1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Таважжуҳ (Ҳикоя)

05:00 / 11.01.2017 2815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Рамазон шарофати)

Йўл бошида тўрт-беш киши кўринди. Каъб ибн Молик уларга қараб кўча ўртасида бирдан тўхтаб қолди. У олдинга юрарини ҳам, орқага қайтишини ҳам билмай тошдек қотди. Одамлар ҳам Каъбни таниди, унинг ёнига яқинлашишга ҳазар қилишиб, ўзларини панага олишди. Йўл бўшагач, аъзои баданини тер босган Каъб зил-замбил бўлиб қолган оёқларини кўтариб олдинга босди. У ҳеч ёққа бурилмасдан тўғри кетар, қаёққа бораётганини ўзи ҳам билмасди, шу юришда шаҳар ташқарисига, кенг саҳрога чиқиб қолди. Сарҳадсиз уммонда ҳам бу биргина гуноҳкор бандани бошқалардан паноҳига оладиган қирми, ғорми, бирон тошми ҳимоя-жой кўринмасди. Яна уч чақиримча йўл босиб, тоғ бошланиши жойига етиб олди. Бу ердан Мадинадан ташқаридаги кўнгиллилар қўшини тўпланган Саниййатул-Вадоъ кўриниб турарди. Каъб бир қўнғир тош ортидаги хандакка ўзини ташлаб, барчанинг таъқиб этувчи назаридан қутулди.

    Мирор ибн Ар-робиъ энди ётоғидаги ўрнига ётмоқчи эди хотининг зорланган таъқиби эшитилди:

-    Табук  ғазотидан қочганларга  уйимда ўрин йўқ. Сен эркаклардек иш қилмадинг. Ана ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бор мулкини, Умар ўз мулкининг ярмини, ҳазрати Усмон эса уч юз туя, минг олтин берди қўшин учун, аёллар сирға билагузукларигача топширишди. Сен эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом қўшинини қувватлаш ўрнига урушдан қочиб, кўрпангга бекиняпсан, сен билан бир ёстиқда  ётишга ор қиламан. Чиқ уйдан. Болаларимнинг насибасини Аллоҳ ўзи етказади!

Хотинининг ҳукми унинг юрагини тешиб ўтди. Начора, ҳаммаси тўғри, ҳаммаси хақиқат. У ўрнидан туриб эски чархини кийди-да, қуроқ ридосини елкасига ташлаб ташқарига судралди. Бу пайт Ҳилол ибн Умайя мачитга келган эди, ёнида ўтирган намозхонлар Ҳилолга кўзи тушиши билан ўрнидан туриб бошқа жойга ўтиб кетишдилар. Такбир айтилди, ибодатдан сўнг ҳилолни кўрганлар моховдан қочгандек тум-тарақай бўлишди. Ҳамма хоинга кўзим тушмасин деб юзини бекитарди. “Уйимда ҳам, жамоада ҳам менга ўрин қолмади”, хаёлидан ўтказди Ҳилол. У ҳам шаҳардан ташқарига чиқишга мажбур бўлди.

    Гуноҳларини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом  ҳам кечмаган бу уч гумроҳ қўнғиртош ортидаги хандақда яшай бошладилар. Қавариқ бу тошнинг бир ёни ансорийлар билан муҳожирлар яшаётган Мадинадан, иккинчи ёни эса Мадина шаҳрига борадиган йўлдан ўтувчи кишилар нигоҳидан сақлаб турар эди.  

    Табук сафаридан халқаро муваффақиятларни қўлга киритиб қайтаётган уч мингга яқин Мадина қўшини зафарли юриш билан шу кўчадан ўтганида бу уч қочоқ, шу тош ортига писиб, ич ютиб ўтирарди. Мадинада ғалаба байрами нишонланарди. Бундай зафариятнинг эпкини тегиб бизларни ҳам афв этар, деган маънода улар Сарвари олам ҳузурларига боришди.

    -Эй Аллоҳнинг пайғамбари бизлар узрсиз хилоф иш қилдик, жангдан бўйин товладик, гуноҳимиздан ўтинг.

    Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалом қочоқлардан етмиш етти кишини авфу этдилар, бироқ бу учовларининг гуноҳини кечирмадилар.

    -Сизларнинг тўғрингиздаги ҳукм Аллоҳга ҳавола қилинган,- дедилар уларга қарамай.

Қочоқлар умидсизлик билан яна қўнғиртош ортига қайтдилар. Лаънат олган бу уч банда Аллоҳни эсдан чиқармай эртаю кеч ибодат билан машғул эдилар. Улар қўнғиртош ёнига уйларидан ибодат ва ўз тамаддилари учун зарур ашёларни келтирган эдилар. Эринмасдан ҳар бир ибодатнинг фарзидан мустаҳабигача бажариб таҳорат қилишар, намоздан сўнг узоқ зикрга ўтирар эдилар. Аллоҳнинг тўқсон тўққиз исмини айтиб ўзларини авфу қилишини, “Бизга худонинг паноҳидан бошқа ҳеч қандай паноҳ йўқ”, дея, Аллоҳдан ваҳий келишига илтижо қилишарди. Улар саждага бош қўйганларида Мадинадан чиққан йўловчи саҳро уммонида кўринмай кетгунича, ёки бошқа шаҳарлардан Мадинага келаётган карвонлар шаҳарга киргунича саждадан бош кўтармасдилар. Саҳро билан тоғ туташган жойдаги қўнғиртош ёнида яна учта “тош” пайдо бўлганиди. Бу гуноҳкор Каъб, Мирор, Ҳилолнинг намоздаги узоқ муддатли саждаси эди.

