1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

АБУ ЗАРР ҒИФОРИЙ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

20:15 / 21.04.2017 10126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маккадан Шомга кетадиган карвонлар ўтадиган Виддан номли водийда саҳровий Ғифор қабиласи истиқомат қилар эди. Агар ўтган карвонлардан қоладиган баъзи нарсаларни ҳисобга олмаса Ғифорликларнинг даромад манбалари ҳам йўқ эди. Улар ўша вақтнинг одати бўйича қароқчилик қилиб, ўғрилик қилиб ва шунга ўхшаш турли йўллар билан ҳаёт кечирар эдилар.

Ғифорийларнинг эътиқодлари ҳам ўзига яраша ўша вақтнинг мушриклик эътиқоди асосида эди. Улар ҳам бошқаларга ўхшаб турли бидъат хурофотларга кўмилган эди.
Жундуб ибн Жунода Ғифорий ғифорликлар ичида ўзининг мулоҳазаликлиги, ақлининг ўткирлиги ва узоқни кўра билишлиги билан ажраб турар эди. Унинг куняси Абу Зарр эди. У Маккада пайғамбарликни даъво қилаётган одам чиққанини эшитди. Бу гапни эшитдию унга қизиқиб қолди.

ИСЛОМГА КИРИШ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Заррга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборилганликлари етганда у ўз укасига: «Уловингни миниб, анаву водийга бор. Менга анаву ўзини набий деб, унга осмондан хабар келишини даъво қилаётган киши ҳақида бир нарса билиб кел. Унинг каломига қулоқ ос, кейин олдимга кел», деди.
Ука жўнаб Маккага борди. У зотнинг гапларини эшитиб Абу Заррнинг олдига қайтиб борди ва унга: «Мен унинг карамли ахлоқларга амр қилаётганини кўрдим ва шеър бўлмаган гап айтаётганини эшитдим» деди.
Абу Зарр: «Мен ирода қилган нарса ила менга шифо бера олмадинг», деди ва зоду роҳиласини олиб, сув тўлдирилган мешини кўтариб Маккага етиб борди.
У масжидга кириб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтарди. Абу Зарр у зотни танимас эди. Бировдан сўрашни ҳам хоҳламади. Кечаси бўлганда ёнбошлаб ётди.
Бас, уни Али розияллоҳу анҳу кўриб қолди. Унинг ғариблигини дарров билди. У уни кўргандан кейин эргашиб кетди. Улардан бири иккинчисидан тонг отгунча бирор нарса сўрамади.
Сўнгра у зоди ва мешини кўтариб масжидга борди. Ўша куни у ерда қолиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрмадилар. Кеч бўлганда яна ўз жойига ёнбошлади.
Унинг ёнига яна Али келди ва:
«Бу одамга ўз манзилини биладиган вақт келмадими?» деди ва уни турғазиб ўзи билан бирга олиб кетди. Улардан бири иккинчисидан бирор нарса сўрамади.
Учинчи кун бўлганда Али унга худди аввалги муомалани қилди. Бас, уни ўрнидан турғазиб:
«Сени нима олиб келганини менга гапирмайсанми?» деди.
Агар менга йўл кўрсатишга ишончли аҳд берсанг, айтаман», деди.
У ўша ишни қилган эди, нимага келганини айтди. Шунда Али:
«Албатта, бу ҳақдир. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Тонг отганидан кейин менга эргашиб бор. Мен хавфли бирор нарсани кўрсам, худди сув оқизаётгандек бўлиб тураман. Агар юришда давом этсам, мен кирган жойга киргунингча орқамдан эргашиб бор», деди.
У ўшандоқ қилди. Унинг орқасида то Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киргунча эргашиб борди. У билан бирга кирди. У зотнинг гапларини эшитди ва ўша ернинг ўзида мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Қайтиб бориб, қавмингга хабарни етказ. Менинг амрим кегунча кут», дедилар.
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, уларнинг ичида бу(шаҳодат)ни қичқириб айтаман!» деди.
У чиқиб, масжидга кириб борди ва баланд овоз ила:
«Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннаа
Муҳаммадан Расулуллоҳ!!!» деб қичқирди...
У эртасига қайтиб яна аввалгига ўхшаш ишни қилди. Улар яна уни калтаклашди. Аббос келиб яна уни қутқазиб олди». Икки шайх ривоят қилган.

Муслимнинг ривоятида қуйидагилар келган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен қавмингга мендан етказувчи бўласанми? Шоядки Аллоҳ уларга сен ила манфаат етказса ва улар ила сенга ажр берса» дедилар.
Бас, у қайтиб борди. Укаси Унайс ва икковларининг онаси мусулмон бўлдилар. Сўнгра қавмларига бордилар. Уларнинг ярими Исломга кирди. Уларга Аймоа ибн Рахаса Ғифорий имомлик қиларди. У уларнинг улуғи эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида қолганлари ҳам мусулмон бўлдилар.
Кейин асламликлар келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биродаларимиз мусулмон бўлган асос ила биз ҳам мусулмон бўламиз», дедилар ва мусулмон бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғифорни Аллоҳ мағфират қилсин, Асламни Аллоҳ саломат қилсин!» дедилар».
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари ҳақидаги маълумотларнинг бир қисми юқоридаги ривоятда келди. Аммо бу маълумотларнинг тўлиқ бўлиши учун бошқа ривоятларни ҳам ўрганишимиз лозим бўлади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб борганларида:
«Ассалому алайка ё Расулуллоҳ!» деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» деб жавоб берганлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
Шунинг учун ҳам барча манбаларда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни биринчи исломий салом берган шахс сифатида зикр қилинади.
Кейин Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Менга ўзинг айтадиган нарсадан куйлаб бер», деди.
«У шеър эмаски, сенга уни куйлаб берсам. У Қуръони каримдир», дедилар.
«Менга қироат қилиб бер бўлмаса», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилдилар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу тингладилар. Кўп вақт ўтмасдан Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:
«Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннаа Муҳаммадан Расулуллоҳ!» деб иймон келтирдилар.
Уламоларнинг таъкидлашларича Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ё тўртинчи, ё бешинчи бўлиб иймон келтирган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан:
«Сен кимдан бўласан, эй араблар биродари?» деб сўрадилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:
«Ғифордан», деб жавоб бердилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таажжуб ила табассум қилдилар. У зот алайҳиссаломнинг таажжубланишлари бежиз эмас эди. Ғифор қабиласини ҳамма яхши билар эди. Уларнинг ўғри муттаҳамликлари етти иқлимга машҳур эди. Яқин орада ғифорлик қароқчиларнинг зулмидан дод демаган зот қолмаган эди. Шунинг учун ҳам янги мусулмоннинг мазкур қабила аъзоси эканлигини билганларидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилган эдилар.
Ўша ҳолатни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ўзлари қуйидагича ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғифорданлигимни билганларидан кейин назарларини пастга баландга қилиб менга таажжуб ила қарай бошладилар. Сўнгра, албатта, Аллоҳ кимни истаса шуни ҳидоят қилади», дедилар.

