1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳазил мутойиба одоблари

15:29 / 22.04.2017 3295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳаёт кечирар экан ҳазил мутойиба билан кўнглини ёзишга муҳтож бўлиб туради. Ушбу эҳтиёж динимизда баён қилинган одоб-ахлоқ доирасида қондирилса ундан кўплаб яхшиликлар ҳосил бўлади. Шу маънода ҳазил мутойиба қилувчи қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

1. Эзгу ният билан ҳазиллашиш керак. Яъни қилаётган ҳазили билан чарчоқни кетказишни ҳамда зиммасидаги вазифаларни бажаришга, тоат-ибодатларни адо этишга куч тўплашни ният қилиши керак. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى 

Албатта амаллар ниятларга кўра бўлади. Албатта ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади.

2. Ҳазиллашишда ҳаддан ошмаслик керак. Ҳаддан ортиқ ҳазиллашиш кишининг ҳайбатини кетказиб, инсонлар олдидаги даражасини тушириб қўяди. Бу ҳақида ҳикматли сўзларнинг бирида шундай дейилган: " Кимнинг ҳазил-мазаҳи кўпайса, ё ҳайбати кетади ёки унга нисабатан нафрат уйғонади".

3. Ҳаммага ҳам ҳазил қилавермаслик керак. Чунки инсонлар орасида ҳазилни кўтара олмайдиганлар, ҳазилни жиддий қабул қиладиганлар ёки ушбу ҳазиллашмоқчи бўлаётган киши билан ҳазиллашишни ёқтирмайдиганлар бўлади. Бундай ҳолатдаги ҳазил одатда турли кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Шунинг учун ҳазил қилмоқчи бўлган киши албатта ким билан ҳазиллашаётганига эътибор бериши лозим. 

4. Жиддийлик лозим бўлган ўринларда ҳазиллашмаслик керак. Раҳбарларнинг ҳузурида, муҳим ишлар ҳал қилинаётган вақтларда ва ҳакозо ҳазилнинг ўрни бўлмаган жойларда ҳазил қилишдан сақланиш лозим. Бундай ўринларда қилинган ҳазил инсонлар кўнглида нафрат пайдо қилади. Чунки бундай ноўрин ҳазил инсоннинг ақли паст нодон эканига далолат қилади. Донишмандларнинг шундай сўзи бор: "Кимнинг ақли кам бўлса, ҳазили кўп бўлади".  

5. Эътиқодий масалаларда ҳазиллашишдан сақланиш керак. Ушбу масала ҳар бир мусулмон билиши шарт бўлган энг муҳим, энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Иймон-эътиқодга тааллуқли сўзлар ҳазил қилиб гапирса бўлаверадиган оддий сўзлар эмаслигини,  битта сўзни ишонч билан талаффуз қилиш кишининг мўмин бўлишига сабаб бўлганидек, иймондан чиқиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин эканини ҳар бир мусулмон киши билиши лозим. Халқимизда "ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир" деган ҳикматли сўз бор. Чунки биров ҳазил қилиб куфр ҳисобланадиган гапни айтиб қўйса, бу гапининг орқасидан хатарли оқибатлар келиб чиқади. Эътиқод илми уламолари мусулмон кишининг куфр калимасини гапириши ҳақидаги масалани уч қисмга тақсимлаганлар:

1.    Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, ўз ихтиёри билан куфрга эътиқод қилиб гапириш. Бундай ҳолатда гапирувчи мутлақо кофир бўлади. 

2.    Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, ўз ихтиёри билан аммо куфрга эътиқод қилмасдан гапириш. Бундай гапириб қўйган киши ҳақида икки хил сўз айтилган:

А) Эътиқод қилмасдан гапирган бўлса кофир бўлмайди. Чунки иймон куфр масалалари қалбга тааллуқли иш. Шунга кўра қалбини унга боғламаган бўлса кофир бўлмайди. 

Б) Эътиқод қилмасдан гапирган бўлса ҳам кофир бўлади. Чунки ўз ихтиёри билан куфр сўзини айтиш куфр ҳисобланади.  

Кўпчилик уламолар кофир бўлиши ҳақидаги сўзга иттифоқ қилганлар. 

3.    Айтаётган гапи куфр эканини билмасдан, унинг маъносига эътиқод қилмасдан ўз ихтиёри билан куфр сўзини айтиш. Бундай гапириб қўйган киши ҳақида ҳам икки хил сўз айтилган:

А) Кофир бўлмайди. Чунки айтган сўзи куфр эканини билмагани сабабли узрли бўлади;

Б) Кофир бўлади. Чунки куфр сўзини билмасдан айтиш узр ўрнига ўтмайди. Бу сўзни айтганлар иккита ҳолатни истисно қилганлар:

1. Исломга яқинда кирган бўлса, узрли бўлади; 

2. Уламолардан узоқда яшаган бўлса, узрли бўлади.  

Шунинг учун эътиқодий масалаларда ҳазиллашишдан мутлақо тийилиш ва уларнинг аҳамиятини доимо бошқаларга тушунтириб бориш лозим.  

