1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ўлим ҳақида

22:17 / 27.04.2017 9728 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Барча оламларни йўқдан бор қилиб яратиб, унинг тадбирини қилиб турган, инсонни нутфадан яратиб, тақдирини белгилаб қўйган, унинг туғилишини ва бу дунёда яшашини осон қилиб қўйган, ажали етганда вафот эттириб, қабрга киритган ва қиёмат қоим бўлганда, агар истаса қайта тирилтирадиган Зот бўлмиш Аллоҳ азза ва жаллага беадад ҳамду санолар бўлсин.

Ўзининг бандаси ва Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг оила аъзоларига, саҳобаларига ва қиёматга қадар у зотга эргашганларга беадад саловоту саломлар бўлсин. 

Зийрак ва фаросатли мусулмон киши ўтган умматларнинг аҳволлари, улар яшаган даврлар ҳақида доимо тафаккур қилмоғи лозим. Дарҳақиқат, қадимда яшаган барча умматлар ўз даврида шаҳарлар, қасру саройлар қурган эдилар, қўлларида кўплаб бойликлар, хазиналар тўпланган эди. Турли дарёю кўллар барпо этдилар. Хуллас, ўзлари яшаган даврда юртларини обод этдилар. Эҳтимол, улар ўзларича бу дунёда абадий қоламиз, ер юзидан ҳеч қаерга кетмаймиз деб ўйлагандирлар. Улар мана шундай орзу ҳавас ва хомхаёллар билан бекму кўст яшаб турган чоғларида, тўсатдан уларга лаззатларни қирқиб, жамоатларни бўлиб юборувчи ўлим ҳужум қилиб қолди. Натижада, улар вақтлар ўтиши билан чириган суякларга, зарраю тупроқларга айландилар. Қурган уйлари вайрон, қасрлари эса, кимсасиз хувиллаб қолди.


Инсоният бирин-кетин мана шу тарзда бу дунёдан ўтиб бораверади. Улар ўлим сабабли бу дунёни тарк этаётганларида ўзлари билан ҳеч қандай мол-дунё, обрў, мансаб олиб кетмайдилар. Фақатгина қилган аммаларигина уларга ҳамроҳ бўлиб, бирга кетади. Барча вафот этганлар ёлғизлик диёри бўлмиш қабрларда бирор бир шериксиз, бир ўзлари абадий қўним топадилар. Ушбу ёлғизлик ҳовлисига бирма бир бой ҳам, камбағал ҳам, подшоҳ ҳам, гадой ҳам, шарафли ҳам, шарафсиз ҳам ташриф буюради. Мен қабристонга бориб, ҳар бир қабрдан “улуғланган кишилар қани, хорланган кишилар қани, ўзининг молу салтанати билан бошқаларга раҳбарлик қилувчи бошлиқ қани, ўзининг куч қудрати ва қуввати билан барча ишга кучи етадиган шижоатли баҳодир қани”, деб сўрадим. Бироқ, мен сўраган кишиларнинг барчаси вафот этган бўлиб, ўшалардан бирортаси “Мана менман” дея олмади. Саволларимга жавоб берувчилар йўқ. Эй нафсим, сен сўраган кишиларнинг жавоб бера олмаслигидан, уларнинг ўлимидан ибрат, панду насиҳат олдингми?! Эй нафсим, сен учун ўлимдан кўра ибратлироқ ва насиҳатгўйроқ нарса йўқ! Зеро, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Панду насиҳат қилишда ўлимнинг ўзи етарлидир”. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга ўлимни кўп эслаб туришимизни тавсия қилганлар. Чунки, ўлимни кўп эслаш кишини солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ундайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Лаззатларни вайрон қилувчи ўлимни кўп эсланглар”. Ўлимни кўп эслаш кишини озга қаноат қиладиган, охират сафарига астойдил тайёргарлик кўрадиган қилиб қўйгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўп эслаб туришни тавсия қилдилар. Шунинг учун ҳам Умар ибн Абдулазиз: “Агар қалбим бир соат ўлимни эслашдан узоқлашса, фасодга учрайди” деган эканлар.