САҲРО ДАЪВАТЧИСИ

Ундан кейин Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турдим. У зот менга Исломдан таълим бердилар. Қуръондан бир оз ўқитдилар. Сўнгра менга:
«Исломинг ҳақида Маккада бирор кишига хабар бермагин. Мен сени ўлдириб қўйишларидан қўрқаман», дедилар.
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Маккада бор эканман масжидга бориб Қурайш ичига кириб ҳақ даъвати ила қичқираман», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут соқладилар. Мен масжидга келсам, қурайшликлар ўтириб гаплашаётган эканлар. Уларнинг ўртасига бордим ва бор овозим билан:
«Эй Қурайш жамоаси! Мен «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннаа Муҳаммадан Расулуллоҳ!» деб шаҳодат келтираман!» деб бақирдим.
Мен гапларим уларнинг қулоқларига кирар кирмас ҳаммалари чўчиб тушдилар ва мажлисларидан шошиб туриб:
«Манаву диндан чиққанни тутинглар!» дейишди.
Улар мени тутиб олиб ўлакса қилиб уришди. Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос кўриб қолди. У мени танаси билан тўсиб улардан ҳимоя қилди ва уларга қараб:
«Шўрларинг қурисин! Ғифорлик одамни урасизларми?! Ахир карвонларинг уларнинг устидан ўтади-ку!» деди.
Улар мендан нари кетдилар.
Хушимга келганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. У зот менинг ҳолимни кўриб:
«Мен сени Исломингни эълон қилишдан қайтармаган эдимми?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Нафсимда бир ҳожат бор эди. Ўшани чиқардим», дедим.
«Қавминг олдига бор. Уларга ўзинг кўрган ва эшитганларни айтиб бер. Уларни Аллоҳга даъват қил. Шоядки, Аллоҳ уларга сен ила манфаат берса, сенга улар ила ажр берса. Қачон сенга зоҳир бўлганим хабари етса ҳузуримга кел», дедилар.
Мен жўнаб кетдим. Қавмимнинг ерларига етиб боришим билан укам Унайс олдимдан чиқиб:
«Нима қилдинг?» деди.
«Нима қилганимни айтар бўлсам, мусулмон бўлдим. Тасдиқ қилдим», дедим.
Кўп ўтмай Аллоҳ таоло унинг қалбини очди ва у:
«Мени сенинг динингдан қайтарадиган нарса йўқ. Мен ҳам мусулмон бўлдим, тасдиқ қилдим», деди.
Кейин онамизнинг олдига бориб уни ҳам Исломга даъват қилдик. У ҳам:
«Мени иккингизнинг динингиздан қайтарадиган нарса йўқ. Мен ҳам мусулмон бўлдим, тасдиқ қилдим», деди.
Сўнгра бу мусулмон оила ўз қавмини Исломга даъват қилишга турди. Уларнинг ярими мусулмон бўлдилар. Даъватчилар Аслам қабиласини ҳам Исломга чақирдилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб ўз қабиласига қайтиб кетганларидан кейин йиллар ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн уч йил Маккада даъват қилдилар. Сўнгра Мадинага ҳижрат қилиб бордилар. У ерда ҳам мушриклар у кишини тинч қўймадилар. Бадр, Уҳуд ва Хандақ урушлари бўлиб ўтди.
Кейин Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ўз қабиладошлари ва Асламликлар билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўриб ғоят хурсанд бўлдилар ва:
«Ғифорни Аллоҳ мағфират қилсин, Асламни Аллоҳ саломат қилсин!» дедилар».

НАБАВИЙ ДАРСЛАР

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида яшай бошлади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўладиган ҳар бир лаҳзани ғанимат билар ва кўп нарсаларни ўрганишга ҳаракатда бўлар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни бошқа мусулмонларни тарғиб қилганларидек илм талаб қилишга тарғиб қилар эдилар.
Имом Ибн Можа Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Зарр!
Эрталаб туриб Аллоҳнинг китобидан бир оят ўрганмоғинг сен учун юз ракъат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир.
Эрталаб туриб амал қилингану, қилинмаган илмдан бир боб ўқимоғинг сен учун минг ракъат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир»-деганлар.
Шунчалик тарғиботдан кейин ҳам илмга қизиқмайдиган одам қолиши мумкинми?
Шунинг учун ҳам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни доимо талаби илмда бўлганларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли нарсаларни сўраб юрганларини кўрамиз.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга:
«Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради»-деб башорат берди»-дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?»-дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам»- дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?»-дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам»-дедилар.»
Сўнгра тўртинчи мартада:
«Абу Зарр хоҳламаса ҳам», дедилар».
Имом Термизий ўз ривоятлари охирида:
«аз-Зуҳрийдан: ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтса жаннатга киради, деган ҳадис ҳақида сўрашганда:
«Бу Исломнинг аввалида, шариат аҳкомлари туширилмасдан олдин, одамларни дингга тарғиб қилиш мақсадида бўлган эди»-деганлар»-жумласини қўшиб қўйганлар.
Демак, Имом Термизий ҳам одамлар нотўғри тушунмасин, деган мақсадда ушбу қўшимчани киритганлар.
Имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий–биринчи ҳадис китоби тўплаган улкан тобеъин эса, саҳобалардан билганларини айтганлар.
Зотан Оиша онамизнинг ҳам:
«Аввалги тушган оятларда иймон, жаннат ва дўзах зикри бор эди, одамлар қизиқиб динга кирганларидан кейин намоз, рўза каби аҳкомлар нозил бўлди, деган маънодаги гаплари ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда тавҳиднинг, Аллоҳга ширк келтирмасликнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда. Албатта тавҳид ақийдаси улкан шараф ва бахт саодат эканлигида ҳеч шубҳа йўқ.
Бирор нарсани аниқлаб олиш учун қайта-қайта сўраш Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг одатлари бўлганини кўриб турибмиз.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг зино ва ўғрилик ҳақида қайта-қайта сўрашлари бу иккиси ўша пайтда энг оғир ва энг кўп тарқалган жиноятлардан бўлганидандир.
Уламоларимиз таъкидлашларича, гуноҳлар умумий равишда икки йўналишга бўлинади.
Биринчиси, Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш.
Иккинчиси, банданинг ҳаққини поймол қилиш.

