1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (16-қисм)

21:50 / 20.04.2017 5350 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

СЎНГСИЗ МУСИБАТ

(16-қисм)

 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Вадо ҳажлари рисолатнинг поёнига етганини англатиб турарди. Қуръоннинг сўнгги оятлари ҳам нозил бўлди. Асҳоби киром Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотлари яқинлашганини ҳис этиб маҳзун эди. Ҳатто кўз ёши тўкканлар ҳам бўлди.

Хасталанмасларидан бир кун олдин Усома ибн Зайд бошчилигида Сурияга юбориш учун бир қўшин тайёрладилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликлари оғирлашгач, Усома қўшини ҳаракатини кечиктиришга мажбур бўлди.

Ўн тўққизинчи сафар куни тонгда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ бош оғриғи билан уйғондилар. Кейин дардга бош айланиши ҳам қўшилди. Хасталик робиъ ул-аввал ойининг бошигача давом этди. Шу куни у зот асҳобларига имомлик қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра минбарнинг пастки зинасига ўтириб жамоатга қарата хитоб қилдилар:

— Эй мўминлар! Аллоҳ қулларидан бир ига дунё ҳаёти билан охират ҳаётини танлаш ихтиёрини берди. Аммо бу қул охират ҳаётини танлади.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом сўзларининг маъносини тушунган ёлғиз у киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан ўлимлари яқин қолганига ишорат қилаётган эдилар. Кейин дўстларига юзланиб:

— Йиғламанг, эй Абу Бакр, – дея тасалли бердилар ва яна шундай дедилар, – ўртоқлик, молий фидокорлик жиҳатларидан менга энг катта ёрдам кўрсатган Абу Бакрдир. Ўзимга бир дўст танлайдиган бўлсам, муҳаққақ, у дўстим Абу Бакр бўлур эди. Лекин Ислом дини барчамизни дўст-қардош қилган. Дин биродарлиги шахс қардошлигидан устундир!

Ҳатто у кишига меҳр-муҳаббатлари устунлигини билдириш учун асҳобга: «Масжидга очилган Абу Бакрнинг эшигидан бошқа ҳамма эшикларни ёпинглар! Сиздан олдин ўтган қавмлар пайғамбарлар ва авлиёларнинг қабрларини ибодатхонага айлантиришган эди, сизларни бундай ишдан қайтараман!» деб амр қилдилар.

Якшанбага бориб жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталиклари оғирлашди. Намозга чиқмоқчи бўлиб жамоат намози ўқилган-ўқилмагани ҳақида сўрадилар. Жамоат у зотни кутаётганини айтишди. Шунда бир мешда сув келтиришни буюрдилар. Дарҳол сув олиб келинди. Таҳорат олдилар, намозга чиқмоқчи бўлдилар. Аммо ҳушдан кетдилар. Сўнгра яна кўзларини очиб, жамоат ҳақида савол бердилар. Қавм кутаётганини айтишди. Расули акрам буюрдилар:

— Абу Бакрга айтинг, имомлик қилсин!

Бунга ҳазрат Оиша эътироз билдирдилар:

— Отам кўнгли бўш одам, имомлик қилолмай йиғлаб юбораверадилар.

Ҳақиқатан Абу Бакр розияллоҳу анҳу жуда нозик қалб инсон эдилар. Шу сабабданимомликка ҳазрат Умарни чорлаб: «Эй Умар, намозни сиз қилдиринг», дедилар. Ҳазрат Умар бўлса: «Сиз имом бўлишга мендан ҳам ҳақлироқсиз», дея эътироз билдириб у кишини меҳробга ўтказдилар.