Инсон бу дунёда яшар экан, кўпинча у ўзининг ажалини, ўлими келадиган вақтни жуда узоқ деб ўйлайди. Орзу умидлари кўплигидан ҳам у шундай фикрга боради. Ажали эса унга кутилмаганда келади. Ўлим фариштаси унинг руҳини қабз қилиш учун келади. Жон бериш аччиғи, азоби унинг бутун бадан аъзоларига тарқалади. Бошининг учидан оёғининг остигача ўлим мастлигига ғарқ бўлади. Бир асарда: “Жон бериш алами, аччиғи қилич билан ургандан ҳам қаттиқроқдир. Унинг оғриғи тананинг барча қисмига тарқалади” дейилган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларига йўлиқишларидан бироз олдин идишдаги сувдан қўлларида олиб, уни муборак юзларига суртар ва: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, ўлимнинг мастлиги, аччиғи бордир” дедилар. Кўплаб кишилар жон беришлари чоғида овозлари пасайиб, инграшлари камайиб, қувватлари заифлашиб, бутунлай ҳолдан тойадилар. Ўлим машаққати қалбга қаттиқ оғриқни олиб келади. Охир оқибат бу оғриқ бутун танани эгаллаб олади. Бу оғриқ тананинг барча жойини бўшаштириб, ҳар бир аъзони ўз вазифасини бажара олмайдиган ҳолга келтириб қўяди.


Бундан ташқари бу оғриқ ақлни банд этади, тилни гапиролмайдиган соқов қилиб қўяди, бутун танани заифлаштиради. Қанчадан қанча кишилар ўлими яқинлашганда, бутун танасини эгаллаб олган оғриқни бироз енгиллатиш мақсадида инграш ва қичқиришга ҳаракат қилади, аммо бундай қила олмайди. Чунки, оғриқ танасининг устидан ҳам, ички тарафидан ҳам қамраб олади, тили қисқариб, бармоқлари ғужанак бўлиб, кўкаради, тана аъзолари совий бошлайди. Инсонлар эса у кишининг атрофида тўпланиб, йиғлаган ҳолларида: “Ҳой фалончи, сенга нима бўлди?” деб сўрашади. У бўлса бутунлай бошқа оламда ўлим билан олишиш ҳолатида бўлади, атрофидагиларнинг кимлигини ва улар нима дейишаётганини умуман англамайди. Бу пайтда жони узилаётган одам атрофидагилар кўрмаётган нарсаларни кўриб, улар эшитмаётган нарсаларни эшитади. Яъни унинг руҳини қабз қилиш учун ташриф буюрган фаришталарни кўради. Аллоҳ таоло бу ҳолатни Қуръони каримда шундай баён қилади: “Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида (жон бериш пайтида), ҳолбуки, ўша вақтда сизлар (қўлингиздан ҳеч иш келмай) қараб турурсиз. Биз унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассиз”. (Воқеа сураси, 83, 84, 85-оятлар). Бу ҳолат банда учун Аллоҳ тарафидан ё хушхабар, ёки нохушхабар бўлиб келади. Фаришталар у банданинг жонини олиш учун ё оппоқ юзли, нурли ҳолатда келишади, ёки қоп-қора юзли, қўрқинчли бир ҳолатда келишади. Ўлим ҳар бир банда чин кўнгилдан ишонадиган ва бир кун ўзи ҳам, хоҳ узоқ умр кўрсин, хоҳ қисқа умр кўрсин, шубҳасиз йўлиқадиган ҳақиқатдир.


Албатта, бир кун ҳамманинг кетиш ҳамда кимсасиз қабрда ётиши бордир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир”. (Оли Имрон сураси, 185-оят). Барчамизнинг қанчадан қанча дўсту биродарларимиз, яқинларимиз, суҳбатлашиб дардлашадиган сирдошларимиз ҳозирги пайтда қабр деб аталмиш зулмат ичида ётибдилар. Ҳозирча биз улар ҳақида шундай фикрдамиз. Бир кун келиб кишилар биз ҳақимизда ҳам шундай фикр билдиришади. Хўш, бизнинг қабрдаги аҳволимиз нима бўлади? Барчамиз ўша айрилиқ кунига қандай тайёргарлик кўрдик? Ўлим бизнинг яқинларимизни олиб кетиш билан бизга ҳам бир кун навбат келишини эслатади. Ўлим бизга энг катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Хўш, биз ушбу ибрат мактабининг дарсларини қанчалик ўзлаштирмоқдамиз, ундан қанчалик панду насиҳат эшитмоқдамиз?! Ҳар биримиз, деярли, ҳар куни бир инсонни сўнгги манзилга кузатамиз. Бироқ, кўпчилигимиз у ердан ҳеч нарса бўлмагандек қайтамиз.