...Шунга биноан, ушбу маънодаги ҳадисларни Аллоҳнинг амрларини тарк қилишга далил қилиб оладиганларнинг иши тамоман ботил эканлиги яна ҳам равшан бўлади.
Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим.
У зот: «Масжидул Ҳаром»-дедилар.
Мен: «Сўнгра қайси?»-дедим.
У зот: «Масжидул Ақсо»-дедилар.
Мен: «Ораларида қанча (вақт) бор?»-дедим.
У зот: «Қирқ йил», дедилар.
Сўнгра: «Ер сенинг учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса, ўқи»-дедилар».
«Масжидул Ҳаром»-дан мурод Каъбаи Муаззама.
Ривоятларда келишича, Каъбани Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қуришларидан олдин ҳам фаришталар ёки Одам ота томонидан қурилган. Кейинги қуриш эса, мазкур аввалги қуриш асосига-пойдеворига биноан бўлган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гаплари Қуръони Каримнинг оятида келган маънони тасдиқламоқда. Масжидул Ҳаром дунёда ибодат учун қурилган биринчи саждагоҳ эканини таъкидламоқда.
Ушбу ҳадисда иккинчи масжид ҳақида ҳам сўз кетиб, унинг «Масжидул Ақсо» эканлиги баён қилинмоқда.
Шу ўринда баъзи луғавий мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтишга тўғри келади.
Масжид сўзи луғатда сажда қиладиган жой-саждагоҳ маъносини билдиради.
Ҳозирги кунда эса, одамлар орасида Ислом динидаги кишиларнинг ибодатхонасига айтиладиган бўлиб қолган.
Шу тор маънони олиб, баъзи бир Ислом душманлари Ислом динидан олдин бўлган нарса, Ақсони қандоқ қилиб масжид, деб бўлади?-деган эътирозларни ҳам билдирганлар.
Бу эса, ўз навбатида уларнинг асл башараларини очиб ташлаб, илмий мулоҳаза қилишга қодир эмасликларини кўрсатади.
«Масжидул Ақсо» дегани луғат жиҳатидан «Узоқдаги саждагоҳ» маъносини билдиради.
Ўша пайтларда дарҳақиқат, «Ақсо» ибодатхонаси Макка аҳлига нисбатан узоқ масжид ҳисобланган. Бу Қудс шаҳридаги масжиддир.
Энди, Масжидул Ҳаром билан Масжидул Ақсонинг бино қилинишлари орасида қирқ йил ўтгани ҳақида баҳс юритайлик.
Ушбу ҳадиси шарифда тарихчиларга маълум ва машҳур қурилишлардан бошқа қурилиши ҳақида сўз кетмоқда.
Чунки, ҳаммага маълум тарихга биноан Масжидул Ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Иброҳим алайҳиссалом билан Сулаймон алайҳиссаломлар орасидаги вақт эса, жуда ҳам узоқ вақтдир.
Ушбу ҳадисда Масжидул Ҳаром биринчи, Масжидул Ақсо иккинчи масжид эканлигини таъкидлаш, бу икки масжиднинг афзаллигини таъкидлашдан иборатдир.
Шунингдек, ҳадиси шарифда қаёқда бўлса ҳам намоз вақти кириб фарз бўлганидан кейин уни ўқиш лозимлиги таъкидланмоқда.
Бу маъноларни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга такрор-такрор саволари туфайли билиб олмоқдамиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким боласидан балоғатга етмаган учтасини берган бўлса, улар унга дўзахдан мустаҳкам қўрғон бўлурлар»-дедилар.
«Мен иккитасини тақдим қилганман»-деди Абу Зарр.
«Иккитаси ҳам»-дедилар У зот.
«Мен биттасини тақдим қилганман»-деди, қориларнинг улуғи Убай ибн Каъб.
«Биттаси ҳам. Лекин ана ўша биринчи зарба пайтида...»-дедилар У зот».
Агар мусулмон инсон мусибат етган чоғида гўзал сабр қилиш ила ўзини тутса Аллоҳ таоло унинг ўлган учта, иккита ва битта боласини унинг учун дўзахдан тўсувчи мустаҳкам қўрғон қилар экан.
Бу ҳадиси шарифда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг иккита балоғатга етмаган боласини вафот этгани, у киши бу мусибатга сабр қилганлари ва ўшанинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жаннатни ваъда қтлганларини билиб олмоқдамиз.
Албатта, бу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу учун улкан фазлдир.
Имом Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонни тутдик. У зот то етти (кеча) қолмагунча ой давомида биз билан бирга қоим бўлмадилар. Сўнг эса биз билан бирга кечанинг учдан бири ўтгунча қоим бўлдилар. Олти кеча қолганда эса биз билан бирга қоим бўлмадилар. Беш кеча қолганда эса биз билан бирга кечанинг ярмигача қоим бўлдилар. Шунда мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ушбу кечаси бизга нафл намоз ўқитсангиз эди»-дедим.
«Қачон бир одам имом билан у қайтиб кетгунча намоз ўқиса, ўша одамга кечани қоим бўлиб ўтказган ҳисобланади дедилар. Тўрт кеча қолганда қоим бўлмадилар. Уч кеча қолганда эса, аҳлларини, аёлларини ва одамларни жамлаб биз билан шундоқ қоим бўлдиларки ҳаттоки «фалаҳ» ўтиб кетармикан деб қўрқдик.
Мен, фалаҳ, нима?-дедим.
У (Абу Зарр), саҳарлик, сўнгра ойнинг қолганида биз билан бирга қоим бўлмадилар»-деди».
Бу ҳадиси шарифдан Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг нафл ибодатларга ҳам қанчалар ихлос қилганлари, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада таклиф киритишгача бориб етганларини билиб оламиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа саҳобаларга уларнинг табиатлари ва имкониятларини яхши билганларидан ўзларига яраша маслаҳат берганларидек Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга ҳам ўзларига яраша маслаҳат берар эдилар.
Абу Довуд ва Муслимлар Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Абу Зарр, мен сенинг заифлигингни кўриб турибман. Албаттта, мен ўзимга яхши кўрган нарсани сенга ҳам яхши кўраман. Зинҳор ва зинҳор икки кишига ҳам амир бўлмагин, етимнинг молига валий бўлмагин»-дедилар».
Амир ва васий бўлишлик ўта улуғ омонатли ишдир. Шу билан бирга ўта нозик иш ҳамдир. Бу мақомларда эҳтиёт бўлмаган одам бир зумда охиратини куйдириб олиши ҳеч нарса эмас. Икки кишига бўлса ҳам амир бўлган одам адолат билан иш тутмоғи, зулм қилмаслиги керак. Агар заррача зулм қилса, золимлардан бўлади. Золимлар эса, қиёмат кунининг зулматидадирлар.
Шунингдек, етимнинг молини еб қўйиш туфайли қоринга дўзахнинг оловини еб олиш мумкин.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш ишларни идора қилишда, бошқаришда заиф бўлганлар. Шунинг учун у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни ўз зиммасига олмасликни насиҳат қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзимга яхши кўрган нарсани сенга ҳам яхши кўраман, дейишлари, агар мен ҳам сенга ўхшаш бўлганимда бу ишни қилмас эдим, деган маънога ишоратдир.
Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга қилган бу муомалалари ва насиҳатлари у кишининг у зот алайҳиссалом ҳузурларидаги мақомлари юқори эканини кўрсатмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу насиҳатларига умр бўйи оғишмай амал қилдилар. У киши мазкур мансабларни умуман ёқтирмай қолдилар.
Ироқда у кишига амир бўлишлик таклиф қилинди. Шунда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ҳеч ҳам менга ўз дунёнгиз ила яқинлашманг!» дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу нафақат ўзлари балки ўзларига яқин кишиларни ҳам ўша мансабларга эришиларини истамас эдилар. Агар фалакнинг гардиши билан баъзи бир яқин дўстлари мансабдор бўлиб қолсалар ҳам улардан хафа бўлар эдилар.
Бир куни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга йўлиқиб қолдилар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу узоқдан у кишига қучоқларини очиб, марҳабо Абу Зарр! марҳабо эй дўстим! деб кела бошладилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бўлса у кишини орқага туртиб:
«Мен менинг дўстинг эмасман. Сен амир-Волий бўлишингдан олдин сен билан дўст эдим», дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу амалнинг афзалини қилишга, кўпроқ савоб олишга ўч эдилар.
Имом Бухорий ва Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси амал афзал?» деб сўрадим.
«Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Қандоқ қулни озод қилиш афзал?»-дедим.
«Энг қиммати ва аҳли ҳузурида энг қадрлисини»-дедилар.
«Агар қилмасамчи?»-дедим.
«Қилувчига ёрдам берасан ёки ожизга ёрдам берасан»-дедилар.
«Агар уни ҳам қилмасамчи?»-дедим.
«Одамларга ёмонлик қилишни тарк қиласан, бу, албатта, садақадир-дедилар».
Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятларида:
«Қайси бир мусулмон киши, бир мусулмон кишини озод қилса, Аллоҳ таоло қулнинг суякларидан ҳар суякни уни озод қилувчининг суякларидан бир суякни дўзахдан сақловчи қилур, қайси бир аёл, бир муслима аёлни озод қилса, Аллоҳ таоло чўрининг суякларидан ҳар бир суякни уни озод қилгувчининг суякларидан бир суякни дўзахдан сақловчи қилур»-дейилган.
Сунан эгаларининг ривоятида:
«Ўлим пайтида қул озод қилувчи, тўйгандан кейин ҳадя берадиганга ўхшайди»-дейилган.
Ҳамма яхши ишлар ҳам афзал. Лекин афзалларнинг ичида ҳам афзали бор. Мусулмон киши кўпроқ фазлга эга бўлишни хоҳлаб энг афзал ишни кўпроқ қилишга уриниши керак.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шу маънода савол бердилар ва У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал иш Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш эканини баён қилдилар.