Ҳазрат Али билан Фазл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни етаклаб масжидга олиб чиқишди. Жамоат Абу Бакр розияллоҳу анҳу имомлигида намоз ўқиётган эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобни намозда саф боғлаб ибодат ҳолида кўриб севиндилар, муборак юзларида табассум жилва қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидга келганларини кўрган мусулмонлар ҳам қувонганларидан намозларини бузиб юборай дейишди. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ меҳробдан чекиниб, Расули акрамни имомликка ўтказмоқчи бўлдилар. Аммо у зот ўринларидан жилмасликларини қўллари билан ишорат қилдилар. Чап ёнда туриб Абу Бакрга иқтидо қилиб намоз ўқидилар. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адо этган охирги намоз эди. Эртасига – душанба куни жон таслим қилиб, Раббилари ила қовушдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этган кунлари ҳазрат Абу Бакр Сунҳ деган ерда эдилар. Сарвари коинотнинг ўлимлари бутун асҳобни қаттиқ қайғуга солган, довдиратган, чақмоқ ургандай гарангситган, ақлларини ҳайрон қилган эди. Чунки улар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаддан ортиқ севишарди. Ҳамиша у зот билан яшашга, билмаганларини сўрашга, ҳар ишда маслаҳат олишга ўрганиб қолишган эди. Ота-онаси бағрида яшаётган болалар каби Пайғамбар алайҳиссаломга қаттиқ суяниб қолишган эди. Айниқса, ҳазрат Умар Фахри коинотнинг ўлимларига ишонмас, қилич яланғочлаб, одамлар узра айлантириб ҳаяжон-ла қичқирардилар:

— Валлоҳи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлган эмаслар. Ким у зотни ўлди, деса, калласини шартта узиб ташлайман. Расулуллоҳ мунофиқларни йўқ қилмагунча ўлмайдилар. Қалбимизда у зотдан бошқага ўрин йўқ. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни албатта қайта тирилтиради ва ҳали кўплаб мушрикларнинг таъзирини берадилар.

Аччиқ мусибат хабари етиб боргач, ҳазрат Абу Бакр масжидга чопдилар. Саҳобийларнинг ғамгин ва саросар чеҳраларига ҳам боқмадилар, ҳазрат Умарнинг ҳайқириқларига ҳам эътибор бермадилар. Тўғри Ҳужраи саодатга кириб бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жасадлари устига бир абоя ёпилган эди. Уни очиб, йиғи аралаш Расулуллоҳнинг икки кўзлари ўртасидан эҳтиром билан ўпдилар. Кейин у зотнинг нурли чеҳраларидан кўз узолмай:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ! Аллоҳимнинг тақдир этган ўлимини тотибсиз. Аммо бундан кейин энди абадий ҳаётдасиз! Ҳаётлигингизда ҳам кўркам эдингиз, ўлимингизда ҳам кўркамсиз! – дедилар ва такрор ўпиб юзларини ёпиб қўйдилар. Аҳли байтга тасалли ва сабр тилаб Ҳужраи саодатдан ташқарига чиқдилар.

Бу вақтда Умар розияллоҳу анҳу халойиқ ичида ҳамон: «Аллоҳ у зотни қайта тирилтиради», дея ҳайқирардилар. Абу Бакр босиқлик билан: «Эй онт ичгувчи, ўйлаб гапиринг!» дедилар. Шундагина ҳазрат Умар тинчиб ўтириб қолдилар. Абу Бакр тўпланганларга шундай хитоб қилдилар:

— Эй инсонлар! Ким Муҳаммадга сиғинса, билсинки, у зот вафот қилдилар. Ким Аллоҳга сиғинса, билсинки, Аллоҳ тирикдир, боқийдир! Аллоҳ таоло айтган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар» (Зумар сураси, 30-оят). Яна Аллоҳ таоло шундай деган: «Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми? Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли-Имрон сураси, 144-оят).

Тўпланганлар бу ояти карималарни худди биринчи марта эшитаётган каби ҳазрат Абу Бакрдан кўз узмай туришарди. Асҳобдан бир нечаси чидолмай, баралла ўкириб йиғлаб юборди. Боядан буён бақир-чақир қилаётган ҳазрат Умар ҳаяжондан оёқлари ўзига бўйсунмай ерга йиқилган, лаблари эса тинмай «Расулуллоҳ ўлдилар, Расулуллоҳ энди йўқлар», дея пичирларди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бадр жанги том маънода Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуники бўлди, десак адашмаймиз. Аллоҳнинг шери ўша кунда олдидан чиққан мушрикларнинг отлиғи борми, давоми...

2748 14:10 / 25.02.2024
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Ноҳаванд фатҳидан қайтиб келаётиб, Ҳамадон аҳлининг сулҳни бузганликлари ҳақидаги хабарни эшитди. У киши бу кўнгилсиз хабарни ҳазрати давоми...

2016 15:14 / 03.11.2024
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

2113 16:29 / 23.01.2024
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри Ясриб деб аталар эди. Ясриб арабчада ёмонлик маъносини англатади. Шунинг учун давоми...

7285 19:36 / 21.04.2017
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130285 14:35 / 11.08.2021