1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (23-қисм)

21:49 / 19.04.2017 4686 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар 

СЎНГГИ КУНЛАР

 (23-қисм)

    Ҳижратнинг ўн учинчи йили, жумодил-охир ойининг бошларида ҳазрат Абу Бакр қаттиқ бетобланиб қолдилар. Бунга совуқ кунда ҳаммом қилганлари туфайли шамоллаганлари сабаб бўлган эди. Хасталиклари оғирлашиб, ҳатто намозга чиқа олмай қолганларидан ўринларига Умар ибн Хаттобнинг имом бўлишларини буюрдилар.

Мўминлар Абу Бакрнинг бетоблигидан қайғуга тушиб, у кишининг тузалишларини сўраб ҳар куни дуода бўлишди. Асҳоб у зотнинг ҳолларидан хабар олиб турди, энг кўп ҳол сўраган Усмон ибн Аффон бўлдилар. Бир куни саҳобийлардан бир неча киши ҳазрат Абу Бакрни кўргани киришди.

—  Эй Абу Бакр, касалингиз оғир, табиб чақириб кўрсатсакмикан? – деб маслаҳат солишди улар.

—  Табиб келиб мени кўриб кетди, – дедилар Абу Бакр.

—  Табиб нима деди? – сўрашди саҳобийлар.

—  Мен хоҳлаганимни қиламан, деди, – жавоб қилдилар ҳазрат Абу Бакр.

Ҳа, у зот Раббиларига қовушиш фурсати етиб келганини тушуниб турардилар. Халифани шу топда оғир дард, тузалмас касаллик безовта қилмаётган, қийнамаётган эди. Бутун ҳаётини Исломиятнинг қувват ва шавкати йўлига бағишлаган, халқнинг адолат ва ҳаққоният байроғи остида яшашини истаган ва шу йўлда улуғ Ислом давлатини соғлом асос устига қура олган, Аллоҳнинг расули ишларини содиқлик билан давом эттиришдан бошқа нарсани ўйламаган бу улуғ инсоннинг бетобликдаги фикр-ўйлари ҳам ана шу давлат, халқ манфаатлари ҳақида эди. Мана шундай ҳолатда ҳам ўзларидан кейин раҳбарлик топшириладиган номзод ҳақида бош қотираётган эдилар.

Агар ўринбосар сайлашни халқ ихтиёрига ташлаб кетсалар, мансаб истовчилар ўртасида фитна чиқиб, бирор кор-ҳол юз бериши мумкин. Сақифа байъатида рўй берган кўнгилсиз воқеалар ҳали эсдан чиққанича йўқ. Шунинг учун ҳол сўрашга келган асҳоб билан ўзларидан кейин ким халифа бўлиши хусусида маслаҳатлашар, уларнинг фикрларини билишга уринар эдилар. Саҳобийлар ичида бу мансабга лойиқ аҳли фазл, адолатли кишилар кўп эди. Айниқса, Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиблар Ислом давлатини бошқариш салоҳиятига эга улуғ инсонлар эди.

Абу Бакрнинг ўзлари Умар ибн Хаттобни бошқалардан ортиқроқ билардилар, раҳбарликка шу одам энг муносиб, деб ўйлардилар. Ўз қарорларини асҳобга киноя тарзида изҳор эта бошладилар.

—  Умар ҳақида қандай фикрдасиз? – сўрадилар саҳобаларнинг улуғи Абдураҳмон ибн Авфдан.

—  Унинг қаттиққўлликдан бошқа ҳеч қандай айби йўқ! – деган жавоб бўлди.

—  У киши мен юмшоқ бўлганлигим учун шундай қатгиққўллик қиладилар, агар ўзлари иш бошига келсалар, албатта қаттиққўлликларидан анчасини ташлайдилар, деб ўйлайман,

—  дедилар Абу Бакр. Суҳбатда ҳозир бўлган ҳазрат Усмон эса:

—  Ичлари ташқариларидан яхшироқ, билишимча. Бизнинг ичимизда у кишига ўхшаш одам йўқ, – деб фикрни маъқулладилар. Бошқа бир неча улуғ саҳобийлар ҳам ҳазрат

Умар ҳақларида ана шундай яхши гапларни айтишди.