Ғафлат уйқусига чўмганимиз, ўлимни унутганимиз ва орзуларга кўп берилганимиздан шундай аҳволга тушиб қолганмиз. Албатта, ўлим Аллоҳ ва унинг Расули тарафидан қилинган рост ваъдадир. У адолатли ҳукм қилувчидир. Қалбни жароҳатлашга, кўзларни йиғлатишга, жамоаларни тарқатиб, пароканда қилишга, лаззатларни вайрон этишга, қариндош уруғлардан ажратишга ўлимнинг ўзи етарлидир. Эй Аллоҳнинг бандаси, сен дунёдаги сўнгги кунинг, кенг дунёдан тор қабрга кўчиб ўтишинг, дўсту яқинларингдан ажралишинг, ака укаларинг сени уйингдаги тўшагингдан олиб, тупроқ деб аталмиш тўшакка ётқизишлари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингми?! Эй мол дунёнинг кетидан югуриб, кўп гуноҳу маъсиятлар содир этган банда! Тўплаган молларинг сени қабр даҳшатидан қутқардими? Албатта, йўқ! Сен молу давлатингни орқангда қолдириб, ёлғизлик диёрига, ўлим ва тирикликнинг Яратувчисининг ҳузурига бир дунё гуноҳларинг билан келдинг. Яқинларинг сени чақиришса ҳам сен уларни эшитмайсан. Улар сени ювиш учун тахтанинг устида айлантирадилар, ўзинг эса буни билмайсан. Улар сенинг баданингга кофур, сидр ва бошқа хушбўйликлар суртишганда ҳам бу ҳидлардан асло баҳраманд бўла олмайсан. Ҳаётининг охири ўлим, тўшаги, болиши тупроқ, дўсту улфати қуртлар, суҳбатдошлари Мункар ва Накир, қароргоҳи қабр, қайтар жойи маҳшаргоҳ, энг сўнгги борадиган манзили жаннат ёки дўзах бўлган инсоннинг энг муносиб иши ўлимни эслаш, уни доимо ёдида тутиш, шу ўлим соати учун жиддий тайёргарлик кўришдан иборат бўлиши керак.


Киши ўзини доим ўликлар қаторида, қабр аҳлидан деб тасаввур этиши лозим. Чунки, ҳар бир келадиган нарса яқиндир, узоқ эмас. Эй Аллоҳнинг бандаси, ҳар бир тирикнинг бошига тушадиган ўлимни асло унутма! Чунки, тириклик ҳеч кимни ўлимдан қутқара олмайди. Ўлим эса инсонларни бир-биридан, яқинларидан жудо қилиб, тўхтамасдан ўз йўлида давом этаверади. У “Мен яна яшамоқчиман. Менга яна муҳлат бер” деб ёрдам сўрайдиганларга асло ёрдам қўлини чўзмайди. Ўлим ҳасратчининг ҳасрату нолаларига, рағбатчининг рағбату қизиқишларига ҳамда ўлимдан қўрқадиган кишининг қўрқувига қараб ўтирмайди. Аллоҳ азза ва жалла Каломи мажидда шундай дейди: “Мана ўлим мастлиги (жон чиқиш пайти) ҳақиқатан (етиб) келди. (Эй, инсон!) Бу (ўлим) сен ундан қочувчи бўлган нарсадир”. (Қоф сураси, 19-оят). Ўлим шундай нарсаки, у орқали золиму ситамкорлар билан курашилади. У сабабли подшоҳу раҳбарларга ҳам, заифу ночорларга ҳам қаҳр кўрсатилади. Жон ҳалқумга етганда, ўлим талвасаси содир бўлади. Ўлим мастлиги вафот этаётган кишига ҳамма нарсани унуттиради. Жон аччиғи пайтида кўзлар ҳам аланглайди. Атрофда ўтирганлар унинг жонини сақлаб қолишга, бирон бир чора топишга ҳаракат қиладилар. Аммо, бари бефойда. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): «Дам солувчи киши борми?» – деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда, (жон бериш қийинлигидан) оёқ – оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир”. (Қиёмат сураси, 26 – 30-оятлар). Қани энди, дам солиш ёки бошқа бирон чора жон чиқишининг олдини олса, ҳеч бўлмаганда, яна бир соат яшашга ёрдам берса! Эй банда, вафот этиб, бу дунё билан хайрлашиб, қоронғу қабрга киришингни, у ердаги аҳволинг қандай бўлишини тафаккур қил! Сен қабрда қилган амалларинг учун гаров сифатида турасан. Қабрда ўзингга ҳамроҳ бўлиши учун қандай амалларни ҳозирлаяпсан? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам фарзанди вафот этса, унга уч нарса эргашади: аҳли, моли ва амали. Иккитаси қайтади, биттаси у билан қолади. Аҳли билан моли қайтиб келади, амали эса, у билан бирга қолади”. Манбаларда келтирилишича, ўлим фариштаси Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирганда, унга: “Сен кимсан?” дедилар. У: “Мен шундай кишиманки, подшоҳлар ҳам мендан қоча олмайди, қурган қасрлари уларни мендан мудофаа қилолмайди, берилган порани ҳам қабул қилмайман” деди. Шунда у зот: “Демак, сен ўлим фариштаси экансан” дедилар. У: “Ҳа, шундай” деди. У зот: “Мен ҳали ўлимга тайёргарлик кўрмаган эдим” дедилар. Фаришта: “Эй Довуд, фалон яқининг қани?, фалон қўшнинг қаерга кетди?” деди. Довуд алайҳиссалом: “Улар вафот этди” дедилар. Шунда фаришта: “Ўлимга ҳозирлик кўришинг учун уларнинг вафот этгани сенга ибрат бўлмадими?” деди. Али розияллоҳу анҳу қабристоннинг ёнидан ўтаётиб: “Ассалому алайкум эй ёлғизлик ва кимсасизлик диёрининг аҳли, сизлар биздан аввал дунёдан ўтдингиз, биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизларга эргашамиз ва оз фурсатдан кейин сизларнинг сафингизга келиб қўшиламиз. Эй қабристон аҳли, молларингиз меросхўрлар ўртасида тақсимланди, уйларингиз тинч ва осуда бўлиб қолди, турмуш ўртоқларингиз бошқаларга никоҳланиб кетишди.