...Албатта, қулни ишлатиб, ишлатиб, қариб-чириб ҳеч нарсага ярамай, боқиманда бўлиб қолганда озод қилиш билан, ёш навқирон, қўлидан ҳар бир иш келадиган, баҳосини юқори бўлиб турганда озод қилишнинг фарқи бор.
Исломда хайрли ишни қуруқ овоза учун қилиб, унинг қилишдан кўзланган мақсадни суистемол қилиш маъқул кўрилмайди. Балки, энг яхши сифатларга эга бўлган қулларни биринчи навбатда озод қилишга тарғиб қилинади. Токи қобилиятли, ўзига ҳам, жамиятга ҳам кўпрқ фойда келтирадиган шахсларнинг сони кўпайсин.
Шу билан бирга ўлим кўзига кўринганда қул озод қилиш билан, ёш-навқирон, иши кўп шахснинг ўз ҳожати бўлиб туриб қулини озод қилишнинг фарқи бор. Қул озод қилмоқчи бўлган одам тезроқ озод қилсин. Дунёга берилиб қулни озод қилмай юриб, кўзига ўлим кўринганда қул озод қилса, худди овқатдан тўйиб, ўзидан ошиб қолганини бошқага ҳадя қилган бўлади.
Бу ҳам тезроқ қул озод қилишга тарғиб қилишдир.
Қаранг! Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг илмга чанқоқликлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнини топиб савол беришлари қанчалар фойдага сабаб бўлган.
Келинг, яна Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол беришлари ҳақидаги ривоятларнинг баъзилари билан танишайлик.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», оятини тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг саволлари ўта муҳим савол бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ушбу оят ила жавоб берганлар. Бу аҳамиятни англаб етишимиз учун ояти кариманинг маъноларини чуқур билишимиз зарур бўлади.
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди.
Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик-Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап -сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир», демоқда.
Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:
1. Иймон.
«ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса»
Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни, қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни, иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.
2. Молу дунёсидан нафақа қилиш. 
«яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса»
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
3. Намоз ўқиш.
«намозни қоим қилса»
Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи–буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.
4. Закот бериш.
«закот берса»
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига моявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
5. Аҳдига вафо қилиш.
«Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар»
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.
6. Сабр қилиш.
«камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар»
Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.
Сабрлилик ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ҳа, ўшалар иймонида, исломида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар ақидасида, амалида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим.
У зот алайҳиссалом:
«Уч юз ўн учтаси, кўпчилик» дедилар».
Албатта, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг бу саволлари ҳам унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган жавоблари ҳам нодирдир. Бу масалада бошқа маълумот топиш қийин.
Имом Ибн Ҳиббон, ал-Ҳоким, Абу Нуъайм ва бошқалар Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?» дедим.
«Барчаси зарбулмасал бўлган; Эй султони бор, синовдаги ва мағрур подишоҳ!
Мен сени дунёнинг бирини устига бирини қўйиб жамлашинг учун юборганим йўқ. Лекин Мен сени Менинг номимдан мазулмнинг дуосини қайтаришинг учун юборганман. Мен уни, агар кофирдан бўлса ҳам, қатармайман.
Оқилнинг ақли жойида бўлса бир қанча соатлари бўлиши керак; Роббисига муножот қиладиган соати, ўзини ўзи ҳисоб китоб қиладиган соати, Аллоҳ азза ва жалланинг санъати ҳақида тафаккур қиладиган соати ва емоқ, ичмоқ каби ўз ҳожатлари учун холий қоладиган соати.
Оқил шошилмаслиги керак. Илло уч нарсада шошилиш керак; охиратга зоди роҳила тайёрлаш учун, маош учун ҳаракатга ва ҳалол лаззатга.
Оқил ўз замонини таниган, ўзига керак нарсага уринган, тилини тийган бўлиши керак.
Ким ўз каломини амалидан ҳисобласа, ўзига фойдаси йўқ каломи оз бўлади», дейилган дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Мусо саҳифаларида нима бўлган?»-дедим.
«Ҳаммаси ибрат бўлган.
Ўлимга ишониб туриб хурсанд бўлиб юргандан ажабланаман.
Дўзахга ишониб туриб кулиб юргандан ажабланаман.
Қазои қадарга ишониб туриб ўўзини ҳоритгандан ажабланаман.
Дунёни кўриб ва уни қабул қилиб туриб ундан хотиржам бўлгандан ажабланаман.
Эртага ҳисоб-китоб бўлишига ишониб туриб амал қилмаганга ажабланаман, дейилган», дедилар .
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Менга тавсия қилинг», дедим.
«Сенга Аллоҳга тақво қилишни тавсия қиламан. У барча ишнинг бошидир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
«Қуръон тиловати ва Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини лозим тут! У сен учун ер юзида нур ва осмонда зикрдир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Зиёда қилинг», дедим.
«Кўп кулишдан соқлан. У қалбни ўлдиради ва юзнинг нурини кетказади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
«Жиҳодни лозим тут. У умматимнинг роҳиблигидир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
«Мискинларга муҳаббат қил ва улар билан бирга ўтир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
Ўзингдан пастга назар қил, ўзингдан баланда назар қилма. Шунда Аллоҳнинг неъмати сен учун қадрсиз бўлмайди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
«Агар аччиқ бўлса ҳам ҳақни айт», дедилар
«Эй Аллоҳнинг Расули,! Зиёда қилинг», дедим.
«Ўз нафсингда билган нарсанг сени одамларга тил теккизишдан қайтарсин. Ўзинг қиладиган нарсада уларни танқид қилма. Ўзинг билмаган нарсани одамлардан ўрганишинг сенга айб бўлишга етади», дедилар ва кўксимга уриб туриб:
«Эй Абу Зарр! Тадбирга ўхшаш ақл йўқ. Ўзини тийишга ўхшаш парҳезкорлик йўқ. Ҳусни хулқчалик ҳасаб йўқ», дедилар».