Абу Бакр Сиддиқ ана шу йўсинда кўпчиликнинг фикрини олгандан сўнг халифаликни ҳазрат Умарга топшириш қарорлари қатъийлашди. Котиблари Усмон ибн Аффонни чақириб қуйидаги васиятномани айтиб ёздирдилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Расулуллоҳнинг ўринбосари Абу Бакр томонидан дунёдаги энг сўнгги ва охиратга эса биринчи қадамини қўйиш олдидан берган аҳдномасидир. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа этиб тайинладим. Агар ишни яхши юритса ва адолат қилса, жуда яхши. Менинг у ҳақидаги фикрим ва билганларим шу. Агар жабр ва зулм қилса, сийратини ўзгартирса, жавобгарлиги менга бўлмас. Чунки мен ғайбни билмайман. Бу ишимдан фақат яхшиликни кўзлаганман. Ҳар кимга ўз амалининг жазоси муқаррардир. Золимлар қай аҳволга тушишларини келажакда билурлар...». Ана шу мазмундаги аҳднома ёздирилиб, муҳр уриб тасдиқланди.

Аммо Абу Бакр Сиддиқнинг бу қарорлари халифаликдан умидвор бўлиб турган айрим саҳобийларга ёқмади. Хусусан, Умар ибн Хаттобнинг қаттиққўлликлари, насаб- мартабаларни юз-хотир қилмасликлари кўпчиликка манзур бўлмаслиги равшан эди. У кишининг валиаҳд этиб тайинланганлари шўро асосида бўлмагани ҳам турли гап-сўзларга сабаб бўлди. Ҳатто баъзи саҳобийлар ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ҳузурларига кириб раддия беришгача боришди.

—  Умар ибн Хаттобнинг шу қадар қўпол, қатгиққўллигини билатуриб ҳам ўзингиздан кейин ўринбосарликка тайинлабсиз, агар бу тўғрида Раббингиз сизга савол берса, нима деб жавоб қиласиз? – деб сўради бир неча асҳоб билан кирган Талҳа ибн Убайдуллоҳ.

— Мени Аллоҳ билан қўрқитмоқчи бўласизми? Мен Унга: «Сенинг энг яхши бандангни тайинладим», деб жавоб бераман, – дедилар у киши хотиржам. Сўнгра уларга юзланиб:

— Менинг бу гапимни бошқаларга ҳам эшитгириб қўйинглар, – деб илтимос қилдилар.

Ҳазрат Абу Бакр ўзларидан кейин хилофат масаласида баъзи номатлуб воқеалар юз

беражагини, давлат сиёсатини юргизишда ва адолат билан иш тутишда Умар ибн Хаттобнинг энг муносиб номзод эканини қалблари сезиб тургани учун фикрларидан қайтмадилар, раъйларида собит қолдилар. Кейинчалик тарих ҳазрат Абу Бакрнинг тўғри йўл тутганларини исботлади: ҳазрат Умар одиллик билан ҳукм юргизганлари туфайли шарқу ғарб муаррихлари дунёдаги энг адолатли, тўғри ижро этган ҳукмдор деб тан олдилар.

Ҳазрати Абу Бакр шундан кейин ҳазрат Умарни ўз ҳузурларига чорлаб васият қилдилар:

— Билингки, кундузда Аллоҳнинг ҳаққи бор, кечаси уни қабул қилмайди. Билингки, кечада Аллоҳнинг ҳаққи бор, кундузи уни қабул қилмайди. Фарз ибодатлари адо этилмагунча нафл ибодатларингиз мақбул эмас. Бу дунёда Ҳаққа эргашган ва Ҳақнинг оғирлигини англаган кишининг тарозуси Қиёмат кунида ҳам оғир келади... Аллоҳ таоло мўминларда рағбат ҳосил бўлиши учун раҳмат оятини, қўрқув ҳосил бўлиши учун эса азоб оятини зикр этди. Токи улар ўз қўллари билан ўзларини ҳалокатга судрашмасин. Аллоҳдан Ҳақдан бошқасини кутишмасин! Агар ушбу васиятимни хотирга маҳкам жойласангиз, ғайб нарсалар ичида сиз учун ўлимдан суюклироғи бўлмайди. Ҳолбуки, ўлим ҳақдир! Агар ушбу васиятимни зое қилсангиз, ғайб нарсалар ичида сиз учун ўлимдан манфурроқ нарса йўқ! Ҳолбуки, ўлим муқаррар, ундан қочиб қутила олмайсиз!

Абу Бакр Сиддиқнинг аҳволлари тобора оғирлашиб борарди. Тузалиш ўрнига касаллари кучаярди. Шунда қизлари Оиша розийаллоҳу анҳони чақириб ҳужраларида қабр учун жой тайёрлашни буюрдилар. Устларидаги икки қават кийимларини ечиб:

—  ана шуни ювиб, унга учинчи бир қават кийим қўшиб кафан қилинглар, – дедилар.

—  Эй отажон, ахир биз анча боймиз, янги кафан олиб кафанлатсак бўлмайдими? – эътироз билдирдилар ҳазрат Оиша.

—  Қизим, янги кийимга мендан кўра тириклар муҳтожроқ. Исрофнинг нима кераги бор? – дедилар оталари.