Бу биздаги хабарлар. Хўш, сизларда қандай янгиликлар?” Сўнгра ёнларидаги ҳамроҳларига қараб: “Агар ушбу қабристон аҳли гапира олганларида эди, бизнинг саволимизга жавобан: “Бу ерга келиб, энг яхши сафар озуқаси тақво эканини билдик” дердилар”, дедилар. Киши ўз нафсига ўлимни эслатишдан кўра буюкроқ насиҳат қила олмайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: “Ўлим ҳар бир ақлли ва фаростли кишига ҳеч бир ҳурсандчиликни қолдирмасдан дунёни шарманда қилди”. Мутриф ибн Абдуллоҳ шундай дедилар: “Албатта, ўлим неъмат аҳлининг неъматларини йўқ қилди. Шунда улар ўлим йўқ бўлган бошқа неъматни қидириб қолдилар”. Шундай экан, эй Аллоҳнинг бандаси, қабр ва унда яшовчи киши ҳақида тафаккур қил. Агар сен қабрда ётган маййитни уч кундан кейин кўрсанг, гарчи ўша маййит билан кўп йиллар дўсту улфат бўлиб яшаган бўлсанг ҳам, ундан нафратланасан, жирканасан. Агар сен эскирган қабрга назар солсанг, ундаги маййит тириклигида ҳар қанча чиройли юзли, сарв қоматли, хушбўй ва тоза либослар кийиб юрган бўлса ҳам, чириб кетганини, танасидан ҳар хил йиринг ва бошқа нарсалар оқиб турганини, қуртлар уни илма-тешик қилиб юборганини, шу билан бирга ундан келаётган ҳид ҳам ўта бадбўйлигини, кафанлари йиртилиб кетганини кўрасан. Гўёки, қабр сенга: “Сен мендан дўстингни қандай аҳволга солганимни сўрамайсанми? Мен унинг кафанини йиртиб юбордим, баданини эзиб, янчиб ташладим, қонини бир томчи ҳам қолдирмай симирдим, гўштларини едим. Мен унинг бўғимларини нима қилганимни сўрамайсанми? Кафанини билагидан ечиб олдим, билакларини елкаларидан ажратдим, билагининг юқори қисмини китфидан, курагидан ажратдим, ёнбошларини сонларидан, сонларини тиззаларидан, болдирларини эса икки товонидан ажратиб юбордим”, деяётгандек бўлади. Бир куни Умар ибн Абдулазиз йиғладилар ва: “Огоҳ бўлинглар, дунё вақтинчалик диёрдир.