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг керак нарсани эринмай сўрашдан иборат бу хислатлари мусулмонларга кейинги даврларда ҳам кўпгина фойдалар берган, бермоқда ва бераверади ҳам иншааллоҳ.
Гапимизнинг тасдиғи сифатида яна бир ривоятни ўрганайлик.
Ал-Маърур ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Рабзада Абу Заррнинг олдидан ўтдик. Унинг устида бир чопон, ғуломининг устида худди шунга ўхшаш бир чапон бор эди. Биз унга, эй Абу Зарр, агар иккисини жамласанг бир сидра кийим бўлар экан, дедик. Шунда у:
«Мен билан биродарларимдан бирининг орасида гап ўтган эди. Унинг онаси ажамия эди. Мен уни ўша нарса билан айбладим. У бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мендан шикоят қилди. Мен У зотга мулоқот бўлган эдим:
«Эй Абу Зарр, сен ичингда жоҳилият бор одам экансан!»-дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ким одамларни сўкса, унинг ота ва онасини сўкарлар»-дедим.
«Эй Абу Зарр, сен ичингда жоҳилият бор одам экансан. Улар сизнинг биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қул остингизга қўйгандир. Бас, ўзингиз ейдиган нарсадан уларни таомлантиринг, ўзингиз киядиган нарсадан уларни кийинтиринг. Уларга оғир келадиган нарсани юкламанг. Агар юклансангиз, ўзингиз ёрдам беринг»-дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Албатта, улар биродарларингиздир. Аллоҳ сизларни улардан афзал қилган. Бас, ким сизга тўғри келмаса сотиб юборинг. Аллоҳ таолонинг халқини азобламанг»-дедилар».
Ушбу ривоятнинг соҳиблари Маърур ибн Сувайд розияллоҳу анҳу баъзи кишилар билан Рабзада Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг олдиларидан ўтишди. Улар Абу Зарр Ғифорий ва у кишининг қуллари устида бир хил кийим кўрдилар. Арабларнинг одати бўйича иккита бир хил чопон кийган одам тўлиқ сарпо кийган бўлишини эслатишиб, Абу Зарр розияллоҳу анҳуга икки чопонни ҳам ўзинг кийиб олсанг, тўлиқ сарпо кийган бўлар эдинг, дейишди.
Шунда Абу Зарр розияллоҳу анҳу арабларнинг одатига эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишларини айтиб ўтдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу қора танли қул одам билан айтишиб қолган эдилар. Бошқа ривоятларда айтилишига Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу билан айтишиб қолган эдилар. Аччиқланган Абу Зарр розияллоҳу анҳу, «Эй қора хотиннинг ўғли! деган эдилар. Иккинчи томон бу гапда ирқчилик ва қулликда айблаш, деб тушунди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда Абу Зарр розияллоҳу анҳуни айбдор деб топдилар. У кишини кўрганларида, қаттиқ хафа бўлдилар:
«Эй Абу Зарр, сен ичингда жоҳилият бор одам экансан, дедилар.
Яъни, ҳали, сенинг ахлоқингда жоҳилиятнинг ахлоқларидан бор экан-ку, дедилар.
Бу Абу Зарр Ғифорийдек, киши учун қаттиқ айблов эди. У киши қилмишларига узр айтмоқчи бўлиб, у ҳам мени сўкканидан кейин, унга ўша гапни айтишга мажбур бўлдим, деган маънони айтдилар. Лекин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу узрни қабул қилмадилар, яна аввалги айбловни такрорладилар ва кейин тушунтириш ибораларини ҳам айтдилар.
Матнда келган ибораларни бугунги кунимиз истилоҳига соладиган бўлсак, унинг онаси қора бўлса нима бўлибди?! Ўзи қул бўлса нима бўлибди?! У ҳам сенга ўхшаган одам. Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни сизнинг қўлингизга топшириб қўйган, холос! Уларни камситманглар! Ўзингиз егандан едириб, ўзингиз кийгандан кийдиринг! Уларга тоқатларидан ташқари оғир иш буюрманг! Агар бирор оғир иш буюрадиган бўлсангиз уни адо этишда уларга ўзингиз ёрдам беринг, деган маънодаги гапларни айтдилар.
Бу набавий насиҳатлар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга қаттиқ таъсир қилди. Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, у киши бориб ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг оёқлари остига, тупроққа юзларини қўйиб ётдилар ва, ушбу қора оёқларинг билан юзимни босиб ўтмагунингча ўрнимдан турмайман, дедилар.
Кейинчалик, умрларининг охиригача ушбу ҳадисни ҳаммага айтиб, тушунтириб ва унга оғишмай амал қилиб ўтдилар.
Бунда ҳам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг олиймақом инсоний фазийлатлари намоён бўлмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хандақ ғазотидан кейинги барча ғазотларида Аллоҳ таолонинг розилигини тилаган ҳолда ихлос билан иштирок этдилар. У кишининг Табук ғазотидаги иштирокларидан бир лавҳа зикр қилиш билан кифояланамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига ўттиз мингга яқин киши билан йўлга чиқдилар.
Бир гуруҳ мусулмонлар ҳеч шак ва шубҳалари бўлмаса ҳам, ўзларича, қолса бўлаверса керак, деган ният билан жиҳоддан қолдилар ҳам. Уларнинг ичида Каъб ибн Молик, Мурора ибн Робиъ, Ҳилол ибн Умаййа, Абу Хасайма, Умайр ибн Ваҳб ва бошқалар бор эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саниййатул Вадоъ номли жойга аскаргоҳ қурдилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай эса, ундан пастроқда алоҳида аскаргоҳ қурди. Кейинроқ эса одамларини олиб йўлдан қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илгарилаб кетавердилар. Бирор киши ортда қолса, одамлар келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи ортда қолди», дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:
«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дер эдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам ортда қолди. Унинг туяси юрмай қолган эди. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Зарр ортда қолди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дедилар.
Абу Зарр туясини юришини кутиб турди. Юравермагач, туянинг устидаги нарсаларни олдида елкасига кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изларидан юриб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда дам олгани тўхтадилар. Мусулмонлардан бирлари узоқдан келаётган одам қорасини кўриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам ёлғиз пиёда келмоқда», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Зарр бўлсайди», дедилар.
Одамлар синчиклаб қараб, унинг Абу Зарр эканини танидилар ва:
«Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўша одам-Абу Зарр», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Абу Заррга раҳмат қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар».