    Ухлаганидагина улар ором олишарди. Уйқудан туриб ўзлигини англагач, яна қалбларини изтироб қопларди. Каъб эрталаб тургач, бор овози билан бақирарди: 

    -Ана  Мадина, Бу эса  Уҳуддир!

    У иккасласи ҳам туриб жўр бўлишар эди: “Ана Мадина, бу Уҳуддир!”. Бомдоддан сўнг такрорланадиган бу калима уч киши мамлакатининг шиорига айланиб қолди. Сабаби шу эдики, рамазон ойида Табук зафаридан қайтганларида шаҳар кўриниши билан Пайғамбар алайҳиссалом: “Ана Мадина, бу эса Уҳуддир. Уҳуд бизларни, биз ҳам уларни севадиган бир тоғдир!” дея марҳамат қилганларини қўнғиртош панасида туриб эшитган эдилар. Қани эди Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, Мадина ҳам, Уҳуд ҳам бизларни севса, Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирармиди?

 Рамазоннинг қутлуғ кунларида дуо ижобат бўлиши ҳақида яратганнинг ваъдаси бор. Улар ифторлиги бўлмасада рўзани канда қилмасдилар. Яна ярим кечада уйқуларидан туриб  намозини ўқиб, истиғфор айтиб, ортидан  авфу этилишини илтижо қилардилар.

    Улар ҳар ҳафта навбатма-навбат Мадина масжиди қоровулининг олдига бориб пайғамбар алайҳиссаломдан Аллоҳдан ваҳий келган келмаганини сўраб беришларини илтимос қилишарди. Ҳар ҳафта жума куни қоровул масжидга кириб ҳали ваҳий келмаганини айтар эди.

Аллоҳдан ваҳий бўлмагач, буларнинг аҳволи янада оғирлашди. “Жангда қатнашиб Табук жазирамасида ўлиб кетсам минг марта рози эдим”, дерди Мирор. “Барча дунёвий воқеалардан узоқлашдим. Аллоҳ дилимни яхши  ишлардан ўгириб қўйди. Мажнун бўлиб қолдим”,  дер эди Ҳилол. Каъб эса уларга “Бизга худонинг паноҳидан бошқа ҳеч қандай паноҳ йўқ” оятини такрорлашни, истиғфор айтишни, сабр қилишни, тинмай Аллоҳни ёд қилишни уқтирарди. Улар қотган нон-у, чириган хурмоларни тановвул қилишиб, кундузи рўзадор, кечаси эса жойнамоз устида тасбеҳ ўгирганларича зикрга тушишардилар. 

Саҳро ҳаётининг эллигинчи куни Каъб ибн Молик   ваҳий келганиги ҳақидаги хушхабар билан келди. Аллоҳ таоло  раҳмати билан уч кишининг – Каъб ибн Молик, Мирор ибн ар-Робиъ, Ҳилол ибн Умайяларнинг ҳолига таважжуҳ  қилдики, улар Табук  урушига  бормай  қолган эдилар. Учаласи  саҳро  ҳаётига  якун ясаб, Мадина  масжидига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳузурларига  шошилдилар. Келсалар, уларнинг хотинлари,  оила аъзолари, қўни-қўшнилари   ва  барча эшитган  саҳобалар  йиғилишиб туришган  экан. Ваҳийни Ҳазрати  Али  розияллоҳу анҳу  ўқиб эшиттирдилар:

    “...Яна (жангга чиқмай) қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди)*. Уларга Ер (шунча) кенглиги билан торлик қилган, диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зотдир. Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 118,119)

Шу куни Мадина масжиди олдида мўминлар учун байрам бўлди. Гуноҳи кечирилганларнинг хотинлари ва яқинлари шу сўзни айтишарди “Бу учовлари миллати ва дини олдидаги жиноятини яширмай, бўйинларига олдилар”, “Ўзларига оғир бўлсада , ҳамиша ва ҳар жойда рост гапирдилар”, “Яратганга таваккул қилиб, астойдил тавбага ўтирдилар, Хақ таоло эса уларни авфу этди”.

    Туғишганлари кечирилганларни уйларига етаклар экан, улар саҳродаги шиорларини охирги марта такрорладилар:

    -Ана Мадина , бу эса Уҳуддир!...буниси эса ўз уйимиздир.


Абдурауф Бахмалий



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таровеҳ намозиСАВОБ Таровеҳ намозининг ҳукми нимаЖАВОБ Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган давоми...

10145 05:00 / 13.01.2017
Эътикоф ҳақида САВОЛ Эътикоф нима Унинг ҳукми қандай Эътикофда ўтириш шартми ЖАВОБ Эътикофrdquoнинг луғавий маъноси бирор ишга қаттиқ берилмоқrdquo, ғайрат билан давоми...

4480 14:00 / 18.04.2023
Ислом динида quotЛайлат улқадрquot ndash Қадр кечаси улуғланиши барчага аён ҳақиқат. Ушбу муборак кечани мусулмонлар алоҳида орзиқиб кутадилар, бу кечада алоҳида давоми...

3005 05:00 / 13.01.2017
Ушбу буюк мавсум ва муборак ой оламларнинг Роббиси томонидан хато ва янглишишларни кечириб, мағфират қилиш, ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиш учун давоми...

4558 17:00 / 01.04.2023