538 24.04.2017

  والَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِن قَبْلِكَ وَبِالآخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ۝

- 4. Ҳамда сенга нозил қилинган нарсага ва сендан олдин нозил қилинган нарсаларга иймон келтирадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир.

    Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат – Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримга ва у кишидан олдин нозил қилинган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса тақводорларнинг, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ нозил қилган барча китобларга бирдек иймон келтиради.

   Бу ҳол эса аслида башариятнинг китоблари ва пайғамбарлари бир эканининг аломатидир.

Бешинчи сифат – «охиратга аниқ ишонадиган».

    Яъни улар охиратга ҳеч шак-шубҳа қилмай, ишонадилар. Бу ишонч инсонни тор дунёдан кенг дунёга чиқаради. Унинг ҳаёти бу беш кунлик дунё билан тугамаслигини, ҳаёт аслида имтиҳонлардан иборат эканини билдиради. Келажагининг узоқ эканини, ниҳоясиз яшаш олами бор эканини англашга ундайди.

   Ушбу беш сифат инсоният учун ниҳоятда зарур сифатлар бўлиб, ким шуларни ўзида мужассам қилса, Қуръон ҳидоятидан тўла баҳраманд бўлади. Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўлган инсон эса икки дунё саодатига эришади.