Ўлганларидан кейин ўзларини ювишни завжалари Асмо бинти Умайсга, унга ёрдамлашиб туришни ўғиллари Абдураҳмонга васият қилдилар. Байтулмолдан олинган нарсаларни ўз киссаларидан тўлашга, молларининг бешдан бирини хайр-эҳсон қилишга, вафот этган кунлариёқ кечиктирмай дафн этишга буюрдилар. Охирги сўзлари «Эй

Раббим, мени мусулмон этиб ўлдиргин ва солиҳларга қўшгин!» деган дуо бўлди.

Расули акрамнинг содиқ ва ишончли дўстлари, ишларининг давомчиси, саҳобийларнинг саййиди ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ҳижратнинг 13-йили (милодий 634 йил) жумодил- охир ойининг 21-куни омонатни Ҳаққа топшириб, фано дунёсидан бақо оламига сафар этдилар. Васиятларига биноан ювиб кафанландилар, жанозаларини ҳазрат Умар ўқидилар. Қабрга Умар, Усмон, Талҳа ва ўғиллари Абдураҳмон қўйишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн этилдилар. Халифаликлари икки йилу уч ой давом этди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари Расули акрамники каби Мадинани, бутун Ислом дунёсини қаттиқ қайғуга солди. Асҳоби киромга фавқулодда кучли таъсир қилди. Мадина мотам ва қайғуга кўмилганди. Саҳобийлар Аллоҳнинг иродасига сабр билан тасалли топишар эди. Али ибн Абу Толиб кўз ёшлари шашқатор ҳолатда Абу Бакрнинг эшиклари олдида тўхтаб, у жанобнинг фазл ва сифатларини баён этувчи машҳур хутбаларини сўзладилар:

—  Эй Абу Бакр, Аллоҳ сизни раҳмат қилсин! Сиз ҳаммадан аввал Исломни қабул этган, иймони энг мустаҳкам, энг ишончли киши эдингиз. Сиз Расулуллоҳга энг содиқ, хулқ ва фазл ҳамда сийрат жиҳатидан энг яқин, Ислом аҳлини ҳамиша ҳимоя қилгувчи киши эдингиз. Ҳамма Расулуллоҳни ёлғончига чиқарганида сиз у зотни тасдиқ этдингиз, озор етказганида ёрдамга шошилдингиз, ўлдиришга чоғланганида ёнларида туриб ҳимоя қилдингиз. Аллоҳ сизни Ўз китобида Сиддиқ, деб атади. Сиз аҳли Ислом учун бир таянч-тиргак, кофирлар учун эса бало ва мусибат эдингиз. Сиз йўлингиздан асло адашмадингиз, заифлик ва қўрқоқлик сизга асло йўл тополмади... Сиз Аллоҳ қошида улуғ, мўминлар қошида буюк ва қудратли эдингиз, кучли ва кучсиз қошингизда баробар эди... Аллоҳ ажрингиздан бизларни маҳрум қилмасин, сиздан кейин бизларни адаштирмасин...

Умар ибн Хаттоб ҳам ҳазрат Абу Бакрнинг ёнларига кириб қисқа, аммо ҳаяжонли сўз қилдилар:

—  Эй Расулуллоҳнинг дўсти, ўзингиздан сўнг халққа ғоят оғир юк юкладингиз. Энди сизга етиш қаёқда, ортингиздан боришга бизларга йўл бўлсин!

Ҳазрат Абу Бакрга марсия ўлароқ, мўминлар онаси ҳазрат Оиша хутба сўзладилар, улуғ сўз устаси Хассон шеър ўқиди. Биз ҳам ана шу саҳобийларнинг дуоларига қўшилган ҳолда Аллоҳга ёлвориб ҳазрат Абу Бакр Сиддиқдан рози бўлишини, бизларни ҳам ана шундай содиқ саҳобийларнинг фазл ва ахлоқлари билан хулқлантиришини сўраймиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Форснинг подшоҳи Ноҳавандга катта куч тўплади. У форс империясига қарашли ҳамма жойлардан аскар тўплаб, ўз юришини Марв шаҳридан бошлади. Саъд ибн Абу Ваққос давоми...

1725 15:27 / 31 июль
Бир куни Абу Муслим Хавлонийга хотини деди Уйда ун қолмаганАбу Муслимнинг ёнида пул йўқ эди. Шу боис, унга Мабодо, уйда ҳеч қандай пул қолмаганмиди деди. Йигирган давоми...

4680 15:03 / 28.05.2021
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Саъд ибн Абу Ваққос келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз давоми...

1670 11:30 / 11.11.2023
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари давоми...

952 10:39 / 04 июль