6. Ҳазилни ҳаром нарсалар воситасида қилмаслик керак. Шариатда ҳаром қилинган нарсаларни ҳазилга восита қилиш мумкин эмас. Одатда кўп тарқалган қуйидаги "ҳазил"лар мусулмон киши сақланиши лозим бўлган ҳаром иш ҳисобланади:

•    Ҳазиллашиб қўрқитиш. Ҳазиллашиб қўрқитишнинг оммалашган бир қанча кўринишлари бор:

А. Юзига турли ниқоблар тақиб бировни қўрқитиб "ҳазиллашиш";

Б. Яшириниб туриб бирдан бақириб чўчитиб "ҳазиллашиш";

В. Бирор нарсасини яшириб қўйиб "ҳазиллашиш".

Бундай "ҳазил"ларнинг ҳалол эмаслигига уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар:

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِى لَيْلَى قَالَ حَدَّثَنَا أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّهُمْ كَانُوا يَسِيرُونَ مَعَ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فَنَامَ رَجُلٌ مِنْهُمْ فَانْطَلَقَ بَعْضُهُمْ إِلَى حَبْلٍ مَعَهُ فَأَخَذَهُ فَفَزِعَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « لاَ يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا ».  رواه ابو داود

  Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: бизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари гапириб бергандилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетиб боришар экан. Улардан бир киши ухлаб қолибди. Улардан баъзилари келиб ундаги арқонни олиб қўйишибди. У қўрқиб кетибди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон киши учун бирор мусулмонни қўрқитиш ҳалол бўлмайди", деган эканлар. Абу Давуд ривояти.  

•    Ҳазиллашиб ёлғон гапириш. Ҳазиллашиш аслида рост нарсалар билан бўлгандагина ҳақиқий кўнгил ёзилишига сабаб бўлади. Ҳазиллашиш даъвоси билан ёлғон гапириш мумкин эмас. Ёлғон ҳазиллар одатда кўпроқ одамларни кулдириш учун ишлатилади. Кимки одамларни кулдириш учун ёлғон гапирар экан бу иши билан ўзига ҳадисда хабар берилган "вайл"ни сотиб олаётган бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

   عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ قَالَ حَدَّثَنِى أَبِى عَنْ أَبِيهِ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « وَيْلٌ لِلَّذِى يُحَدِّثُ فَيَكْذِبُ لِيُضْحِكَ بِهِ الْقَوْمَ وَيْلٌ لَهُ وَيْلٌ لَهُ ». رواه ابو داود

Баҳз ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: Менга отам гапириб берди, унинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитган: "Вайл бўлсин қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага, унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин". Абу Давуд ривояти. 

Ҳадиси шарифда келган "Вайл бўлсин" сўзи "ҳолига вой бўлсин" ёки "вайл дўзахи бўлсин" маъносида бўлиб, бу сўз Қуръони каримда одамларни алдаб савдо қиладиганларга нисбатан қўлланган. Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсанинг ҳам ҳолига вой бўлиши ёки вайл дўзахига кириши ушбу ҳадисда баён қилинган.  

•    Ҳазиллашиб бировларни таҳқирлаш. Ҳазиллашиш даъвоси билан инсонларни хослаб таҳқирлаш мумкин эмас. Масалан қишлоқликларни ё шаҳарликларни, ёки муаян касб эгаларини таҳқирлаб "ҳазиллашиш" мумкин эмас. Чунки бу "ҳазил" Қуръонда қайтарилган ишни қилишга ўхшаб қолади: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَوْمٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَى أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَى أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ

Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг . 

Ушбу ояти каримада динимизнинг гўзал ахлоқлари баён қилинган:

1.    Инсонларни масхара қилиш мумкин эмас;

2.    Сўз билан ҳам ёки бирор имо-ишора билан ҳам бировнинг устидан кулиш мумкин эмас;

3.    Бировларга ёмон лақаб қўйиш мумкин эмас. 

•    Ҳазиллашиб бировларга туҳмат қилиш. Мусулмон киши доимо яхши гапларни гапириши керак. Қуръони каримда энг гўзал сўзларни айтишга буруқ келган:

 وَقُلْ لِعِبَادِي يَقُولُوا الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنْزَغُ بَيْنَهُمْ 

Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир . 

Ушбу ояти каримда мўмин бандалар бир-бирлари билан сўзлашганларида ҳам, номусулмонлар билан гаплашганларида ҳам одоб-ахлоқ билан яхши муомала қилишга буюрилганлар. Чунки шайтон доимо инсонларнинг ораларини бузишга, ўрталарига адоват солишга уриниб туради.  Шунинг учун бошқаларни хафа қилиши мумкин бўлган сўзлардан тийилиш лозим. Ҳазиллашиш даъвоси билан асли туҳмат бўлган сўзларни айтиш асло мумкин эмас. Бировга "ҳой валади зино" деб ҳазиллашган кимсага шаръий ҳад урилиши масаласида уламолар ихтилоф қилганлар:

 Шофеъий мазҳабига кўра: Ҳазиллашиб қазф қилиш (зинода айблаш) жиддий қазф қилиш сингари бўлади. Шунга кўра ҳазиллашган бўлса ҳам унинг онасини қазф қилган ҳисобланади. Агар ҳад шартлари тўлиқ топилса унга қазф қилганга белгиланган ҳад урилади.

