1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИ ЗАКОТИ ШАРТИ

05:00 / 14.01.2017 3076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр унга Аллоҳ Ўз Расулига амр қилган Закотни ёзганда: «Закотга қари, ғилай ва қўчқор чиқарилмайди. Магар садақа берувчи хоҳласа майли», дейилганди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Демак Закотга чиқариладиган ҳайвон айбдор бўл маслиги керак. Чунки, уни камбағал одам олгандан кейин фойдаланиши лозим. Қариб, тиши тушган ҳайвонни олиб нима фойда топилади? Шунингдек ғилай ёки бозорда ўтишига монеълик қиладиган баъзи айблари бор ҳайвонлар ҳам камбағал кишига кўзланган фойдани бермайди. Қўчқор ёки така эса Закот берувчи учун керак бўлади. Шунинг учун унинг розилиги бўлса, олиш мумкин, бўлмаса йўқ.

Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса бор, ким уларни қилса, иймон таъмини тотган бўлади; Ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса ва, албатта, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деса, молининг Закотини ихлос ва чин қалбдан ҳар йили иона ўлароқ берса. Қарисини, ифлосини, касалини, сутсизини бермаса. Лекин молингизнинг ўртасидан бўлса. Албатта, Аллоҳ сиздан яхшисини сўрагани йўқ, ёмонига амр қилгани ҳам йўқ», дедилар». Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий, Қайсдан бўлган Ғозира исмли кишининг сулоласидандир. У киши фақат ушбу ҳадисни ривоят қилган, холос.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишнинг аҳамияти.
2. Закот йилига бир марта фарз экани.
3. Закотни ихлос билан чин қалбдан бериши кераклиги.
4. Қари ҳайвонларни Закотга чиқариш керак эмаслиги.
5. Ифлос, касал ва сутдан қолган ҳайвонларни ҳам Закот қилиб бермаслик кераклиги.
6. Ўта яхши ёки ўта ёмон ҳайвонларни эмас, ўртача ҳайвонларни Закотга бериш кераклиги. Шунда камбағаларни ҳам, бойларни ҳам хафа қилинмаган бўлади.

Баҳз ибн Ҳакимдан, отасидан ва бобосидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча яйловда боқилган туянинг қирқтасидан Бинти Лабун. Туялар ҳисоб юзасидан тарқатиб юборилмайди. Ким улардан ажр олиш умидида бўлса, ажр олади. Ким у(Закот)ни ман қилса. Биз уни ҳам, молининг ярмини ҳам олувчидирмиз. Бу Роббимизнинг азму-қарор(фарз)ларидан бир азм(фарз)дир. Оли Муҳаммад учун ундан ҳеч нарса йўқ». Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ:

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Яйловда ўтлайдиган ҳайвонлардан Закот олиниши.
2. Туяси қирқтага етган кишидан Закотга битта Бинти Лабун туя олиниши.
3. Закотдан қочиб жам туяларни тарқатиб ҳисобини озайтиришга уриниш мумкин эмаслиги.
4. Закотни ажр олиш ниятида бериш кераклиги. Риёкор лик, садақачини рози қилиш, вазифадан қутилиш каби ишлар бўлмаслиги керак.
5. Закотни бермаган кишидан Ислом мажбуран олади ва қўшимчасига жазо сифатида қолган молини иккига бўлиб туриб садақачи хоҳлаган қисми ҳам олинади.
6. Закот Аллоҳ таоло азму қарор ила фарз қилган ибодатлардан бири экани.
7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳилларига, оила аъзоларига Закот олиш умуман жоиз эмаслиги.

Бу жуда ҳам улуғ бир қоидадир. Кишиларни Пайғамбаримизга қариндошлиги учун садақалардан маҳрум қилиш-бошқа камбағалларнинг эътиборини ва ташвишни қилишдан иборатдир. Агар Оли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга садақа олиш жоиз бўлганида ҳамма уларга беришга ҳаракат қилар эди.

Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Қорамолнинг ҳар ўттизтасидан бир ёшли бузоқ ва ҳар қирқтасидан икки ёшли ғунажин. Ишчи(мол)ларга ҳеч нарса йўқ», дейилган.
Шофеъийнинг ривоятида эса: «Туя ва қорамолнинг ишчиларида садақа йўқдир», дейилган.
Шарҳ: Уламоларимиз чорва ҳайвонларидан Закот фарз бўлиши учун улар ишчи ҳайвонлари сифатида ишлатилмайдиган бўлиши керак, деган шартни ушбу ҳадисдан олганлар. Аввал айтганимиздек, ишчи ҳайвонлари ҳожати аслияга киради, ҳунар асбоби каби эътибор қилинади, ҳамда уларнинг ишидан келган самарадан Закот олингани учун ўзларидан Закот олинмайди.
Иккинчидан, бу ҳадисда қорамолнинг нисоби ва ундан олинадиган Закот ҳажми ҳам белгилаб берилмоқда.
Ўттизта қорамол нисобга етган бўлади ва улардан бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ Закотга олинади. Садақачи мулоҳаза қилиб эркак бузоқ камбағалларга фойдали бўлса уни олади, бўлмаса урғочисини олади.
Молнинг сони қирқтага етганда икки ёшли урғочи бузоқ Закотга олинади. Кейин ҳисоб ўттиз ёки қирққа бўлинадиган бўлгунча қараб турилади. Молнинг сони кўпайиб ўттиз ва қирққа бўлинадиган бўлганда ўттизтасидан бир ёшли бузоқ, қирқтасидан икки ёшли урғочи бузоқ олинаверади.
Масалан олтмишга етганда иккита ўттизга тенг бўлади ва иккита бир ёшли бузоқ олинади. Етмишга етганда бир ўттиз, бир қирқ бўлади. Демак, битта бир ёшли, битта икки ёшли бузоқ олинади.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва: «Дондан дон олгин, қўйдан совлиқ олгин, туядан эркак туя, қорамолдан сигир олгин», дедилар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган.
Шарҳ: Бу ҳадисда уламоларимиз ҳар бир нарсанинг Закотини ўз жинсидан олинади, деган қоидани чиқарганлар.
.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мол фойда қилса, ундан эгасининг ҳузурида бир йил ўтмагунича Закот йўқ», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «Ким мол фойда қилса», деган жумлани, йил давомида асл молига қўшимча даромад олса, деб тушунишимиз керак. Демак, унга ҳам бир йил тўлгандан кейингина Закот беради. Ушбу ҳадиси шариф ҳам нисобга етган мол ўз эгаси ҳузурида тўлиқ бир йил тургандан кейинги Закот фарз бўлишига далилдир. Бир йил деганимизда мусулмон йил ҳисоби (қамарий йили) кўзда тутилади.
Ушбу мажумуадаги ҳадисдаларда келган аҳкомлардан нисоб, бир йил ўтиши, Закотга олинадиган ҳайвонларнинг сони ва ёши, эркак-урғочилиги аввал батафсил ўрганилди. Фақат Закотга олишга ярамайдиган ҳайвонлар ва қайси сифатдагисини олиш афзаллиги ҳақида бир оз батафсил сўз юритишимизга тўғри келади.
Чорва молларидан Закотга олинадиганлари;
1. Айблардан саломат бўлган ҳайвонлар Закотга олинади. Касали, у ер-бу ери синган майиб-мажруҳи, қариб тиши тўк илгани ва манфаатини ноқис қиладиган бошқа айблари борлари олинмайди.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Ифлосини қасд қилиб ундан нафақа қилманг», деган.
Ушбу фаслда зикри келган:
«Закотга қари, ғилай ва қўчқор чиқарилмайди. Магар садақа берувчи хоҳласа, майли», деган ҳадис.
Садақа берувчи қўчқорни хоҳласа, беради. Бошқасида унинг хоҳиши шарт эмас. Чунки, қўчқорда унинг манфаати бор.
Мазкур айбларга эга ҳайвонларни Закотга олмасликда фақирларнинг манфаатини ҳимоя қилиш бор.
Айби бор ҳайвонни олишга мажбур бўлиб қолиш ҳамма ҳайвонлар айбли бўлгандагина бўлади.
2. Закотга урғочи ҳайвонлар олинади. 
Фақат икки ҳолатда эркак ҳайвон Закотга олиниши мумкинлиги ҳадисларда зикр қилинган.