Дунё туфайли азиз бўлиб турган киши қабрда хор бўлади, дунё сабабидан бой бўлган киши камбағалликка йўлиқади, дунёнинг ёшлари ҳам бир кун қарийди, дунёда тирик бўлиб юрганлар ҳам бир кун келиб вафот этади. Дунё тезда қўлдан чиқишини била туриб унинг иқболига алданиб қолманглар”, дедилар. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Эй одам фарзанди, сен ёлғиз ўласан, ёлғиз тирилтириласан ва ёлғиз ҳолингда ҳисоб-китоб қилинасан. Эй одам фарзанди, агар дунёнинг барча аҳолиси Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилган тақдирда ҳам, мабодо сен осий бўлган бўлсанг, уларнинг итоатларидан сенга ҳеч қандай наф йўқ. Агар дунёнинг барча аҳолиси Аллоҳ азза ва жаллага осий бўлган бўлсалар-у, сен бир ўзинг итоат қилган бўлсанг, уларнинг исёнлари сенга асло зарар қилмайди. Эй одам фарзанди, ўзинг содир этган гуноҳларгина сенинг гуноҳларингдир. Ўша гуноҳларинг қиёмат куни сенга гўшт ва қон бўлади. Агар бу дунёдан гуноҳлардан саломат ҳолда чиқсанг, гўшт ва қонинг ҳам саломат бўлади. Борди-ю, гуноҳлар билан Аллоҳнинг ҳузурига борадиган бўлсанг, у ҳолда, гуноҳларинг сенга ўчмайдиган олов, чиримайдиган жисм ва ўлмайдиган нафс, жон бўлади. Нафсинг бир кун барибир тўплаган нарсаларидан ажралади. Нафсингнинг васвасаларига учма, шунда саломат бўласан. Сен эскирмаган бирорта янги нарсани кўрдингми? Ҳеч кир бўлмаган бирорта тоза нарса ҳақида эшитдингми? Бир кун келиб бу дунёдан кетишини билган банда қилиши керак бўлган энг тўғри иш, сафарга тайёргарлик кўришдир. Уни нажот ва саломатликка эриштирадиган озуқани тўплашдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафот этганидан кейин уни қандай синовлар ва ҳисоб-китоблар кутиб турганини жуда яхши билганлари учун ҳам умматларини ўлимга жиддий тайёргарлик кўришга чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан ушладилар ва: “Дунёда худди мусофирдек ёки йўловчидек бўл”, дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дер эдилар: “Агар кунни кеч қилсанг, тонгни кутма. Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма. Саломатликнинг қадрига ет, уни ғанимат бил. Тириклигингда ўлимингга ҳозирлик кўр, ҳаётингдан фойдаланиб қол”. Кимда ким ўтган қавмларнинг, умматларнинг вафот этар чоғларидаги аҳволлари ва сўзлари ҳақида тааммул қилса, ўйласа, бу нарса унга энг катта насиҳатчи бўлиб хизмат қилади. Чунки, мазкур инсонлар вафот этаётганларида ўзларидан кейингиларга очиқ-ойдин тавсиялар, панду насиҳатлар қилганлар, ўзлари бошларидан кечираётган ҳолатларини, содир бўлаётган ҳақиқатларни мукаммал кўринишда баён этиб кетганлар.


Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ўлим соати етганда, у зот шундай дедилар: “Мени ўтқизиб қўйинглар”. У кишини ўтқизиб қўйишди. Аллоҳга тасбеҳ айтиб, У зотни зикр қилдилар, кейин йиғладилар ва: “Ёшинг бир жойга бориб қолиб, қулаш вақти келганда Роббингни зикр қиляпсанми, эй Муовия?” дедилар. Яна йиғладилар. Хатто йиғилари баланд овозда давом этди.  Кейин: “Эй Роббим, гуноҳкор, қалби қаттиқ қарияга Ўзинг раҳим қил. Хатоларимни, тойилишларимни кечир, Ўзингдан бошқадан умид қилмайдиган, Сендан бошқа ҳеч кимга ишонмайдиган бандангга ҳилмингни насиб эт”, деб дуо қилдилар. Абдулмалик ибн Марвон ўлим тўшагида ётганларида: “Мени турғизиб қўйинглар”, дедилар. У зотни турғизиб қўйишди, у киши ҳаводан туйиб-туйиб нафас олдилар ва: “Эй дунё, нақадар хушбўйсан-а! Сенинг ҳар қанча узунлигинг ҳам қисқадир. Кўплигинг эса, барибир оздир. Биз сенинг бағрингда алдовлар ичра юрдик” дедилар. Бир киши у зотга: “Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?” деди. У зот: “Ўзимни худди “Аллоҳ қиёмат куни айтур: «Ҳузуримизга сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Сизларга (мулк қилиб) берган (бойлик)ларни ортингизда қолдирдингиз... ” оятидагидек ҳис этяпман” деб жавоб бердилар. Баъзилар қуйидаги ривоятни келтиришган: “Биз Ато ас-Силмийни ўлим тўшагида ётганларида зиёрат қилгани бориб, “Аҳволингиз қандай” деб сўрар эдик. Шунда у киши: “Ўлим бўйнимда, қабр қўлимда, қиёмат турар жойим, жаҳаннам устидаги кўприк эса йўлимдир. Менга қандай муомала қилинишини билмайман” деб жавоб бердилар-да, тўхтовсиз қаттиқ йиғладилар, натижада, хушларидан кетиб қолдилар. Ўзларига келгач: “Эй Аллоҳим, менга раҳим қил, қабрда ёлғиз қолганимда менга раҳим қил, жон бериш чоғимда менга раҳим қил, ҳузурингда турганимда менга раҳим қил, эй раҳимлиларнинг Раҳимлиси” деб илтижо қилдилар”. Эй Аллоҳнинг бандаси, бу келтирилганлар тақводор ва солиҳ зотларнинг аҳволлари бўлса, бизга ўхшаган гуноҳкорларнинг ҳоли нима кечади?! Ахир бизнинг гуноҳларимиз жуда ҳам кўп-ку! Охират сафарига тайёргарлигимиз жуда-жуда оз-ку! Биз қачон саодатга эришишимизга сабаб бўладиган амалларни тайёрлаймиз? Ёки ажалимиз келгунича орзуларга берилиб, тайёргарлик кўришни ортга суриб юраверамизми? Албатта, ақлли, фаросатли ҳамда хушёр киши сафар олдидан озуқаларини ҳозирлайди. Минадиган уловининг яроқли ёки яроқли эмаслигини обдон кўздан кечиради. Мана шуларни тайёрлаб бўлганидан кейингина Аллоҳнинг раҳмату афвини ҳамда мағфиратини умид қилади. Барчамиз бу фоний дунёдан, албатта, сафар қиламиз! Аммо, керакли озуқаларимиз тайёрми, етарлими?! Ҳар бир инсон кунни кеч қилар экан, ё ўз нафсини шаҳватлар йўлида сотиб, ҳалокатга йўлиқтиради, ёки тоату ибодат йўлида сотиб, дўзахдан қутқаради. “Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): «Дам солувчи киши борми?» – деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда, (жон бериш қийинлигидан) оёқ – оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир”. (Қиёмат сураси, 26 – 30-оятлар).


Аллоҳдан барчамизнинг ҳолимизга раҳим қилишини, гуноҳларимизни кечиришини, айбларимизни беркитишини, қиёмат куни ҳузурида турганимизда ҳам марҳаматини барчаларимизга насиб этишини сўраб қоламиз. Аллоҳ барчамизни ўлимни кўп эслайдиган, ёмон ишлардан тийилиб, фақат Ўзи рози бўладиган ишларни бажарувчилардан қилишини сўраб қоламиз. 


Ушбу рисолани Аллоҳнинг раҳматидан ва бандаларининг дуоларидан умидвор Солим ал-Ажмий ёзди. 

Ҳижрий 1425 йил 22 Рамазон, милодий 2004 йил 5 ноябрь, Ал-Кувайт шаҳри. 


Таржимон Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар Мухтор имом Муҳаммад Маҳдий Санусий раҳимаҳуллоҳни олдига киришга изн сўради. Унга деди .Саййидим, албатта дўстларимиздан кўпчилиги муайян дуо ва давоми...

1976 14:02 / 10.09.2021
Устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 1975 йили имом Бухорий номидаги Тошкент олий маъҳадини муваффақиятли тамомлаганидан кейин бир давоми...

2027 12:27 / 07.08.2021
Хурматли ўқувчи биз сизнинг эътиборингизга буюк муҳаддис олим, фақиҳ, бизнинг халқ орасида ўзининг Риёзусс солиҳийнrdquo, Бўстонул орифийнrdquo каби китоблари билан давоми...

1479 11:00 / 03.09.2023
Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар .Иброҳим ибн Адҳамнинг .Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига давоми...

1300 16:00 / 21.02.2021
Аудиолар

120045 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7026 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41717 14:35 / 11.08.2021