Ҳанафий мазҳабига кўра: Уятсиз ҳазилга одатланиб қолгани сабабли "ҳазиллашган" бўлса ҳад урилмайди.    

7. Куч ишлатиб ҳазиллашиш фақат шунга одатланганлар ва уни тўғри қабул қиладиганлар орасида бўлиши керак. Ушбу одобга риоя қилиш ўта муҳимдир. Кўпгина кўнгилсизликлар ушбу одобга риоя қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Чунки кўпчилик инсонлар бундай ҳазилни ёқтирмайдилар.

8. Ҳазиллашишда ҳам кўп кулишдан сақланиш керак. 

Ҳадиси шарифларда кўп кулишдан мутлақ қайтариқ келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلاَ تُكْثِرِ الضَّحِكَ فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ

"Кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради". Термизий ривояти. 

Ушбу ҳадисда кўп кулишдан сақланиш лозим экани билан бирга унинг зарари ҳам баён қилинган. Чунки ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсат ҳисобланади. Уламолар кулишни жоиз ва ножоизлигига кўра иккига турга ажратганлар:

1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш;

2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш. 

 Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат ман қилган. Бирор нарсадан хурсанд бўлган пайтдаги кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни меъёрдан ортиб кетса қалбни ўлдирадиган кулгу бўлиб қолади. Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий бу ҳақида шундай деганлар: " Кўп кулгу ва мол дунёга хурсанд бўлиш  инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир".  

9. Ҳазил асосан унга эҳтиёжи борлар билан бўлиши керак. Ҳазил асосан аҳли оила ва ёш болалар сингари ҳазилга эҳтиёжманд инсонлар билан бўлиши афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан ёш болалар ва кўнглини кўтаришга эҳтиёжманд кишилар билан ҳазиллашганлар. Қуйидаги ҳадисларда бунга ёрқин далиллар бор:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ لَهُ « يَا ذَا الأُذُنَيْنِ ». رواه الترمذي

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай деганлар: "Ҳой икки қулоқли (бола)".  Термизий ривояти.

Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш бола бўлган Анас розияллоҳу анҳу билан ҳазиллашиб: "ҳой иккита қулоғи бор бола" маъносида гапириб уни кулдириб хурсанд қилганлар. 

Бошқа бир ҳадисда эса "Нуғойр" исмли қушчаси ўлиб қолган болага ҳазиллашиб:  

 يَا أَبَا عُمَيْرٍ مَا فَعَلَ النُّغَيْرُ

"Эй Абу Умайр, нима қилди нуғойр" деганлар. 

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушчасидан айрилиб хафа бўлиб ўтирган ёш болага "яхши кўрган қушинг ўлиб қолганига хафа бўлма" маъносида "Эй Абу Умайр, нима қилди нуғойр" дея сўзни қофиялаб айтиб унинг кўнглини кўтарганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса минишга улов сўраб келган кишига ҳазиллашиб:

إِنَّا حَامِلُوكَ عَلَى وَلَدِ نَاقَةٍ

 "Сени урғочи туянинг боласига миндираман" деганлар. Ҳалиги киши минишга улов сўрагани учун бу жавобдан ажабланиб: "урғочи туянинг боласини нима қиламан?" деган. Шунда у зот алайҳиссалом:

وَهَلْ تَلِدُ الإِبِلَ إِلا النُّوقُ

 "Барча туяларни ҳам урғочи туялар туғадими?" дея мазкур эҳтиёжманд кишининг кўнглини кўтарганлар. 

Демак ҳазил мутойибаларда унинг одобларига риоя қиладиган бўлсак қилаётган ҳазилларимиз ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам кўнгилларини кўтарадиган, тоат-ибодатларга қувват бўладиган солиҳ амалларга айланади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллларга муваффақ қилсин.  

  Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!


Абдулқодир Абдур Раҳим 



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ҳурматли ўқувчи Сизга маълумки, ушбу Чиройли ҳикматларrdquo номли тўплам турли интернет сайтларида эълон қилинган ҳар хил мавзулардаги тасвирли давоми...

3602 17:24 / 27.03.2017
Абдуллоҳ исмли йигит. У замонамиздаги ёш ғайратли мусулмон йигитлардан бири. Кечикиброқ бўлса ҳам намозларини доим масжидда ўқишга ҳаракат қилади. Мана, бу сафар давоми...

3066 15:33 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унинг бахтусаодатда яшашу учун Ўзининг шариатини туширди. Пайғамбарлар юборди. Китоблар нозил қилди. Дунёда эзгуликнинг синоними давоми...

4755 20:26 / 21.04.2017
.Ҳазратни хотирлаб, кўрсатувининг 45сони нисбатан қисқа бўлиб, асосан шайхимизнинг олий маҳадда таълим беришлари ва муфтийлик фаолиятлари ҳақидаги хотиралар ёдга давоми...

565 10:41 / 09.10.2023
Аудиолар

120161 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41821 14:35 / 11.08.2021