НАБАВИЙ БАШОРАТЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ҳақларида бунга ўхшаш башорат гапларни кўп айтган эдилар.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Заррдан кўра тили ростгўй ва вафодорга осмон соя солмаган ва ер уни кўтармаган. У Ийсо алайҳиссаломга ўхшайдир», дедилар.
Бас, Умар унга ҳасад қилгндек бўлиб:
«Унинг бундоқлигини ҳурматини қилайликми, Эй Аллоҳнинг Расули,», деди.
«Ҳа, унга шундоқ қилинглар!» дедилар у зот».
Термизий ривоят қилган.
Албатта, бу ҳадиси шарифда келган гаплар бошқа ҳеч бир саҳобий ҳақида айтилмаган. Шунинг ўзи Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.
Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ мени тўрт кишига муҳаббат қилишга амр этди ва У зот Ўзи уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларнинг исмларини айтиб беринг», дейилди.
«Али улардан биридир», деб уч марта айтдилар. Кейин, Абу Зарр, ал-Миқдод ибн ал-Асвад ва Салмон. У зот менга уларга муҳаббат қилишни амр қилди ва албатта, Ўзи ҳам уларга муҳаббат қилиши хабарини берди», дедилар».
Аллоҳ таоло Ўзининг энг афзал ва энг охирги пайғамбарига, Мен фалончини яхши кўраман, эй пайғамбарим сен ҳам уни яхши кўргин, демоғи улкан ишдир.
Ушбу ҳадиси шарифда номлари зикр қилинган саҳобаи киромлар ана шундоқ улкан мақомга етишган зотлар экан. Уларнинг ичида ҳазрати Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар.
Бу ҳадиси шарифдан ҳазрати Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам алоҳида эътиборга сазовор зотлардан эканлиги келиб чиқади. Ушбу нарса улкан фазл бўлмаса нима ҳам фазл бўлиши мумкин.
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир набийга еттита нажийб ёки нақийб берилди. Менга эса, ўн тўртта берилди», дедилар.
Биз (Алига):
«Улар кимлар?» дедик.
«Мен, икки ўғлим, Жаъфар, Ҳамза, Абу Бакр, Умар, Мусъаб ибн Умайр, Билол, Салмон, ал-Миқдод, Абу Зарр, Аммор, Абдуллоҳ ибн Масъуд», деди».
«Нажийб»-саййид ва фозил шахс дегани.
«Нақийб»-танланган ишбоши, ёрдамчи раҳбар маъноларини англатади.
Ушбу ривоятда зикрлари келган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нажийб ва нақийб бўлиш мартабасига эришган зотлар улуғ бахту саодат соҳибларидир. Уларнинг ҳар бири бир оламга татийдилар. Ана ўша улуғ зотлар ичида Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг борлиги у кишининг олиймақом зот эканига яна бир ёрқин далилдир.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга:
«Эй Абу Зарр, агар сен ўлжани ўзлаштириб оладиган амирларни кўрсанг нима қилар эдинг?» дедилар.
«Ундоқ бўлса, Сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, қиличим билан урар эдим», дедилар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сени ундан кўра яхши нарсага далолат қилайми? Менга мулоқот бўлгунингча сабр қил», дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу умрларининг охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа амрлари билан бир қаторда ушбу насиҳатларига тўла амал қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога интиқол қилганларидан кейин Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу у зотсиз бўлиб қолган Мадийнаи Мунавварада истиқомат қилишга тоқат қила олмадилар. Бу муборак шаҳардаги ҳар бир нарса у кишига ўзларининг маҳбуб Пайғамбарларини ёдга солар эди. Уларни кўриб Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг дардлари янгиланар эди.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ва У-а.нинг халифаликларининг бошларида Шом саҳроларида кезиб юришни, ўша ерларда кишиларнинг тақвога ва илмга чақиришни афзал кўрдилар.