Ўттизта сигирдан олинадиган Закот бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ бўлиши ва Бинти Мухоз туя топилмаганда ўрнига Ибни Лабун олиниши.
Ҳанафий мазҳабида мол ва қўйда ораларидаги фарқ кам бўлгани учун урғочининг ўрнига эркак олса бўлади, дейилган.
Закотга урғочи ҳайвонларни олишни тайин қилинишида ҳам камбағалларнинг фойдаси кўзланган. Чунки уларни боқиб кўпайтириш мумкин ва бу билан камбағал кишига ўзининг иқтисодий ҳолини ўнглаб олишга, ўзи учун, жамияти учун ҳайвонот бойлигини кўпайтиришга ҳисса қўшишга шароит яратилади.
3. Закотга олинадиган ҳайвонларнинг ёшига эътибор. 
Ҳадисларда Закотга олинадиган ҳар бир ҳайвоннинг ёши зикр қилинган. Араб тилида маълум ёшгача ҳар ёшдаги ҳайвонни алоҳида ном билан аталиши шунга имкон берган.
Ҳадисларда қорамолдан бир-икки ёшлари Закотга олиниши, туядан бир, икки, уч ва тўрт ёшлиги олиниши айтилган. Чунки мазкур ёшлардан кичик бўлса, камбағалларнинг, ортиқ бўлса, бойларнинг ҳаққи куяр эди.
Қўй ва эчкиларга келганда эса турли фикрлар айтилган. Чунки, араб тилида уларнинг ҳадисида келган номлари олти ойлигига ҳам, ўн ойлигига ҳам, бир ёшига ҳам айтилар экан. Ана шу эътибордан уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Бирлари олти ойлик қўзи ва улоқлар ҳам бўлади, десалар, бошқалари бир ёшли бўлиши шарт, деганлар.
Туянинг Закотида талаб қилинган ёшдагиси топилмаса, унинг ўрнига кичик ёшдагисини олиб, устига иккита қўй ёки йигирма дирҳам олиш, ёхуд катта ёшдагиси олинса, Закот берувчига иккита қўй ёки йигирма дирҳам қайтариб бериш мумкин эканлигини ўтган ҳадислардан бирида ўргандик.
4. Закотга олинадиган ҳайвон ўртача бўлиши керак.
Бу маънони юқорида ўрганган ҳадисларимизда мулоҳаза қилдик.
Шунингдек, Ибн Абу Шайба раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақага олинган туялар ичида бир чиройли туяни кўриб қолиб, садақачидан аччиқлари чиққан ва:
«Бу нима?!» деганлар.
«Мен уни иккита туянинг ўрнига олдим», деган Закотчи.
«Ундоқ бўлса, майли», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам».
Закотга болалик ҳайвон, семиртириш учун боқилаётган ҳайвон ва ҳомиладор ҳайвон ҳам олинмайди.
Имом Молик ўзларининг «Муватто» номли китобларида Оиша розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Умар ибн Хаттобнинг олдидан садақага олинган қўйлар ни олиб ўтилаётганда, катта, елини тўла сутли совлиқни кўриб қолиб:
«Бу совлиқ қаёқдан келди?» деди.
«Садақага тушган совлиқ», дейишди.
«Бунинг аҳли ўз ихтиёри билан берган бўлмаса керак. Одамларни фитнага солманглар. Мусулмонларнинг кўзини қувонтирадиган нарсаларини олманглар», деди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу».
Бу масалада камбағалларга ҳам, бойларга ҳам, зарар келтирмайдиган ўртача йўл тутиш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 585 пробали 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 420 000 тўрт юз йигирма минг сўм экани эътиборидан, бу йилги закот давоми...

4376 17:26 / 24.03.2023
Закотrdquo сўзи луғатда .орттириш, поклаш, баракот, маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закот берганнинг моли покланиб, барака киради. Шаръий истилоҳда моли нисобга давоми...

4605 05:00 / 16.01.2017
Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбобанжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар давоми...

4210 09:00 / 06.05.2021
Бу икки тоифа бирбирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар давоми...

2892 14:30 / 13.04.2022
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021