1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (17-қисм)

21:49 / 20.04.2017 4797 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

МЎМИНЛАР АМИРИГА БАЙЪАТ

(17-қисм)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганларидан воқиф бўлган Макка мушриклари ҳам, мадиналик мунофиқлар ҳам «Энди мусулмонларнинг динига пугур етади, пайғамбаридан ажраб, пароканда бўлиб кетишади», дея хомтама бўлиб, завқ билан қўлларини бир-бир ига ишқашар эди. Мусулмонлар ичидан бир муносиб кишини у зотнинг ўринларига халифа қилиб сайлашлари лозим эди. Бу ишга ким лойиқроқ? Ким Аллоҳнинг расули ишларини давом этгира олади? Ўринбосар сайлашни кейинга қолдирса бўлмасмикан ?

Мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларига раҳбар сайлашда шошиб қолишганининг бир неча сабаблари бор эди: Ислом душманлари уларнинг бирлигини бузишга йўл топиб, жамиятларини тарқатишга изн бермаслик керак эди. Ҳавойи нафслари қалбларини алдаб, халифаликка даъвогар кўпайиши ва Ислом уммати гуруҳбозликка мубтало бўлиши мумкин эди. Қолаверса, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун ишларини юритадиган бир йўлбошчи сайлангани ҳолда у зотнинг руҳлари дунёдан айрилишини исташарди.

Мадинада ҳам Маккадаги Дорун-надва каби мусулмонлар тўпланиб машварат-маслаҳат қиладиган Бани Саъиданинг Сақифа номли гузари бор эди. Ансорлар ўша ерда ўтирган Саъд ибн Убоданинг ҳузурига тўпланиб: «Бир гал бизлардан, яъни ансорлардан, бошқа сафар эса муҳожирлардан амир (халифа) бўлиши лозим», дейишди ва Саъдни халифаликка номзод қилиб кўрсатмоқчи бўлишди. Шу пайт Сақифага Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумлар етиб келишди. Ҳазрат Умар ҳазрат Абу Бакр сўзларини тўпланганларга тушунтира олмайдилар, деган хавотирда олдиндан ўйлаб қўйган гапларини гапириш учун ўртага чиқдилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишини ишора билан тўхтатиб, ўзлари энг сўзамол кишилар каби равон ва содда қилиб:

— Бизлар амир, сизлар вазир бўлмоғингиз лозим, – дедилар.

Бунга жавобан ансордан Ҳаббоб ибн Мунзир ўрнидан туриб шундай деди:

— Валлоҳи, бундай бўлмайди, ўзимиздан ҳам, сизлардан ҳам амир қилмаймиз!

— Йўқ, бўлмайди, бизлар амир, сизлар эса вазир бўлишингиз керак, – дедилар ҳазрат Абу Бакр вазминлик билан, – қурайшийлар Макка арабларининг бойлик ва насл-насаб жиҳатидан энг ўртадагисидир. Умар ибн Хаттобга ёки Абу Убайда ибн Жарроҳга байъат қилинглар!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўзларини тугатишлари билан ўртада баҳс-мунозара бошланиб кетди. Ҳар ким ўз номзодини мансабга ўтқазишга уринар, ўртада ихтилоф чиқиб, парокандалик бошланиши хавф солиб турарди. Шунда муҳожирлардан бири ўрнидан туриб:

— Расули акрам диний ишимизни ишониб Абу Бакр Сиддиққа топширган эдилар. Нима учун биз дунёвий ишларимизни бу жанобга ишониб топширмайлик?! Биз ҳазрат Абу Бакрга байъат этамиз, – деди.

Ҳазрат Умар ҳам уни маъқуллаб:

— Мен ҳам ўзингизга байъат қилурман. Сиз бизнинг улуғимиз, энг яхшимиз ва жаноб Расулуллоҳга энг маҳбубимизсиз, – дедилар ва ҳазрат Абу Бакрга қўл чўздилар.

Абу Убайда ҳам ўринларидан туриб:

— Мен орамизда Расулуллоҳга ғорда ҳамроҳ бўлган киши туриб, ушбу ишга у жанобдан илгари қўл урмайман, – дедилар ва қўлларини байъатга узатдилар.

Муҳожир ва ансорлар бирин-кетин келиб Абу Бакр Сиддиққа байъат қила бошладилар, итоатларини изҳор қилдилар. Сақифа супасида ўтказилган бу байъат Ислом тарихидаги биринчи эркин раҳбар сайлашнинг намунаси эди.

Байъат қилиш тугаганидан сўнг ҳазрат Абу Бакр минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг ўта ҳакимона бўлган тарихий илк хутбаларини қилдилар:

—  Эй инсонлар! Мен сизларга амир бўлдим. Ҳолбуки, сизларнинг яхшиларингиз эмасман. Агар яхшилик йўлида бўлсам, менга ёрдам беринг! Агар ёмонлик йўлидан кетсам, мени тўғри йўлга солиб қўйинг! Тўғрилик – аминлик, ёлғончилик – хоинликдир. Ичингиздаги заифларингиз, иншааллоҳ, менинг ёнимда кучлидирлар. Чунки заифнинг ҳаққини кучлидан олиб бераман. Кучлиларингиз менинг олдимда заифдирлар. Ундан ҳам бошқанинг ҳаққини оламан. Иншааллоҳ, ҳеч бирингиз Аллоҳ йўлидаги жидду жаҳдни ташламассиз. Бир миллат ичида ёмон ишлар кўпайса, Аллоҳ у миллатнинг ҳаммасига бало юборади. Мен Аллоҳга ва Пайғамбарига итоат этарканман, сиз ҳам менга эргашинг. Агар мен Аллоҳга ва Пайғамбарига қарши чиқсам, унда менга итоат қилишингизнинг кераги йўқ. Қани, намозга туринглар, Аллоҳ барчангизни мағфират айласин!

Уммат ижмои билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин сафдошлари, Ислом умматининг энг фидокор, сиддиқ, ишончли кишиси, саҳобийларнинг саййиди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом давлатининг бошлиғи этиб якдиллик ила сайландилар. Ҳижрий 11 йили Ислом тарихида ўттиз йил давом этган Хулафои рошидин (тўғри йўлдаги халифалар) даври бошланди... Мусулмонларнинг Абу Бакрга байъат беришганини эшитган у кишининг оталари Абу Куҳофа: «Шу нарса ҳақиқатдирки, Аллоҳ берганини тўсгувчи йўқ, Аллоҳ тўсган нарсани ато этгувчи йўқ», деб Аллоҳга кўп шукрлар қилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бароо розияллоҳу анҳу айтдилар.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сен биродармиз ва мавломизсан,, дедилар,. Бухорий ривоят қилган.Шарҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

8532 19:51 / 21.04.2017
Қалбингизни чуқур яралашдимиЭҳтимол бу жароҳатнинг оловини ўчиришга ҳаракат қилиб, кучингиз етмаётгандирАммо олдинлари кечира олар эдингиз. Бу сафар эса иш давоми...

1847 11:00 / 25.04.2023
Саъд ибн Абу Ваққос Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида асосан шуро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарлик ишларида қатнашдилар. У киши давоми...

1354 13:34 / 22 май
Имом Ибн Жарийр Тобарий Язийд ибн Мансурдан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга унинг Баҳрайндаги омили Ибн Жоруднинг ёки Ибн Абу Жоруднинг олдига давоми...

870 13:25 / 16 октябрь