ХИЛОФ

Аччиқ бўлса ҳам, рост гапиришга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга байъат берган саҳобалардан Абу Зарр розияллоҳу анҳу эртанги кунга емак сақламаган, зоҳид зотлардан эдилар.
Ўттизинчи ҳижрий санада Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилди. Бу шикоятнинг ўзига яраша сабаби бор эди.
Улуғ ва зоҳидликка берилган саҳобий Абу Зарр Ғифорий «Тавба» сурасидаги:
«Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер».
Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур», деган оятларини ўзларича алоҳида тушунар ва таъвил қилар эдилар.
У кишининг фикрларича ҳар бир мусулмон ўзининг бир кеча кундузлик ҳожати, Аллоҳнинг йўлида нафақага, меҳмонга олиб қўйган нарсасидан ортиқча нарсани ушлаб туриши мумкин эмас эди.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Шомда истиқомат қилар эдилар. У киши доимо:
«Эй бойлар, камбағалларга шафқат қилинглар! Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга оловдан бўлган дазмолнинг башоратини бер. Уни уларнинг пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилур», деб юрар эдилар.
Бора-бора шундоқ қилиб Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу камбағалларни бойларга қарши қайраб қўйдилар. Иш чегарасидан чиқаётганини кўрган бойлар волий Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. У киши бу ҳақда халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ёздилар.
Халифадан, уни менинг ҳузуримга юбор, деган амр келди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни Мадинага халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг олдиларига йўллади.
У киши Мадинага кириб келганда мажлислар Салъга етганини кўриб, «аҳили Мадинага шиддатли ғоратнинг ва эсдан чиқмайдиган урушнинг башоратини беравер», дедилар.
У киши халифанинг ҳузурига кирганда:
«Шом аҳлига нима бўлди, тилингнинг заҳридан шикоят қилишмоқда?» дедилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бўлган гап сўзларни айтиб бердилар. У кишининг гапларини диққат билан тинглаган ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу:
«Эй Абу Зарр! Менинг вазифам ўз бурчимни адо этмоқлик. Одамларни ҳатти ҳаракатга ва иқтисодга чақирмоқлик. Уларни зоҳидликка мажбур қилиш менинг бурчим эмас», дедилар.
«Бойлардан токи маъруфга сарф қилмагунларича, қўни-қўшниларга ва ошна-оғайниларга эҳсон қилмагунларича ва қариндошларга силаи раҳм қилмагунларича», рози бўлманглар», дедилар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу
У киши суҳбатнинг охирида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Мадинадан чиқиб кетишга изн сўрадилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бинолар Салъга етса чиқиб кетишимга амр қилганлар», дедилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу у кишини ар-Рабзага йўлладилар. У ерда масжид қурдилар. У киши учун халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир қанча туялар ажратиб бердилар. Маош белгиладилар. Иккита хизматчи бердилар. Абу Зарр вақти-вақти билан Мадинага зиёратга келиб турар эдилар. Шаҳар билан ар-Рабзанинг ораси уч мил эди.

