1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (22-қисм)

16:49 / 20.04.2017 4408 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

ФАДАҚ ВОҚЕАСИ

 (22-қисм)

     Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун энг оғир, энг кўнгилсиз бир иш бўлди. Тарозининг бир палласида Аллоҳ таолонинг ҳукми, Расулининг кўрсатмаси турарди. Иккинчи палласида эса у зотнинг суюмли фарзанди аржумандлари, хойрун-нисо Фотимаи Заҳронинг иззат-нафслари, истагу ризолари қўйилган эди. Абу Бакр Сиддиқ икки ўт орасида, икки йўл қаршисида қолгандилар. Бирини қилай, десалар, Аллоҳ таолонинг амри илоҳийсига зид иш тутган бўлардилар. Иккинчи йўлдан борай, десалар, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳони қаттиқ ранжитган бўлар эдилар. Нима қилиш керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Мавлоларига, Рафиқ ул-аълога қовушишларидан аввал Фадақ деган жойда бироз экинзор ер қолдирган эдилар. У зот иртихолларидан кейин дунё аёлларининг энг яхшиси ва саййидаси Фотимаи Заҳро янги халифа бўлиб тайинланган ҳазрат Абу Бакр ҳузурларига Фадақ қишлоғидаги ерни мерос тариқасида беришни талаб қилиб келдилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳазрат Фотиманинг талабларини инобатга олиб, Фадақ ерларини мерос тариқасида бермоқчи бўлиб турганларида ҳазрат Умар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларини эслатиб қолдилар. Ҳазрат Абу Бакр дарров сергакландилар. Чунки у зот ҳеч қачон Қуръон ва ҳадисга зид ўлароқ бирор қарор қабул қилмаган эдилар. Ҳазрат Фотимаи Заҳрога ётиғи билан узр сўраган ҳолда тушунтириб:

—  Пайғамбар алайҳиссалом: «Биз – пайғамбарлар ҳеч кимга мерос қолдирмаймиз, биздан кейин нима қолса, у садақадир», деган эдилар. Аммо Муҳаммад хонадони мана шу садақадан еяверади, – дедилар.

Бу ҳукмни эшитиб Фотимаи Заҳронинг аччиқлари келди. Истаги амалга ошмай қолган ёш боланинг жаҳли чиққани каби Аллоҳнинг расули, Ислом умматининг раҳбари ва йўлбошчиси бўлган инсоннинг суюмли қизи, ҳазрат Алидай буюк Ислом фидойисининг завжаси бўлмиш ҳазрат Фотиманинг аччиқланишлари табиий эди:

— Ёлғиз Муҳаммаднинг қизларидан бўлак ҳамма одамнинг боласи отасидан мерос олишга ҳақли экан-у, бизга мумкин эмас экан-да, – дедилар норози ҳолда.

— Аллоҳ таоло ҳаққи, жаноб Расулуллоҳнинг садақалари у зот ҳаётликларида қандай тасарруф этилган бўлса, мен ҳам худди шундай тасарруф қиламан, – дедилар ҳазрат Абу Бакр.

Ҳазрат Фотима Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурларидан норози бўлиб чиқиб кетдилар. Уйга борганларида ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бошда Абу Бакрга байъат бермаганларида ҳазрат Умар таҳдид қилиб «ўт қўйиб юбораман», деганлари ҳам эсга тушиб аччиқларини баттар зиёдалаштирди. Оталаридан кейин ўзларини камситилган, хўрланган ҳис этиб, у зотнинг энг яқин икки сафдошидан қаттиқ ранжидилар:

— Валлоҳи, энди Умар ва Абу Бакр билан асло гаплашмайман, – деб қасам ичдилар ва қасамларида собит турдилар.

Бу нохуш воқеадан ҳазрат Абу Бакрнинг ниҳоятда диққатлари ошди, ҳаловат-оромлари йўқолди. Томоқларидан овқат ҳам ўтмай қолди. Саййидати нисони, Расулуллоҳнинг севимли қизларини ранжитиб қўйганларидан, у кишига масаланинг нозиклигини тушунтира олмаётганларидан хуноблари ошарди. Охири чидаб туролмадилар, ҳазрат Фотиманинг эрлари Али ибн Абу Толиб ҳузурларига бориб, асл мақсадларини тушунтирдилар:

— Ниятим Фотимаи Заҳрони асло ранжитиш эмас эди, фақат Аллоҳнинг расули қилган васиятга содиқлигимни изҳор этдим. Агар у зот қасамларидан қайтмасалар ва мени кечирмасалар, халифаликдан албатта истеъфо бераман. Фотимаи Заҳронинг ичларида менга ғазаблари бўлгани ҳолда мен бу вазифада қололмайман!

Ҳазрат Умарнинг изтироблари Абу Бакр Сиддиқникидан кам эмасди:

— Агар Расулуллоҳнинг азиз қизлари рози бўлмасалар, мен ҳам Мадинани бутунлай

ташлаб чиқиб кетаман, – дедилар ўзларига хос қатъият ва жўшқинлик билан.

Ҳазрат Али завжалари Фотимаи Заҳронинг ёнларига кириб, бўлган гапларни ётиғи билан тушунтирдилар. Абу Бакр ва ҳазрат Умар ишларида Ислом шариати ҳукмига кўра йўл тутишганини, мусулмонлар ижмосида тажовуз қилишмаганини айтиб:

— Аччиқланишингизга, ғазабдан тушмаслигингизга энди ҳеч қандай баҳона йўқ, – дедилар.

Фотимаи Заҳро эрлари келтирган исбот-далиллар қаршисида бироз сукутга чўмиб тургач, ҳазрат Алининг гапларидан қаноат ҳосил қилдилар. Оталарининг «Биздан қолган нарса мерос бўлмайди, у садақа қилинади», деган гапларининг мағзини чақдилар. Икки улуғ зотга бўлган адоват ва зардаларини ичларидан бутунлай чиқариб ташладилар. Расулуллоҳнинг жонфидо сафдошлари Абу Бакр ва Умарга нисбатан гина-кудуратлар ўртадан кўтарилди, қалблари аввалгидай мусаффо ҳолига келди. Ушбу кўнгилсиз воқеадан кўп ўтмай, хойрун-нисо ҳазрат Фотима энг суюмли кишилари билан учрашмоқ ниятида у жанобнинг икки содиқ соҳибидан мамнун ва рози ҳолда дунёдан рихлат қилиб кетдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларФАДАҚ ВОҚЕАСИ 22қисм Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давоми...

4408 16:49 / 20.04.2017
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар .Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у давоми...

1981 11:00 / 10.05.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқадиШу пайт давоми...

5107 14:31 / 21.04.2022
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуга .Ҳатто сен ҳам менинг гапимни хато санаяпсанми, эй қора хотиннинг ўғли,, дедилар. Билол розияллоҳу анҳу давоми...

2921 14:00 / 13.03.2023