўзга чора йўқ.
Сўнгра уларнинг энг катта айбларидан яна бири фош этилади:
«Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?»
Албатта, йўқ. Ҳаммани яратган, ҳамманинг Робби бўлган Аллоҳни Ўзи гувоҳликка раво кўрса-ю, у ношукр банда бу гувоҳликни ўрнида адо этмай беркитса, албатта, у энг катта золим бўлади-да.
Ҳолбуки,
«Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир».
Ҳа, албатта, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмас. У зот барча нарсани билиб турибди. Вақти келганда ҳисоб китобини қилади.

У ЗОТНИНГ ШАРИАТЛАРИДАН НАМУНА

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссалом «Исроил» номи ила бир марта, «Оли Имрон» сурасида зикр қилгандир:
«Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бани Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!» (93 оят)
Исроилдан мурод аввал баён қилинганидек, Яъқуб алайҳиссаломдирлар. Ривоятларда келишича, Яъқуб алайҳиссалом оғир касал бўлиб ётганларида, агар Аллоҳ шифо берса, энг яхши кўрган таомларини–туянинг гўшти ва сутини емасликни назр қилган эканлар. Аллоҳ бу назрни қабул қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан содир бўлган гуноҳлар туфайли уларга иқоб сувратида баъзи ҳайвонларни ҳамда мол билан қўйнинг чарвисини ҳаром қилган эди. Ҳолбуки, булар Таврот тушишидан олдин Бани Исроилга ҳалол эди.
Ушбу оятдан Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатларида таомларнинг ҳалол ҳаромлиги, назр аташ каби ҳукмлар бўлганини билиб оламиз.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАСИЯТЛАРИ

«Ислом» сўзида бўйсуниш, тоат, ихлос маънолари бор. Барча пайғамбар, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломнинг ва у зотнинг набиралари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳам динлари, миллатлари–Ислом. Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўзлари мусулмон бўлишлари билан кифояланиб қолмадилар, балки ушбу Ислом миллатини маҳкам тутишга васият қилдилар. Ўша васият «Бақара» сурасидаги кейинги икки оятда келади:
«Иброҳим ўша(миллат)ни болаларига васият қилди. Яъқуб ҳам: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмассиз», деди». (132 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг набиралари Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўз фарзандларига васият қилиб:
«Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади», дедилар.
Демак, бу дин-Аллоҳ ихтиёр қилган дин. Бошқа нарсага юз тутишга ўрин йўқ.
«...сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмайсиз», деди».
Мусулмон бўлиб яшаб, мусулмон бўлиб ўлишга ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ.
«Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!» (133 оят)
Яъқуб алайҳиссаломга ўлим вақти етганда атрофларида видолашиш учун йиғилиб, жимгина бош эгиб турган авлодларига васият қилаётиб:
«Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деб сўрадилар.
У зотнинг ўлимдан аввал фикрларини ишғол қилиб турган бирдан-бир ташвиш, дину диёнат, ақийда ташвиши эди. Болаларини шунинг учун атрофларига тўпладилар. Ушбу масалада хотирларини жам қилиб кетмоқчи эдилар. Болаларининг ҳам жавоблари тайёр экан. Дарҳол:
«улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», дейишди.
Исмоил алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломга амаки бўлсалар ҳам, ота дейишди, чунки амаки ҳам гоҳида ота ўрнида ҳисобланади.
Улар, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз, дейишди. Бани Исроилга ўхшаб, «Узайр Аллоҳнинг ўғли», деб худога ширк келтирмадилар. Насронийларга ўхшаб, «Ийсо Аллоҳнинг ўғли» ёки «Аллоҳ учтанинг учинчиси», демадилар. Араб мушрикларига ўхшаб, Лот, Уззо ва бошқа бутларни Аллоҳга шерик қилишмади ёки «фаришталар Аллоҳнинг қизлари» демадилар. Ҳам бошқа динларни эмас, айнан Исломни айтдилар, биз Унга мусулмон бўлувчимиз, дедилар.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАФОТЛАРИ

Ўғиллари Юсуф алайҳиссаломнинг йўқолишларидан қаттиқ хафа бўлган Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай қолган эди. Кейин у кишини топганларидан сўнг кўзлари ҳам тузалди ва ҳаммалари Юсуф алайҳиссалом ҳукмдорлик қилаётган Мисрга келиб яшай бошладилар. Ўша пайтда Яъқуб алайҳиссалом 130 ёшда эдилар. Мисрда 17 йил яшаганларидан кейин у зот 147 ёшларида вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссалом вафотларидан олдин Юсуф алайҳиссаломга ўзларини оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёнларига дафн қилишни васият қилган эдилар. У зот Халилдаги машҳур ғор ичига дафн қилиндилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда Айюб алайҳиссаломнинг номлари тўрт сурада тўрт марта зикр қилинган. Бу суралар Нисо, Анъом, Анбиё ва Сод сураларидир.У ЗОТНИНГ НАСАБЛАРИУ зот Айюб давоми...

24409 15:49 / 28.04.2017
Қуръон Каримда Мусо алайҳиссалом 132 марта зикр қилинган. У зотнинг номлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Иброҳим, Исро, Каҳф, Марям, Тоҳо, давоми...

79669 15:57 / 28.04.2017
Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида гаплар ниҳоятда кўп. Бу гапларнинг ичида ҳақиқатга яқинидан ҳақиқатга узоқлари кўп. Кўпчиликнинг ичида Ҳизр алайҳиссалом абадий бир давоми...

12285 15:55 / 28.04.2017
Қуръон Каримда Ҳорун алайҳиссаломнинг номлари йигирма марта келган. У зот Бақара. Нисо, Анъом, Аъроф, Юнус, Марям, Тоҳо, Анбиё, Мўминун, Фурқон, Шуаро, Қасас ва давоми...

5333 15:50 / 28.04.2017
Аудиолар

120133 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41796 14:35 / 11.08.2021