САБР

Алғов далғов замонлари етиб келиб ҳазрати У-а.га қарши фитналар бошланди. Фитначилар иложи борича ўзларига тарафдорни кўпайтиришга ҳаракат қилар эдилар. Уларнинг асли Кўфадан бўлган бир гуруҳи Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига етиб келди. Фитначилар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга ҳазарати У-а.нинг қилган муомалаларини зулм ҳисоблаб ўзларига бош бўлиб ҳаракатни бошқаришни таклиф қилдилар. Шунда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу уларга бор гапни бирданига айтдилар. У киши:
«Аллоҳга қасамки, агар Усмон мени энг узун ёғочга ёки тоққа осган бўлса ҳам, албатта, мен унга қулоқ осаман, итооат қиламан, сабр қиламан, савоб умидида бўламан ва ўшани ўзимга яхши деб биламан!
Агар у мени бу уфқдан у уфққа юборган бўлса ҳам, албатта, мен унга қулоқ осаман, итооат қиламан, сабр қиламан, савоб умидида бўламан ва ўшани ўзимга яхши деб биламан!
Агар у мени ўз манзилимга қайтарса ҳам, албатта, мен унга қулоқ осаман, итооат қиламан, сабр қиламан, савоб умидида бўламан ва ўшани ўзимга яхши деб биламан!» дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг бу кескин эътирозларидан кейин фитначиларнинг тарвузлари қўлтиқларидан тушиб қайтиб кетдилар.
Ҳазрати У-а.га қарши чиққан фитначилар барибир Усмон Абу Зарр Ғифорийни сургун қилди, деган даъвони қилдилар.
Аслида эса У-а у кишини сургун қилган эмас, балки Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ўзлари шаҳар ташқарисида яшашга ижозат беришларини илтимос қилган эдилар.
Халифа У-а.нинг талабларига биноан Шомдан Мадинага келган Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан У-а.нинг ораларида аввал ўрганиб ўтган суҳбатимиз бўлиб ўтди.
У киши суҳбатнинг охирида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Мадинадан чиқиб кетишга изн сўрадилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бинолар Салъга етса чиқиб кетишимга амр қилганлар», дедилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу у кишини Рабзага йўлладилар. У ерда масжид қурдилар. У киши учун халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир қанча туялар ажратиб бердилар. Маош белгиладилар. Иккита хизматчи бердилар. Абу Зарр вақти-вақти билан Мадинага зиёратга келиб турар эдилар.
Агар фитначилар бу нарсаларни ёдларида яхши тутган бўлганларида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан йўл қўйилган «хатолар»ни санамаган бўлардилар.

ЗОҲИДЛИК

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу дунё матоҳларига мутлақо қизиқмас эдилар. Ўзларига етарли бўлган нарсалар билан кифояланар эдилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг оғайниларидан бирлари у кишининг эски жилбоб кийиб юрганларини кўриб:
«Сенинг бундан бошқа кийиминг йўқми?! Бир неча кун олдин устингда яп-янги икки кийим кўрган эдим-ку!» деди.
«Эй биродаримнинг ўғли! Уларнинг ўзимдан кўра муҳтожроқ кишига бердим», дедилар.
«Аллоҳга қасамки, албатта, сен ўзинг уларга муҳтожсан», деди ҳалиги киши.
Шунда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳим, Ўзинг кечир! Албатта, сен оғайни, дунёни улутлар экансан. Менинг устимдаги манаву чопонни кўрмаяпсанми?! Менда жума намози учун яна биттаси бор. Менинг соғиб ичадиган эчким, минадиган эшагим бор. Бизда бор неъматдан улуғроқ неъмат борми?!» дедилар.
Бир куни оғайниларидан бириси Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг уйларига кириб атрофга аланглаб қараб чиқди ва бирор нарсани кўрмаганидан кейин:
«Эй Абу Зарр, нарсаларингиз қани?!» деди.
«Бизнинг нариги ёқда уйимиз бор. Яхши нарсаларимизни ўша ёққа юборамиз», дедилар.
Ҳалиги киши гапнинг мағзини англади ва:
«Лекин модомики бу дунёда экансан, керакли нарсаларинг бўлиши зарур», деди.
«Манзилнинг эгаси бизни бунда тарк қилмайди-да!» дедилар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу
Шомнинг амири Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга уч юз динор юбориб:
«Буларни ҳожатингиз учун ишлатарсиз», деди.
«Шомнинг амири мендан кўра хорроқ одамни топа олмади?!» дедилар ва маблағни қайтариб юбордилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бир куни одамларга қуйидагиларни айтдилар:
«Халилим менга етти нарсани васият қилган;
У зот менга мискинларга муҳаббат қилишни ва уларга яқинлашишини амр қилганлар.
У зот менга ўзимдан пасга назар солишимга, ўзимдан юқорига назар солмасимга амр қилганлар.
У зот менга бировдан бирор нарса сўрамаслигимни амр қилганлар.
У зот менга силаи раҳим қилишимни амр қилганлар.
У зот менга аччиқ бўлса ҳам ҳақни айтишимни амр қилганлар.
У зот менга Аллоҳ учун маломатчининг маоматидан қўрқмаслигимни амр қилганлар.
У зот менга «лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни кўп айтишимни амр қилганлар», дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларининг ҳаммасини амалга ошириб ўтдилар.
Ҳазрати А-а.:
«Бугунги кунда Абу Заррдан бошқа Аллоҳ учун маломатчининг маоматидан қўрқмайдиган кимса қолмади», дер эдилар.
Бир вақтлар Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни фатво айтишдан ман қилганларида:
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бўйнимга қилични қўйиб турган бўлсаларингиз-у мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзим эшитган бир оғиз сўзни айтиш имконим бўлса, бўнимни кескинингизса уни айтаман», дедилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 281та ҳадис ривоят қилдилар. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИРИНЧИ ХАЛИФА АБУ БАКР СИДДИҚ Разияллоху анҳу ДАВРЛАРИЭнг аввалги мусулмон ва энг биринчи сиддиқ ва Расулуллоҳнинг ҳамсуҳбатлари ҳамда Улардан кейинги биринчи давоми...

27702 20:20 / 21.04.2017
Бу саҳобанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн ИмриулҚайс розияллоҳу анҳудир. Куняси ndash Абу Муҳаммад, унвони ndash .Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1986 14:00 / 20.01.2023
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

3115 15:00 / 18.01.2022
Абу Бакр розияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Исломда Абу Бакрдан бошқа бирор одамга бир нарса давоми...

1291 16:15 / 26.12.2023
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021